Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:25

Кремль 2024 йилги президент сайловига ҳозирлик кўришни бошлади


Кремлда 2024 йилги президент сайловига тайёргарлик ишлари бошланди. РБК агентлиги манбаларига кўра, ушбу мавзу бўйича дастлабки муҳокамалар ёздан бери давом этмоқда. Унда Владимир Путин номзодининг илгари сурилиши асосий сценарий ўлароқ кўрилмоқда.

“Айни пайтда бошқа вариант йўқ”, дея урғулаган РБК суҳбатдошларидан бири. Аввалроқ Путин келгуси сайловда номзодини қўйиш ёки қўймаслик масаласида ҳали бир қарорга келмаганини айтган эди.

Президент сайлови кампаниясининг муҳтамал сценарийси декабрь ойи ўрталарида Москва вилоятидаги “Сенеж” бошқарув устахонасида муҳокама қилинган. Семинарда Кремлнинг ички сиёсатга масъул мулозимлари ва “Единая Россия” партияси раҳбарияти иштирок этган. Ушбу семинар ҳақида РБКга тадбир мазмуни билан таниш тўрт манба сўзлаб берган.

Уларнинг айтишича, президентликка эҳтимолий номзод фамилияси тилга олинмаган, аммо муҳокамалар чоғида сиёсий йўл изчиллигини сақлаб қолиш ҳақида гап борган. Президент сайловида легитимликни таъминлаш асосий вазифа қилиб белгиланган.

Ноябрь ойи охирларида ВТБ Капитал банки ташкил қилган “Россия чорлайди!” форумида Владимир Путин 2024 йилда янги муддатга сайланиш учун номзодини қўйиш масаласида ҳозирча қарор қабул қилмаганини айтган, бироқ унинг бунга ҳаққи борлигининг ўзи‑ёқ “ички сиёсий вазиятни барқарорлаштираши”ни таъкидлаган эди.

Аввалроқ эса Путин Россия Конституциясига унинг президентлик муддатларини “нолга тенглаштирган” тузатишлар киритилганини мамлакатнинг барқарор ривожланиши тақазоси сифатида изоҳлаган.

Путиннинг сўзларидан англашилишича, давлат мулозимлари унинг 2024 йил майда президент лавозимидан аниқ кетишини билганларида Россияда ҳокимият учун кураш бошланиб, бу мамлакат тараққиётига халал берган бўлар эди.

Ноябрь ойида АҚШ Конгресси Вакиллар палатасига “Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг 2024 йил 7 майда сўнгги муддати тугаганидан сўнг лавозимда қолишга ҳар қандай уриниши” Қўшма Штатлар томонидан тан олинмаслиги ҳақида резолюция лойиҳаси келиб тушган эди.

Мамлакатни 1999 йилдан бери идора қилаётган Путиннинг розилиги билан яқинда қабул қилинган Конституцияга тузатишлар унга назарий жиҳатдан 2036 йилгача президент бўлиб қолиш имконини беради.

Матбуотда вақти-вақти билан президентнинг “ворислари” мавзуси муҳокама қилинади, аммо Путинга яқин кўплаб мулозимлар унинг ўрнини ҳеч ким боса олмаслигини айтадилар. Хусусан, Давлат думаси раиси Вячеслав Володин “Путин бўлмаса, Россия ҳам бўлмайди!” деган эди.

XS
SM
MD
LG