Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:52

"Крокус"дан сўнг: Москвада Ҳайит намози кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида ўтди


Москванинг марказий жомеъ масжидида Рамазон Ҳайити намози. 10 апрель, 2024 йил.
Москванинг марказий жомеъ масжидида Рамазон Ҳайити намози. 10 апрель, 2024 йил.

Россияда мусулмонлар "Крокус Сити Холл" концерт залига уюштирилган ҳужумдан буён илк бор йирик жамоат намозини адо этишди. Москвадаги Ҳайит намози кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида ўтди.

“Ҳозир терактдан кейин қўрқув бўлади. Лекин бу ерга келиш - динимиз буюрган нарса. Аллоҳга таваккал қилиб келдик”, дейди Москвадаги марказий жомеъ масжидига Ҳайит намозини адо этиш учун келган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири.

"Аллоҳнинг уйи бу. Ўзи сақлайман, деса сақлайди. Кўпчилик хавотир олди, масжидга борманглар дейишди. Лекин барибир келдик", дейди бошқа бир мигрант.

Тонг саҳардан Москвадаги жоме масжидига одамлар ҳайит намозини ўқиш учун оқиб кела бошлади.

Мигрантларга қарши кайфият ва хавфсизлик чораларига қарамасдан минглаб марказий осиёлик муҳожирлари Ҳайити намозини масжидларда адо этишди. Москва, 10 апрель, 2024 йил.
Мигрантларга қарши кайфият ва хавфсизлик чораларига қарамасдан минглаб марказий осиёлик муҳожирлари Ҳайити намозини масжидларда адо этишди. Москва, 10 апрель, 2024 йил.

Рамазон Ҳайити арафасида Телеграм каналларида гўёки ҳукумат қарори экани айтилган ҳужжат тарқалди, унда Москвадаги мусулмонларга Ҳайит намозини уйда ўқиш, хутбани эса онлайн томоша қилиш тавсия қилинган эди. Бироқ кейинчалик бу инкор қилиниб, Ҳайит намозини масжидларда ўқишга тақиқ йўқлиги маълум қилинди.

"Худога шукур, келиб намоз ўқидик. Ҳеч ким ҳеч нарса демади. Ҳаммаси жойида", дейди ўзини Баҳодир деб таништирган намозхон.

Москвадаги ҳар бир масжидда намозхонлар металл изловчи қурилмалар орқали ўтказилди. Ўтган йилларга нисбатан бу йил масжидлар олдидаги полиция ходимлари сезиларли тарзда кўп бўлди.

“Назорат кучайтирилишини айтишди, лекин биз қўрқмадик. Биз фақат Аллоҳдан қўрқамиз. Бу энг асосийси”, дейди Ҳайит намозини адо этган яна бир меҳнат муҳожири.

Россия тергов идоралари "Крокус"даги терактдан сўнг дастлаб тўрт нафар тожикистонликка нисбатан айблов эълон қилди,кейин эса яна етти нафар шахс шерикликда гумонланиб ҳибсга олинди.

Ҳужум Россия бўйлаб муҳожирларга қарши кайфиятни кучайтирди. Рус қонунчилари томонидан миграцияни чеклашга доир қатор таклифлар янгради. Россия иқтисодиёти муҳожирларга қаттиқ боғланган. Уларнинг аксариятини Марказий Осиёликлар жумладан Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон фуқаролари ташкил қилади.

Россия ОАВлари қонли ҳужумдан кейин ҳукумат муҳожирлар устидан назоратни кучайтиргани ҳақида ёзмоқда.

"Бир-икки кишини деб ҳамма жабр кўриши тўғри эмас. Ҳаммамизга иймон ва инсоф берсин. Ҳаммамиз ўзимизга эҳтиёт бўлайлик. Пул топиш учун келганмиз. Тўғри йўлда юриб, ишлаб кетиш ҳаммамизга насиб қилсин", дейди Маҳмуд исмли меҳнат муҳожири.

Россия Муфтийлар кенгаши раиси Равил Гайнутдин.
Россия Муфтийлар кенгаши раиси Равил Гайнутдин.

Россия Муфтийлар кенгаши раиси Равил Гайнутдин “Крокус”да содир этилган терактга тўхталиб, мусулмонлар ва Россия бир-бирига қарама-қарши бўлмаслигини айтди.

«Мамлакатимиз президенти Владимир Владимирович Путин таъкидлаганидек, терроризмнинг миллати ҳам, дини ҳам йўқ. Биз барчани таҳдидга қарши, Ислом олами билан дўстлигимизни йўқ қилмоқчи бўлган қора кучларга қарши бирлашишга чақирамиз”, деди Равил Гайнутдин.

Бастрикиннинг ғалати баёноти

Россияда марказий осиёлик муҳожирлар босим остида қолаётган бир пайтда Россия Тергов қўмитаси гўёки меҳнат мигрантларининг россияликларга ҳужум қилиши ҳолатлари тобора ортаётгани, Марказий Осиёдан мигрантларни олиб келишга иқтисодий эҳтиёж йўқлигини урғулади.

Қўмита раиси Александр Бастрикинга кўра, Россия Марказий Осиёдан келувчи мигрантларни оммавий қабул қилаётгани Ўзбекистон прокуратурасидаги ҳамкасбларини "ажаблантирган". Бу ҳақда у Петербургда бўлиб ўтган XI Халқаро юридик форумда гапирган.

“Миграцияга оид айрим масалаларни муҳокама қилиб, расмий ҳужжатлар имзолаш учун борганимизда Ўзбекистон прокуратурасидаги ҳамкасбларимиз бизнинг бу соҳадаги сиёсатимиздан таажжубда эканини билдик. “Уларни [мигрантларни] нима қиласизлар? Шу ерда ҳам ҳеч кимга кераксиз одамлар-ку! Сизлар эса уларни қабул қилиб, фуқаролик беряпсиз!”, деб айтишди", деди Бастрикин.

Ўзбекистон расмийлари Бастрикининг баёнотини шарҳлагани йўқ.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин.
Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин.

Рамазон Ҳайити арафасида Россия Тергов қўмитаси Крокусдаги терактни тайёрлашда Украина разведкаси иштирок этганини кўрсатувчи муҳим далиллар борлигини иддао қилди.

22 март куни Crocus City Hall концерт залида содир этилган отишма ва ундан кейинги ёнғин натижасида 144 киши ҳалок бўлган ва яна 551 киши яраланган эди.

Тергов қўмитаси қурбонларнинг шахсини аниқлашда давом этмоқда, дейилади расмий баёнотда.

Ҳужум учун жавобгарликни “Ислом давлати” террорчи гуруҳи ўз зиммасига олган бўлса-да, Россия ҳукумати ушбу воқеаларда “Украинанинг қўли” борлигини иддао қилиб келмоқда.

Аввалроқ Россия Федерал хавфсизлик хизмати 11 нафар гумонланувчини қўлга олгани, улардан тўрт нафари ҳужумни бевосита амалга оширганини маълум қилган.

Крокусдан сўнг: Россиядаги ўзбек мигрантлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:37 0:00

Тўрт айбланувчининг барчаси қўлга олиш чоғида ва ундан кейин жисмоний зўравонликка ва, катта эҳтимол билан, қийноқларга дучор бўлган. Хусусан, бир маҳбуснинг қулоғининг бир бўлаги кесиб олинган, яна бири эса, Россия ҳукуматпараст Телеграм-каналлар тарқатган фотосуратларга қараганда, электр токи билан қийноққа солинган бўлиши мумкин.

“Крокус”даги қонли террор ҳужумидан сўнг кўплаб давлатларда аксилтеррор рейдлари ўтказилди. 9 апрель куни Италияда “Ислом давлати” радикал гуруҳига аъзолик гумони билан 32 ёшли Тожикистон фуқароси Илҳом Сайраҳмонзода қўлга олинган.

Форум

XS
SM
MD
LG