Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:40

"Крокус Сити Холл"га ҳужум: Вашингтон ва Москва маълумот алмашишда давом этади


АҚШнинг Москвадаги элчиси террорчилик таҳдидлари ҳақида хабар бериш масаласида Вашингтоннинг принципиал позициясини яна бир бор эслатди.

АҚШнинг Россиядаги элчиси Лин Трейси роппа-роса бир ҳафта олдин “Крокус Сити Холлда” юз берган фожиа муносабати билан яна бир бор ҳамдардлик билдириб, расмий баёнот берди.

"Қўшма Штатлар терроризмнинг барча кўринишларини сўзсиз қоралайди. Биз эслаймизки, айнан Россия 11 сентабр хуружларидан сўнг АҚШга биринчи бўлиб ёрдам кўрсатган. Мамлакатимизнинг терроризмга қарши кураш бўйича ўз тажрибасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бизда бу борада "масъулият" бор. Тинч аҳолига хавф туғилганда нафақат иттифоқчилар билан, балки биз билан чуқур келишмовчиликлар юзага келиши мумкин бўлган давлатлар, жумладан, Россия билан ҳам маълумотларни баҳам кўриш кўзда тутилган амалиёт бор бизда”.

“Афсуски, бир қанча россиялик амалдорлар АҚШ ҳукумати шу ой бошида Россия хавфсизлик хизматларига “Исломий давлат” таҳдидлари тўғрисида тақдим этган маълумотларнинг аҳамиятини бузиб кўрсатди ва очиқчасига рад этди”, таъкидлади ўз баёнотида АҚШ элчиси.

АҚШ элчисининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар "кўп йиллар давомида Россия ҳукумати билан таҳдидлар ҳақидаги маълумотларини баҳам кўрган" ва буни давом эттиради.

29 март куни АҚШ Давлат департаменти Вашингтон “ҳужумнинг олдини олиш ва бегуноҳ одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун Россия расмийлари билан аниқ ва ўз вақтида маълумот алмашилганини” билдирди. Департамент матбуот котиби Метю Миллернинг таъкидлашича, Россиянинг айбни бошқаларга юклашга уринишлари "бемаънилик".

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) раҳбари Александр Бортников 26 март куни президент Владимир Путиннинг қонли ҳужумда нафақат Украина, балки Ғарбнинг ҳам роли борлиги ҳақидаги даъвосини такрорлади.

Бортников ҳеч қандай далил келтирмасдан, Ғарб жосуслик агентликлари ҳам ҳужумга алоқадор бўлиши мумкинлигини иддао қилди, ҳатто у март ойи бошида АҚШдан эҳтимолий теракт ҳақида маълумот олганини тан олди.

"Исломий давлат" ҳужум учун жавобгар эканлигини бир неча бор айтган, Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб ҳукуматлари эса "Исломий давлат"нинг ҳужумга масъул экани "тўлалигича аниқ" эканини айтишган.

Тўққизинчи гумонланувчи ҳибсга олинди

Россия Тергов қўмитаси Москва яқинидаги "Крокус Сити Холл" концерт залига уюштирилган ҳужум бўйича яна бир гумонланувчининг ҳибсга олинганини маълум қилди.

Агентлик матбуот воизи Светлана Петренконинг билдиришича, ҳибсга олинган шахс ҳужумни уюштирганликда гумон қилинаётган шахсларни молиялаштириш схемасига алоқадор бўлган.

Тергов қўмитаси янги гумонланувчини ҳибсга олиш учун судга мурожаат қилишини маълум қилди.

Светлана Петренко, шунингдек, “Крокус Сити Холл”га ҳужум қилганлар ва украиналик миллатчилар ўртасидаги алоқадорлик ҳақида далиллар олганини ҳам маълум қилди.

“Ҳибсга олинган террорчилар билан ишлаш, улардан тортиб олинган техник воситаларни ўрганиш, молиявий операциялар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиш натижасида уларнинг украина миллатчилари билан алоқаси исботланган.

Тергов ўз ихтиёрида террорчилик ҳужуми содир этган шахслар Украинадан жиноятга тайёргарлик кўришда фойдаланилган катта миқдордаги пул ва криптовалюта олгани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади.

Терроризмни молиялаштириш схемасига алоқадор яна бир гумонланувчи аниқланиб, қўлга олинди. Тергов судга унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш ҳақида илтимоснома киритди”.

Тергов қўмитасининг матбуот-релизида айтилишича, теракт ижрочилари Украинадан катта миқдордаги пул ва криптовалюта олгани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади, улар жиноятни тайёрлашда фойдаланилган", деди Петренко.

Айтилишича, қўлга олинганлардан тортиб олинган техник жиҳозлар кўздан кечирилиб, уларнинг молиявий операциялари таҳлили натижасида далил топилган. Департамент қўшимча маълумот бермади.

Бундан аввал Россия президенти Владимир Путин ҳам “Крокус Сити Холл”га ҳужумда Украина изи борлигини айтган эди. Лекин, терговда бу версияни тасдиқловчи далиллар йўқ. Блумберг манбаларига таяниб ҳатто президент атрофидагилар ҳам бу версияга ишонмаслиги ҳақида хабар берган. Киев воқеага алоқадорлигини рад этган.

Сешанба куни Украина президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украинанинг ҳужумга алоқадорлиги ҳақидаги иддаоларни уйдирма деб атаган.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Кирби Украинага ёғилаётган айбловларни “бемаънилик” деб атади.

“Ўтган ҳафта Москвада содир этилган даҳшатли ҳужум учун фақат “Исломий давлат” масъул экани аниқ”, - деди Кирби.

“Крокус Сити Холл”га ҳужумда айбланиб ҳибсга олинган ака-ука Исломовларнинг отаси Исроил Исломов ўғилларининг ҳибсга олиниши юзасидан апелляция аризаси билан судга мурожаат қилди.

Пайшанба куни эрталаб унинг ўғли, Тверда яшаган 33 ёшли такси ҳайдовчиси Аминхон Исломов ҳам ҳибсга олиниши юзасидан апелляция шикояти бергани маълум бўлди.

Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг сўзларига кўра, Исломовлар оиласи асосий айбланувчини квартира ва машина билан таъминлашган.

Аминхон Исломовнинг сўзларига кўра, “Крокус Сити”га ҳужум қилганликда айбланаётганлар ҳайдаб кетаётган оқ рангли Renault автомобилининг сўнгги эгаси Диловар Исломов билан содир бўлган воқеадан хабар топгач, полицияга ўзлари келган.

Тергов версиясига кўра ҳужумчилар Renault машинасида “Крокус Сити Ҳолл”га боришган. Воқеа жойини ҳам шу машинада тарк этиб, Брянск вилоятига йўл олишган ва ўша ерда қўлга тушганлар.

Тожикистонда ҳибслар

Тожикистонда "Крокус Сити Холл” биносига уюштирилган ҳужум иштирокчилари билан алоқадорликда гумон қилиниб, камида 15 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда Тожикистон махсус хизматларидаги манбаларга таяниб, “РИА Новости”, Reuters ва "Асиа-Плюс" хабар берди.

Reuters хабарига кўра, қўлга олинганларнинг барчаси Вахдат шаҳри аҳолиси вакилларидан, улар Душанбега олиб кетилган. РИА Новости хабарига кўра, ҳибсга олинганлар, жумладан, тақиқланган ИШИД гуруҳига алоқадорликда ҳам гумон қилинмоқда.

143 кишининг ўлимига сабаб бўлган “Крокус”га қилинган ҳужумда қўлга олинганларнинг 7 нафари Тожикистон фуқароларидир. Саккизинчиси қирғизистонлик.

Дуров: Телеграмда террорчилик хуружлари ҳақида "ўн минглаб чақириқ" уринишлари бўлган

Дуров телеграм орқали террорчилик хуружлари ҳақидаги чақириқларни юборишга "ўн минглаб" уринишлар ҳақида хабар берди

Телеграм мессенжери асосчиси Павел Дуров терактлар содир этишга ва бундай хабарларни тарқатган “минглаб фойдаланувчилар”ни абадий блокировка қилишга чақирувчи хабарлар тўлқини ҳақида хабар берди.

“Тўрт кун аввал рус тилида сўзлашувчи Телеграм фойдаланувчилари нотанишларнинг терактларга чақирувчи хабарларидан шикоят қила бошлади. Бундай шикоятлар келиб тушганидан кейин бир соат ичида биз ушбу фаолиятнинг олдини олиш учун бир қатор техник ва ташкилий чораларни қўлладик”, деб ёзади Дуров ўзининг Телеграм-каналида.

“Натижада бундай хабарларни юборишга бўлган ўн минглаб уринишлар тўхтатилди ва ушбу флеш-мобда иштирок этаётган минглаб фойдаланувчилар Телеграмъдаги аккаунтлари доимий равишда блокланишига дуч келди”, — дея қўшимча қилди у.

Дуровнинг қўшимча қилишича, келаси ҳафтадан бошлаб Россия, Украина ва Белоруссиядаги фойдаланувчилар уларга шахсий хабарларни ким юбориши мумкинлигини чеклашлари мумкин.

Пайшанба куни аввалроқ Роскомнадзор Телеграмънинг Россияда ишлашини чеклаш зарурияти йўқлигини маълум қилган эди.

Қурбонлар сони 143 кишига етди

Москва чеккасидаги “Крокус Сити Холл” санъат саройида жума куни содир этилган теракт қурбонлари сони 143 кишига етди.

28 март ҳолатига кўра, теракт оқибатида яраланганлар сони 360 нафарни ташкил этмоқда.

Бу маълумотларни Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги чоршанба куни эълон қилди.

Россия Тергов қўмитаси теракт бўйича терговни давом эттираётгани, террорчилар жиноятни қандай режалаштиргани ва содир этганликларини ўрганаётгани ҳамда улар қўллаган турли техник жиҳозларларни таҳлил қилаётганини билдирди.

Сешанба куни тушдан кейин Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қидирув-қутқарув ишлари якунлангани ва сешанбага ўтар кечаси вазирлик ҳужумда ўлган 120 нафар кишининг шахси аниқланганини маълум қилди.

Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко жароҳатланган 360 кишидан тўққиз ярадор, жумладан, бир бола оғир аҳволда эканини айтди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати 11 нафар гумонланувчини қўлга олган, улардан тўрт нафари ҳужумни бевосита амалга оширгани ҳақида хабар берган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников сешанба куни терактнинг асосий буюртмачиси ҳали аниқланмагани, бироқ Украина махфий хизмати террорчиларга ёрдам берганини иддао қилди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги воизи Мария Захарова чоршанба куни терактдан сўнг бир неча соат ўтгач, кўплаб Ғарб оммавий ахборот воситалари экстремистик ташкилотлар асосий фитначи экани ҳақидаги хабарни тарқата бошлаганини айтди.

Бироқ экстремистик гуруҳ аъзоларининг сонини ҳисобга олсак, гуруҳнинг бундай миқёсдаги терактни амалга оширишга қодирлигига ишониш қийин. Бундай гуруҳ бўлган тақдирда ҳам, тергов натижаларини кутиш учун узоқ вақт керак бўлади, деди у.

Сешанба куни Украина президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украинанинг ҳужумга алоқадорлиги ҳақидаги иддаоларни рад этди.

Путин: Россиянинг НАТОга аъзо ҳеч бир давлатига ҳужум қилиш режаси йўқ

Россиянинг НАТОга аъзо ҳеч бир давлатига ҳужум қилиш режаси йўқ ва Польша, Болтиқбўйи давлатлари ёки Чехияга ҳам ҳужум қилмайди, бироқ Ғарб Украинага F-16 қирувчиларини етказиб берса, улар Россия кучлари томонидан уриб туширилади, деди чоршанба куни кечқурун президент Владимир Путин.

"Биринчидан, агар улар F-16 учоқларини етказиб беришса, биз уларни шунчаки йўқ қиламиз. Ҳозир танкларни, шунингдек, зирҳли техника ва бошқа жиҳозларни, жумладан, бир нечта ракеталарни йўқ қилямиз. Албатта, агар улар учинчи мамлакатлардаги аеродромлардан фойдаланса, қаерда бўлишидан қатъи назар, биз учун қонуний нишонга айланади”, - деди Путин.

Россиянинг 2022 йил февралида Украинага бостириб кириши Москванинг Ғарб билан муносабатларида 1962 йилдаги Куба ракета инқирозидан бери энг кескин вазиятни келтириб чиқарди.

Россия ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари билан суҳбатда Путин АҚШ етакчилигидаги ҳарбий иттифоқ 1991 йилда Совет Иттифоқи қулаганидан кейин шарққа Россия томон кенгайгани, аммо Москванинг НАТО давлатига ҳужум қилиш режаси йўқлигини яна такрорлади.

“Бизнинг бу давлатларга нисбатан ҳеч қандай тажовузкор ниятимиз йўқ”, деди Путин.

Кремл раҳбари АҚШни Украинани пул, қурол ва разведка маълумотлари билан таъминлашда айблар экан, Вашингтон билан муносабатлар ҳеч қачон ҳозиргидай ёмон бўлмаганини айтди.

Ғарб Украинага юборишга ваъда бераётган F-16 қирувчи учоқлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан Путин бундай самолётлар Украинадаги вазиятни ўзгартирмаслигини таъкидлади.

Путиннинг сўзлари Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг учоқлар яқин ойларда Украинага етиб келиши ҳақидаги баёнотидан кейин айтилди.

Белгия, Дания, Норвегия ва Нидерландия F-16 ларни совға қилишга ваъда берган давлатлар қаторига киради. Мамлакатлар коалицияси украиналик учувчиларни улардан фойдаланишга ўргатишга ваъда берган.

Мигрантофобия

140 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган “Крокус Сити Холл” даги теракт Россияда аксил мигрант кайфиятлари ва ксенофобияни кучайтирди. Мамлакат бўйлаб марказий осиёлик муҳожирларга қарши полиция рейдлари кўпайди, рус сиёсатчилари мигрантлар устидан назоратни кучайтиришга чақирмоқда. Россиядаги масжидларни бутунлай ёпиш талаблари ҳам янграмоқда.

“Крокус Сити Холл” яқинидаги стихияли ёдгорлик жойида "Визасиз режим ҳаммамизни бадном қилади" деб ёзилган баннер пайдо бўлди.

Тармоқларда муҳожирларни эркин ҳаракатланиш ҳуқуқисиз иш жойларида ушлабтуриш таклифи илгари сурилмоқда.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик сўнгги беш кунда муҳожирлар сиқувга олингани билан боғлиқ 3, 5 мингта шикоят тушганини айтади.

- Беш кундан бери уйқу йўқ. Кунига мингга яқин мурожаат бўляпти. Улардан 700 га яқини ҳибсга олишлар билан боғлиқ. Ҳозир менда тахминан 3,5 минг мурожаат бор. 150 га яқини мигрантларнинг полиция томонидан калтакланиши билан боғлиқ. Бу асосан ҳибсга олиш пайтида содир бўлади. Кўпчилик мигрантларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар айби илиб қўйиляпти. Полиция ходимларининг талабларига бўйсунмаслик айби билан уларни бир суткага қамоққа олиш ёки миграция қонунчилигини буздия дея ҳибсга олиш орқали депортация қилиш холатлари ҳам кўп бўляпти. Шунингдек, майда безорилик тўғрисидаги сохта баённомалар тузилиб, қамоққа олиняпти, - дейди Чупик.

Тожик фуқароси “террор хуружини ёқлаганликда” айбланиб қўлга олинди

27 март куни Санкт-Петербургда Тожикистон фуқароси “террор хуружини ёқлаганликда” айбланиб қўлга олинди.

Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Россия Жиноят кодексининг 205-моддасига биноан, уни қамоққа олиш масаласи ҳал кўрилмоқда. Бу ҳақда Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича департаменти хабар берди.

Россия матбуотига кўра, қўлга олинган шахс 26 ёшли Баҳодир Зухуровдир. Унга беш йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Тергов қўмитаси эълон қилган видеода эркак узр сўрайди ва "бошқа такрорланмаслигини" айтади.

Тергов маълумотларига кўра, у Телеграм каналида Крокусдаги теракт акс этган видеони эълон қилган.Хавфсизлик кучлари унинг изоҳида “терроризмни оқлаш” аломатларини кўрган. Аммо, Зухуровнинг ўзи бундай нияти бўлмаганини айтган.

Аввалроқ Москва яқинидаги Крокус Сити Холл савдо марказида содир этилган терактда айбланаётганларнинг Телеграм гуруҳига аъзо бўлган Тожикистон фуқароси Аҳмад Файзулохонзода Россиядан бадарға этилиши маълум бўлган эди.

Бу ҳақда 27 март куни Санкт-Петербург судлари матбуот хизмати раҳбари Даря Лебедева маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон фуқароси миграция қонунчилигини бузгани учун жавобгарликка тортилган.

Январ ойи ўрталарида Файзулохонзода Россияга келган, ишлаш патентини олган, бироқ миграция органларида ҳақиқий яшаш жойидан бошқа жойда рўйхатдан ўтган. Бироқ, Лебедева таъкидлаганидек, бу хавфсизлик кучларининг эътиборини тортган ягона нарса эмас.

“Файзулохонзода ИШИД террорчилик ташкилоти эмиссарлари Россия Федерациясида терактлар уюштириш учун одамларни ёллаш билан шуғулланаётган телеграм гуруҳида бўлган.

Интернетдаги “худо бандаси”. “Крокус”га ҳужум ташкилотчиси дея кўрилаётган Шамсиддин Фаридунийнинг ижтимоий тармоқлардаги излари

Озодлик радиоси ва “Система” суриштирув лойиҳаси “Крокус Сити Ҳолл”га ҳужум иши бўйича ҳибс қилинганлардан бири бўлмиш Шамсиддин Фаридуний ижтимоий тармоқларда “Абдуллоҳ” (яъни “Аллоҳнинг қули”) номи билан саҳифа юритганини аниқлади. Фаридунийда телеграм-аккаунт ҳам бўлган, унга сўнгги бор 18 февралда кирган. Теракт содир этиши учун 500 минг рубл таклиф қилган “хатиб ёрдамчиси” у билан айнан шу мессенжер орқали алоқа боғлаган.

25 март куни Россия телеграм-каналлари Фаридунийнинг Истанбулда тушган фотосуратларини эълон қилди: уларни Шамсиддин 23 февралда ўз инстаграмига жойлаган экан. Саккиз суратдан олтитаси Истанбулдаги “Фотиҳ” масжидида олинган. Масжид жойлашган Фотиҳ тумани шаҳарнинг энг консерватив мусулмонлар яшайдиган қисми сифатида машҳур.

Сўроқ чоғида Фаридуний Туркиядан Россияга 4 март куни учиб келганини сўзлаб берган. Reuters’нинг турк хавфсизлик хизматларидаги манбасига кўра, Фаридуний “Крокус”га ҳужумда айбланаётган яна бир йигит билан бирга Истанбулни 2 мартда тарк этган, сафардан мақсад эса – Россияда визасиз қолиш муддатини узайтириш бўлган.

25 март куни The New York Times журналисти Арик Толер Х ижтимоий тармоғида Шамсиддин Фаридуний инстаграмини “Заргаров” фамилияси билан юритгани ҳақида ёзди. Озодлик тожик хизмати аниқлашича, бу унинг синглисининг фамилияси. Фаридуний ва бошқа айбланувчиларнинг қариндошлари ҳозирда Тожикистонда маҳаллий ва россиялик терговчилар томонидан сўроқ қилинмоқда.

Озодлик радиоси Шамсиддиннинг “Одноклассники” ва “ВКонтакте”даги аккаунтларини ҳам топди.

“Одноклассники”да у “Абдуллоҳ Заргаров” номи билан рўйхатдан ўтган. Аккаунтда унинг туғилган санаси 1998 йил 17 сентябр деб кўрсатилган бўлиб, бу Фаридуний сўроқда берган ифодасига тўғри келади. Унинг “Одноклассники”даги деярли барча дўстлари ёш қизлар экан. Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, Фаридуний ўз юртида шаҳвоний шилқимлиги учун қамалиб чиққан.

“Абдуллоҳ” профилидаги сўнгги қайдлар орасида Фаридуний 2022 йил мартда “лайк” босган бир нечта Рамазон табриги бор. Орадан икки йил ўтиб, мусулмонларнинг муқаддас ойида у ва яна уч террорчи “Крокус Сити Ҳолл”га ҳужум қилишди. Терактда “Украинанинг қўли” борлигини кўришни хоҳловчилар “мусулмонлар Рамазонда ёмонлик қилишга ботина олмайди”, дея ушбу фактдан фойдаланмоқчи бўлишди (аслида, радикал исломчилар томонидан Рамазон ойида теракт уюштирилиши нодир воқеа эмас).

Озодлик ва “Система” туғилиш санаси ёрдамида Фаридунийнинг “ВКонтакте”даги аккаунтини ҳам топди. Ушбу тармоқда унинг исми “Абу-Абдуллоҳ Заргар” дея қайд қилинган. Аккаунт бўм-бўш: ундан Заргар/Фаридуний яшаш жойи деб Россияни кўрсатганини, ижтимоий тармоққа охирги марта 2024 йил 6 январда кирганини билиш мумкин, холос.

“ВКонтакте”даги аккаунт Озодликка унинг телефон рақамини ва телеграмдаги аккаунтини топиш имконини берди. Маҳбус сўроқ чоғида тан олишича, теракт уюштиришни таклиф қилган “хатиб ёрдамчиси” бир ойча аввал худди шу мессенжер орқали у билан алоқа боғлаган. Фаридуний телеграмда охирги марта 18 феврал куни бўлган.

Шамсиддин Фаридуний ижтимоий тармоқларда ўзига қўйиб олган “Абдуллоҳ” исми у ҳақида бошқа маҳбус – Далержон Мирзоев айнан нималар деганини тахмин қилиш имконини беради. Мирзоев “дўсти Абдулло” оқ рангли “Рено” сотиб олганини ва уни миниб “Крокус Сити Ҳолл”га боришганини айтган. Воқеа жойини ҳам шу машинада тарк этиб, Брянск вилоятига йўл олишган ва ўша ерда қўлга тушганлар.

Аввалроқ “Важние истории” гап РФ ва Тожикистон фуқароси Абдулло Бўриев ҳақида бораётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган ва уни терактнинг муҳтамал ташкилотчиси деб атаганди.

Шундай қилиб, Фаридунийнинг концерт залида содир бўлган терактдан олдинги хатти-ҳаракатлари хронологияси қуйидагича:

18 февралда Шамсиддин Фаридуний сўнгги бор телеграмдан фойдаланган;

23 феврал куни Истанбулдаги “Фотиҳ” масжидида ва меҳмонхонада тушган суратларини эълон қилган;

2 март (Reuters’нинг турк махсус хизматларидаги манбалари талқинича) ёки 4 март куни (ўз сўзларига кўра) Фаридуний ва терактда қатнашган яна бир йигит Истанбулдан Россия пойтахтига учиб келишган;

22 март – “Крокус Сити Ҳолл”га ҳужум ва 139 нафар қурбон.

Озодликнинг тожик хизмати яна бир айбланувчи – Муҳаммадсобир Файзовнинг ота-онаси билан гаплашди. Улар ўғиллари “диндор эмас”лигини ва Хитойга ўқишга кетмоқчи бўлиб юрганини айтишган.

Сешанба, 26 март куни Москванинг Басманний суди “Крокус Сити Ҳолл”даги теракт бўйича саккизинчи айбланувчи – қирғиз аслли Россия фуқароси Алишер Қосимовни қамоққа олдирди. Тергов қўмитаси маълумотига кўра, у квартирасини Шамсиддин Фаридуний ва бошқа айбланувчиларга ижарага берган.

Қосимов ижарачиларининг теракт уюштириш режасидан хабари бўлмаганини айтмоқда. Кремлга алоқадор Brief телеграм-канали эса, аксинча, Қосимов уларнинг ниятларини билганини иддао қиляпти.

Душанбага ўтар кечаси суд концерт залига ҳужумнинг тўрт муҳтамал иштирокчисини қамоққаолдирди, эртасига эса айни иш доирасида яна уч киши ҳибс этилди. Улар орасида тергов органи оқ “Рено”нинг сўнгги эгаси деб атаётган Диловар Исломов ҳам бор. Исломовнинг ўз сўзларига кўра, автомобилни қайнукасига сотган ва теракт жойидан олинган тасвирларда машинани кўриб ҳайратга тушган.

Тергов жиноятнинг эҳтимолий сабабларини маълум қилган эмас. Аввалроқ, кўплаб давлатларда террорчи ташкилот деб топилган “Ислом давлати” халқаро гуруҳи “Крокус Сити”га ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Москвадаги теракт бўйича жами 11 киши ушланган. Улардан саккиз нафари судгача қамоққа олинган бўлса, қолган уч кишининг тақдири хусусида ҳозирча ҳеч нима маълум эмас. Россия президенти Владимир Путин гўё теракт ижрочиларининг Украинада алоқалари бўлганини иддао қилди: айтишича, террорчилар қочиши учун Россия-Украина чегарасида “туйнук” очиб қўйилган эмиш. Бироқ Путин сўзларига бирон далил келтиргани йўқ. Украина расмийлари ва ғарблик экспертлар унинг иддаоларини рад этишмоқда.

Санкт Петербургда "Пикник" концерти

Ўтган ҳафта “Крокус Сити Холл”да концерти ҳужумга учраган “Пикник” рок-гуруҳи 27 март куни Санкт-Петербургда теракт қурбонлари хотирасига концерт берди.

Гуруҳ яқин кунларда Россия бўйлаб навбатдаги хотира концертларини режалаштирмоқда.

Ўтган жума “Крокус Сити Холл”га ҳужумда камида 143 киши ҳалок бўлди. “Пикник” рок-гуруҳи ҳам ўша куни бир аъзосини йўқотди. Гуруҳнинг барча концерт жиҳозлари ёниб кул бўлди.

Дастлаб гуруҳ аъзолари чоршанба кунги концертни бекор қилиш ҳақида ўйлашди, аммо кейинроқ концерт бўлиб ўтиши ва концертдан тушадиган барча маблағ ҳалокатли ҳужум қурбонларига ўтказилишини эълон қилишди.

Ольга ва Ефим Крокус концерт залидаги қирғиндан омон қолганлардан.Эр-хотин ҳайрия тадбирини қўллаб-қувватлаш учун Санкт-Петербургга концертга келишга қарор қилишганини айтишади.

"Биз ўша куни Крокусдаги концертга йиғилгандик. Ҳужум бошланганида яшириндик, ҳамма ёқни тутун қоплади, кейин ташқарига чиқдик. Биз билан яширинган бошқа одамлар ҳам ҳудога шукур, омон қолишди. Ўша куни ерда жасадлар, ярадорлар ётганини кўрдик. Уларга ёрдам беришга ҳаракат қилдик. Ҳозир Санкт Петербургдамиз, хотира концертини қўллаб-қувватлаш учун бу ерга келдик", - дейди Олга.

Гуруҳ яқин кунларда Россия бўйлаб навбатдаги концертлар беришни режалаштирмоқда.

"Мусиқа янграши керак. Агар шундай бўлмаса, террорчилар одамларни қўрқитиш мақсадига эришган бўлади. Лекин улар бизни қўрқитолмайди", дейди россиялик шоумен Вася Ложкин.

Жароҳатланганлар сони 360 кишига етган. Бундан аввал жабрланганлар сони 180 киши деб айтилаётганди.

Вайроналар остида бошқа қурбонлар йўқ, деб билдирди Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Вазирлик баёнотида айтилишича, улар 900 куб метр чиқиндиларни тозалашган. Операцияга 1000 дан ортиқ ходим ва 300 дона оғир техника жалб қилинган.

Воқеа жойи ҳидловчи итлар ва махсус мослама ёрдамида текширилган.

"Биз бу ерда тўрт кун ишладик, топшириқни бажардик. Бу даҳшатли вайронагарчилик. Ичкарида ишлаш машаққатли эди, ҳамма ёқда намлик, куйган ҳид ".

Қурбонлар сони 140, жароҳатланганлар 360 кишига етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қурбонлар рўйхатини ҳам эълон қилди ва ҳозиргача 120 қурбоннинг шахси аниқланган.

27 март куни Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Крокус сити холл”га ҳужумда яраланганлардан бири ҳаётдан кўз юмганини билдирди.

Шундай қилиб ҳужумда ҳалок бўлганлар сони расман 140 нафарга етди.

Тўрт нафар беморнинг аҳволи ўта оғир, 19 нафар беморнинг аҳволи оғир, улардан уч нафари ёш бола экани айтилмоқда.

Бортников ҳужумда Ғарбнинг қўли борлигини даъво қилмоқда

Россия Тергов қўмитаси чоршанба куни парламент аъзоларининг “АҚШ томонидан Россияга қарши террорчилик ҳаракатларини ташкил этиш, молиялаштириш ва амалга ошириш” деб атаган “текширув зарурлиги тўғрисида”ги сўровини ўрганишини маълум қилди. .

Россиянинг энг қудратли хавфсизлик агентлиги директори камида 139 кишининг ҳаётига зомин бўлган Москва яқинидаги концерт залига ҳужумга Украина, Қўшма Штатлар ва Буюк Британия алоқадорлигига ишонишини айтмоқда.

Гарчи Украин жума кунги ҳужумга алоқадорлигини қайта-қайта рад этган, Россиянинг айбловларини бўхтон деб атаган, ҳужум учун масъулиятни бир пайтлар Ироқ ва Суриянинг бир қанча ҳудудларини назорат қилган "Исломий давлат" жангари гуруҳи ўз зиммасига олган эсада, Россия ФСБси раҳбари Александр Бортников ҳужумда Ғарбнинг қўли борлигини даъво қилмоқда.

“Биз бу ҳаракатни исломий радикалларнинг ўзлари тайёрлаган ва Ғарб махсус хизматлари томонидан ёрдам берган деб ҳисоблаймиз”, деди Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников телевидение орқали.

"Украина махсус хизматлари бунга бевосита алоқадор", деди Бортников ва Киев Яқин Шарқдаги номаълум жойда исломий радикалларни тайёрлашга ёрдам берганини қўшимча қилди.

Россиялик журналистларнинг Украина ва унинг иттифоқчилари АҚШ ва Британиянинг концерт залига ҳужумга алоқаси борми деган саволига, Бортников: "Биз шундай деб ўйлаймиз" деб жавоб қилди.

2008 йилдан бери ФСБ раҳбари бўлиб ишлаб келаётган 72 ёшли Бортников Россияда йигирма йил давомида Россия ичидаги энг қонли ҳужумга аниқ буйруқ берганларни ҳали аниқлай олмагани, аммо жавоб чоралари кўрилишини айтди.

У ҳужумга Украина ва ғарб алоқадор деган даъволарига аниқ далилларни келтирмади.

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ва президент Владимир Путиннинг яқин сафдоши Николай Патрушев ҳам сешанба куни камида 139 киши ҳалок бўлган Москва концерт залига жума куни уюштирилган ҳужум ортида Украина турганини айтган эди.

Журналистлардан бири Патрушевга “ИШИДми ёки Украина?” деб сўраганида у

"Албатта, Украина", деб жавоб берди.

"Ёлғонни расман Патрушев, кейин эса ФСБ раҳбари Бортников тарқатмоқда"

Украина президенти ёрдамчиси Михайло Подоляк Россиянинг даъволарини ёлғон деб атади.

"Ёлғонни расман Патрушев, кейин эса ФСБ раҳбари Бортников тарқатмоқда", - деди Подоляк.

Патрушев ва Бортниковнинг сўзлари Кремл қарашини акс эттиради. Совет давридаги КГБнинг асосий вориси ФСБ Россиянинг энг қудратли институтларидан бири ҳисобланади.

Қўшма Штатлар Москва яқинидаги концерт залидаги отишма учун жавобгарликни "Исломий давлат" зиммасига олганини тасдиқловчи разведка маълумотларига эгалигини билдирган.

АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши матбуот котиби Адриен Уоцон шу ой бошида Вашингтон Москвада режалаштирилган ҳужум ҳақида Россия билан разведка маълумотларини ўртоқлаштирганини маълум қилган.

Борников, Вашингтон томонидан тақдим этилган маълумотлар ҳақида сўралганда, бу ҳар доим ҳам аниқ маълумот эмаслигини айтди.

Бир кун аввал Россия президенти Владимир Путин қўли остидаги расмийлар ҳужум “кимнинг қўли билан” амалга оширилганини билишади, бироқ уларни “буюртмачи ким бўлгани ҳам қизиқтиради” деб таъкидлаганди.

Москва яқинида қутқарувчилар жума куни ҳужумга учраган “Крокус Сити Холл” санъат саройи вайроналари остидан жасадларини қидиришни давом эттирмоқда.

Ҳужумда камида 139 киши ҳалок бўлди. 180 дан ортиқ киши жароҳат олди. Бир неча ўнлаб одам бедарак йўқолганлар рўйхатида.

Қидирув ишлари давом этар экан, қурбонлар сони ортиши мумкин.

Суд яна 4 кишини ҳибсга олди

26 март куни Москва концерт залида уюштирилган ҳужумда гумон қилинаётган саккизинчи шахс қамоққа олинди.

У Қирғизистонда туғилган Алишер Қосимовдир.

Россия суди сешанба куни уни терговга қадар ҳибсда ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарди.

Қосимов судда ўз уйини эълонлар сайти орқали ижарага бергани ва ижарачиларнинг режаларидан хабари бўлмаганини айтди.

Ижтимоий тармоқлардаги профилига кўра, 32 ёшли Қосимов Қирғизистонда туғилган, оилали, уч фарзанднинг отаси, муқаддам судланмаган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги “Крокус” ишига алоқадор саккизинчи шахс қирғиз фуқаролигига эга эмаслигини маълум қилди.

“Крокус” иши бўйича саккизинчи айбланувчи Алишер Қосимов Қирғизистон фуқароси эмас, у 2014 йилда "фуқароликдан воз кечган", деб билдирган Қирзиғистон Ташки ишлар вазирлиги.

Терактда айбланаётган Алишер Қосимовнинг онаси ўғлининг айбдорлигига ишонмаслигини айтади.

“Мен унга квартирани фақат россияликларга ижарага беришини айтгандим, лекин унга пул керак эди, уч фарзанди ва ипотекаси бор, уни тўлаши керак эди ва шу одамларга ижарага берди. У ҳаммага ишонарди”, дейди айбланувчининг онаси.

Қосимовнинг Қирғизистон фуқароси эканлиги ҳақида аввалроқ Москванинг Басманний суди журналистларга хабар бериб, уни тергов изоляторига жўнатган эди.

Қосимовдан ташқари “Крокус Сити Холл”даги ҳужумда гумонланаётган етти киши қамоқда қолмоқда.

Бир кун олдин худди шу суд яна уч нафар гумонланувчини ҳибсга олди.

Москванинг Басманний тумани суди жума кунги ҳужумда гумон қилиниб яна уч кишини қамоққа олиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Суд ҳукмига кўра, ака-ука Диловар ва Аминжон Исломовлар ҳамда уларнинг отаси Исроил Исломовлар 22 майга қадар ҳибсда қолади.

Суд уларни ҳужумга шерикликда гумон қилмоқда.

Диловар Исломов ҳужумчилар фойдаланган оқ рангли Renault автомобилининг сўнгги эгаси эканлиги тахмин қилинмоқда.

Айтилишича, у ва укаси Аминжон ҳужум ҳақида хабар топгач, ўз ихтиёри билан полицияга таслим бўлган.

Аминжон ўзига қўйилган айбни тан олмаган, деб ёзмоқда Россия матбуоти.

Диловар ҳам, Аминжон ҳам асли тожикистонлик, лекин Россия фуқаролари.

Аввалроқ Россия хавфсизлик идоралари “Крокус Сити Холл”даги ҳужумга алоқадорликда гумон қилиниб, 11 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.

Улардан тўрт нафари ҳужумнинг бевосита иштирокчиси деб кўрилиб қамоққа олинди. Барчасига сўроқ пайтида қийноқ қўлланилди.

Россия ижтимоий тармоқларида қўлга олинганлардан бирининг илк сўроғи акс этган видео тарқалганди. Унда қўлга олинган кишининг қулоғи кесилиши ва оғзига тиқилиши кўринган.

24 мартда аноним телеграм-каналлардан бирида яна бир видео чоп этилди, унда афтидан гумондор иштони ечилган ҳолда электр токи билан қийноққа солинаётгани акс этади.

Қосимов камида 139 киши ҳалок бўлган терактни уюштирганликда айбланаётган тўрт нафар тожикистонликни тураржой билан таъминлашда айбланмоқда.

Тожикистон ҳукумати Москва вилоятидаги концерт залига бостириб кириб, кўплаб одамларни отиб ўлдирганликда айбланаётган тўрт нафар тожикистонлик йигитнинг қариндошларини ҳибсга олган. Қариндошлар Россия терговининг кенгайтирилган қисми сифатида сўроқ қилинган.

Тожикистон пойтахти Душанбе ва унинг атрофидаги бир қанча шаҳарларда ҳуқуқ-тартибот идоралари бу йигитларнинг қариндошлари уйига бориб, уларни сўроқ қилиш учун пойтахтга олиб кетган, дея билдирди уларнинг қўшнилари ва қариндошлари Озодлик радиоси тожик хизматига.

Душанбедан шарқда жойлашган Ваҳдат шаҳрида ҳужумда гумонланганлардан бирининг онаси, укаси, икки амакиси ва бошқа қариндошларини 25 март куни кечқурун полиция олиб кетди, деди Озодликка уй хизматчиси. Бошқа қўшниларнинг айтишича, бу оила яшайдиган маҳалланинг бошлиғини ҳам милиция олиб кетган.

Тожикистон расмийлари Россиядаги ҳибсга олишлар ва қийноқлар ҳақида ҳеч қандай баёнот берганича йўқ.

“Нега ҳужум учун Крокус танланди, Кремл эмас ” деган изоҳ учун қамоқ

Санкт-Петербургда Крокусдаги ҳужум ҳақида “Нега ҳужум учун Крокус танланди, Кремл эмас ” деб изоҳ ёзган шахс ҳибсга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкинлиги хабар қилинмоқда.

Петербурглик Николай Конашенко Пулково аэропортида Ереванга учиб кетмоқчи бўлган вақтида қўлга олинган. Хавфсизлик кучлари унинг изоҳида экстремизм аломатларини кўрган. Аммо, Коношенконинг ўзи бундай нияти бўлмаганини айтган.

Ҳибсга олинганидан бир мунча вақт ўтгач, Санкт-Петербург полицияси матбуот хизмати Конашенок ўз постлари учун узр сўрагани видеони тарқатди.

"Кеча мен Фэйcбукда иккита пост қўйдим, биринчисида мен террорчилик ҳужуми Крокус Ситида эмас, балки Кремлда содир бўлганида нима бўлар эди, деган саволни бердим. Менинг сўзларим терроризмни қўллаб-қувватлаш сифатида қабул қилинди. Мен барчадан узр сўрайман. Терроризмни қўллаб-қувватламайман”, - дейди Конашенко.

Путин теракт ортида исломий жангарилар турганини айтди

Россия президенти Владимир Путин Россияда сўнгги йигирма йил ичида содир бўлган энг мудҳиш теракт ортида исломий жангарилар турганини айтди.

Шу билан бирга, Путин "Қўшма Штатлар турли каналлар орқали дунёнинг бошқа давлатларини, Москвадаги терактда Киев изи йўқлигига ишонтиришга ҳаракат қилаётгани”ни қўшимча қилди.

Путиннинг сўзларига кўра, Россия расмийлари ҳужум “кимнинг қўли билан” амалга оширилганини билишади, бироқ уларни “буюртмачи ким бўлгани ҳам қизиқтиради”.

“Бу ваҳшийлик неонацист Киев режими қўли билан 2014 йилдан буён мамлакатимиз билан уруш олиб бораётганларнинг уринишларининг бир қисми бўлиши мумкин”, деди Путин.

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ва президент Владимир Путиннинг яқин сафдоши Николай Патрушев сешанба куни камида 139 киши ҳалок бўлган Москва концерт залига жума куни уюштирилган ҳужум ортида Украина турганини айтди.

Журналистлардан бири Патрушевга “ИШИДми ёки Украина?” деб сўраганида у

"Албатта, Украина", деб жавоб берди. Киев ҳужумга алоқаси борлигини рад этган.

Исломий Давлат жума куни “Крокус ҳолл” да юз берган ҳужумни амалга оширганини айтган ва видеодалилни чоп қилган.

Россия раҳбарлари ҳужумда далил-исботсиз Украина қўли борлигини айтишган. Киев бу даъвони "бемаънилик" деб атади.

Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида: "Путин ўзидан бошқа ҳаммани террорчи деб ҳисоблайди, гарчи унинг ўзи йигирма йилдан бери террордан озуқа олиб келаётган бўлса-да", деб таъкидлади.

АҚШ шу ой бошида Россияни йирик оммавий йиғинларга ҳужум бўлиши хавфидан огоҳлантирган ва Россиядаги ўз фуқароларига ҳам бу борада маслаҳатни чоп этган.

Огоҳлантиришни Кремль пропаганда ва унинг президентлик сайловларига аралашув ҳаракати дея рад этганди. Ҳужум юз бергач, Вашингтон ИД даъвоси ҳаққонийлигидан шубҳаланмаганини билдирди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия махсус кучлари "Крокус Сити Холл"даги ҳужумни мустақил тарзда тергов қилишаётгани, Путин Беларус, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркия раҳбарлари билан мулоқот ўтказгани, лекин Ғарбдаги ҳамкасблари билан мулоқот йўқлигини айтди.

"Бир кун аввал президент Путин турли давлатлар, Беларус, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркия ва бошқа кўплаб давлатлар раҳбарлари билан телефонда гаплашди. Терроризмга қарши ҳамкорликни ривожлантириш ва яхшилаш ниятлари муҳокама қилинди. Ҳозир ғарбликлар билан алоқа йўқ, деди Песков.

АҚШ Россияни огоҳлантирганмиди, деб сўралганида Песков: "Бу нозик маълумот, очиқланмайди", жавоб қилди.

АҚШ шу ой бошида Россияни йирик оммавий йиғинларга ҳужум бўлиши хавфидан огоҳлантирган ва Россиядаги ўз фуқароларига ҳам бу борада маслаҳатни чоп этган.

Ксенофобия

Россияда Крокус Сити Холлга ҳужум ортидан ксенофобия ва марказий осиёлик муҳожирларга қарши кайфият кучайди.

Россияда ишлаётган муҳожирларга бепул маслаҳатлар бериш билан шуғулланадиган ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик “Крокус Сити Холл”даги терактдан кейинги дастлабки икки кун ичида унга Россиядаги хорижлик фуқаролардан 2, 5 мингдан ортиқ қўнғироқ бўлганини айтди.

Ҳисоботларнинг ярмидан кўпи полиция рейдлари ва ноқонуний ҳибсга олишларга тегишли. Муҳожирларнинг айтишича, уларни полиция ёки Миллий гвардия тўхтатиб, ФСБ вакиллари билан "суҳбатлашиш учун" олиб кетишган. Бундан ташқари, полиция муҳожирлар яшайдиган ётоқхоналарга бостириб кирмоқда.

Россия пойтахтидаги теракт ва муҳожирларга нисбатан ксенофобия кучайиши фонида Қирғизистон ўз фуқароларига ҳозирча Россияга бормасликни тавсия қилмоқда.

Тожик диаспораси, ўз навбатида, муҳожирларга нисбатан зўравонлик кучайишидан қўрқиб, эҳтиёт бўлишни қатъий тайинлаган.

Россия Давлат думаси аллақачон Крокусдаги терактдан кейин мамлакатга кириш ва депортация мезонларини кучайтиришни таклиф қилган.

Ксенофобия ҳолатлари орасида такси хизматлари фойдаланувчиларининг тожик ёки марказий осиёлик ҳайдовчилари хизматидан бош тортиши кўп кузатилмоқда.

Шунингдек, “Крокус Сити Холл”даги терактни содир этишда айбланганлардан бири ишлаган Ярославлда сартарошхона ходимлари ва эгасига таҳдид қилишган.

Екатеринбургда полиция кўчада “шарқона кўринишдаги” одамларни тўхтатиши кўпайган.

"Собиқ президент Дмитрий Медведевнинг оғзидан барча иштирокчилар "ўлдирилиши керак" деган сўзларни эшитаётган эканмиз, нима дейишимиз мумкин. Албатта, бу шундай сигнал берадики, деярли ҳамма нарса мумкин, ҳамма нарсага рухсат берилган ва. Бу жуда хавотирли ва бу жуда аянчли”, дейди Кулаева.

Сиёсий фанлар доктори, Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича эксперт Андрей Казанцев “Настояшчее время” канали эфирида Россиядаги ксенофобия ҳақида бундай деди:

“Бир томондан, рус пропогандачилари Россиянинг барча аҳолиси ва Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Ғарбга қарши бирлашиши керак, деса, бошқа томондан, Украинага қарши ҳарбий амалиётлар контекстида ўзлари ҳам ўта ўнгдаги фикрларни қўллаб-қувватлаяпти. Энди уларнинг ўзлари муҳожирларга қарши қаратилган бу ўта ўнг туйғулардан қандай қутулиш кераклигини билишмайди. Иккинчидан: улар яқинда ҳатто Патриарх Кирилл каби нуфузли одамларнинг тили билан муҳожирлар Россия учун, айниқса, Марказий Осиё учун хавфли эканини, чунки улар бошқа динга эътиқод қилгани ва русларнинг цивилизациявий бирлигини бузаётгани ва ҳоказолар, деб айтишди. Бошқа томондан, Россияда Украинадаги можаро туфайли кучайган даҳшатли демографик инқироз мавжуд ва шунинг учун, умуман олганда, Россия ҳукумати Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларисиз қандай курашишни билмайди. Шунинг учун улар ҳозир нима қилишлари мутлақо номаълум".

“Крокус Сити Холл”га қилинган ҳужумдан тўрт кун ўтди, кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.

Асосий савол - ҳужум ортида ким турибди? Бундан ташқари, ҳужумда қанча одам иштирок этгани ҳам маълум эмас. Россия ҳукумати 11 кишини ҳибсга олганини айтди, аммо саккиз нафари судга тортилди, улар қийноқ белгилари, баъзиларининг қулоғи кесилган холда маҳкамага олиб келинди, икки гумонланувчи қўлга олиш чоғида ўлдирилди. Аммо бошқалар қаерда? Улар кимлар? Бу саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Ҳибслар

Москванинг Басманний тумани суд 25 мартга ўтар кечаси “Крокус Сити Холл” концерт залига қуролли ҳужумда айбланаётган тўрт кишини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.

Мазкур ҳужум натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 144 киши ҳалок бўлган, 182 киши жароҳатланган.

Далержон Мирзоев, Муродали Ражабализода, Муҳаммадсобир Файзов ва Шамсиддин Фаридунийга терроризм айблови бўйича умрбод қамоқ жазоси хавф солмоқда.

Уларга нисбатан эҳтиёт чорасини белгилашга оид суд мажлиси ёпиқ тарз ўтказилган.

"Крокус Сити Холл"га ҳужумда гумонланган Далержон Мирзоев суд мажлисида
"Крокус Сити Холл"га ҳужумда гумонланган Далержон Мирзоев суд мажлисида

Гумонланувчилар Басманний суди мажлислар залига калтакланган ҳолда етказилган. Мирзоевнинг бўйнида унинг юзини ёпиш учун ишлатилган пластик халта парчалари бўлган.

Ражабализодани қўлга олишда унинг қулоғи кесиб ташланган. Суд залидан олинган суратларда бошининг бу томони кўрсатилган эмас. Суд Мирзоев ҳам, Ражабализода ҳам айбига иқрор бўлганини билдирган.

Икки гумонланувчи рус тилини билмагани учун уларга таржимон берилган. Терговчилар тергов сирига ҳамда маҳкама жараёни иштирокчилари ва уларнинг яқинлари хавфсизлигига риоя қилиш зарурати важи билан судни ёпиқ тартибда ўтказишни сўраган.

"Крокус Сити Холл"га ҳужумда гумонланган Муродали Ражабализода суд мажлисида
"Крокус Сити Холл"га ҳужумда гумонланган Муродали Ражабализода суд мажлисида

Суднинг очиқ тартибда ўтказилган қисмидан 32 ёшли Мирзоев Россияга келганидан кейин Новосибирскда қайддан ўтгани маълум бўлган. У уйланган, тўртта боланинг отасидир. Ражабализода эса 30 ёшда экани, уйлангани ва бир фарзанди борлигини айтган.

Шамсиддин Фаридуний судда 25 ёшга киргани, хотини борлиги, Москва вилоятининг “Крокус Сити Холл” жойлашган Красногорск шаҳрида қайдда туришини маълум қилган. Паркет фабрикасида ишлаб келган бу йигитнинг ҳам саккиз ойли боласи бор. Саволларнинг кўпига у таржимон ёрдамисиз жавоб берган.

Аввалроқ Россия Телеграм-каналларида оёқ-қўли боғланган Фаридунийнинг сўроқ қилингани акс этган видеоси пайдо бўлган эди.

Ўша видеода у қотиллик содир этиши учун унга 500 минг рубль таклиф қилинганини айтган эди. Кейинроқ унинг муҳтамалан ток ёрдамида қийноққа солинаётгани акс этган фотосурат пайдо бўлган эди.

Тўртинчи гумонланувчи - 19 яшар Мухаммадсобир Файзов суд залига ғилдиракли замбилда олиб келинган. Суд мажлисидан аввал у реанимацияда бўлган, у ўша ернинг ўзида сўроққа тутилган.

Қўлга олиш чоғида унинг кўз чаноғига шикаст етказилган. Иддаога кўра, у қуролли қаршилик кўрсатган.

"Крокус"га ҳужумда гумонланган Муҳаммадсобир Файзов суд залида
"Крокус"га ҳужумда гумонланган Муҳаммадсобир Файзов суд залида

У Ивановодаги сартарошхонада ишлаган. Аввалроқ Файзов шаҳардаги таниқли сартарошлардан бири бўлгани хабар қилинган эди. Эҳтиёт чорасини белгилаш тўғрисидаги суд мажлисидан судья гумонланувчига ҳамроҳлик қилиб келган врачларни ҳам чиқариб юборган.

Тергов гумонланувчиларни жиноятга ундаган сабабларни очиқлаган эмас. Аввалроқ “Ислом давлати” террор ташкилоти “Крокус Сити Холл”га ҳужумни ўзига қарашли одамлар уюштирганини билдирган. Ҳодисага алоқадорликда гумонланиб жами 11 киши ушланган. Қўлга олинганларнинг қолганлари ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

Ҳужум учун маъсулиятни «Ишид-Хуросон» гуруҳи зиммасига олди

Гуруҳ шанба куни ўзининг Телеграм каналларида 22 март куни Москва яқинидаги Крокус концерт залига қилинган ҳужум видеотасвирни эълон қилди.

Рейтерс агентлиги 31 секундли видеонинг ҳаққонийлигини бошқа видеолар билан солиштирган ҳолда тасдиқлашга муваффақ бўлди.

Унда қуролли одамлар йиғилиб турган одамларга қарата ўқ отаётганини, полда ётганлардан бир кишининг бўғзига пичоқ тортишганини кўриш мумкин.

АҚШ ҳукумати ҳужум ортида “ИД”нинг афғон шуъбаси – “Вилояти Хуросон” турибди, деб ҳисоблайди.

Афғонистонда жойлашган Ишид-Хуросон аввалроқ Россиянинг Кобулдаги элчихонасини нишонга олган ва Россия ичида ҳужумлар уюштириш билан таҳдид қилганди.

2022 йил сентябрида Россиянинг Кобулдаги элчихонаси олдида содир этилган портлаш учун ҳам айнан Ишид-Хуросон жавобгарликни зиммасига олган.

Шунингдек, аксар таҳлилчилар ҳам ИШИД узоқ вақтдан бери Россия ичида ҳужумлар уюштириш билан таҳдид қилганини эслатмоқда.

100 кишини қутқарган қаҳрамон Исломжон

Кўплаб одамларнинг “Крокус Сити Ҳолл”дан чиқиб олишига кўмаклашган 15 ёшли Ислом Халилов Россия мусулмонларининг “Хизматлари учун” медали билан тақдирланади.

Медални йигитчага 29 март куни, жума намози чоғида Россия мусулмонлари диний бошқармаси раҳбари муфтий Равил Гайнутдин шахсан топширади.

Ислом Халилов қирғизистонлик оила фарзанди бўлиб, ҳужум рўй берган 22 март куни у концерт зали гардеробида ишлаган.

Йигитчанинг сўзларига кўра, ўқ товушлари эшитилгач у фавқулодда ҳолатлар учун ишлаб чиқилган йўриқнома бўйича ҳаракат қила бошлаган, хусусан барча эшикларни очишга муваффақ бўлган ва кўплаб инсонларнинг хавфси жойга чиқиб олишига ёрдамлашган.


Рэпчи Моргенштерн ижтимоий тармоқдаги жонли ёйинида Халиловнинг оиласига бир миллион рубл пул юборганини маълум қилди. Ислом Халилов артистга миннатдорли билдириб, энди унинг турмуши анча енгил бўлишини айтди.

Ислом Москванинг “Спартак” футбол жамоаси мухлиси экан. Йигитча эзгу иши ортидан тилга тушгач, клуб уни футболчилар билан учрашувга таклиф этиб, ўз майдонидаги ўйинлар учун абонемент совға қилди.

Тожик муҳожирларига ксенофоб тажовуз кўпаймоқда

Россиядаги тожик мигрантлари Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир бўлган террорчилик ҳужумидан сўнг ксенофоб тажовуз ҳолатларига тобора кўпроқ дуч келаётганларини маълум қилишмоқда.

Амур вилоятининг Блаовешченск шаҳрида номаълум одамлар мигрантларга қарашли савдо павильонини ёқиб юборганлар – шаҳар мэри Олег Имамееев воқеада “этник адоват белгилари яққол кўриниб тургани”ни билдирди.

Калугада бир тўда номаълум одамлар кўчада уч тожикистонликни калтаклашган, улардан бири касалхонага ётқизилган.

Россиянинг турли ҳудудларидан йўловчилар тожик миллатига мансуб таксичилар хизматидан воз кечишаётгани ҳақида хабарлар келаётир. Улар ҳайдовчи тожик миллатига мансублигини ёки Тожикистонда туғилганини билишса, буюртмани бекор қилишни талаб этишмоқда.

Халқаро муносабатлар

АҚШ вице-президенти Камала Харрис Москва яқинидаги концерт залида юз берган отишмада ИШИД-Хуросон ташкилотини айблади.

Харрис АБC телеканалига берган интервьюсида Украина ҳужумга алоқадорлигига оид ҳеч қандай далил йўқлигини таъкидлади:

“Аввало, содир этилган террорчилик ҳуружида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани фожиа эканлигини айтишим керак. Барчамиз қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирамиз. Саволингизга келадиган бўлсак, йўқ, Украина алоқадорлигига оид ҳеч қандай далил йўқ. Ҳужум учун Ишид-Хуросон жавобгар”.

Франция ҳукумати Москвадаги теракрдан сўнг, мамлакатда эҳтиёт чораларини кучайтирмоқда.

“Исломий давлат ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олгани ва мамлакатимизга таҳдид солаётганини инобатга олган ҳолда, биз фавқулодда шайликни энг юқори даражага кўтаришга қарор қилдик” - деб билдирди Франция Бош вазири Габриел Аттал.

Буюк Британия молия канцлери Жереми Хант ҳам, Британия ҳукумати Кремлнинг Украина Крокус-Ситига ҳужумга алоқадорлиги ҳақидаги айбловига ишонч билдирмаслигини билдирди.

“Улар Украинага босқин тарафдорларини кўпайтириш учун ташвиқотни кучайтирмоқда. Россиянинг гапларига ишониб бўлмайди, айниқса сўнгги бир неча йил ичидаги воқеаларни ҳисобга олинса", дея таъкидлади Хант.

Марказий осиё мамлакатларидан ҳозирча Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларини Россияга боришдан тийилиб туришга чақирди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мирзиёев “Крокус Сити Ҳолл”да юз берган қонли террорчилик ҳужумини қатъиян қоралаб, фожиа муносабати билан чин дилдан ҳамдардлик изҳор қилди ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига – таъзиясини, жабрланганларга эса тезроқ соғайиш тилагини етказишни сўради.

Шунингдек, иккала раҳбар терроризмга қарши курашда мустаҳкам узвий ҳамкорлик истагини билдирди.

Президент Путин "Крокус Сити Холл"даги террорчилик ҳужуми юзасидан мурожаат билан чиқди.

У ўз мурожаатида 24 мартни миллий мотам куни деб эълон қилди.

Путиннинг иддаосича, Украина томони террорчиларнинг Россия ҳудудидан қочиб чиқиши учун "дарича" ҳозирлаган. Аммо унинг таъкидлашича, терактнинг барча тўрт ижрочилари ҳозирда ушланган.

"Барча иштирокчилар жазосини олади. Улар ким бўлиши ва ким уларни йўллаганидан қатъи назар. Биз Россияга қарши бу зарбани тайёрлаган ҳар битта одамни аниқлаймиз ва жазолаймиз. Биз халқаро терроризмга қарши курашда бошқа давлатлар билан саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга тайёрмиз. Бизнинг бурчимиз – бир сафда туриш. Ҳеч ким ва ҳеч нарса бизнинг жипслигимиз ва иродамизга рахна сололмайди", – деди Путин ўз мурожаатида.

Расмий маълумотда ўлганлар сони камида 133, яраланганлар 145 киши экани айтилди.

Баъзи манбаларга кўра, қурбонлар сони 150дан кўп ва рақамлар ошишда давом этмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, хавфсизлик хизматлари 11 гумонланувчини ҳибсга олган.

Тармоқда тарқалган баъзи видеоларда Crocus City Hall санъат саройи ҳали ҳам ёнаётганини кўриш мумкин.

Москва вилояти губернатори "айрим ёнғин ўчоқлари ҳали ҳам сақланиб қолаётганини" тасдиқлади, аммо "ёнғин асосан ўчирилган".

Вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, қутқарувчилар ниҳоят залга киришга муваффақ бўлишди – у ерда ёнғин сабаб ҳарорат жуда баланд эди.

Ҳозир воқеа жойига 320 дан ортиқ қутқарувчи, ўт ўчирувчи ва 130 дан ортиқ техника жалб этилган. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин деярли 13 минг квадрат метр майдонни қамраб олганини маълум қилди.

"Исломий давлат" гуруҳи бу ҳужумни уюштирганини даъво қилган.

Аммо Россия мулозимлари ҳозирга қадар бунга муносабат билдиргани йўқ.

Жума куни камуфляж кийган қуролли шахслар 6200 ўринли Crocus City Hall санъат саройидаги “Пикник” гуруҳининг концертига йиғилган томошабинларга қарата автоматлардан ўт очгани, талотўпда одамлар қочаётгани ва залга ўт кетгани видеолари тарқалган.

Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати президент Владимир Путинга жума куни Москва яқинидаги қонли ҳужумдан сўнг 11 киши ҳибсга олинганини маълум қилган, улардан тўрт нафари қуролли ҳужумга тўғридан-тўғри алоқадор дея айтилмоқда.

Бу ҳақда Россиянинг “Интерфакс” агентлиги шанба куни Кремлга таяниб хабар берди. Қўлга олинганларнинг кимлиги ҳозирча айтилмаётир.

Айни пайтда Интернетда Crocus City Hallга ҳужум қилганликда гумон қилиниб ҳибсга олинганлардан бирининг сўроқ қилиниши акс этган видео тарқалди, уни РТ бош муҳаррири Маргарита Симонян эълон қилди.

Видеога тушган эркак Туркиядан 4 март куни учиб келганини айтади. Шунингдек, видеода у одамларни ўлдириш учун унга ярим миллион рубл таклиф қилинганини таъкидлайди.

Эркакнинг сўзларига кўра, ҳужум ташкилотчилари залдаги барча одамларни ўлдиришга буйруқ берган.

Россия Тергов қўмитаси ҳужум содир бўлган Crocus City Hall санъат саройи биносида ерда ётган автомат ва ўқ гилзаларини терговчилар кўздан кечираётгани тасвирини эълон қилди. Хавфсизлик хизматларига кўра, ҳужумчиларни қидириш давом этмоқда.

Crocus City Hall санъат саройидаги жума кунги воқеа Россияда 2004 йилда Беслан мактаби қамал қилинганидан кейин содир бўлган энг қонли ҳужум бўлди.

Отишма бошланганда Crocus City Hall санъат саройи томошабинлар билан гавжум эди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги отишмани “террор хуружи” деб атади ва бутун дунё ҳамжамиятини ҳужумни қоралашга чақирди.

Теракт бўйича жиноий иш қўзғатилди, деб хабар берди Россия Тергов қўмитаси.

Расмийлар ушбу зўравонлик актига жавобан ҳудудда хавфсизлик чоралари сезиларли даражада кучайтирилган ҳолда тўлиқ тергов бошлади.

Россиянинг йирик шаҳарларида кўнгилочар тадбирлар бекор қилинган.

Москва вилоятидаги концерт залида юз берган қонли ҳужумда жабрланганлар учун қон топшириш марказлари ёнида юзлаб одам навбатга тизилишди .

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг беваси Юлия Навалная Х ижтимоий тармоқдаги постида қурбонларга ҳамдардлик билдирди ва “бу жиноятга алоқадорлар топилиб, жавобгарликка тортилиши керак” дея баёнот берди.

Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи ва араб давлатлари ҳамда кўплаб собиқ Совет республикалари ҳужумни қоралади ва ҳамдардлик билдирди.

Америка Қўшма Штатларининг Москвадаги элчихонаси бу ҳужумдан "даҳшатга тушганини" айтган ва россияликларга ўз таъзиясини изҳор этган.

Америкаликларни 48 соат давомида катта йиғинларда иштирок этмасликка чақирган.

Икки ҳафта аввал эса АҚШ “48 соат ичида Москвадаги катта йиғинлар, жумладан концертларга экстремистлар ҳужумлари эҳтимоли" ҳақидаги хабарларни ўрганаётганини билдирган, ўз фуқароларини огоҳлантирган эди..

Ўшанда Россия президенти Владимир Путин бу огоҳлантиришларни “жамиятни қўрқитиш ва беқарорлаштириш”га қаратилган “тўғридан-тўғри шантаж” деб атаган эди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Crocus City Hall санъат саройига ҳужумни содир этганлар ҳужумдан сўнг гўёки Россия-Украина чегарасини кесиб ўтиш ниятида бўлганини маълум қилди.

ФСБ иддаосича ҳужумчиларнинг гўёки Украинада "тегишли алоқалари" бўлган.

Украина мулозимлари бу ҳужумга Киевнинг мутлақо алоқаси йўқлигини айтишган.

Россиянинг Украинага қарши уруш олиб бораётганини ҳисобга олиб, баъзи россиялик сиёсатчилар Crocus City Hallга қилинган ҳужумда Украина изи бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнотлар бера бошлади.

Украинанинг ўзи бўлиб ўтган воқеаларга алоқаси йўқлигини таъкидлашган.

АҚШ ҳам Украинанинг ҳужумга алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини билдирган.

Crocus City Hall га қилинган ҳужумдан бир неча соат ўтгач, ҳужум учун жавобгарликни "Исломий давлат" террор гуруҳи ўз зиммасига олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Бу баёнотнинг тўғрилиги аввалига ОАВ томонидан шубҳа остига олинди, бироқ кейин CBS ва The New York Times исм-шарифлари ошкор этилмаган расмийларга таяниб, АҚШ разведкаси Москвадаги ҳужумга “Исломий давлат” алоқадорлиги ва АҚШ Россияга шундай ҳужум бўлиши мумкинлиги тўғрисида разведка маълумотларини тақдим этгани ҳақида хабар беришди.

NYT, хусусан, гап Афғонистонда жойлашган, гўёки Афғонистон, Чеченистон ва Суриядаги ҳаракатлари учун Россиядан ўч олмоқчи бўлган ИШИД бўлинмаси ҳақида кетаётгани ҳақида ёзди.


Таҳлилчи Христо Грозев “Настояшее время” канали эфирида ҳужумда "Исломий давлат"нинг қўли борлигини эҳтимолий версиялардан бири деб атади:

"Биз буни бир неча ҳафта олдин Америка томонидан Россия томонига эълон қилинган огоҳлантириш билан боғлашимиз керак. Огоҳлантириш жуда аниқ эди, гарчи Россия томони бу "умумий" эканлиги ва Россияга қарши эҳтимолий терактлар ҳақида шикоят қилган бўлса-да”, дейди таҳлилчи.

Украина президенти Зеленский девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк расмий баёнот билан чиқиб, Crocus City Hall да содир бўлган воқеаларга Киевнинг алоқаси йўқлигини айтди.

"Украинанинг бу воқеаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ", - деди Подоляк. Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Усов терактни Россия махсус хизматларининг “провокацияси” деб атади.

Россия фуқаролари бўлган аъзолари Украина Қуролли кучлари томонида жанг қилаётган “Россия кўнгиллилар корпуси” ҳам Москвадаги терактга алоқадор эмаслигини эълон қилди. Бу ҳақда қуролли тузилма вакили “Новая газета”га маълум қилди. "Албатта, бу биз эмас", деди у.

Ҳужумда тожик фуқаролари қатнашгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди.

Тожикистон ўз фуқароларининг бу терактда иштирок этгани ҳақида Россиядан расман маълумот олмаганини билдирди

Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз вебсайтида баёнот жойлаган.

"Таъкидлаб ўтамизки, Тожикистон томони Россия ҳукуматидан ҳозир тарқатилаётган фейк хабарлар - гўё Тожикистон фуқаролари иштироки ҳақида ҳеч бир маълумот олгани йўқ. Биз Россия давлати идораларининг маълумотларни эътибор қилишга чақирамиз. Шуни назардан қочирмаслик керакки, текширилмаган ва ишончсиз хабарларни тарқатиш Тожикистон ташқарисида бўлган ватандошларимизга зарар етказиши мумкин", дейилади баёнотда.

Москвадаги ҳужум халқаро майдонда қораланмоқда.

Оқ уй маслаҳатчиси Жон Кирби қурбонлар ва қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва воқеани “хунрезлик” деб таърифлади: “Ҳаммамиз Москвадан хабарлар ва видеолавҳаларни кўряпмиз. Бу ҳақда қўшимча маълумот олишга ҳаракат қилмоқдамиз. Даҳшатли, буни кўриш жуда қийин", деди Кирби.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳужумдан олинган кадрларни “даҳшатли” деб атади.

Британиянинг Москвадаги элчихонаси воқеани қоралади. "Бу даҳшатли фожиа. Бугунги воқеалардан жабрланган ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлигимизни билдирамиз", - дея маълум қилди элчихона ижтимоий тармоқларда.

Қурбонлар ва ярадорлар, шунингдек, рус халқига ҳамдармиз. Бу жирканч ҳаракатларга тўлиқ ойдинлик киритилиши керак", деб баёнот берди Франция Ташқи ишлар вазирлиги.

Аввалроқ Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили Питер Стано ҳам ҳужумни қоралаган.

"Европа Иттифоқи тинч аҳолига қилинган ҳар қандай ҳужумни қоралайди", дея баёнот берган Стано.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, россиялик сайловчиларнинг 87% қўллаб-қувватлаган Владимир Путин, бош вазир ўринбосари Татяна Голикова орқали жабрланганларга ҳамдардлик тилакларини етказган.

Форум

XS
SM
MD
LG