Журналист ва блогерларни ҳимоя қилиш, монополияга қарши ҳамда ҳукумат ва ҳокимлар қарорлари юзасидан танқидий чиқишлари билан танилган Расул Кушербаев шу кунларда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътиборида.
Фаолнинг шубҳаси
Олий мажлис Қонунчилик палатасининг собиқ депутати 19 апрелда Тошкентнинг Янгийўл тумани Ички ишлар бошқарамасига телефон орқали чақирилган. Ўзининг айтишича, бунга гўёки фуқаролардан бирининг унга қарши киритган даъво аризаси сабаб бўлган. Ички ишлар идорасидаги сўроқ жараёнида ходимлар унинг мобил телефонини олиб қўйишган. Кушербаев буни ноқонуний, демоқда:
“Нима учун менинг телефоним уларга керак бўлиб қолди? Экспертиза учун, дейишди. Экспертиза баҳонаси билан олинди. Одатда ҳақоратни экспертиза қилиш учун матн бўйича экспертиза тайинланади. Булар эса телефолнимни экспертиза қиламиз деб туришибди. Бу жудаям тушунарсиз. Бундан шубҳа қилдимки, яхши мақсад кўзланмаяпти. Яшаш жойим ҳам, пропискам ҳам Янгийўлда эмас. Бироқ нега Янгийўл ИИБ бу иш билан шуғулланаётгани тушунарсиз".
Бу воқеани катта эҳтимол билан ўзининг танқидий чиқишлари билан боғлаётган Кушербаев яқинда тайинланган Ички ишлар вазири, Янгийўл тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи Азиз Тошпўлатовга мурожаат қилди.
“Телефон электрон буюм бўлганлиги учун, янги қонун талабига кўра, уни кўздан кечиришдан тортиб, то олиб қўйгунча шу соҳанинг мутахассиси иштирокида қилишлари керак эди. Лекин мен сўрасам ҳам мутаҳассис топиб бера олишмади. Бу жуда кутилмаган ҳолат бўлди ва буни мен ўзимнинг сўз ва ахборот эркинлиги бўйича фаолиятимга нисбатан босим, деб қабул қиляпман. Керак бўлса, бунга сиёсий баҳо берилиши керак. Агар Ички ишлар вазирининг ўз обрўсини сақлаб қолиш позицияси бўлса, албатта бунга муносабат билдиради, деб умид қиламан. Агар менсимаса, унда очиқ фикр қилмайди. Буни аввалги вазиримиздан ҳам биламиз, муносабат билдирмасди. Қанча одам қийноқдан ўлиб кетди”.
ИИББ эслатмаси
Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлагановнинг маълум қилишича, Кушербаевнинг устидан фуқаро Р.Ф. шикоят қилган. Телеграмда тарқатилган хабарда айтилишича, аризада экс-депутат ижтимоий тармоқларда камситиш ва ҳақорат қилувчи пост жойлагани иддао қилинган:
“Жиноят-процессуал кодексининг 157, 159-моддаларига асосан терговга қадар текширувни ҳар томонлама тўлиқ ва сифатли олиб борилишини таъминлаш ҳамда аризачи баён этган ҳолатларга аниқлик киритиш учун тергов бўлинмаси томонидан қарор чиқарилиб, Р.Кушербаевга тегишли мобиль телефони вақтинча олиниб кўздан кечирилган. Мазкур иш доирасида, процессуал ҳаракатлар давом эттирилмоқда” .
Ички ишлар вазирлиги вакили Кушербаевнинг “асоссиз ариза бўйича ушлаб турилиши, мобил телефонининг аҳамиятсиз олиб қўйилиши” ҳақидаги айтганлари ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлаб, процессуал ҳаракатлар давом этаётганини маълум қилган. Шунингдек, у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик борлигини эслатган.
Кушербаев ўз устидан киритилган аризага уч ой аввал "ўзбекларни итга тенглаштириб" гапирган Россия фуқаросини танқид қилгани ва Ташқи ишлар вазирлигини “уйғонишга чақирган” мурожаати сабаб бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Ўшанда ижтимоий тармоқларда литвалик ва россиялик иккита фуқаронинг суҳбати тарқалган, унда россиялик эркак ўзбекларга нисбатан ёмон муносабат билдирганди.
Танқидий овоз
Илк бор Каримов даврида депутат бўлиб сайланган 38 яшар Кушербаев Мирзиёев даврига келиб парламентдаги энг танқидий овоз сифатида танилди. 2022 йилда эса у мамлакат тарихида парламентдан ўзи ихтиёри билан истеъфо берган иккинчи депутат. Афтидан, президент Мирзиёевнинг 2018 йилда Расул Кушербаевни қўллаб, парламентда айтган сўзлари иқтидордаги партия вакили бўлишига қарамасдан, кўпинча ҳукуматга мухолиф мавқеъдаги баёнотлари билан танилган Кушербаевни босимлардан ҳимоя қилолмаган эди.
Кейинчалик депутатнинг сабр косасини тўлдирган нарса - уч соатдан камроқ давом этган давлат бюджети муҳокамасида спикер ўринбосарининг унга сўз бермагани бўлган. Кушербаев "депутатларнинг оғзини ёпишга уриниш" ҳаракатларига норозилик белгиси сифатидан парламентдан намойишкорона истеъфо берган.
Айни дамда Расул Кушербаев Ички ишлар ходимлари қўшниларидан у ҳақда маълумот тўплаганидан хабар топганини ҳам билдирди:
"Менда асосли маълумотлар бор. Масалан, Янги Ҳаёт тумани ички ишлар бўлимининг терроризмга қарши курашувчи ходимлари қўшниларимдан мен қачон уйга келиб-кетишимгача сўрашган".
Расмий идоралар Кушербаевнинг бу иддаосига ҳозирча изоҳ бергани йўқ.
Каримов давридаги қўрқув муҳити
Human Rights Watch (HRW) каби халқаро ташкилотлар сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистонни ҳали ҳам “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторида баҳолашда давом этмоқда. Ҳолбуки, Ислом Каримов ўлимидан кейин Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, маҳаллий матбуот фаоллашган, муҳокамалар кенгайган, ҳатто мамлакат ҳалқаро индексларда бир неча позиция юқорилаганди ҳам. Аммо орадан кўп ўтмай, блогер, журналист ва тармоқ фаолларига нисбатан босимлар кучайган. Президентни ҳақорат қилгани учун 10 дан ортиқ одам қамоққа ташланди. Маҳаллий ва халқаро тинсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари Каримов давридаги каби қўрқув муҳити қайтгаётганини таъкидлашади.
HRW инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттманн Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда президентни, амалдорларни танқид қилган ёки камчиликни айтиб чиққан блогерларга қарши кураш кучаётганини Отабек Сатторий, Валижон Калонов каби блогерларнинг мисолида айтди. У шунингдек президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келган йилларнинг бошида журналистларни ҳақиқатни гапиришдан қўрқмасликка чақирган сўзларини ёдга олди:
"Ўшанда давлат раҳбари журналистларни қўллашини билдирган эди. Лекин ундан бери ўлкада сўз эркинлигининг аҳволи сезиларли даражада ёмонлашиб кетди. Ҳаттоки, блогерларга қарши жиноий ишлар очилди. Биз Ўзбекистон ҳукумати раҳбариятининг нафақат сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари эркинлигига ҳурмат кучайган даврга қайтиш, балки Ўзбекистон ихтиёрий равишда ратификация қилган халқаро стандартларга мувофиқ, сўз эркинлиги ҳуқуқларини умуман ҳурмат қилишини жуда истардик. Биз Ўзбекистоннинг ҳамкорлари, Европа Иттифоқи, Германия ва Тошкентда ваколатхоналари бор бошқа давлатларни ҳам Ўзбекистонни сўз эркинлиги, тинч фикр билдириш ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақиришини, блогерлар ва журналистларни касбий фаолияти учун таъқиб қилмаслигини сўрашини ҳохлаймиз”.
21 апрель куни яна бир журналист, Effect.uz нашри раҳбари Акмал Эшонхонов 11 млн 250 минг сўм жаримага тортилгани маълум бўлди. Маҳаллий ОАВ даги хабарларга кўра, Судьялар олий кенгаши раиси ва Effect.uz нашри ўртасидаги суд ишида Эшонхонов ёлғон ахборот тарқатишда айбдор, деб топилган. Сайтда 6 февраль куни судьялар фаолиятига доир танқидий мақола эълон қилинган эди.
Ўтган ҳафта шунингдек, ўзбек ижтимоий тармоқларида ўзининг мустақил экспертизаси ва танқидий чиқишлари билан танилган иқтисодчи блогер Отабек Бакиров устидан ўтган ҳафтада судга даъво аризаси киритилган. Иқтисодчининг маълум қилишича, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги уни ўзини “обрўсизлантиришга уриниш” да айбламоқда.
Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистондаги яна бир таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли, “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов устидан суд жараёни фонида юз бермоқда. 11 апрель куни Тошкент шаҳридаги Миробод туман маъмурий ишлар судида Ташанов устидан маҳкама бошланган. Тошкент давлат юридик университетининг икки ўқитувчиси тармоқларда Абдураҳмон Ташанов томонидан ёзилган постда уларнинг қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етганидан шикоят қилган. Суднинг ёпиқ ўтаётгани жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган.
Апрелнинг бошида Самарқандда ўтган биринчи Марказий Осиё-Европа Иттифоқи саммити доирасида имзоланган Қўшма декларацияда минтақа раҳбарлари ва Евроиттифоқ қонун устуворлиги, мустақил матбуот ва фуқаролик жамиятини дастаклаш ҳамда ҳимоялашнинг муҳимлиги борасида якдил эканликлари айтилганди.
Форум