Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:36

Мусодара қилинган мол-мулкни онлайн аукцион орқали сотиш бошланди


Президент Мирзиëевнинг 27 июль кунги қарорига мувофиқ¸ 2017 йилнинг 1 сентябридан ўзбекистонликлардан қарзини қоплаш учун ëки жиноят қуроли сифатида мусодара қилинган телевизоридан тортиб то уй-жойигача онлайн ким ошди савдосига қўйиш бошланди. e-auksion.uz сайтида ўтказилган ким ошди савдосида назорат тизимлари ходимларидан бошқа аксар ўзбекистонлик қатнашиши мумкин.

Савдо байрам куни очилди

Юридик ва жисмоний шахсларнинг суд ҳукми билан давлат фойдасига мусодара қилинган мол-мулки 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда иш бошлаган «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида ким ошди савдосига қўйилади.

Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази сайтида 1 сентябрдан очилган ким ошди савдосида 20 та¸(кўринишидан¸ йиллардан бери очиқ ҳавода чанг босиб кетган) эски автомобиль савдога қўйилган. Ҳозирча “очиқлик ва шаффофлик”ни бош муддаоси қилиб белгилаган марказда сотувга қўйилган бошқа нарса йўқ.

Ким ошди савдоси деярли барча ўзбекистонликлар учун очиқ¸ Тошкент шаҳри ва вилоятидаги кўчмас мулк аукционга қўйилганда¸ потенциал харидор Тошкент пропискасига эга бўлиши шарт. Айни пайтда¸ суд¸ прокуратура¸ ички ишлар¸ солиқ¸ божхона тизими¸ шунингдек МХХ ходимлари¸ қолаверса¸ баҳолаш хизмати вакилларининг аукционда қатнашиши тақиқланган.

У ëки бу савдода қатнашмоқчи бўлганлар онлайн рўйхатдан ўтишлари ва ким ошдига қўйилган мол-мулкнинг бирламчи баҳосининг 5 фоизи миқдорида закалат қўйишлари лозим.

Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига қарашли. Бу Бюро эса¸ президент Мирзиëевнинг 29 май куни "Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан тузилган эди.

Бюронинг асосий вазифаси коммунал тўловлар бўйича қарзларни ундириш¸ тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш¸ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш этиб белгиланган.

Мажбурий ижро бюроси газ¸ сув¸ электр энергияси учун қарздорликни қоплаш мақсадида судга қарздорнинг мол-мулкини мажбуран ундириб беришни сўрайди ва суд мусодара ҳақида қарор чиқаргандан кейин¸ уни электрон ким ошди савдосига қўяди. Бюронинг қарзни ундирган ходими онлайн аукционда сотилган мол-мулкнинг харид нархининг 1 фоизи миқдорида мукофот пули олади.

30 август куни ташкил этилганидан бери ўтган биринчи уч ойлик фаолиятига доир ҳисобот берган Мажбурий ижро бюроси июнь-август давомида жами 6¸32 триллион сўм (давлат курси бўйича тахминан 1¸5 миллиард АҚШ долларига тенг – таҳр.) ундирилганини билдирди.

Онлайн ким ошди савдосида харид ҳали бошланмаганидан келиб чиқилса¸ аукционга қўйилган мол-мулк ҳали бу миқдорга киритилмаган.

“Жиноят қуроллари” ҳозирча сотувга қўйилмади

Кейинги икки йил давомида Ўзбекистоннинг аксар шаҳарлари¸ айниқса¸ пойтахт Тошкентда фоҳишабозлик ва одам савдосини ташкил этиш учун фойдаланилган деб хатланган квартира ва уйларни давлат фойдасига мусодара қилиш кўпайиб кетди.

Ўтган муддат давомида Озодликка суд томонидан “жиноят қуроли” сифатида таснифланиб¸ мусодара қилинган квартира эгаларидан бўлган ўнлаб мурожаатларда уларнинг ички ишлар¸ прокуратура ва суддаги махсус гуруҳ томонидан атайин уюштирилган “фоҳишабозлик” саҳнаси”ни рўкач қилиб тортиб олинаëтгани¸ кейинчалик арзон-гаровга бу гуруҳга алоқадор шахсларга сотилаëтгани айтилган эди.

Озодлик билан суҳбатдаТошкентнинг Ибн Сино массивидаги уй қўмитаси раиси исми сир қолиш шарти билан¸ бундай иддаоларни тасдиқлаган эдию

“Мен ўзим “домком” сифатида милиция талаби билан тинимсиз квартираларни текширишга мажбурман - паспортизация дейилади. Ҳар 2-3 ойда бир ҳамма квартираларни бирма-бир кўздан кечирамиз. Милиция биздан бундай назоратни тинимсиз олиб боришни талаб қилиб келади. Бу бемазагарчилик “террорчилик ва фоҳишабозликка қарши кураш” шиори остида ўтказилади. Бирор квартира бўшаб ётганини кўрса ёки унда қайдга турмаганлар яшаётган бўлса, тортиб олиш муаммо бўлмасдан қолди. Суд орқали конфискация қилинган квартиралар биржага сотувга қўйилиб, ўзлари томонидан сотиб олинаяпти”¸ деган эди Ибн Сино массиви фаоли.

24 июль куни бу борада ижтимоий тармоқлар ва виртуал қабулхоналарда кучайган эътирозларга жавоб берган Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев жорий йил бошидан буён Тошкентда 400 га яқин фоҳишабозлик ва қўшмачилик ташкил этилган ҳолатлар аниқлангани, уларнинг жуда кам қисмидагина мол-мулк мусодарага тортилганини маълум қилган.

Ўз жавобида Тошкент милицияси мутасадддиси¸ бундай квартираларни мусодара қилиш ҳақидаги қарорларнинг қанчалик адолатли экани судлар масъулиятида эканини айтиш билан чекланган.

“Жиноят қуроли” сифатида мусодара қилинган Тошкентдаги уй ва квартиралар¸ ҳозирча онлайн савдога қўйилмаган.

XS
SM
MD
LG