Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:57

Андижонда ўқитувчилар иш кунлари чойшаб тикиш¸ дам олиш куни эса¸ пахта теришга мажбурланмоқда


Бу суратни юборган избосканликларга кўра¸ суратдаги аëллар ўқитувчилар ва улар Андижон шаҳар Истиқлол кўчасидаги хусусий тикув цехида чойшаб тикмоқда.
Бу суратни юборган избосканликларга кўра¸ суратдаги аëллар ўқитувчилар ва улар Андижон шаҳар Истиқлол кўчасидаги хусусий тикув цехида чойшаб тикмоқда.

Ўзбекистон бўйлаб мажбурий меҳнат¸ хусусан¸ таълим тизими ходимларининг пахта теримига жалб этилиши билан боғлиқ ҳолатларга қарши расмий ташвиқот кампанияси бораëтган айни кезларда¸ Андижон шаҳри ва туманларидаги юзлаб ўқитувчи кўздан панада чойшаб ва кўрпа жилди тикишга мажбурланмоқда.

Озодликка жараëннинг бевосита гувоҳларидан юборилган бу маълумотни Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси расмийси¸ шаҳардаги айрим мактаблар ўқитувчилари¸ шунингдек Избоскан туманидаги мактаб директорларидан бир нечтаси тасдиқлади.

Бевосита ҳокимлар босими остида бўлаëтган мажбурий меҳнат ҳақида матбуотга очиқ гапирса ишидан ажраб қолишидан чўчиган Озодлик манбалари ўз шахси сир қолишини сўрадилар.

Озодлик гаплашган Избоскан туман Халқ таълими бўлими мутасаддиси бу маълумотни рад этишга уриниб¸ “уни тикув цехида ўқитувчилар учун уюштирилган семинар” деб атади. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати эса¸ ушбу шикоят жиддий ўрганиб чиқилишини билдирди.

Тикувчиликка "ўргатилган" ўқитувчи ва завучлар...

Андижон вилоят Халқ таълими бўлими мулозимларидан бири Озодликка таълим соҳаси хизматчиларининг тикувчиликка мажбурланаëтгани ташаббусчиси шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев эканини иддао қилди.

Шаҳарнинг Истиқлол маҳалласидаги эски уйлар бузилиб¸бу ердагиларга Хўжаобод йўлидаги Қозоқ маҳалладан коттеж уйлар қуриб берилди. Буларнинг кўпчилиги кам таъминланган оилалар. Шу оилаларнинг аëлларига ишлаб¸ қурилган уйларнинг ойлик ипотекасини тўлаши учун эски Шарқ кинотеатрини тикув цехи қилиб беришди. Эгаси бир тадбиркор йигит. Истиқлол маҳалладаги аëлларнинг кўпи цехга чиқмайди - кўчада сигарет¸ дори сотади улар. Цехдаги тикув машиналарининг кўпи бўш турганидан кейин¸ шаҳар ҳокими Раҳматуллаев¸ цехни тўлдиришни яна ўқитувчиларга юклади”¸ дейди таълим тизими расмийси шахси сир қолиш шарти билан.

Бу суҳбатдошга кўра¸ Раҳматуллаев шаҳар Халқ таълими бўлими раҳбари орқали мактаб директорларига цехга аëл топиб келиш¸ топмаса¸ ўзи чиқиб¸ чойшаб-кўрпа жилди ва матрас тикиш ҳақида оғзаки буйруқ берган ва бу жараëн қарийб икки ойдан бери давом этмоқда.

Раҳматуллаевнинг бу ташаббуси районларга тарқади ва ҳозир районлардан юборилган ўқитувчилар мажбуран тикувчилик қилмоқда”¸ деди бу манба.

Озодлик бу иддаолар юзасидан изоҳ сўраб Андижон шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилди. Ўзини ҳокимлик биноси “охранаси” ходими деб таништирган шахс¸ бутун бошли ҳокимлик биносида масъуллардан ҳеч ким йўқлиги – "ҳамманинг бугун (2 ноябрь ) тонгдан пахтага кетгани"ни билдирди.

Раҳматуллаев ташаббуси туманларга кўчди...

Избоскан туманидаги мактаблардан бирининг директори Озодлик билан суҳбатда бундан икки ҳафта олдин туман Халқ таълими бўлими раҳбари Сардор Ғафуров тумандаги ўндан ошиқ мактаб раҳбарига Андижон шаҳридаги тикув цехига ўқитувчи юборишни буюрганини айтади.

“Ғафуровнинг ўзи Фарғонада ўқишда эди. 45-мактаб директори Ғафуровнинг хотини. Гулмира Ғафурова ва 6,14, 3, 45-мактаб директорлари 34 ва 26-мактаб завучлари билан бош бўлиб¸ 22 октябрдан 1, 17, 18, 19, 23, 26, 30, 4, 42, 9, 10-мактаб ўқитувчиларини Дамасга босиб¸ Янгибозордаги тикув цехига олиб боришди. Бу иш 23 ва 24 октябрь кунлари хам давом этганини аниқ биламан. Ҳар кун 4 дан 7 гача ишлатишди. Уларга Андижонга нимага кетишаëтганини ҳам айтишмади. Цехда 10-мактаб ўқитувчисининг давлениеси ошиб¸ Тез ëрдам чақиртиришди. Видеолари ҳам бор. Расм ва видео борлигини билиб¸шанба кундан бери тўхтатишди”¸ деди тумандаги мактаблардан бири директори.

Суратдаги чойшаблар тахламидан¸ унинг "ярим соатлик ўқув семинари" эмаслигини англаш қийин эмас.
Суратдаги чойшаблар тахламидан¸ унинг "ярим соатлик ўқув семинари" эмаслигини англаш қийин эмас.

( Бу суратни юборган избосканликлар¸ мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича тегишли идоралар холис текширув ўтказган тақдирда¸ қўшимча фактлар¸ хусусан¸ суратлардаги ҳар бир ўқитувчи аëлнинг шахсини аниқлаб беришни билдирдилар.)

Избоскан туманидан келган видео
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:36 0:00

(Бу видеони юборган избосканликлар¸ тез ëрдам машинасида олиб кетилаëтган беморнинг 10-мактаб ўқитувчиси экани¸ овоз эгаси эса¸ шу мактаб директори ўринбосари эканини билдиришди.)

Озодликка айтилишича¸ Избоскан Халқ таълими бўлимининг Кадрлар бўлими бошлиғи Дилшод Жўрабоев ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга олиб чиқиш ноқонуний ҳаракат эканини айтиши ортидан¸ ишдан бўшатилган.

Кадрлар бошлиғи эътироз билдирган эди¸ Ғафуров болничнийда ëтган одамни ишдан бўшатди. Ҳозир ҳамма директорларни бу ҳақда оғиз очсанг¸ ҳайдайман¸ деб огоҳлантирган¸ ҳамма қўрқиб қолган. Эртага текширув келса¸ булар қўрққанидан "бизни ҳеч ким мажбурламади" дейишга тайëр бўп турибди”¸ дейди Избоскандаги мактаб директорларидан бири.

Озодлик ўзи ва ўқитувчилари Андижондаги тикув цехида камида беш кун чойшаб тиккан мактаб директорларидан бир неча нафари билан боғланди. Мажбурий меҳнат ҳақидаги Озодлик саволини эшитиб¸ қаттиқ асабийлашган бу директор аëллар¸ бундай воқеадан “хабарлари йўқлиги”ни айтиб¸ суҳбатни қисқа қилишди.

"Тикув цехида ўтказилган ўқув машғулоти"

Избоскан туман Халқ таълими бўлими раиси ўринбосари Озодлик билан суҳбатда меҳнат ўқитувчилари ва мактаб раҳбарларининг Андижон шаҳридаги тикув цехига олиб борилганини инкор қилмади.

Айни пайтда бу мутасадди¸ буни бир марталик “ўқув семинари” деб тақдим қилишга уринди.

Бизда 10-11 синфларда УПК йўналиши бор. Шунга бир қатор ўқитувчиларни ўқув семинарига ўхшаб¸ тикув цехига обордик. Қизиққанлар ўзлари бориб¸ машинкаларни кўриб¸ тушунчага эга бўлиб қайтишди. Бу фақат бир марта бўлди¸ маънавият бўлимимиз раҳбари олиб бориб¸ кўрсатиб келишди. Ҳеч қанақа мажбурий меҳнат йўқ бу ерда”¸ деди Избоскан туман Халқ таълими бўлими бошлиғи муовини.

Айни пайтда бу расмий “бир марталик¸ ярим соатлик ўқув семинари”нинг қайнан қайси куни бўлгани¸ унга нечта ўқитувчи жалб этилгани¸ директор ва муовинларнинг бу цехга нега борганига изоҳ бера олмади.

Ўқитувчиларни ҳокимият босимидан ҳимоялаш¸ хусусан¸ уларнинг ўз касбий фаолиятига алоқаси йўқ ишлар ва мажлислардан озод қилиш ҳақида баëнот бериб келаëтган Халқ таълими вазирлигининг Озодлик боғланган расмийси¸ бу ҳолатдан хабари йўқлигини билдирди. Айни пайтда¸ бу маълумот эътиборсиз қолдирилмаслигини таъкидлади:

- Сиз айтган маълумотни ўрганиш учун вазирлигимиз қошидаги Назорат-ҳуқуқий инспекциямизга берамиз. Улар буни ўрганиб¸ кейин хулосасини билдиради. Бунга қанча вақт кетишини билмайман¸ деди вазирлик матбуот хизмати расмийси.

(Озодлик бу хулоса тайëр бўлиши билан¸ унинг хулосасини эълон қилишга тайëр.)

"Ўқитувчининг дам олишга ҳаққи борми?"

Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан гаплашган избосканлик мактаб директорлари¸ иш кунларида бепул тикувчилик қилишга мажбурланган ўқитувчиларнинг ҳар якшанба куни гўë ўз ихтиëрлари билан пахта теришга чиқишга мажбурланаëтганини ҳам қўшимча қилдилар.

Президент Шавкат Мирзиëев Оққўрғон воқеаси ортидан 29 октябрь куни "барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида фармон қабул қилди".

Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев ишдан олинган расмий ҳужжатда¸ президент матбуот хизматининг ëзишича¸ "Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига қишлоқ хўжалиги ишлари чоғида йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан текшириш ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларига мажбурий меҳнатнинг барча шакл ва кўринишларига барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш бўйича топшириқлар берилган."

Алоқадор

XS
SM
MD
LG