Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:34

"Биринчи рақамли палач". Нозим Жумаевнинг қийноқдан ўлгани рад этилди


Нозим Жумаевнинг охирги суратларидан бири - видео скриншоти.
Нозим Жумаевнинг охирги суратларидан бири - видео скриншоти.

2 апрель куни жума номозидан кейин Бухоро шаҳар марказидаги дафн қилиш учун ëпиқ "Ҳазрати Имом" қабристонига жиноят дунёсида “палач” лақаби билан танилган 61 яшар Нозим Жумаев кўмилди.

Жанозада қўшни Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Туркия ва Кавказорти ўлкаларидан жиноят олами вакиллари ҳам қатнашгани айтилмоқда.

Бухородаги Озодлик манбаларининг айтишича, жанозада маҳаллий амалдорлар ҳам иштирок этган.

Навоий вилоятидаги 11-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган пайтда ўлган маҳкум Жумаев Нозим Нарзиевичнинг жасади 1 апрель куни яқинларига топширилган.

Бу хабарни Озодликка етказган марҳумнинг таниши Жумаевнинг "қамоқда уриб ўлдирилгани"ни иддао қилди.

Жумаев билан бирга жазо ўтаган яна бир собиқ маҳкумнинг таъкидлашича¸ "Жумаев диабетга чалингани ортидан оëғидан жароҳатланган ва гангрена оқибатидан ўлган".

"Менда мавжуд бўлган яна бир маълумотга кўра, Жумаев ковиддан ўлган", дея иддао қилди жиноят оламида машҳур собиқ маҳкумнинг таниши эканини айтган шахс.

Ўзбекистон жазони ижро этиш тизимида “биринчи рақамли жаллод” сифатида ном чиқарган ва 2014 йилда 20 йилга қамалган Нозим Жумаев қамоқда калтаклаб ўлдирилдими?

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси матбуот хизмати вакили Озодлик билан суҳбатда қийноқ иддаоларини рад этди.

Исмини очиқламасликни сўраган бошқарма вакилига кўра, “Гиëҳванд моддалар истеъмол қилишга ружуъ қўйган Жумаев 4 ойдан бери бангиворликдан даволанаëтган бўлган ва гиëҳвандлик оқибатида келиб чиққан касаллик боис 1 апрель куни вафот этган”.

2015 йилдаги ҳисоботида Нозим Жумаевни "Ўзбекистон қамоқхонасидаги биринчи рақамли палач" деб атаган Париждаги "Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" раҳбари Надежда Атаевага кўра¸ маҳкум "қамоқдаги ëмон шароит қурбони бўлган".

Уни тириклигида чиқаришмоқчи эди

Ўтган йили ижтимоий тармоқларда қамоқхона спорт зали экани айтилган жойда Жумаевнинг "бокс олхўриси"ни муштлаëтгани акс этган видео пайдо бўлган эди.

Жумаев қамоқдан чиқарган яна бир видеода 2020 йил табригини йўллаб, "ҳаммаси яхши" экани ва "яқин орада" озодликка чиқиши ҳақида гапирган.

Видеода Жумаев қора рангли қамоқ робасида ўтирибди. Робанинг кўкрак қисмида Нозим Жумаев ва қайси модда билан қамалгани қайд этилган ëзув кўринади.

Бу видеолар ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари гўëки диабет касалига чалинган деган важ билан Жумаевга Навоий вилоятидаги қаттиқ тартибли 64/46 колонияда алоҳида шароит яратиб берилгани ва унинг инсонпарварлик асосида озод этилиши эҳтимолидан хавотир билдиришди.

Ушбу хавотирлар ортидан 2020 йилнинг биринчи апрелида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси матбуот хизмати махсус баёнот тарқатди.

Озодлик мақоласига жавоб сифатида янграган баëнотда Жумаев қамоқдан озод қилинмаслиги таъкидланди.

“Маҳкум Н.Джумаев уюшган гуруҳ таркибида жиноят содир этганлиги сабабли, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида кўрсатилган, муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш билан боғлиқ бўлган инсонпарварлик далолатномалари қўлланилмайди”.

ИИВ шунингдек, маҳкум жазо ўтаëтган пайтда унга муддат қўшиб берилганини маълум қилган:

“Навоий вилояти 11-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум Джумаев Нозим Нарзиевич муқаддам оғир турдаги жиноятларни содир қилганлиги учун 4 маротаба судланиб, яна уюшган жиноий гуруҳ таркибида ўта оғир турдаги жиноятни содир этиб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Бундан ташқари, маҳкум Н. Джумаев жазо муддатини ўташ давомида мунтазам равишда белгиланган ички тартиб- қоидаларни бузиб келганлиги сабабли унга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия кодексининг 112-моддаси талабларига мувофиқ сақлаш режимини ашаддий бузувчи – деб топилган. Навоий шаҳар судининг 2019 йил 2 октябрдаги ажримига кўра, унинг жазони ўташ тартиби ўзгартирилиб, қаттиқ тартибли колониядан 3 йил муддатга турма тартибига ўтказилган.”

МХХ ходимларини синдирган жаллод

Маҳбуслар орасида “Палач” ("Жаллод") лақаби билан танилган Нозим Жумаев 2014 йилнинг декабр ойида қамоққа олиниб, 2015 йилда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси - гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш билан боғлиқ жиноятда айбланиб, 20 йилга қамалгани ҳақида Озодлик ўз вақтида хабар берган эди.

Терговга яқин мулозимлар Озодликка Нозим Жумаев 2014 йили Москвадан Тошкентга махсус чақиртирилиб, собиқ МХХ ходимларини сўроқ қилиш чоғида қатнашишга жалб қилинганидан кейин қамоққа олингани айтишган.

Уларга кўра, Нозим Жумаев собиқ МХХ ходимларининг “тилга кириб¸ иқрорнома”ни тезроқ ëзишини “таъминлаб” берган.

Нозим Жумаев Бекободдаги 64/21-сонли қамоқхонада 2014 йили ҳибсга олинган 12 нафар МХХ ходимини қийноққа солишда иштирок этгани айтилади.

Собиқ маҳкумларнинг Озодликка айтишича, Нозим Жумаевнинг шафқатсизлиги МХХ собиқ ходимларининг яқинларини даҳшатга солган.

Улар Бекобод қамоғидаги камераларга Нозим Жумаев кирмаслиги учун катта ўлпон тўлашга мажбур бўлганликлари айтилади.

Озодлик манбаларига кўра¸ Нозим Жумаев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати-таҳр.) 12 нафар собиқ ходими ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштириш борасидаги айбларга иқрор бўлишида "ҳисса қўшган".

Қамоққа тушган қамоқ жаллоди

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг 12 нафар ходими узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганидан кейин 2014 йилнинг декабрь ойида Нозим Жумаевнинг ўзи ҳам ҳибсга олинди.

Озодлик 2014 йили суҳбатлашган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимидаги бир-биридан мустақил манбалар Нозим Жумаевнинг собиқ МХХ мулозимлари билан яқин алоқаси ҳақида айтишган.

- Жумаев криминал дунëда ном чиқарган авторитет. Бухородаги “Мовий гумбазлар” ресторани эгаси¸ МХХ буюртмаларини ижро қилувчи жаллод бўлган бу кишининг ëнида ярим кило наша олиб юриши ишончсиз воқеа. Жумаев жуда катта сирларга ошно бўлгани боис ичкарига олинди. Жумаевнинг қамоққа олинишини ортида ўша вақтда МХХнинг ўзи турганига ишонаман¸ - деб айтган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимидаги Озодлик манбаси.

Мулозимнинг иддаосига кўра, Нозим Жумаев МХХдаги Сергиенко фамилияли куратор тарафидан бошқарилган.

Жиноят оламида Нозим Бухарский, маҳкумлар орасида эса “палач”, “лохмач” номлари билан танилган бу шахснинг Бухорода туғилгани айтилади.

Нозим Жумаев Бухоро марказидаги “Мовий гумбазлар” ресторанининг эгаси бўлган.

Бухородаги криминал дунëга яқин тадбиркор 2014 йилда Озодликка бу ресторан унга "совға қилингани"ни айтган эди.

- Нозим палач Бухорода бешафқатлиги билан танилган. Бухородаги тадбиркорлар унга ўлпон тўлаган. Масалан, у эгалик қилаëтган Бухородаги ресторан ҳам унга Музаффар Файз мебель ширкати тарафидан совға қилинган. Рэкет¸ талончилик билан ўтган асрнинг 90- йилларидан бери шуғулланиб келади. Рэкет¸ талон-торож ва қотиллик айби билан уч марта судланган. Бухородаги кўп собиқ маҳкумларнинг буйрагини пачоқ қилган. Асосан Москвада юрар эди. Бухородаги бизнесини ўғли юритади ¸ - деган эди суҳбатдош.

2019 йилнинг 13 ноябрида Женевада бўлиб ўтган БМТнинг қийноқларга қарши 68-сессияси ва БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича жорий йилнинг 1 мартида ўтган 128-сессиясида ўзбек фаоллари Жумаев мисолида махбусларни қийнаш механизмини кўрсатиб берган ва “қийноқ қўллаган мулозимларни афв қилиш практикаси” қораланган эди.

Айни мажлисларда қатнашган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов бу қоралашга қарши гапирган ва қийноқ қўллаганларни афв қилиш тарафдори эканлигини таъкидлаган эди.

БМТ сессиясида қатнашган "Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" раҳбари Надежда Атаева «Йўқ, Акмал Холматович! Одамларни қийнаган Нозим Жумаев каби жиноятчи афв қилинишга лойиқ эмас!¸ дея эътироз билдирган.

XS
SM
MD
LG