Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:41

Четда сотиб олинган телефонларни пуллик қайдга олиш бошланди. “Малика” бозорида яна рейд


"Малика" бозори
"Малика" бозори

Тошкентдаги “Малика” бозорида четдан якка тартибда олиб келинган телефонлар савдоси билан шуғулланадиганларни ўтган ҳафтадан ДХХ ходимлари тафтиш қила бошлади.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган савдогарларга кўра¸ текширувлар давомида 10 га яқин савдогар ва дастурчи ДХХ Тергов изоляторига олиб кетилган, сўроқ давомида улардан ўзларини импорт телефон билан таъминлаëтган шахслар номини очиқлаш талаб қилинган.

Озодлик суҳбатдошлари бу амалиëтга хорижда якка тартибда сотиб олинган телефонларни расмий қайдга олиши шарт қилинган UZIMEI тизимининг бевосита алоқаси борлигини иддао қилди.

Озодлик UZIMEI - "Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази" давлат унитар корхонаси расмийларидан бу иддао хусусида изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

ДХХ ҳозирга қадар жамоатчилик ва матбуот учун ëпиқ тизим бўлиб қолаëтгани боис¸ (хизматнинг на расмий сайти¸ на матбуот хизмати бор) бу идорадан тадбиркорлар иддаосига аниқлик киритишни сўраш имкони йўқ.

“Малика” технопаркидаги савдогарлар фикрича¸ хориждан якка тартибда олиб кираëтган мобил телефонларни 1 декабрдан пуллик регистрациядан ўтказишнинг шарт қилиниши ва ДХХнинг рейд ўтказиши телефон бозорининг монополия қилинаëтгани белгисидир.

“Малика” бозоридаги тафтиш

Аксар ўзбекистонликларга маиший техника воситалари¸ хусусан¸ мобил телефонлар бозори сифатида танилган “Малика” савдо комплексидаги рейдлар¸ Озодликка хабар йўллаган савдогарлaрга кўра¸ 8 декабрдан бошланган.

Савдогар ва программистларни собиқ СНБ¸ ҳозирги ДХХ Гвардейскаяга олиб кетиб¸ 3 кунлаб сўроқ қилмоқда. Чет элга чиққанларнинг уйига РОВД телефон қилиб¸ четдан телефон опкелганмисиз¸ деб чақираяпти. Четдан опкелган телефонини UZIMEI да онлайн регистрация қилганларни терговга тортмоқда. Ҳозир “Малика”да ҳамма қўрқувда”¸ деди Озодликка хабар йўллаган савдогарлардан бири.

Озодлик хабарчиси¸ камида ўзи билган ўнга яқин одамнинг сўроққа олиб кетилганини таъкидлади.

Хорижда сотиб олинган телефонларни мажбурий қайддан ўтказиш тартиби кучга кирди

Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб¸ ўзбекистонликлар чет элдан ўзи ëки яқинларига сотиб олган мобил телефонини UZIMEI тизими орқали 30 кун ичида рўйхатдан ўтказиши шарт қилиб белгиланди.

Акс ҳолда¸ бундай телефон маҳаллий оператор хизматидан фойдалана олмайди.

Бу ҳақда Бош вазир Абдулла Арипов бир эмас¸ бир нечта қарор чиқарган.

Хусусан¸ 2019 йилнинг 19 сентябрь куни чиқарилган 778-сонли қарорда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш буюрилган.

1 ноябргача чет элда сотиб олинган мобил телефонларни маҳаллий операторга улаш (активлаштириш) бепул бўлган бўлса¸ 1 декабрдан бошлаб бунинг учун 44 600 сўмлик тўлов жорий қилинди.

"Нормал давлатларда учрамайдиган амалиëт"

Озодлик гаплашган коммуникация технологиялари мутахассиси¸ четдан олиб кирилган мобил телефонларнинг давлат томонидан пулли регистрация қилинишини "нормал давлатларда учрамайдиган амалиëт" деб атади.

Айни пайтда¸ Россия, Беларус, Озарбайжон¸ Қозоғистон ва Тожикистонда ҳам "жиноятчиликка қарши кураш" иддаоси билан четда сотиб олинган телефонлар IMEI (International Mobile Equipment Identity -мобил қурилманинг халқаро идентификатори) кодини регистрациядан ўтказиш тартиби жорий қилинган.

Янги тартиб ва рейд

Савдогарлар изоҳича¸ ҳар бир ўзбекистонлик¸ амалдаги чекловга кўра¸ узоқ хориждан ҳар 6 ойда четдан бир дона телефон олиб киришга ҳақли.

Ана шулар бизга сотиб кетади ва биз бу телефонларни сотамиз. Регистрация шарти қўйилгандан кейин¸ ана шу телефонларни UZIMEIдан онлайн рўйхатга ўтказиш бошланди. Бунинг учун чет элдан кирган телефоннинг IMEI ​ коди¸ олиб келган одамнинг паспорт серия ва рақамлари ва SMS юбориш учун телефон рақами керак. Программистлар 10-15 та телефон регистрациясига битта номерни берган¸ ана шуларни “сан растаможка қилмасдан кўп миқдорда телефон опкиргансан”¸ деб сўроқ қилаяпти. Уларнинг баъзиларини уйидан¸ баъзиларини ишидан опкетган”¸ дейди Озодлик гаплашган тадбиркорлардан бири.

Бу суҳбатдош иддаосича¸ айни битта телефон номерига ўнлаб янги телефоннинг регистрация қилингани ҳақидаги маълумот фақат UZIMEI ихтиëрида бор.

Бу информацияни ДХХга ким берган – албатта UZIMEI. Чунки бошқа ҳеч кимда йўқ бу маълумот. UZIMEI сайтида четдан кирган янги телефонни регистрация қилиш учун битта номердан фойдаланманглар¸ деб ëзилмаган. Бундан чиқади¸ улар атайлаб шундай қопқон қўйиб¸ телефон сотувчиларни қўлга тушираяпти”¸ дейди “Малика” бозорида телефон савдоси билан шуғулланувчилардан бири.

“Малика”дагилар нега битталаб телефон сотиб олиб¸ уни қайта сотади?

Тадбиркорларга кўра¸ четдан олиб кириладиган мобил телефонларга базавий қийматдан 15 фоиздан кам бўлмаган бож солиғи жорий этилган.

Дейлик¸ iPhone Х ни 620 долларга олдик¸ лекин божхоначилар унинг базавий нархини 900 доллар дейдида¸ шундан 15 фоиз бож чиқаради. 620 долларлик телефоннинг олиб кириш нархи 755 га айланади. Бу миндирилган нархлар яна харидор-халқ бўйнига тушаяпти. Шунинг учун четга чиққанлардан божсиз олиб кирилган телефонларни битталаб олиш арзонроққа тушади”.

Ҳукумат мобил телефонларни регистрация қилиш талабини қандай изоҳлади?

Четдан олиб кирилган телефонларни мажбурий регистрациядан ўтказиш ва бунинг учун тўлов жорий қилиш амалиëтидан кўзланган мақсад¸ ҳукумат қарорида иддао қилинишича:

сифатсиз, инсон соғлиғига зарар келтирадиган ва республика ҳудудига ноқонуний йўл билан олиб кирилган қурилмалар савдосининг олдини олиш;

мобил қурилма йўқолиб қолган ёки ўғирланган ҳолатда унинг қидирув ишларини тезкор амалга ошириш;

мобил гаджетларни қўллаган ҳолда содир этиладиган жиноятларни самарали ва тезкор фош этиш;

Ўзбекистон телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш”дан иборат.

Озодлик гаплашган тадбиркорлар эса¸ UZIMEI тизимининг жорий қилиниши ортида хавфсизлик борасидаги хавотирлардан кўра кўпроқ қудратли монополистлар манфаати турганини иддао қилади.

Хусусан¸ улар Вазирлар Маҳкамасининг 778-сонли қарори лоббичиси сифатида маиший техника жиҳозлари ишлаб чиқарувчи Artel ширкатини тилга олди.

Бу ва бошқа ўнлаб электроника жиҳозлари ишлаб чиқаришини иддао қилувчи яна ўнлаб ширкат эгаси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдир.

“Ўзбекистон ичкарисида мобил телефон чиқариш билан Ортиқхўжаевнинг Artelи шуғулланса¸ четдан телефон олиб кириш билан ҳам Ортиқхўжаевнинг Mediaparkи шуғулланади. Уларга ҳар хил бож ва солиқ имтиëзлари берилган. Шунда ҳам улар сотадиган телефонлар “Малика”дагидан қиммат. Ортиқхўжаев бир интервьюда Тошкентда энди Media City қуриш орзуси борлиги айтган эди. Билишимизча¸ мобил телефон бозори ҳокимнинг ана шу “орзу”сига етиши учун қаттиқ қисувга олинмоқда”¸ дейди Озодлик гаплашган тадбиркорлардан яна бири.

Ижтимоий тармоқда тарқаган маълумотга кўра¸ UZIMEI тизими раҳбари Artel ширкатининг собиқ менежерларидан биридир. Озодлик ҳозирча бу маълумотни расман тасдиқлаш имконига эга эмас.

Тошкентдаги "Малика" бозорида жорий йилнинг ​23 август куни милиция ходимлари юздан ошиқ соқолли эркакни ушлаб ички ишлар бўлимига олиб кетган ва соқоли мажбурлаб олиниб, кейин қўйиб юборилган эди.

27 август куни бу воқеага расмий изоҳ берган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси “Малика” савдо комплексида ишлайдиган баъзи шахслар бўйича ўғрилик, ўғирланган қўл телефонларини сотиб олиш ва сотиш фактлари асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор тадбирлар ўтказилгани¸ гумонланувчилар аксариятининг соқоллилар эканини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG