Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:29

Нодемократия ва янада баттарлашиш. Ўзбекистон ва минтақани олдинда нима кутмоқда?


Марказий Осиё давлатлари президентларининг учрашуви. Туркманистон, Аваза, 6 август, 2021
Марказий Осиё давлатлари президентларининг учрашуви. Туркманистон, Аваза, 6 август, 2021

Мамлакатни чорак асрдан ортиқ бошқарган диктатор Ислом Каримов вафотидан сўнг чекланган бўлса ҳам эркинликлар пайдо бўлганидан кейин Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида навбатдаги катта умидсизлик манбаига айланди.

Ўзбекистон ва минтақадаги демократия, инсон ҳуқуқлари ва глобал иқлим ўзгариши ўтган ҳафта Олмаотада ўтган анжуман кун тартибида эди.

Марказий Осиёга бағишланган конференцияда ҳуқуқ фаоллари ва олимлар минтақада тўпланиб қолган муаммолар ҳақида батафсил тўхталди ва тадбир ташкилотчиси беш давлат аҳолисини “авторитаризм ва геосиёсий босим асирлари” деб аташди.

28-29 август кунлари бўлиб ўтган “Евросиёда бурилиш нуқталари” конференциясини Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бюроси ташкил этди.

Экспертларга кўра, пахта саноатида тизимли мажбурий меҳнатдан воз кечгач, шунингдек, ҳокимиятни танқид қилишга чорловларидан сўнг, Ўзбекистоннинг иккинчи президенти Шавкат Мирзиёев Каримов сценарийсига қайтмоқда.

Бу прокуратура ва судлар ўзгача фикрлиларни, фуқаро журналистларни қамоққа олиши мумкинлигини англатади.

Францияда яшовчи ўзбек муҳожири, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаеванинг фикрича, Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” деб атайдиган мамлакатга берилган ҳар қандай баҳони Каримов даврида қамалган ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғуновдан бошлаш керак, деб ҳисоблайди. У 2016 йилда Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бери нодавлат ташкилотни рўйхатдан ўтказишга камида 11 марта уринган. Аммо барча уринишлари беҳуда кетган.

Ўзбекистонлик блогер Миразиз Базаров ЛГБТ ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаганда давлат томонидан таъқиблар, жумладан, унинг онаси ва адвокатига таҳдидлар бўлган, дея эслайди Атаева.

Ўзбекистонда қатағон ўтган йили Қорақалпоғистонда содир бўлган қонли воқеалардан сўнг кучайган кўринади. Бу этник озчиликларга нисбатан давлат томонидан қатағон ва адолатсизликнинг бир қанча даҳшатли мисолларидан биридир.

Бошқа мамлакатларда авторитаризмнинг чуқурроқ формасига ўтиш анча олдин содир бўлган.

Ички авторитаризм ва геосиёсий босим

Баъзи экспертлар таъкидлашича, Хитойнинг кучайиши ва Россиянинг Украинадаги уруши натижасида юзага келган геосиёсий ўзгаришлар манзарасида мослашиш имкониятлари қисқармоқда ва иқлим инқирози минтақада дунёнинг бошқа қисмларига қараганда тезроқ ривожланаётганга ўхшайди.

Кўпчилик 1991 йилда мустақилликка эришгандан сўнг Марказий Осиёнинг бешта давлати турли ютуқларга эришганини тан олади. Бироқ улар минтақа олдида турган муаммоларга солиштирганда бу ютуқларнинг аҳамияти озлигини, аҳвол тизимли коррупция ва авторитаризм туфайли янада оғирлашаётганини таъкидладилар.

“Қандай ҳукуматга эга бўлиш-ўзбек халқининг иши”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00

28-29 август кунлари бўлиб ўтган “Евросиёда бурилиш нуқталари” конференциясини Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бюроси ташкил этди. Бу йил ўзининг 30 йиллигини нишонлаётган ташкилот, ҳозирги замон постсовет республикалари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан деярли тенгдош.

Ҳам жамоат арбоблари, ҳам олимлар иштирок этган ушбу тадбирда Қозоғистоннинг энг йирик шаҳрида 200 дан ортиқ мутахассислар жамланди. Оғир шароитда ишлаётган ташкилотнинг юбилейига тўғри келган тадбир иштирокчиларининг тушкунлигига сабаблар кўп эди.

Бюро директори Евгений Жовтис очилиш нутқида минтақа аҳолисини “ички авторитаризм ва геосиёсий босим асирлари” деб атади.

Нодемократия ва янада баттарлашиш

Жовтис халқаро кузатувчиларнинг беш мамлакатда сўз эркинлиги борасидаги тушкун баҳоларини келтирди – бу баҳоларни муҳокама иштирокчиларининг бевосита кузатишлари ҳам тасдиқларди.

Президент Садир Жапаров даврида Қирғизистон илгари қисман демократик эркинликларга эришган бўлса, унга янада интилишдан воз кечиб, “қисман эркин” давлат мақомини “эркин бўлмаган”га туширганга ўхшайди. “Freedom House” халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти рейтингида Қирғизистон энди минтақанинг бошқа давлатларидан ажралиб турмайди.

Мустақиллик йилларида мамлакатда учта президент тахтдан ағдарилганидан сўнг (баъзида бу қон тўкиш билан ҳам содир бўлган), қийинчилик билан қўлга киритилган демократик ҳуқуқлар бир кечада йўқ бўлиб кетганини кўриш кўпчилик қирғизистонликлар учун оғриқли.

“Бу ҳамма нарсанинг тезлиги ва тезлашишидир. Биз бир неча йиллар давомида курашиб келган ҳамма нарсани йўқотишдир. Албатта, бу жуда хавотирли”, дейди Қирғизистон пойтахти Бишкекда жойлашган «Адилет» юридик клиникаси нотижорий ташкилоти раҳбари Чўлпон Жакупова.

Конференциянинг биринчи кунида Қирғизистон прокуратураси элита коррупцияси бўйича ўтказган суриштирувлари билан танилган “Клооп” мустақил интернет ресурсини ёпиш учун судга даъво киритганини маълум қилди.

Айни пайтда чегара келишувига рози бўлмагани учун ҳибсга олинган йигирма нафар фаолнинг аксарияти (ўтган йил кузида Қирғизистон сув омборини Ўзбекистонга ўтказган эди) ҳали ҳам панжара ортида ва судини кутмоқда. Бу кўпчиликнинг фикрича, потенциал диссидентлар учун огоҳлантирув бўлади.

Европада истиқомат қилувчи тожик журналисти Ҳумайро Бахтиёр ҳукуматнинг сиёсий мухолифат, мустақил матбуот ва фуқаровий фаолликка қарши узоқ давом этган кампанияси ҳақида гапириб, Марказий Осиёдаги энг репрессив давлат Туркманистон эмас, балки Тожикистон деб ҳисоблашга чақирди.

Шу билан бирга, Туркманистон ҳамон алоҳида тоифага киради.

Голландиянинг Turkmen.news сайти бош муҳаррири Руслан Мятиев ОАВ эркинлиги бўйича шўъбада мамлакат интернетга қарши "уруш эълон қилгани", Шимолий Корея услубидаги ўзининг интранетини қуришни бошлаганини айтди. Мятиевнинг айтишича, Туркманистонда барча веб-сайтларнинг тўртдан уч қисми блокланган.

Минтақада сўнгги йиллардаги энг қонли сиёсий зўравонлик 2022 йилда Қозоғистонда содир бўлди ва унда камида 238 киши ҳалок бўлди.

Вашингтондаги Миллий Мудофаа Университетидан асосий маърузачи Эрика Марат мамлакатдаги қон тўкилиши Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва минтақадаги бошқа авторитар етакчилар томонидан илгари сурилган “барқарорлик формуласи” иш бермаслигини ва “аслида беқарор эканлигини исботлади”, деб таъкидлади.

"Бу институтларга эмас, балки элита алоқаларига асосланган бошқарув", дейди Марат.

Қийин халқаро вазият

Минатақада ҳуқуқ бузилиши ўзига хос эканини ҳисобга олсак, минтақанинг оғир аҳволини қўшнилар билан боғлаш ғалати кўринади.

Аммо бу қўшниларга ҳам қаранг.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Эмил Жўраевнинг фикрича, “Россия уруши ва биз билан ёнма-ён бўлган Хитойнинг глобал таъсири кучайишини ҳисобга олсак, ҳозир Марказий Осиёда демократия қуриш учун энг ноқулай вақтдир”.

Москванинг Украинага бостириб кириши сабабли Марказий Осиёда озиқ-овқат нархлари янада ошди, ўн минглаб чақирув ёшидаги руслар жанубга, асосан Қозоғистонга кетишга мажбур бўлди.

Санкциялар сабабли рубль қадрсизланиб, мамлакат иқтисоди зарар кўраётган бир вақтда Россиядаги муҳожирлар оғир аҳволга тушиб қолган, камига уларни Украинага урушга йўллаш учун мажбурлашаётгани дард устига чипқон бўляпти.

Қозоғистоннинг Medianet нотижорий медиа ташкилоти директори Адил Жалилов Украинадаги уруш маҳаллий оммавий ахборот воситаларида дезинформация муаммосини янада ўткирлаштирганини айтади.

Россиядан оқиб чиқаётган ёлғон хабарлар Қозоғистонда шу қадар муаммога айланганки, экспертлар ҳукумат буни интернет устидан назоратни кучайтириш учун баҳона қилишидан қўрқишади, дейди Жалилов.

2022 йил январида Қозоғистонда авторитар режимни сақлаб қолишда Россия муҳим роль ўйнади.

Мутахассислар фикрича, январь воқеалари чоғида Қозоғистонга КХШТ қўшинларининг киритилиши маҳаллий ҳарбийлар ва полиция устидан назоратни кучайтиришга ёрдам берди, улар асосан намойишларни бостириш, тинч аҳолини отганлик ва бошқалар учун жавобгарликдан қутулиб қолди.

Баъзи маърузачилар фикрича, Хитойнинг иқтисодий режалари минтақага у қадар маълум эмас, аммо зарарли таъсири камроқ.

2016 йилдан бери Пекин Шинжон вилоятида даҳшатли репрессияни амалга оширмоқда, фаоллар буни кўпинча геноцид билан солиштиришади. Пекин этник уйғур, қозоқ ва қирғизларни оммавий равишда қамамоқда.

Олмаотадаги “Халқаро ҳуқуқий ташаббус” жамғармаси президенти Айна Шорманбаеванинг айтишича, ушбу таъқибдан омон қолганларни Марказий Осиёнинг бир қанча мамлакатларида, асосан Қозоғистонда учратиш мумкин, бироқ улар кўпинча ҳужжатсиз ва ҳуқуқсиз яшайди, чунки “бу минтақада Хитой билан муносабатларини хавф остига қўйишга тайёр бўлган бирорта ҳам давлат йўқ».

Жанубий Калифорния университетидан инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқшунос ва олим Стив Свердлоу видеоконференция орқали сўзга чиқиб, Марказий Осиёдаги фаолларни таъқиб қилиш учун Хитойнинг юзни таниш технологиясидан фойдаланилаётгани ҳақида гапирди.

Свердлоу сентябрь ойи охирида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг АҚШ президенти Жо Байден билан кутилаётган «5+1» форматидаги учрашувини Вашингтоннинг Марказий Осиё билан муносабатларида инсон ҳуқуқларини биринчи ўринга олиб чиқиш учун “ноёб имконият” деб атади.

Аммо Украинадаги уруш билан боғлиқ масалаларда, масалан, Москвага қарши санкцияларни қўллашда консенсусга интилаётган Вашингтон бу масалани кўтаришга тайёрми?

Ғарбдаги донорлар ва халқаро ташкилотлар борган сари нодемократик муҳитда ўз ҳамкорлари олдидаги бурчларини қай даражада бажармоқда?

Жорж Вашингтон университети қошидаги Эллиот халқаро алоқалар мактаби ходими Себастян Пейруз бу масалага батафсил тўхталди, тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Нигина Баҳриева унинг танқидий баҳоларини қўллаб-қувватлади.

"Биз кўп халқаро ташкилотлар инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ мавқеини ҳимоя қилиш ўрнига, вазиятга мослашишга ҳаракат қилаётганини кўряпмиз", деди Бахриева.

Ўзбекистонда сувсизлик. Яқинлашаётган фалокатнинг ечими борми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:47:14 0:00

Ўзгариб бораётган иқлим

Маҳаллий самарасиз бошқарув ва мураккаб геосиёсий муҳит кесишадиган нуқталар жуда кўп, аммо иқлим ўзгаришидан муҳимроқ нарсани топиш қийин.

Марказий Осиё сув ресурслари бўйича Ер юзидаги энг қашшоқ минтақалардан биридир. Қозоғистон яқинда бу танқисликни айниқса англаб етди.

Дунёнинг тўққизинчи йирик давлати бошқа давлатлардан оқиб келадиган дарёларга қарам.

Бошланиши Россиядан бўлган Урал ва Хитойдан оқиб ўтувчи Иртиш дарёларида сўнгги йилларда сув сатҳи пастлаб бормоқда.

Каспий денгизига қуйиладиган Волга ва Уралдаги сув сатҳи камайиши ушбу денгиз бошига ҳам Орол денгизи куни тушиши мумкинлигини англатади.

Трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимида жойлашган Россия ва Хитойда саноат ва қишлоқ хўжалиги кенгайиши сув оқимини янада камайтиради.

Бироқ Остона Пекин устидан айтарли таъсир кучига эга эмас, Қозоғистон ҳукуматининг Украинага нисбатан бетарафлиги туфайли Россия билан муносабатлари ҳам таранглашган.

Қолаверса, бу ой сув ресурслари устида минтақадаги кескинлик қандай ортиши мумкинлигини кўрсатди: Қирғизистон қишлоқ хўжалиги экинларини озиқлантирадиган сув омбори қуригани ҳақида эълон қилганидан кўп ўтмай Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегарада тирбандлик юзага келди.

Қирғизистон Қозоғистон олдидаги сув тақсимоти бўйича келишув мажбуриятларини бажарганини айтди. Аммо барибир Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида бу иссиқ ва қуруқ ёзда ҳосил яхши бўлмади.

Ижтимоий ва экологик жамғарма бошқаруви раиси Вадим Ни глобал исиш шароитида минтақа давлатлари ҳукуматлари қийин танловлар олдида тургани, одатий моделлардан воз кечишлари кераклигини айтди.

“Сув йўқ, ё борган сари камайиб бормоқда, амалдорлар эса кўпроқ экишни, камига кўп сув талаб қиладиган экинларни истайди, чунки бу фойдалироқ. Сув танқислигини тушунишмаяпти”, деб тушунтиради Ни.

Форум

XS
SM
MD
LG