Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:00

Президентлар оиласи ва коррупция. Марказий Осиёда матбуот учун "қизил чизиқ"лар қандай?


Жорий йилнинг ёзида Ўзбекистон таркибидаги Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган қонли бўҳрон давомида "Газета.уз" хусусий нашри сайтида давлат цензурасининг ёрқин белгилари намоён бўлди, деб ёзмоқда Озодлик таҳлилчиси Крис Риклтон.

Йигирмадан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган тартибсизликлар ёритилган мақолалар сарлавҳалари остидаги хабарлар ўрнини "Материал ўчирилди" деган изоҳ эгаллади.

Мақолалар фойдаланувчилар танқиди ортидан қайта тикланди. Жорий ҳафтада эса "Газета.уз" сайтида Human Rights Watch ташкилотининг норозилик намойишлари ҳақидаги танқидий ҳисоботи ҳақида мақола эълон қилинди. Ажабланарлиси, Ўзбекистон хавфсизлик кучлари хатти-ҳаракатлари танқид қилинган ҳисобот ҳақидаги мақола ҳали ўчирилгани йўқ.

Аммо ёзда мақолалар бир марта ўчирилгани Марказий Осиёда мустақил оммавий ахборот воситалари учун "қизил чизиқлар" ўзгариб туришини кўрсатади. Минтақа мамлакатларидаги вазият турлича: Туркманистонда ҳеч бир мустақил хабарга тоқат қилинмайди, Қирғизистонда эса одатда фаол хабар берадиган мустақил матбуот вақти-вақти билан таъқибларга учраб туради.

Қирғиз матбуоти босим остида

Қирғизистонни "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти "иқтисодиёти беқарор экани ва расмий коррупция кенг тарқалганига қарамай, сўз ва матбуот нисбатан эркин бўлган Марказий Осиёдаги истисно" мамлакат дея таърифлайди. Ташкилотнинг 2021 йилги матбуот эркинлиги индексида Қирғизистон 180 мамлакат ичида 72-ўринни эгаллаган.

Аммо келгуси йилги рейтингда мамлакат нисбатан баланд ўрнини сақлаб қолса, кутилмаган ҳол бўлади.

Мустақил журналистикага қарши расмийларнинг сўнгги таъқиблари жорий йилнинг январь ойида бошланди. Ўшанда полиция журналист Болот Темировнинг идорасига бостириб кириб, тинтув ўтказди. Бунинг ортидан журналист гиёҳванд моддалар билан боғлиқ айбловлар бўйича суд қилинди.

Тез орада Темировга яна икки айблов – давлат ҳужжатларини қалбакилаштириш ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш айбловлари қўйилди.

Темировнинг ўзи эса тергов Temirov Live лойиҳаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиевнинг қариндошлари ҳақида ўтказган суриштирувлар учун қасос, деб айтиб келади.

Сентябрь ойида Темиров қисман оқланди, бироқ прокурор ҳукмга эътироз билдирди.

Ўтган ой ОАВга ҳужумлар кучайди. Ҳукумат Озодлик радиоси Қирғиз хизмати банк ҳисобини музлатиб, нашр сайтини мамлакатда блоклашни буюрди. Маҳаллий ва хорижий ҳуқуқ ташкилотлари бу чораларни нашр овозини ўчиришга уриниш сифатида баҳолади.

Расмийларнинг сўзларига кўра, бу чораларга қирғиз-тожик чегарасидаги можаро акс эттирилган видео туртки бўлган. Уларнинг иддао қилишича, видеода нафрат сўзлар ва ёлғон маълумотлар келтирилган. Шунингдек, расмийлар Озодлик радиосини "асосан тожик тарафига ён босганликда" айбламоқда.

Улар видеони ўчиришни талаб қилишди, бироқ Озодлик бу талабни бажаришдан бош тортди.

Озодлик билан бирдамлик изҳор қилиш учун қатор мустақил ахборот сайтлари 26 октябрь куни бир неча соат давомида янгиликлар эълон қилмасликка ҳамда ҳукумат матбуот релизларини эътиборсиз қолдиришга қарор қилди.

Мазкур акция "Янгилик йўқ, ОАВга босим бор" шиори остида ўтказилди.

Октябрь ойи бошида бир неча одам Озодлик идораси олдида тўпланиб, Озодлик радиоси ҳамда яна икки оммавий ахборот воситаси – Kloop ва Kaktus.Media нашрлари ёпилишини талаб қилган эди.

Митинг иштирокчиларидан бири бу талаблар бажарилмаса, нашр офисига бензин сепиб, ўт қўйиш билан таҳдид қилди.

Ўзгарувчан муҳит

Қирғизистондаги ҳолат бирор мавзуга жамоатчилик ва сиёсий эътибор кучаяр экан, уни ёритиш қанчалик хавфли бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Диний ва миллатлараро масалаларни ёритиш каби "қизил чизиқлар" эскидан бор. Бу мавзуларни ёритган журналистлар нифоқ қўзғатганликда айбланиши мумкин. Шунингдек, ЛГБТ ҳуқуқларини ёритиш учун ҳам жазога тортилиш мумкин, чунки бу мавзуга минтақада тоқат қилинмайди.

Элита коррупцияси ҳақида ёзиш камдан-кам ҳолларда расмийлар эътиборидан четда қолади, айниқса, хабарлар мамлакат раҳбарларининг оилалари ҳақида бўлса.

Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида: Руандадан ёмон, Беларусдан яхшироқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:48 0:00

Озодлик радиоси Қозоқ хизмати Женевада яшовчи журналист Агате Дюпарк билан интервьюни эълон қилганидан кейин Қозоғистонда нашр сайтини очишда муаммолар юзага келди. Дюпарк Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда унинг оила-аъзоларининг хорижий бизнес манфаатлари ҳақидаги ҳисобот ҳаммуаллифидир.

"Қозоғистон президентининг яширин бизнеси Швейцария орқали ўтган" номли ҳисобот дастлаб Public Eye сайтида эълон қилинган. Унда Тоқаев ва қариндошларининг сиздирилган электрон почта хабарларидан иқтибос келтирилди.

Мақолада ёритилган мавзулардан бири Тоқаев 2012 йилда БМТнинг Женевадаги ваколатхонасида ишлаган даври ҳақида. Ўшанда офиснинг конференция залини қайта таъмирлаш учун катта маблағ сарфланган.

Таъмирлаш ишлари учун Қозоғистон ҳукумати маблағ ажратган. Реконструкциядан Тоқаевнинг қудаси, яъни ўғли Тимурнинг қайнонаси, рассом Батима Заурбекова бевосита фойда кўрган.

Мазкур ҳисобот, умуман олганда, қозоқ матбуоти назаридан четда қолди. Мамлакатда энг йирик нашрларга тузумга содиқ олигархлар эгалик қилади. Айни дамда Қозоғистонда Public Eye сайтидаги ҳисоботни четлаб ўтиш воситаларисиз очиб бўлмайди.

Ўзбекистон сўнгги ўн йилликда матбуот эркинлиги сезиларли яхшиланганини даъво қилиши мумкин, аммо бунинг асосий сабаби биринчи президент Ислом Каримовнинг 25 йиллик шафқатсиз ҳукмронлиги даврида матбуот эркинлиги аянчли ҳолатда бўлганидир.

Президент Шавкат Мирзиёев даврида оммавий ахборот воситалари чинакам мустақил фаолият юритаётганини кўрсатувчи айрим белгилар пайдо бўлди, бироқ вазият исталган пайтда ўзгариши мумкин. Қорақалпоғистондаги инқироз билан боғлиқ ҳолат бунга яққол мисолдир.

Озодлик радиосининг Ўзбек хизмати ҳали-ҳануз мамлакат ичкарисида тўсиб қўйилган.

Тожикистонда эса вазият тескари томонга ўзгармоқда. Мамлакатда мустақил блогерлар ва журналистларни сохта айбловлар билан ҳибсга олиш ва жазога ҳукм қилиш ҳолатлари кўп кузатилади.

Кузатувчиларнинг тахминларига кўра, Тожикистондаги сўнгги тазйиқлар ҳукуматнинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида май ойида бошланган қонли хавфсизлик амалиёти ҳақидаги хабарларни назорат қилиш истаги билан боғлиқдир.

Расмий Душанбега кўра, зўравонликларда 29 киши ҳалок бўлган. Минтақада бир неча маҳаллий етакчилар қамоққа ташланган ёки ўтиб ўлдирилган.

Озодлик радиосининг Тожик хизмати мамлакатдаги саноқли мустақил ахборот манбаларидан биридир. Нашр Бадахшондаги адолатсизликка қарши тинч намойишлар билан бошланган воқеалар чоғида 34 киши ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Яна бир мустақил маҳаллий нашр – Asia Plus можаронинг дастлабки кунларидаёқ ўз ўқувчиларини воқеаларни муносиб ёрита олмаслигидан огоҳлантирди.

Расмийлар нашр ҳодисаларни "бир томонлама" ёритаётгани ва бу миллий барқарорликка таҳдид солиши ҳақида огоҳлантирган. Asia Plus расмийлардан иқтибос келтирилган ҳолда маълум қилишича, "агар бу камчиликлар бартараф қилинмаса", ёпилиши ҳақида огоҳлантириш олган.

Форум

XS
SM
MD
LG