Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:54

Марказий Осиёда президентликка ҳақиқий номзодлар қисмати бирми?


Жаҳонгир Отажонов 10 июль куни ўзининг Инстаграмдаги каналида сиёсатдан вақтинча чекиниши ва қўшиқчилик фаолиятини давом эттиришини айтган эди.
Жаҳонгир Отажонов 10 июль куни ўзининг Инстаграмдаги каналида сиёсатдан вақтинча чекиниши ва қўшиқчилик фаолиятини давом эттиришини айтган эди.

Яқинда Жаҳонгир Отажонов президентлик пойгасидан чиқиб кетганини эълон қилди.

“Ота-онамнинг ҳар куни йиғлаб ўтириши менга қимматга тушяпти”, деди Отажонов. Қўшиқчи рўйхатдан ўтмаган “Эрк” Демократик партияси номидан президентликка номзодликдан оиласига ўтказилган тазйиқлар туфайли воз кечди.

Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиёда президентлик сайловларида қатнашишга бел боғлаган ҳақиқий мухолифат номзодлари йирик тўсиқларга дучор бўлади.

Минтақада амалдаги раҳбарлар янги ғояларга эга одамларни хуш кўрмайди ва ўзларига ёқмаган рақибларни йўқ қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, суд тизими ва баъзан безориларни ишга солади.

Ўзбекистон

Отажонов 2020 йилнинг декабрида қўшиқ айтиш шариат қонунларига зид деб, карьерасини тўхтатган собиқ хонандадир.

Кейинчалик у кутилмаганда октябрь ойида ўтадиган президентлик сайловларида “Эрк” демократик партияси номидан президентликка номзод бўлишини эълон қилди.

“Эрк” қарийб 30 йилдан бери мавжуд, аммо Ўзбекистонда бирор марта расман рўйхатга олинмаган.

Отажонов ва “Эрк” партияси муваффақият қозониши мушкул экани бошиданоқ аён эди.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга сайланмоқчи. Мирзиёев бир неча бор мамлакатга ҳақиқий мухолиф партиялар ва номзодлар кераклигини айтган бўлса-да, афтидан унинг ўзи ва маъмурияти бунга ҳали эрта, деб ўйлайди.

Термиз университетининг собиқ ректори Хидирназар Оллоқулов “Ҳақиқат ва тараққиёт” номли янги партияни ташкил қилди ва президентликка номзодини қўйишга қарор қилди. Аммо Адлия вазирлиги бир неча марта ушбу партияни рўйхатга олишдан бош тортди.

Отажонов ва Оллоқулов бошқа шунга ўхшаш кўплаб тўсиқларга дучор бўлишди.

Номаълум ва чақирилмаган шахслар уларнинг партиялари йиғинлари ва номзодларнинг уйларига бориб, жанжал кўтарди ва Отажонов ва Оллоқуловни сиёсатни тарк этишга чақирди.

Отажоновнинг автомобилини полиция ҳибсга олди. У бу ҳақда “Instagram”да шикоят қилганидан кейин, полиция Отажоновнинг полиция ҳақидаги шарҳлари ҳақоратга тенг ёки йўқлиги ҳақида текширув бошлади.

Яқинда Ўзбекистон қонунчилигида ижтимоий тармоқларда президентни ҳақорат қилиш жиноятга тенглаштирилди. Афтидан, полицияни ҳам ҳақорат қилиш ман этилади.

Бу орада Оллоқулов билан жанжал чиқармоқчи бўлган бир гуруҳ одам унинг квартираси зинапоясида тўплангани хабар қилинди. Оллоқулов оммавий тарзда гуруҳ ҳақида шикоят қилди. Гуруҳ аъзолари эса уларнинг шаънлари ва қадр-қимматларини камситганини айтиб, Оллоқуловни судга беришди. Суд уларни ҳақ деб топди.

Суд ижрочилари Оллоқуловнинг уйига келиб, унинг барча маиший техникаси – телевизори, музлаткичи, микротўлқинли печи ва бошқа жиҳозларини олиб қўйди.

Бир неча йил олдин эса “Sunshine Uzbekistan” коалициясининг етакчиси Санжар Умаров ҳам шундай қисматга дучор бўлган эди. Умаров 2005 йилда президентликка номзодини илгари суриш нияти борлигини эълон қилди. Аммо орадан кўп ўтмай, у давлат мулкини ўғирлаш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва бошқа молиявий қонунбузарликларда айбланиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Умаров 2009 йилда халқаро босим остида озод қилинди ва АҚШга жўнаб кетди. Ўшандан бери Америкада истиқомат қилади.

Тожикистон

Тожикистон расмийлари сиёсий мухолифларга бундан ҳам кескинроқ муносабатда бўлади, деб ишонч билан айтиш мумкин.

Зайд Саидов ишбилармон ва ҳукумат амалдори бўлган, ҳатто 2002–2007 йилларда саноат вазири бўлиб ишлаган.

Аммо у “Тожикистони нав” партиясини ташкил қилганидан кейин, расмийлар унга қарши шафқатсиз кампания бошлади.

“Тожикистони нав” 2013 йил апрель ойи бошида рўйхатдан ўтиш учун ариза топширди. Саидов ўша йилнинг охирига режалаштирилган президентлик сайловларида қатнашиш нияти йўқлигини аниқ айтди.

Аммо бунинг фойдаси бўлмади.

Зайд Саидов Озодлик радиоси тожик хизматига интервью бермоқда¸ 2013 йил
Зайд Саидов Озодлик радиоси тожик хизматига интервью бермоқда¸ 2013 йил

12 майга келиб Коррупцияга қарши курашиш давлат агентлиги Саидовни ҳисоботларни сохталаштириш ва кўп хотинлиликда айблаб, унга қарши жиноят иши қўзғатди.

Бунинг ортидан Саидовнинг уйида тинтув ўтказилди.

“Садо-и мардом” парламент газетаси “Тожикистони нав” каби партиялар айрим шахсларнинг шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш учун тузилгани, Саидов “худбинлик туфайли шунча бойлик ва мол-мулк тўплашга муваффақ бўлгани” ва 1992–1997 йилги Тожикистон фуқаролар уруши давомида ҳукумат кучларига қарши курашган Бирлашган Тожикистон мухолифати (УТО) учун пул йиғишда ёрдам берганини иддао қилди.

Саидовга қўйилган айбловлар кўпайиб борди: унга пора олиш, ўғирлаш, давлат мулкини ноқонуний хусусийлаштириш, зўрлаш ва вояга етмаган қизни зўрлаш каби айбловлар қўйилди.

Сиёсий партияси тузилгани эълон қилинганидан саккиз ой ўтар-ўтмай, Саидов молиявий фирибгарлик, кўп хотинлилик ва вояга етмаган шахс билан жинсий алоқада бўлишда айбдор деб топилди ва 26 йилга озодликдан маҳрум этилди (кейинроқ жазо муддатига яна 3 йил қўшилди).

Ҳукмдан кейин, Саидовнинг адвокатлари ва оила аъзолари таъқиб қилинди. Унинг адвокатларидан бири Шуҳрат Қудратов фирибгарликда ва порахўрликда айбланиб, судланди ва 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Саидовнинг мол-мулки аста-секин мусодара қилинди ва унинг оила аъзолари уйларидан ҳайдаб чиқарилди.

2015 йилнинг охирида “Тожикистон Ислом уйғониш партияси”ни йўқ қилиш учун айни услублардан фойдаланилди ва партиянинг кўплаб раҳбарлари қамоққа олинди.

Қозоғистон

Акехан Қажегелдин 1994–1997 йилларда Қозоғистон Бош вазири ўлароқ ишлаган. Қозоғистоннинг ўша пайтдаги президенти Нурсултон Назарбоев билан келиша олмай қолгач, лавозимини тарк этган.

Қажегелдин 2000 йил декабрга белгиланган навбатдаги президентлик сайловларида қатнашмоқчи бўлди.

Аммо 1998 йил октябрида Назарбоев ёпиқ эшиклар ортида бир гуруҳ депутат билан учрашди. Учрашув қатнашчилари президентнинг ваколат муддатини беш йилдан етти йилгача ўзгартиришни таклиф қилишди. Ушбу қадам Назарбоевга яна икки муддат ишлаш ваколатини берди ва президентлик сайловлари 1999 йилнинг январига қолдирилди.

Парламентнинг қўшма мажлиси бир неча кун ичида ушбу таклифни маъқуллади.

14 октябрда Қажегелдин президентликка номзодини қўйишини эълон қилди. Аммо 20 октябрда Олмаота суди Қажегелдин октябрь ойининг бошида “Эркин сайловлар учун” ҳаракати йиғилишида қатнашиб, “рўйхатдан ўтмаган ташкилотнинг оммавий йиғилишлари ва сессияларида” қатнашиш тўғрисида яқинда қабул қилинган қонунни бузган, деб қарор чиқарди.

Бу маъмурий ҳуқуқбузарлик эди, аммо Қозоғистон судлари янги қонунда Қажегелдин сайловда иштирок этишини тақиқлаш учун етарли асос бор, деб қарор чиқарди.

Қажегелдин бу қарорга қарши курашишга уринди. Аммо унинг сайловолди гуруҳи аъзолари таъқиб қилинди, сиёсатчининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ходими ва матбуот котиби калтакланди ва Қажегелдин номзодини қўллаб-қувватлаган “21-аср” газетаси идораси ёқиб юборилди.

Қажегелдин кўп ўтмай Қозоғистонни тарк этди ва шу билан қайтмади.

Алтинбек Сарсенбайули президентликка яна бир потенциал номзод эди.

У узоқ сиёсий карьерага эга эди. Жумладан, ахборот вазири ва Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси ўлароқ ишлаган эди.

Сарсенбайули ҳам Назарбоевни танқид қилиб, 2005 йил апрель ойида “Нағиз ақ жол” номли мухолифат партиясини тузди ва ўша йилнинг охирида бўлиб ўтган президентлик сайловларида Назарбоевга қарши курашишни кўзлади.

Аммо Сарсенбайули бунинг ўрнига Жармахан Туякбайни қўллашини эълон қилди. Бир неча мухолифат гуруҳи бирлашиб, Туякбайни қўллашга келишиб олганди.

Туякбайга сайловолди кампанияси давомида икки маротаба ҳужум қилинди. Бир мартасида блок аъзолари Чимкентдаги меҳмонхонада йиғин ўтказаётган пайтда 300 га яқин номаълум шахс йиғинга халал берди.

Сарсенбайули 2006 йилнинг февралида ўлдириб кетилди. Унинг жасади тансоқчиси ва ҳайдовчиси жасади билан бир қаторда Олмаота ташқарисидаги йўл бўйида, қўллари боғланган ҳолда топилди. Учаласининг ҳам бошига ўқ отилганди.

Алтинбек Сарсенбайули 2006 йилнинг февралида ўлдириб кетилди
Алтинбек Сарсенбайули 2006 йилнинг февралида ўлдириб кетилди

Қирғизистон

Қирғизистон Марказий Осиёда демократик сайловлар ўтказган ягона мамлакат сифатида кенг тан олинган, аммо ҳаттоки у ерда ҳам айрим мухолифат номзодлари Қозоғистон, Тожикистон ёки Ўзбекистондаги каби муаммоларга дучор бўлган.

Феликс Кулов 1990‑йилларда бир нечта давлат лавозимларида ишлаган, жумладан, вице-президент, миллий хавфсизлик вазири, Чуй вилояти ҳокими ва пойтахт Бишкек мэри лавозимларида.

Қозоғистонлик Қажегелдин сингари, Кулов 2005 йил мартигача ишлаган президент Асқар Ақаевни кескин танқид қилган.

Феликс Кулов
Феликс Кулов

1999 йилда ҳукумат газеталарида Кулов Ақаевни ҳокимиятдан ағдаришни режалаштираётгани ёки ҳаттоки уни ўлдиртирмоқчи экани тўғрисида мақолалар чоп этила бошлади.

Тергов бошланди ва Кулов 1999 йил апрель ойида шаҳар ҳокими лавозимидан истеъфога чиқди.

Июнь ойига келиб Кулов “Ар намис” сиёсий партиясини тузди. У 2000 йил октябрга белгиланган президентлик сайловида ўз номзодини кўрсатишни режалаштираётгани аниқ эди.

Аммо Кулов аввалига 2000 йил февраль ойида бўлиб ўтадиган миллий сайловларда парламентга сайланмоқчи эди.

Кулов Ақаевни ағдаришни режалаштираётгани ҳақидаги даъволар бўйича тергов авж олди. Сиёсатчига у 1996 йилда миллий хавфсизлик вазири Анарбек Бакаев иштирокида содир бўлган автоҳалокатга алоқадорлиги тўғрисида қўшимча айблов қўйилди.

Автоҳалокатдан кейин, Кулов ушбу лавозимни эгаллаган, Бакаев 1998 йил январида вафот этгунча комада қолган эди.

“Ар намис” рўйхатдан ўтишидан олдин Қирғизистон сайлов қонунчилиги ўзгартирилиб, партиялар сайловлардан камида бир йил олдин рўйхатдан ўтган бўлиши кераклиги тўғрисида тузатиш қабул қилинди.

“Қирғизистон демократик ҳаракати” партияси Куловга партия номидан номзод бўлишга изн берди, аммо Куловга қарши тергов давом этди.

Сиёсатчи Чуй вилояти ҳокими ўлароқ 62 минг АҚШ долларини ўзлаштиргани, миллий хавфсизлик вазири ўлароқ бир нечта ҳукумат амалдорлари телефонларини тинглаш учун ускуналарни ноқонуний равишда сотиб олгани ва вазирлик таркибида ўзи тузган махсус “Қалқан” бўлинмаси Ақаевни ўлдиришни режалаштиргани иддао қилинди.

Кулов Талас вилоятининг Қарабуура туманида ўз номзодини қўйди ва 2000 йил февраль ойида бўлиб ўтган парламент сайловларининг биринчи босқичидан ўтди, аммо фақат 36 фоиз овоз тўплади. Бу тўлиқ ғалаба учун етарли эмас эди.

12 март куни бўлиб ўтган иккинчи босқичда унинг биринчи раундда 18 фоиз овоз тўплаган рақиби Алимбай Султанов 56 фоиз овоз олди.

Сайлов ортидан норозилик намойишлар бошланди ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ўз кузатувчилари сайлов давомида кўплаб қонунбузарликларни қайд этганини билдирди.

Округ сайлов комиссияси раиси 17 март куни ўз жонига қасд қилгани айтилди.

Шифохонада даволанаётган Кулов коррупцияда айбланиб, 22 март куни ҳибсга олинди.

27 июнь куни ёпиқ суд жараёни бошланди. Лекин 7 август куни кутилмаганда Кулов оқланди.

9 август куни у президентлик сайловларида қатнашиш нияти борлигини маълум қилди.

Аммо 11 сентябрь куни суднинг аввалги қарори бекор қилинди ва Марказий сайлов комиссияси уни 29 октябрга белгиланган сайловда номзод сифатида рўйхатга олишдан бош тортди.

2001 йилнинг январь ойида ҳарбий суд Куловни миллий хавфсизлик вазири ўлароқ ишлаган пайтида ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топди ва уни 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Ақаев 2005 йил мартида ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин, Кулов қамоқдан озод қилинди.

Қирғизистоннинг 2017 йилги президентлик пойгаси билан таниш бўлганлар Омурбек Бабановни яхши билади. Сайлов олдидан ўтказилган кўплаб сўровлар Бабанов катта фарқ билан олдинда эканини кўрсатганди. Аммо Бабанов кенг қамровли қоралаш кампаниясига дучор бўлди ва сайлов тугаганидан сўнг, мамлакатни вақтинча тарк этишга мажбур бўлди, чунки сайловолди кампанияси давомида унга қарши кўплаб айбловлар эълон қилинди.

Марказий Осиё мамлакатларида президентликка номзодлар дучор бўлган муаммоларга яна кўплаб мисол келтириш мумкин.

Бу минтақа давлатлари мустақил бўлганига қарийб 30 йил бўлди.

Бу вақт ичида Қирғизистонда ўтказилган бир нечта сайловдан ташқари барча сайловлар, шубҳасиз, уюштирилган шоулар бўлди. Бундай сайловлар ортидан сиёсатда ёки мавжуд тизимда ҳақиқий ўзгаришлар кузатилмайди.

Бунга қарамай, Ғарб кузатувчилари ва ҳукуматлари Марказий Осиёда ўтказилган сайловларни танқид қилса, ушбу мамлакатлар ҳукуматлари обдан хуноб бўлади.

XS
SM
MD
LG