Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:04

Махфий қарор: Диний кийимлар импорти олди олинади; фермерларга кийиниш маданиятига оид шартлар қўйилади


Иллюстратив сурат, мақолага алоқаси йўқ.
Иллюстратив сурат, мақолага алоқаси йўқ.

Ўзбекистон президентининг 4437м рақамли махфий қарори иловасида топширилган қатор вазифалар мамлакатдаги хусусий тадбиркорлар ва фермерлар фаолиятига бевосита тааллуқлидир.

«Мамлакатдаги диний вазиятни соғломлаштириш ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган махфий қарор 2019 йилнинг 4 сентябрь санаси билан расмийлаштирилган ва Озодлик ихтиëрида унда берилган кенг кўламли топшириқлар ижроси дарҳол бошланганини бевосита ва билвосита тасдиқловчи маълумотлар бор.

Махфий ҳужжатдаги топшириқларнинг аксар қисми давлат ва жамоат тизимларига тааллуқли бўлса-да¸ уларнинг айримлари тадбиркорлик субъектлари – ҳунарманд¸ савдогар¸ ишлаб чиқарувчи ва фермерлар фаолиятига бевосита алоқадордир.

Диний мутаассибликнинг олдини олишга қаратилгани айтилган чора-тадбирлар орасида ҳунарманд ва фермерлар билан аъзолик шартномасига “кийиниш маданияти”¸ аниқроғи беўхшов соқол қўймаслик ва ҳижоб киймасликка оид банд киритиш¸ диний рамзли кийим тикаëтганларни бошқа турдаги товар ишлаб чиқаришга йўналтириш¸ бундай товарларнинг хориждан олиб келинишини тўхтатиш бор.

Ҳунарманд ва фермер билан шартномага янги шартлар қўшилади

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик фермерларга кўра¸ ҳар йил бошида улар Ўзбекистон фермер¸ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан аъзолик шартномаси имзолайдилар.

Ҳозирга қадар тузиб келинган бу шартномада¸ фермерларга кўра¸ ташқи қиëфа билан боғлиқ шарт ва талаблар йўқ.

Аммо махфий қарор иловасининг “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили остида амалга ошириладиган маънавий-маърифий тадбирлар” деб номланган IV бобида буюрилган ишлар бу амалиëтни ўзгартиришни назарда тутади.

“Йўл харитаси”нинг 35-бандида “ҳунармандлар¸ фермерлар ўртасида кийиниш маданияти¸ юриш-туриш одобларини тарғиб қилиш¸ беўхшов соқол қўйиш¸ баданга татуировка чизиш каби салбий иллатларнинг олдини олишга қаратилган мақсадли тадбирлар ўтказиш” топширилган.

Бу мақсадда қилиниши буюрилган ишлар рўйхати эса:

“1. Ишчи гуруҳ ва тадбирлар режасини ишлаб чиқиш.

2. Ҳунармандлар¸ фермерлар ўртасида тузилган аъзолик шартномасининг тегишли бандларига ўзгартириш киритиш ва шартнома талабларига амал қилинишини қатъий назоратга олиш.

3.Тарғибот гуруҳларини шакллантириш ва уларни тарқатма материаллар (маъруза матнлари¸ тақдимотлар¸ кўргазма воситалари) билан таъминлаш.

4.Режа асосида ҳунармандлар ва фермерлар ўртасида тарғибот тадбирларини ташкил этиш” бор.

Бу топшириқлар ижроси учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси¸ Фермер¸ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши¸ Давлат солиқ қўмитаси¸ ҳокимликлар¸ Бош прокуратура¸ ИИВ¸ Дин ишлари бўйича қўмита (ДХХ-таҳр.)¸ Халқаро ислом академияси ва Республика маънавият ва маърифат маркази масъул этиб тайинланган.

Махфий ҳужжатнинг хусусий тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ топшириқлар банди.
Махфий ҳужжатнинг хусусий тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ топшириқлар банди.

Топшириқлар ижроси 15 сентябрдан бошланган.

Озодлик гаплашган водийлик айрим фермерлар ҳозирча ўзларига бундай ўзгариш ҳақида маълумот берилмаганини билдирди.

Саҳардан ярим кечагача пахтадамиз ҳозир. Ўзимизга қарашга вақт йўқлигидан соқоллар ўсган¸ ҳар кун мажлисда ҳоким ҳам¸ прокурор ҳам кўраяпти¸ лекин ҳозирча индашмади. Январда фермерлар кенгаши билан яна бир йиллик шартнома қиламиз¸ шунга қўшишса керак бу талабларни”¸ деди фермерлар ўртасида соқоллилар “анча” эканини таъкидлаган андижонлик фермерлардан бири.

Хориждан диний моллар олиб кириш “бартафар этилади”¸ диний либос тикувчилар бошқа маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтади

Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан кўп ўтмай диний сиëсатда бошланган юмшаш ортидан Ўзбекистонда Яқин Шарқ мамлакатларида урфга кирган исломий либослар бозори янгидан ривожлана бошлади.

Мамлакатда шундай либослар тарғиботи¸ рекламаси ва савдоси билан шуғулланувчи қатор сайтлар¸ хусусан hijab.uz, Muslima.uz каби сайтлар иш бошлади¸ ижтимоий тармоқларда ҳижоб модаси билан шуғулланувчи каналлар кўпайди.

Бундай либосларнинг улкан реклама паннолари 2018 йилдан бошлаб Тошкент кўчаларида ҳам пайдо бўлди¸ қатор телеканаллар ҳижоб модасига оид мунтазам кўрсатувлар тақдим этишга киришди.

Тошкент кўчаларидаги ҳижоб рекламаси.
Тошкент кўчаларидаги ҳижоб рекламаси.

2019 йил сентябрига келиб¸ ҳукумат ҳижоб модасининг давлат¸ хусусан¸ диндан ажратилган таълим муассасалари ходимлари¸ шунингдек ўқувчи қизлар орасида кенг тарқай бошлаганидан хавотирга туша бошлади.

4 сентябрь кунги 4437м сонли президент махфий қарорида ëзилишича¸ сўнгги йиллардаги диний вазият таҳлили “кундалик ҳаëтда кўзга ташланаëтган ноодатий либос ва қиëфа кўринишлари” жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этувчи омилга айланганини кўрсатган”.

Шундан келиб чиқиб махфий ҳужжатда Ўзбекистонга хориждан бундай кийим-кечак ва бошқа диний белгили маҳсулотларни олиб киришни тўхтатиш¸ мамлакат ичкарисида бундай маҳсулот ишлаб чиқараëтганларни бошқа йўналишга буриш топширилган.

“Йўл харитаси”нинг “хориждан диний мазмундаги рамз ва белгили ашëларни мамлакатга олиб кириш ва тарқатиш ҳолатларини бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш” буюрилган 34-бандида Божхона ва Солиқ қўмитаси каби ваколатли идораларга хусусий тадбиркорларни бундай бизнесдан қайтариш топширилган.

Шу мақсадда қуйидаги ишларни амалга ошириш буюрилган:

1.Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ушбу тоифадаги ашëлар рўйхатини шакллантириш.

2. Рўйхат асосида бу тоифага мансуб товар моддий бойликлар ва кийим-кечакларни республика ҳудудига олиб киришнинг олдини олиш бўйича Давлат божхона қўмитаси томонидан чора-тадбирларни белгилаш.

3.Республика ҳудудида диний мазмундаги рамз ва белгили ашëларни ишлаб чиқараëтган¸савдо растасида сотаëтган хусусий тадбиркорлар билан тегишли тушунтириш ишларини олиб бориш¸уларни бошқа турдаги товарлар ишлаб чиқариш ва сотишга йўналтириш”.

17 октябрь куни Озодлик боғланган Чорсу бозори маъмурияти ходими¸ айни кунларда кийим-кечак бозоридаги савдогарлар билан “режим учун жавобгар хавфсизлик ходимлари” шу масалада гаплашаëтганини билдирди.

Тошкентнинг Абу Сахий улгуржи бозоридаги савдогарлардан бири эса¸ бу бозор ҳудудида ҳижоб эмас¸ Туркиядан олиб келинган “узун модний кўйлаклар” сотилиши¸ аммо ҳозирда савдосининг сустлигини айтди.

16 октябрь куни Озодликка хабар йўллаган хонободликлардан бири¸ Қирғизистон орқали диний либослар олиб келаëтган фуранинг "Дўстлик" чегара-божхона постидан ўтказилмаганини билдирди. Айтилишича¸ реэкспорт қилинаëтган бу маҳсулотлар водий бозорларидаги дўконларга мўлжалланган бўлган. Озодлик ҳозирча бу маълумотни расман тасдиқлаш имконига эга эмас.

Озодлик махфий ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси ҳақида маълумот олиш мақсадида Божхона қўмитаси билан ҳам боғланди.

Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси мулозими¸ “ҳозирча исломий кийимлар импорти тақиқланганидан бехабарлиги”¸ божини тўлаб¸ истаган услубдаги кийим-кечакни олиб кириш мумкинлигини айтди.

Божхона қўмитаси матбуот хизмати эса¸ Озодликнинг диний рамзли моддий бойликлар ва кийим-кечаклар аниқламаси ва рўйхати бор-йўқлиги¸ бундай товарларнинг республика ҳудудига кириши “олдини олиш" топшириғи ижроси бошланган-бошланмаганига оид саволларини жавобсиз қолдирди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG