Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:43

Фарғона вилоятида ўқувчилар металлоломни ахлатхона ва зовурлардан қидирмоқда


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом йиғиш ҳақидаги қарорини бажариш масъулияти тегишли ташкилотларга эмас, балки фарғоналик ўқитувчи ва ўқувчиларнинг зиммасига тушмоқда. Жумладан, Озодликка етиб келган хабарларга кўра, Ёзёвон туманидаги мактабларнинг биринчи синфидан тортиб тўққизинчи синф ўқувчиларигача металлолом топиб келиш мажбурияти қўйилган. Озодлик суҳбатлашган олтинчи синф ўқувчиси эса металлоломни ахлатхоналар ва зовурлардан қидиришга мажбур бўлаётганини айтди.

Ёзёвон туманидаги барча мактабларга ўқувчилар сонига қараб металлолом йиғиш топшириғи берилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган, исми сир қолишини сўраган оналардан бирининг айтишича, 1-умумтаълим мактабида темир-терсак йиғиш топшириғидан қуйи синф ўқувчилари ҳам четда қолмаган:

“Биринчи синф ўқувчиларига ҳам 2 килодан темир солиғи солишибди. Синфига қараб темир килоси ҳам кўпайиб бораверади. Бу топшириқни бажармаган ўқувчиларга ҳар килограмм топширилмаган металлолом учун 3 минг сўмдан пул олиб келишлари айтилган”, деди оналардан бири.

Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги 1-мактаб ҳовлисидаги металлолом уюми
Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги 1-мактаб ҳовлисидаги металлолом уюми

Унинг айтишича, ҳеч қаердан металлолом топиш имкони бўлмаганидан сўнг, болалар ахлатхона ва зовурлардан темир-терсак қидиряпти:

- Ўтган куни ишдан уйга келсам 6-синфда эрталабки сменада ўқийдиган қизим ҳали ҳам мактабдан келмаган. Шом бўлди ҳамки, йўқ. Қизим йўқолиб қолди, деб, мелисаларни тревога қилиб ташладим. Бир пайт қоронғуда кириб келди. Уст-боши кир, совуқдан қўллари қалтирайди. Қаерда эдинг деб сўрасам, “ая, зовурга бориб 15 кило металлолом топиб келдим, эртага олиб бормасам ўқитувчимиз урушади”, дейди қизим бечора, дейди оналардан бири.

Ёзёвон туманидаги 3-умумтаълим мактаби 6-синф ўқувчиси ҳам уларга металлолом топшириш мажбурий қилиб қўйилганини Озодликка айтди:

Озодлик: Нечанчи синфда ўқийсиз?

Ўқувчи: Олтинчида.

Озодлик: Сизларга неча килодан темир олиб келиш топширилган:

Ўқувчи: 15 килодан.

Озодлик: Темир-терсак борми, қаердан топяпсизлар?

Ўқувчи: Ҳеч қаерда йўқ, мусорлардан, закан(зовур – таҳририят)лардан охтарамиз. Эски холодилникми, дазмолми, тефалми, нимаки темир бўлса оламиз.

Озодлик: Агар топиб келолмасаларинг нима бўлади:

Ўқувчи: Домламиз уч мартагача айтади, олиб келмасак кейин синфда турғизиб уришади, ҳаммани олдида шарманда қилади, деди ўқувчилардан бири.

Ёзёвон туманидаги 1-умумтаълим мактабининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчисига кўра, уларга бундай топшириқ туман ҳокимлигидан берилган:

“Бизга ҳам зарил эмас, ўқувчиларга темир йиғдириш. Лекин директор ҳамма синф раҳбарига бўлиб берган. Мактаб бўйича 13,5 тонна топширишимиз керак экан. Директорга эса ҳоким буйруқ берган”, деди ўқитувчи.

Ёзёвон тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими мактабларга металолом солиғи солинганини тасдиқлади:

“Металлолом йиғиш ҳақида Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг махсус қарори бор. Тўғри, мактабларга айтганмиз. Лекин, ўқувчилар эмас, ўқитувчилар йиғиши керак. Ўқувчиларга йиғдириш мумкин эмас”, деди мулозим.

Озодликнинг “ўқитувчининг металлолом йиғишдан бошқа иши йўқми”, деган саволини мулозим жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистонда ўқувчилардан металлолом, макулатура йиғиш ёки унинг ўрнига пул талаб қилиниши мамлакатнинг барча коллеж, лицей ва мактабларида мунтазам давом этаяпти.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарорини бажариш масъулияти, асосан, мактаб-коллежлар ўқитувчию ўқувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокору ҳамширалари зиммасига юкланган.

Кейинги пайтларда ҳатто боғчаларга қатнайдиган болаларнинг ота-оналарига ҳам металлолом солиғи солинмоқда.

XS
SM
MD
LG