Туркманистонда аҳоли мисли кўрилмаган даражада камаймоқда. Мамлакатда ҳозирда 2.8 млн.га яқин одам яшайди – бу ҳукумат эълон қилган рақамдан икки баравар кам. Аҳоли сони қисқараётгани ҳақида “Озодлик”нинг туркман хизматига уч давлат тузилмасидаги турли манбалар маълум қилган.
Расмий Ашхободга кўра, ўтган йил бошида мамлакат нуфуси 6.2 млн кишини ташкил этган.
Бироқ 2022 йилга белгиланган аҳолини рўйхатга олиш кампанияси олдидан вазиятни ўрганиш 2021 йил бошларида Туркманистонда 2.7-2.8 миллион киши яшаганини кўрсатди, дейди “Озодлик”нинг уч манбаси.
Аҳолини рўйхатга олишга ҳозирлик ишларида қатнашаётган бу мулозимлар ҳукумат таъқибидан чўчиб, исмларини ошкор қилмаслик шарти билан маълумот берганлар.
Уларнинг фикрича, Туркманистонда аҳоли кескин камайишининг асосий сабаблари учта: ташқи миграция, туғилиш камайиши ва турмуш даражаси тушиб кетиши манзарасида ўлим кўпайганлиги.
“Аҳолини санаш учун уйма-уй юрдик, ҳарбий хизматга чақирилганлар, мактаб битирувчилари, ОТМлар талабалари, мактаб ёшигача етмаган болалар, маҳбуслар сони, миграция, шунингдек, ФҲДЁ идораларининг туғилиш ва ўлимлар сони ҳақидаги маълумотларини ўрганиб чиқдик”, дейди мулозимлардан бири.
Манбаларга кўра, уларнинг ҳисоб-китоби аҳолини рўйхатга олиш натижаларидан айтарли фарқ қилмайди.
Мулозимлар олинган маълумотларни “одамни шокка солувчи маълумотлар”, деб атаганлар. Ҳолбуки, Туркманистонда демографик инқироз ҳукм сураётгани аллақачон сир бўлмай қолган.
Мамлакатда аҳоли сўнгги марта 2012 йилда рўйхатга олинган эди, бироқ ҳукумат унинг натижаларини эълон қилмаган.
2019 йил майда “Озодлик”нинг кўплаб манбалари 2008—2018 йилларда Туркманистондан 1.9 млн.га яқин киши чиқиб кетганини билдирган: бу муҳожирлар чет элга доимий яшаш ёки доимий ишлаш учун кўчиб кетишган. Яъни мавсумий ишловчи меҳнат мигрантлари бу ҳисобга кирмайди.
Ўшанда, вазият билан таниш манбаларимиз мамлакат аҳолиси сони 3.3 млн.дан сал кўпроқлигини айтишган.
Иқтисодиёт фалажлиги, ялпи ишсизлик ва мустабид тузумдан безган туркманистонлик муҳожирлар асосан Россия, Туркия ва Ўзбекистонга кўчиб кетмоқда.
“СУРАЁТГАН”ЛАР ВА УЛАР ЙЎЛИНИ ТЎСИШГА УРИНИШ
Пандемия бошланишидан олдин “Озодлик”нинг Ашхободдаги мухбирлари Россия ва Ўзбекистон элчихоналари олдида узун навбатлар пайдо бўлгани ҳақида ёзган эди. Одамлар виза олишга ариза топшириш учун соатлаб кутишарди. Чегаралар ёпилиб, кириш-чиқиш чеклангач, виза бериш жараёни ҳам тўхтаб қолди.
Аммо, пандемияга қарамай, 2020 йилда Туркманистоннинг 2451 фуқароси Россия паспортини олди, яна 2271 кишига Россияда яшаш рухсатномаси берилди.
Шу даврда 87 200 га яқин туркман фуқаролари Туркияда яшашга рухсатнома олишди.
Пандемиядан олдин ҳам визасиз бориш-келиш ҳақидаги шартномадан фойдаланиб, ҳар йили юз минглаб туркманлар Туркияга жўнаб кетар, уларнинг аксари ватанига қайтмасди.
Туркияда истиқомат қилаётган туркманларнинг аниқ сонини ҳеч ким билмайди. Тахминларга кўра, уларнинг кўпи паспорти муддати тугаб ноқонуний яшаб келмоқда.
Туркман ҳукумати мамлакатдан чиқиб кетишнинг олдини олиш учун ҳар турли усулларни қўллайди, баъзан Истанбулга парвоз қилишга шай учоқлар тўхтатилиб, йўловчиларнинг ярми рейсдан олинади.
Россияга кўчиб кетишни режалаган кўплаб туркманлар мамлакатдан чиқиб кетиш учун зарур ҳужжатларни ололмай сарсон. Айтишларича, ҳукумат ташқи миграцияни чеклаш учун уларнинг аризасини асоссиз рад этмоқда.
Мулозимлардан бири Туркманистондан кўчиб кетиш 2013—2014 йиллардан, яъни мамлакатда иқтисодий инқироз бошланган пайтда жадал тус олганини айтади.
Ўшандан бери инқироз янада чуқурлашган: озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги сезилади, нарх-наво кун сайин ошмоқда.
Аҳолининг катта қисми асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нисбатан арзон нархларда сотиладиган давлат дўконларига қарам бўлиб қолган. Бунақа дўконларнинг захираси кам бўлади, шу боис одамлар дўконга янги маҳсулотлар келишини соатлаб кутишга мажбур бўлади.
Мамлакатда мўл-кўл бўлган энергия ресурсларидан тушган даромад оддий одамларга етиб бормайди, улардан фақат сиёсий элитагина баҳраманд бўлади. Бутун давлатни чирмаб олган коррупция оддий фуқароларнинг аҳволини бадтар оғирлаштирмоқда.
Минглаб туркманлар малакали тиббий хизматлардан маҳрум, айниқса, қишлоқларда касалхоналар ва тиббий жиҳозлар эскириб, ҳатто санитария меъёрларига амал қилиш имконсиз бўлиб қолган.
Бу пайтда эса ҳукумат интернетга киришни чеклаш, ижтимоий тармоқларни блоклаш ва сўз эркинлигини бўғиш билан фуқароларни асосий ҳуқуқ ва эркинликлардан мосуво этаётир. Давлат барча ОАВни назоратда тутади ва мухолифат пайдо бўлишига йўл қўймайди.
Манбалар сўзларига кўра, ижтимоий-иқтисодий танглик манзарасида мамлакатда ўлимлар сони кўпаймоқда, асрлардан бери юқори бўлиб келган туғилиш даражаси эса сўнгги ўн йилликда пасая бошлаган.
“2019 йилда Туркманистонда ойига беш мингдан ўн мингтагача ўлим қайд қилинарди. 2020 йилда бу рақам 8 мингга, баъзан ҳатто 10 мингга чиқди”, дейди мулозимлардан бири.
Ўлим кўпайиши COVID-19 тарқалиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин, албатта. Лекин ҳукумат, акси бир неча бор исботланганига қарамай, ҳамон Туркманистонда коронавирус йўқлигини ва ҳеч ким бу инфекциядан ўлмаганини иддао қилиб келади.
Ўлимга оид расмий статистика эълон қилинмайди. Аммо туғилиш ҳатто расмий маълумотларда ҳам сўнгги йилларда муттасил камаймоқда.
Қоидага кўра, агар туғилиш кўрсаткичи бир аёлга 2.1 бола нисбатидан паст бўлса, бу нуфус камая бошлаганини англатади. Туркманистонда мазкур коэффициент 2014 йилдаёқ 0,5 га тушган ва пасайишда давом этиб, 2020 йилда минус 3,2 га етган.
Таққослаш учун: Марказий Осиёнинг қолган тўрт мамлакатида аҳоли сони ортмоқда. БМТ маълумотига кўра, 2015—2020 йилларда аҳоли сони Тожикистонда +2 фоизга, Қирғизистон ва Ўзбекистонда 1.4 фоизга, Қозоғистонда эса 1.1 фоизга ўсган.