Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:18

Марказий Осиё ҳамкорлигида янги саҳифа: Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистонга ёрдам беради


Қозоғистонда ўтган тўрт Марказий Осиё давлати раҳбарларининг минтақавий саммити - 15 март, 2018
Қозоғистонда ўтган тўрт Марказий Осиё давлати раҳбарларининг минтақавий саммити - 15 март, 2018

Бу йил Қирғизистон учун оғир келди. Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистон коронавирус юқтирганлар ва COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони энг юқори бўлган Марказий Осиё давлатидир.

Камига, октябрь ойи бошида норозилик намойишлари ортидан мамлакат президенти истеъфога чиқди.

Шу сабабдан Қирғизистоннинг янги етакчилари қўшниларидан ёрдам сўради.

12 ноябрь куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев матбуот хизмати Қозоғистон ва Ўзбекистон Қирғизистонга молиявий ва гуманитар ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

Gazeta.uz сайти эса Тоқаев ҳамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали суҳбатлашиб, «минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида келишувга эришдилар», дея хабар берди.

Gazeta.uz мақоласида Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4,5 миллиард доллар эканлиги, унинг 42 фоизи Хитойга тўланиши кераклиги қайд этилади.

Қозоғистон ва Ўзбекистон Қирғизистонга кўрсатадиган иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўлами очиқланмади.

Қирғизистоннинг янги ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев 29 октябрь куни Қозоғистонга, 5-6 ноябрь кунлари Ўзбекистонга хизмат сафари билан бориб, ёрдам сўраган эди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон кўрсатмоқчи бўлган молиявий ёрдам Қирғизистон бюджетини қўллаб-қувватлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон Қирғизистонга коронавирус билан курашишда ёрдам бериш учун дори-дармон ва шифохона жиҳозларини юборишга келишиб олган. Хабарларга кўра, Тошкент Бишкекка «соғлиқни сақлаш муассасасини» қуришда ёрдам беришга рози бўлган.

Озодлик/Озод Европа радиосининг минтақа бўйича таҳлилчиси Брюс Паниернинг ёзишича, бугунги кунда Қирғизистон айнан шундай ёрдамга муҳтож, айниқса, Кремль Қирғизистон учун ажратилган 100 миллион долларлик молиявий ёрдамни музлатиб қўйганини эътиборга оладиган бўлсак. Москванинг бу қарорига Қирғизистонда 15 йил ичида оммавий норозилик ортидан мамлакат раҳбарлари уч марта алмашгани туртки бўлди.

Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон 1997 йилнинг 10 январида Бишкекда абадий дўстлик шартномасини имзолаган эди. Аммо амалда бу ҳужжат ишламади.

1998 йилнинг ноябрь ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон икки томонлама абадий дўстлик шартномасини имзолади.

Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида яқин дипломатик алоқалар ўрнатилган. Аммо Ислом Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистон на Қозоғистон, на Қирғизистон билан дўстона муносабатда эди. Каримов даврида 1 388 километрга чўзилувчи ўзбек-қирғиз чегараси деярли бутунлай ёпиқ бўлган.

Мирзиёев 2016 йил сентябрида ҳокимият тепасига келгач, қўшни мамлакатлар билан муносабатларни яхшилашни ваъда қилди.

Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон минтақавий ҳамкор давлатга айланди, Тошкент билан Нур-Султон ҳудудий масалалар бўйича фикр алмаша бошлади.

Қозоғистон ва Ўзбекистон Марказий Осиёнинг иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан энг қудратли ҳамда аҳолиси энг кўп бўлган давлатларидир. Аммо бу икки давлат Мирзиёев ҳокимият тепасига келгунича кенг миқёсда ҳамкорлик қилмаётган эди.

XS
SM
MD
LG