Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:52

“Аҳмадбойнинг акахони” эканлиги айтилаётган МХХ зобити ушланди


Собиқ МХХнинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси бошлиғи Мансур Мирзаев, устидан очилган жиноят иши доирасида, ушланди. Мирзаев судгача ҳибсда сақланадиган бўлди.

Бу маълумотни Озодликка сиздирган ИИВ мулозимининг ўз тасарруфидаги ҳужжатларга асосланиб айтишича¸ Мирзаев Ички ишлар вазирлиги оператив ходимлари томонидан 20 март куни эрталабдан кечқурунгача ўтказилган махсус рейд давомида ушланган 25 шахснинг биридир.

Шу пайтгача айни мулозим берган маълумотлар¸ жумладан собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ва собиқ президент маслаҳатчиси Жамшид Файзиевларнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарлар кейинчалик расман тасдиғини топган эди.

Мулозимнинг айтишича¸ Мансур Мирзаевни эҳтиëт чораси сифатида судгача ушлаш қарори 20 март куни Тошкент ҳарбий суди судьяси Илҳомжонов раислигида ўтган суд мажлисида қабул қилинган. Мулозимнинг қўшимча қилишича, “Мирзаевни эҳтиëт чораси сифатида ушлаш борасида Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси талабнома билан чиққан”.

Суҳбатдош таъкидича¸ Мансур Мирзаев мамлакат собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров ва Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1- ўринбосари Мирағлам Мирзаев устидан қўзғатилган жиноят иши доирасида ушланган.

Бундан олдин Озодлик Мансур Мирзаевнинг 23 февраль куни ушлангани ҳақида хабар берган эди.

ИИВ мулозимининг 30 март куни Озодлик мухбирига тушунтиришича, 23 февралда биринчи марта ушланган Мансур Мирзаев Ўзбекистон ЖПК 234- моддасининг 3- банди талабига биноан шаҳарни тарк қилмаслик шарти билан судгача озод қилинган.

ЖПК нинг 243- моддаси 3- бандида ушлаб туриш муддати узайтирилмаган бўлса, озод қилиниши кўзда тутилган.

Мулозимниннг айтишича, 23 февралда ҳибсга олинган Муҳаббат Ҳасанова (Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Мирағлам Мирзаевнинг хотини) ҳам 72 соат ушлаб турилганидан кейин қўйиб юборилган ва 20 март куни суд қарори билан тергов изоляторига олиб келинган.

Мулозим Мирзаевлар оиласининг бу икки аъзосининг қайта ушланганини Мирағлам Мирзаевнинг ўғли Абдурашид Мирзаевнинг қочишга урингани ва тергов пайтида юз берган бошқа сабаблар билан изоҳлади.

МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи¸ 23 февраль куни ушланиб сўроқ қилинган 42 яшар Абдурашид Мирзаев ( Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаевнинг ўғли) 6 март куни оиласини олиб Москвага қочиб кетаëтганида ИИВ ходимлари тарафидан қўлга олинган эди.

"Мирағламнинг жияни"

Суд қарорига биноан ушланган МХХнинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Мансур Мирзаев (лақаби "Малиш") Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Мирағлам Мирзаевнинг укаси Мираъзам Мирзаевнинг ўғлидир.

Озодлик мухбири билан 30 март куни гаплашган Ўзбекистон прокуратурасидаги мулозимнинг айтишича, Мансур Мирзаев "Жиноят Кодексининг 205- моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210- моддасида (Пора олиш) назарда тутилган жиноятларни содир этишда гумон қилинмоқда.”

Аҳмадбойнинг "акахони"

Озодликка маълумот сиздирган ИИВ мулозимининг айтишича¸ Мирзаев “тадбиркорлар мулкини рейдерлик йўли билан тортиб олиш¸ таҳдид қилиш ва ноқонуний тадбиркорликка акаҳонлик қилиш” каби жиноятларда ҳам гумонланмоқда:

- Мансур МХХнинг Тошкент вилоят бошқармасида ишлаган пайти Ғазалкент ва Чорвоқдаги кўп тадбиркорларнинг меҳмонхона ва ресторанларини тортиб олиб, қақшатган. Энг қизиғи, пирамидачи Аҳмадбойга кришалик килиб кўп миқдорда пул олиб юрган. Аҳмадбой Мансурнинг пора олиб юрганини қўлга олинган куниëқ ëзиб берган. Аҳмадбой илк қамалган кунлари ëзилган бу кўрсатмалар босди-босди қилинган. Қодиров (собиқ Бош прокурор) ва Мирағлам (Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари) қўлга олинганидан кейин бу масала кўтарилди. Мансурни, асосан, Аҳмадбой пуллари масаласида тергов қилишяпти¸ - деди мулозим.

(Жорий йил февралида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди чинозлик “Аҳмадбой” номи билан танилган Аҳмаджон Турсунбоевни 13 йиллик қамоққа ҳукм қилди. Турсунбоев “катта дивидент бераман” деб аҳоли пулини товламачилик билан ўзлаштирганликда айбли, деб топилган.)

"Фойда келтириб турган отелимни тортиб олишган"

Озодлик Мансур Мирзаев тарафидан мол-мулки олиб қўйилган тадбиркорлардан бири билан 30 март куни гаплашди. Исми айтилишини истамаган бу тадбиркор 29 март куни Бош прокуратурага чақиртирилиб “Мирзаевдан жабр кўрган бошқа тадбиркорлар қаторида гувоҳлик” берганлигини билдирди.

- Мен ўртача бир тадбиркор эдим¸ Мансурни тоғаси Мирағлам Мирзаев ўртага одам қўйиб менга фойда келтираëтган Ғазалкентдаги кичикроқ отелни унга беришимни сўради. Мирзаев айтган шартга кўнмаганимдан кейин бу “оилавий мафия” чангалига тушиб қолдим. Машинада кетаëтганимда Ғазалкент йўлида Мансур Мирзаев олдимдан бошқа машина билан тўсиб чиқиб МХХ ходимига разбойний нападение қилди¸ деб расмийлаштирди. Бор-йўғимни бериб қутулдим. Барибир зиммамда судимость қолди. Кеча Бош прокуратура терговчиси ишни қайта кўрамиз¸ судимостни олиб ташлаймиз, деб Мансур Мирзаевга қарши гувоҳлик кўрсатмаси олди¸- деди тадбиркор.

Озодлик прокуратура¸ МХХ¸ ИИВ ва адвокатура тизимида шакллантиргани иддао қилинаëтган “оилавий мафия” дея номи чиққан Мирағлам Мирзаевлар оиласи тарафидан клиникаси олиб қўйилган таниқли врач ҳақида ҳам март ойи бошида ëзган эди.

Бош прокуратура тасдиғи

Озодлик Мансур Мирзаевнинг ушлангани борасида тафсилот сўраб, Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилди. Бош прокуратуранинг матбуот хизмати ходими “Мирзаевлар оиласи устидан жиноят иши очилган ва бу жиноят иши мамлакат собиқ Бош прокурори¸ ҳозир ҳибсда қолаëтган Рашитжон Қодиров иши доирасида”, деган умумий гапдан бошқа гап айтмади.

Бош прокуратура сайтида ëзилишича¸ Тошкент шаҳар прокурорининг Коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ 1-ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси, 68 яшар Мирағлам Мирзаев (лақаби "Антибиотик") ва унинг хотини “Юнусобод адвокатлар коллегияси” раҳбари Муҳаббат Ҳасанова устидан жиноят иши очилган.

Айни пайтда Озодлик Мирағлам Мирзаевлар оиласидан жабр кўрган тадбиркорлар ҳақида маълумот йиғмоқда.

Сиз бу жараëнга бевосита алоқадор бўлсангиз¸ ўзингиз ëки яқинларингиз бевосита Мирзаев ва унинг гуруҳи таъқиб-тазйиқига учраган бўлса¸ марҳамат¸ тафсилотларни Озодлик билан ўртоқлашинг.

.

XS
SM
MD
LG