Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:31

65 ёш ва ноллаштириш. Шавкат Мирзиёев туғилган кунини "оила даврасида" нишонлади


 Президент Шавкат Мирзиёев.
Президент Шавкат Мирзиёев.

24 июль куни президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати Россия президенти Владимир Путин 65 ёшга тўлган Ўзбекистон раҳбарини Александр Невский ордени билан тақдирлаганини тасдиқлади.

"Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президентимиз раҳбарлигида иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт йўлидан муваффақиятли бораётгани, халқаро масалаларда конструктив роль ўйнаётганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, у куни кеча Шавкат Мирзиёевни дўстлик ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги катта хизматлари учун Россиянинг юксак давлат мукофоти – Александр Невский ордени билан мукофотлаш тўғрисида фармон имзоланганини хабар қилди", дейилади расмий хабарда.

Путиннинг фармони 23 июль куни Россия ҳукуматининг расмий ҳуқуқий ахборот интернет-порталида эълон қилинган.

Фармонда Шавкат Мирзиёев "Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун" тақдирлангани айтилган.

Александр Невский ордени таниқли хорижий сиёсий ва жамоат арбобларига, хорижий давлатлар ишбилармон доиралари вакилларига РФ билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдаги хизматлари ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги кўмаги учун берилади. Александр Невский Россия тарихидаги уч давр - Россия империяси, совет даври ва бугунги Россия Федерациясида амал қилган ягона ордендир.

Ўтган ой Қозоғистон президентининг матбуот хизмати Қасим-Жомарт Тоқаев Россия ҳукуматининг Александр Невский ордени олишдан бош тортгани ҳақида хабар тарқатганди. Қозоғистон раҳбарининг матбуот котиби Руслан Желдибай Тоқаев президентлик ваколатлари тугагунича миллий ва хорижий мукофотларни қабул қилмасликка аҳд қилганини билдирган.

"Папа"

Президент матбуот хизмати хабарида айтилишича, президент Путиндан ташқари, Мирзиёевнинг туғилган куни муносабати билан Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин, Россия ва Федерацияси Хавфсизлик кенгаши Раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев, шунингдек, Хитой ва Туркия президентлари ҳамда Марказий Осиё давлат раҳбарлари ҳам табрик йўллаган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистон президентига 65 ёшга тўлиши муносабати билан иккита от совға қилгани ҳақида тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.

Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев 65 ёшини қандай қутлагани ҳақида маълумот бермади.

Озодликнинг Ўзбекистон Маданият вазирлигидаги манбасига кўра, президент туғилган кунини "оила давраси"да нишонлаган ва "ҳеч қандай концерт" бўлмаган. Ўтган йилларда давлат раҳбарининг туғилган куни муносабати билан уюштирилган тадбирлардан яхши хабардорлигини айтган манбанинг таъкидлашича, Мирзиёевнинг 65 йиллигида куй-қўшиқ дастури учун тайёргарлик кўриш ҳақида олдиндан топшириқ бўлган. Аммо кейинроқ президент туғилган кунини "оила даврасида" нишонлаши айтилган. Манба тадбир режасига киритилган ўзгариш "Қорақалпоғистонда юз берган воқеалар" билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. "Кайфият шунақа", деди Озодликнинг Ўзбекистон Маданият вазирлигидаги манбаси.

Ўтган йиллардан фарқли, президент Мирзиёев оиласи мансублари ҳам унинг туғилган кунида янги оилавий суратини бўлишганлари йўқ. Президентнинг тармоқларда энг фаол тўнғич қизи Саида Мирзиёева ушбу сана билан боғлиқ ҳеч қандай пост қўймади. Президентнинг кенжа куёви, Президент Хавфсизлик хизмати мулозими Отабек Умаров эса тармоқлардаги саҳифаларига президент сурати билан "Таваллуд айёмингиз муборак!" деган қисқа табрикни жойлади.

"С юбилеем, Папа!" деб ёзди Умаров рус тилидаги табригида.

Ижтимоий тармоқларда ўзбек блогерлари ва тармоқ фаоллари президентни туғилган куни билан табриклаш борасида иккига бўлинди. "Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин жаноб Президент" деб ёзган таниқли блогер Дима Қаюм айрим тармоқ фаоллари томонидан маломат қилинди.

"Ичингидаги маддоҳни ўлдиринг" деб ёзди блогер Сардор Салим ўзининг пости остидаги изоҳларда.

"Қанақа маддоҳлик? Жамийки раҳбарларга қишлоқ муаммоларини айтяпман, иложи борича ҳаммаси бўляпти газдан ташқари. Одам раҳмат дейишни ҳам билиши керак... Майли маддоҳ денг, аммо қишлоқлардаги одамларни ҳаёти озгина бўлса ҳам ўзгараётганига хурсандман!", деб жавоб берди Дима Қаюм.

65 ёш ва яна икки муддат

Якшанба куни 65 ёшга тўлган Шавкат Мирзиёев ҳозирда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган конституциянинг янги таҳририда умумхалқ референдумида маъқуллангани тақдирда, 2026 йилдан сўнг 7 йилдан яна икки муддат президентликка сайланиши мумкин. Бу амалда Мирзиёев 2040 йилгача ёки умрбод ҳокимиятда қолишини англатади. Унинг ўзи Қорақалпоғистонда зўравон намойишларга олиб келган ва камида 21 кишининг ҳаётига зомин бўлган конституциянинг янги таҳриридаги айни ўзгаришлар борасида гапирмаган. Ўтган йил октябридаги президент сайловлари ортидан конституцияни ўзгартириш сайловчиларнинг талаби эканини айтган Мирзиёев 2026 йилдан кейинги режалари билан ҳам ўртоқлашганича йўқ. Маҳаллий ва хорижий матбуотда президентни саволга тутишнинг имкони йўқ - Мирзиёев ҳозиргача бирон марта на маҳаллий ва на хорижий матбуотга юзма-юз ва очиқ интервью бермаган.

2016 йил сентябрида президент лавозимини эгаллагунича 13 йил давомида Ўзбекистон ҳукуматига раҳбарлик қилган. Унинг Каримов ўлими ортидан мамлакат конституциясида назарда тутилган Сенат раиси ўрнига вақтинча президент лавозимини эгаллаши ҳокимият ўтиш жараёнининг легитимлиги борасида саволларни пайдо қилган эди.

Кейинроқ Мирзиёевнинг Каримов давридаги сиёсий маҳкумларни озодликка чиқариши, қора рўйхатларни тугатиши ва либерал ислоҳотлар кун тартибини эълон қилиши мамлакат ичкариси ва ташқарисида ислоҳотчи раҳбар имижининг шаклланишига туртки бўлди. Бироқ ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ўзгаришларни, кутишларнинг аксига, жиддий сиёсий ислоҳотлар таъқиб этмади. Хусусан, 2016 йил декабри ва 2021 йил октябридаги президент сайловлари Каримов давридагидан фарқ қилмагани халқаро кузатувчилар томонидан танқид қилинди.

Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтишни тезлаштириши кутилган хусусийлаштириш ва иқтисодий эркинлашиш жараёнлари эса, мамлакатда олигархиянинг вужудга келиши борасида хавотирларни пайдо қилди. Мирзиёев ҳукумати бошқарувдаги непотизм, коррупция ва манфаатлар тўқнашувига доир саволларни жавобсиз қолдириб келмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG