Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:43

Мирзиёевнинг Россияга ташрифи ортга сурилмоқда. АЭС қурилиши ҳам


Россия Ўзбекистонда АЭС қурилишига катта умид боғламоқда
Россия Ўзбекистонда АЭС қурилишига катта умид боғламоқда

Россия Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг пандемия туфайли қолдирилган ташрифига ҳозирлик кўрмоқда. Аввалроқ ташриф доирасида йирик инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш бўйича бир қатор шартномалар имзоланиши маълум қилинганди. Жумладан, Жиззах вилоятида Марказий Осиёда биринчи АЭС қурилишини бошлаш тўғрисида битим имзоланиши режалаштирилган.

Аммо атом электр станциясини қуриш учун Тузкон кўли яқинидаги ҳудудда майдонча танлаб олинганига икки йил бўлганига қарамасдан, қурилиш ишлари турли сабабларга кўра кейинга сурилмоқда.

Россия Мирзиёев ташрифига катта умид боғламоқда

Пандемия туфайли қолдирилган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи қачон амалга ошиши номаълум. Ҳар икки томон ташриф эпидемиологик вазият имкон берган заҳотиёқ амалга оширилишини айтмоқда.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов президент Мирзиёев Россияга Ўзбекистонда 24 октябрда ўтиши белгиланган президент сайловларидан кейин бориши мумкинлигига ишора қилганди.

"Янги билим" маърифий марафонида сўзга чиққан Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи “катта ютуқ бўлиши” ҳақида гапирди.

Афсуски, биз ўтган йили Ўзбекистон президентининг режалаштирилган давлат ташрифини ўтказа олмадик, бу ҳақиқатан ҳам катта ютуқ бўлади, деб ўйлайман, чунки ташриф мисли кўрилмаган даражада мазмунли бўлади. Эпидемиологик вазият имкон берган заҳотиёқ бу ташриф амалга оширилади, - деди вазир Лавров.

Лавров Россия Федерацияси ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари даражасида "том маънода кундалик алоқалар" мавжудлиги ва ўзи шахсан мамлакат ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан яхши алоқада эканлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил баҳорига режалаштирилган Москвага расмий ташрифи коронавирус пандемияси туфайли номаълум муддатга қолдирилган эди.

Ушбу ташриф доирасида йирик инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш бўйича бир қатор шартномаларни имзолаш режалаштирилган. Жумладан, республиканинг Жиззах вилоятида Марказий Осиёда биринчи атом электр станцияси қурилишини бошлаш тўғрисида битим имзоланиши режалаштирилганди.

2018 йилда тузилган ҳукуматлараро битимга мувофиқ, "Росатом" давлат корпорацияси ВВЭР-1200 реакторли "уч плюс" авлодининг иккита энергия блоки мажмуасини қуриши кутилмоқда.

Ташриф давомида шунингдек, Москвадаги ВДНХ кўргазмалар комплексида "Ўзбекистон" павильонини расман очиш режалаштирилган, бу эса республиканинг Россия Федерациясининг ушбу йирик кўргазмасига қайтарилишини англатади.

5 август куни журналистлар олдида чиқиш қилган Сергей Лавров Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми яқин келажакда 10 млрд АҚШ долларига етишига ишонч билдирди. Унга кўра, ўтган 2020 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 5,9 млрд долларни ташкил этган.

Лавров шунингдек, рус сармояларининг Ўзбекистонга киритилган ҳажми жорий йилда 10 млрд долларга етганини билдирди.

Вазир иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия самарали ишлаётгани, 2024 йилга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури амалга оширилаётганини таъкидлади. Чунингдек, у Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармоялари ҳажми 10 миллиард долларни ташкил этгани, шунингдек, Лавров 2020 йилда Россия Федерациясида 2 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик ишлагани, улар ўз ватанига 4, 3 миллиард доллардан кўпроқ пул юборганини таъкидлади.

Ўзбекистон билан савдо ҳажмини ошираётган Россия Тошкентнинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Коллектив хавфсизлик шартномасига (КХШТ) аъзо бўлишига умид қилмоқда.

Шу ўринда, Кремль Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш лойиҳасини фаол илгари сураётир.

“Росатом” Ўзбекистон ҳукуматига ҳар бири 1,2 ГВт қувватга эга бўлган икки блокли атом электр станцияси (АЭС) қуриб бериш лойиҳасини таклиф этди.

Мутахассис: АЭС қурилиши мураккаб ва қиммат жараён

Аммо афтидан, “Росатом” ва Ўзбекистон ўртасидаги музокаралар осон кечмаётган кўринади.

“Росатом” бош директори Алексей Лихачёв нархни белгилаб олиш зарурати пайдо бўлгани ортидан музокаралар мураккаблашиб бораётганига эътибор қаратган эди.

2019 йилнинг 3 сентябрида Тошкентга келган Лихачёв атом электр станциясини қуриш ишлари 2020 йилнинг бошидан бошланиши ҳақида эълон қилган эди. Бироқ ТАСС хабарида қурилиш ишларини 2022 йилдан бошлаш режалаштирилаётгани айтилди.

Сиёсатшунос Аждар Қуртов
Сиёсатшунос Аждар Қуртов

Россия сиëсий тадқиқотлар институтининг Марказий Осиë бўйича етакчи таҳлилчиси, сиёсатшунос Аждар Куртов атом электр станциясини қуришда замонавий жамиятларда қатор тўсиқлар юзага келиши табиий ҳолат эканига эътибор қаратди.

У Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида бу соҳадаги муносабатлар катта давлат сири бўлиб қолишига ишонса-да, қурилиш муддатларининг сурилишини қуйидагича изоҳлади:

АЭС қурилиши муддатлари сурилиши бир нечта сабабга бориб тақалиши мумкин. Биринчидан, атом энергетикаси бозорида кучайиб бораётган рақобат манзарасида Россия унга дош бера олмаётгани кўзга ташланиб қолди. “Росатом”нинг бир нечта мамлакатлардаги лойиҳалари - Болгариядаги “Белене”да, Беларусдаги қурилмай қолган АЭСларини бунга мисол келтириш мумкин. Болгариядагига - Евроиттифоқ, Беларусдагига – Литва қарши чиққан. Литва ўз ўрнида Игналин атом станциясини ёпиб ташлаганди. Россиянинг Ҳиндистон, Туркия ва Эронда атом электр станцияларини қуриш режалари ҳам катта қаршиликларга учради. Бу ҳолатда Ўзбекистонга ҳам ташқаридан босим бўлаётганини тахмин қилиш мумкин. Ва бу босим нафақат “яшил энергия”ни тарғиб қилаётган Ғарб, балки Хитой томонидан ҳам бўлиши мумкин, дейди сиёсатшунос.

Аждар Куртов замонавий дунёда электр энергиясига эга бўлмаган давлатлар иқтисодий жиҳатдан қолоқ бўлиб қолавериши формуласи мавжудлигини билдирди.

У Фукусима ва Чернобил атом энергиясига бўлган ишончни кескин сўндирди, деб ҳисоблайди:

Иккинчидан, Фукусимадаги фалокатдан кейин жаҳон мамлакатлари атом электр станциялари хавфсизлиги устида бош қотириб қолди. Европа умуман атом генерациясидан воз кечди, Россия каби давлатлар соҳа хавфсизлигини кучайтирганини эълон қилди. Агарда Россия бу АЭСларнинг хавфсизлигига Ҳиндистон каби йирик давлатларни ишонтира олмаганида, бу лойиҳалар тўхтаб қоларди. Ўзбек ҳукуматининг ўзида ҳам атом лойиҳасига қарши амалдорлар мавжудлиги турган гап. Атом энергияси бор жойда қўрқув доимо бўлади! Ўзбекистонда бу лойиҳа сустлашиб қолганига иқтисодий ўсиш ҳам сабаб бўлиши мумкин: пандемия ишлаб чиқаришни кескин секинлаштирди, ҳукуматлар арзонроқ бўлган соҳаларга маблағ ажратишга мажбур. Ўзбек тарафининг хавотирларини минтақанинг сейсмик жиҳатдан барқарор эмаслиги оширмоқда. Айтилганларни ҳисобга олган ҳолда, кимдир ўзига бундай оғир жавобгарликни олишни истамаётган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда, АЭС қурилиши шундай мураккаб ва қимматбаҳо жараёнки, унинг амалга ошиши жуда кўплаб факторларга боғланиб қолган, - деди Аждар Қуртов.

Айни пайтда Россиянинг «Атомстройэкспорт» ширкати Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича муҳандислик-қидирув ишларининг иккинчи босқичини олиб бораётганини эълон қилган.

Иккинчи босқич 2019 йилнинг 29 июнь куни атом электр станциясини қуриш учун мақбул майдонча сифатида танлаб олинган Тузкон кўли яқинидаги ҳудудда бошлангани айтилган.

2018 йилнинг 19 октябрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босган эдилар.

2019-йил феврал ойида Ўзбекистон Президенти 2019-2029-йилларда республикада ядро энергетикасини ривожлантириш концепсиясини тасдиқлади. Режага кўра, атом электр станцияси қурилишини молиялаштиришга Россия Федерацияси давлат кредити жалб қилинади.

Атом электр станциясининг биринчи энергия блоки Ўзбекистонда 2028 йилда, иккинчисини - биринчиси ишга туширилганидан 18 ой ўтгач ишга тушириш режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG