Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:14

"Ўзбеклар тирик собиқ президентни кўрмаса керак” – тармоқлар муддатидан илгари президент сайлови ҳақида


Марҳум президент Ислом Каримов ва ўша пайтдаги Бош вазир Шавкат Мирзиёев Мустақиллик куни тантаналарида. Тошкент, 31 август, 2007
Марҳум президент Ислом Каримов ва ўша пайтдаги Бош вазир Шавкат Мирзиёев Мустақиллик куни тантаналарида. Тошкент, 31 август, 2007

Ўзбек блогосферасида катта аудиторияга эга кўплаб блогерлар мамлакатда муддатидан илгари президент сайлови ўтказиш ва амалдаги президент муддатининг ноллаштирилиши ҳақида сукут сақларкан, бошқа тармоқ фаоллари очиқ фикр ва рамзлар орқали эътироз билдиргани кузатилди.

Шавкат Мирзиёевнинг президентлик муддатини узайтириши кутилган конституцион референдумдан бир ҳафта ўтиб Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови эълон қилинди.

Конституциявий ўзгаришларнинг бўлгани каби, 9 июлга тайинланган муддатидан илгари президент сайлови ташаббускори ҳам амалдаги президентнинг ўзидир.

Аксар таҳлилчи ва тармоқ фаоллари референдумдан кўзланган мақсад аввалдан маълум бўлишига қарамай навбатдан ташқари сайлов ўтказиш қарори ўзлари учун кутилмаган бўлганини ёзишди.

“Конституцияни нега ўзгартирганимиз сабаби кундек равшан – президент муддатини ноллаштириш учун. Аммо референдумдан кейиноқ муддатидан илгари президент сайлови эълон қилингани – мен учун жумбоқ. Билдирилган тушунтиришлардан ҳар ҳолда мен ҳеч нарса тушуна олмадим... Янги мандат нега керак бўлиб қолди? Ёки (сиёсий) курс кескин ўзгариши ортидан янги мандатга эҳтиёж туғилмоқдами? У ҳолда курс қайси йўналишда, қай тарзда ўзгараётганини тушунтириш керак”, деб ёзди иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсупов.

BBC журналисти Ибрат Сафо “Нима учунлигига берилган изоҳни тушунишни истаяпман, лекин немисча ўйлаяпманми – бу манёврни ҳозирча барибир тушунмаяпман. Қандай сиёсий фавқулодда вазият юзага келдики, атиги икки ойлик муддат билан президентлик сайловига старт бериляпти?..” дея савол қўйди.

Айрим тармоқ фойдаланувчилари 30 апрель кунги референдумда “йўқ” деб овоз берган сайловчиларнинг кўплиги амалдаги маъмуриятни ошиғич равишда президент сайловини ўтказишга мажбур қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди.

“Референдум натижалари (бизга эълон қилингани эмас) яхши бўлмаган. Халқда норозилик кайфияти ўта кучли. Қолаверса, “зима близко...”, энергия инқирози яқин 2-3 йилда ўзгармайди. Шундай экан, темирни қизиғида босишнинг айни пайти”, деб ёзди блогер Музаффар Эркин.

Менинг ақлим етган ягона арзирли сабаб – 3,5 йилдан кейин аҳвол бундан-да оғирлашиши кутилмоқда, айниқса, энергетика соҳасида. 2023 йилнинг ўзидаёқ нефть ва газ ишлаб чиқариш 2022 йилга нисбатан тушиб боряпти. Ваҳоланки, энергияга талаб ошса ошадики, камаймайди”, дейди Темурбек Маҳмудов.

Абдували Ражаб исмли фойдаланувчи ҳам “Яқин уч йилда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар олдида ҳозирги муаммолар ҳеч нарса бўлиб қолади, табиийки, президент рейтинги мутлақо ёмон ҳолатга келиб қолади. Шу хавотир сабаб сайлов тезлаштириб юборилди”, деган фикрда.

Тармоқдаги баҳс-мунозараларда қайд этилишича, амалдаги президент барибир ютади: уч ярим йиллик муддатдан воз кечса-да, қўшимча 14 йилни қўлга киритади.

“3,5 йил , дея ҳолатга изоҳ берди Ибн Маъруф исмли фойдаланувчи.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов эса “сиёсий жараёнлар ниҳоятда интенсивлашиб кетгани” ҳақида ёзди.

“Президентлик сайлови кутилаётганини билардик. Лекин октябрь ойларида бўлишини тахмин қилардим. Йўқ, икки ой ичида бўлар экан”, дейди у.

"Ноллаштириш" олдидан: Мирзиёев Германияга сафар қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:31 0:00

Сиёсатшунос Рафаэль Саттаров фикрича, ҳозир Мирзиёев қайта сайланиши учун мақбул вазият ҳукм сурмоқда. “Мухолифат йўқ, хорижлик – Ғарбу Шарқдаги ҳамкорлар ҳам мамнун ва унинг ташаббусларини дастлакламоқда”.
Президентга яна икки муддат туҳфа қилинаётгани тармоқларда ҳажвларга ҳам сабаб бўлди.

“Бундан буён ўзбеклар тирик собиқ президент кўролмаса керак”, дея мутойиба қилди Ҳумоюн Фаттоҳ.

“Бемалол кўра олади. Гринкардчилар 8 та собиқ президентни кўриш имконига эга”, дея АҚШ сиёсий тизимига ишора қилди Жасурбек Набижонов бунга жавобан.

“9 июлда бўлди нима, 3,5 йилдан кейин бўлди нима – натижаси аниқ-ку! Яшасин монархия!..” дея киноя қилди бошқа бир фойдаланувчи.

Телеграмдаги “Habikatura” канали муаллифи муддатдан олдин сайлов мавзусида ҳажвий сурат ҳам чизди.

Айрим журналист ва тармоқ фаолларида тушкунлик руҳияти ҳам сезилди.

Kun.uz” нашри мухбири Илёс Сафаров “журналистикадаги миссияси тобора тугаб бораётгани, қиладиган иши қолмаётгани” ҳақида пост қолдирди.

Шоир ва таржимон Аъзам Обид охирги ҳодисаларга ушбу шеъри орқали муносабат билдирди:

Ноиблари қарсаксевар,
Зўр элмиз деб мужда қилар.
Ҳокимлари тарсакверар,
Бир овозга сажда қилар.
Бу қайси эл?..

Таҳлилчи Сардор Салим эса “Янги Ўзбекистон”дан умид йўқлиги, биратўла "Тўртинчи Республика" ҳақида ўйлаш кераклигидан баҳс этди.

30 апрель куни умумхалқ референдумида 90 фоиздан ортиқ овоз билан маъқулланган янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ амалдаги президентнинг ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди.

Бу эса 66 яшар Мирзиёевнинг муддати ноллаштирилиши ва у яна икки муддат (14 йил) президентликда қолиши мумкинлигини англатади.

8 май куни уюштирилган парламент ва сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашувда Ш.Мирзиёев муддатдан илгари сайлов қарорини изоҳлар экан, “объектив зарурат мавжуд”лиги сабаб “қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббуси билан воз кечаётгани”ни қайд этди.

Партиялар раҳбарлари анъанага содиқ қолган ҳолда президентнинг муддатдан илгари сайловга доир фармонини олқишлашга ошиқди.

2021 йилги сайловда ўзини амалдаги президентга рақиб ўлароқ тақдим этган “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров муддатидан илгари сайлов ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади.

"Партия етакчиси сифатида ташаббусни қўллаб-қувватладим" деб ёзган Алишер Қодировнинг пости остида изоҳ қолдирган ҳуқуқшунос ва мигрантлар ҳимоячиси Ботиржон Шермуҳаммад "бу сафар солиқ солайлик деманг" дея истеҳзо қилди. 2021 йилдаги президент сайловида Мирзиёевга рақиб бўлган Алишер Қодиров Россиядаги ўзбек мигрантларини солиққа тортиш ва бошқа яна қатор зиддиятлари ташаббуслари учун тармоқларда танқид ва кулги қилинган.

"Кўп гўшт еб юборяпмиз" деган сўзлари учун тармоқларда мемга айланган Мирзиёевнинг иқтидордаги ЎзЛиДеП партияси раиси Актам Ҳайитов ҳам, сайловни муддатидан илгари ўтказиш “жуда тўғри қарор” эканини урғулади.

Форум

XS
SM
MD
LG