Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:46

Петербургда йўқолган 11 яшар муҳожир фарзанди қидируви давом этмоқда


11 яшар Салмон Мадумаров қидирилмоқда
11 яшар Салмон Мадумаров қидирилмоқда

Ўтган жума, 26 январь куни Петербургда йўқолган 11 яшар қирғизистонлик Салмон Мадумаровни қидириш ишлари давом этмоқда. Полиция хабарига кўра, футбол ўйнагани чиққанича уйга қайтмаган муҳожир фарзанди Санкт-Петербургга ота-онаси билан бир ой олдин келган.

Боланинг 41 яшар отаси ўғли 26 январь куни соат 16:00 да Витебский проспекти, 47 уй, 3 корпусдан кўчага айлангани чиққани ва шу вақтдан бери дом-дараксиз кетганини билдирган.

Петербургдаги йўқолганларни қидириш билан шуғулланувчи “Лиза-Алерт” ташкилотида Салмоннинг қидирувини бошқариб борувчи махсус штаб тузилгани ва унга 50 зиёд кўнгилли жалб қилинганини Озодликка сўзлаб беришди:

- Ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ. Биз билганимиз – махсус ориентировкада кўрсатилган маълумотлар, холос. Қидирув давом этмоқда. Болани қидиришга қўшилмоқчи бўлганлар кўмагига муҳтожмиз. Москва туманидаги видеорегистраторлар эгаларидан 26 январи куни соат 15:00 дан бошлаб ўз камераларини текшириб кўришларини илтимос қиламиз, деди кўнгиллилар ташкилоти вакиласи.

Йўқолиб қолган Салмон Мадумаровнинг Ўзбекистон ватандоши экани тўғрисидаги маҳаллий ахборот воситаларида тарқалган маълумотлар ўз тасдиғини топмади: миллати ўзбек бўлган бола Қирғизистон ватандоши эканини полиция маълум қилди.

Полициядан олинган маълумотга кўра, Салмон Мадумаровнинг бўйи 120-130 см. атрофида, ориқдан келган, қора сочли, кўзлари жигар ранг. Отаси Салмон Россияга бир ой олдин келгани ва рус тилини мутлақо билмаслигини айтмоқда. У кулранг куртка, қора тўқилган шапка, қизил спорт шими ва қўнжи баланд қора ботинкада уйдан чиқиб кетгани маълум.

Шунингдек, кўнгиллилар Мадумаровлар яшайдиган уй яқинида “Проспект Слави” темир йўл платформаси борлиги, ундан кетаётган электричкалар Ленинград қўрғони ва Новгород вилояти томон ҳаракатланишини айтмоқда.

Санкт-Петербург бўйича Тергов қўмитасида Озодлик сўровига боланинг уйдан кетиши, шаҳарни тарк этиши ва ота-онасидан узоқлашиши истак-хоҳишлари бўлмагани сабабли у билан бахтсиз ҳодиса рўй берган бўлиши мумкинлигини билдиришди.

Санкт-Петербург бўйича Тергов қўмитаси томонидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105- моддаси, 2- қисми, “в” банди (“Қотиллик”) аломатлари асосида жиноий иш қўзғатилди”, дейилади расмий хабарномада.

Тергов қўмитасида муҳожир фарзанди Салмон Мадумаров ҳақида бирор маълумотга эга бўлганларни

8(812)570-66-71, 8-800-700-54-52 ёки 02

рақамларига қўнғироқ қилишларини сўрашмоқда.

XS
SM
MD
LG