Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:46

Боласини 30 минг рублга сотган ўзбекистонликларга жиноий иш очилди


10 октябрь куни Воронеж вилоятининг Коминтерн туманида ўз чақалоғини 30 минг рублга сотишга уринган ўзбекистонлик 29 яшар аëл ва унинг 39 яшар фуқаровий эрига нисбатан жиноий иш очилди. Сўроқ давомида ота-она Ўзбекистонга қайтиш учун билетга пул топиш мақсадида чақалоқни сотганини билдирган.

Икки нафар Ўзбекистон ватандоши – исми ошкор қилинмаётган 29 яшар аёл ва у билан бирга яшаб келган 39 яшар эркак Россиянинг Воронеж шаҳрида болафурушликда айбланиб қўлга олинди.

2017 йилнинг 10 октябри кечки соат 10 ларда Воронежнинг Газовая кўчасида бу аёл ва эркакка болани сотиб олиш учун пул берган ва улардан олди-сотди ҳақида тилхат ëздириб олганлар полиция махсус бўлимининг оператив ходимлари бўлиб чиқди.

Ҳодиса тафсилотларини Озодликка маълум қилган Воронеж вилоят Тергов қўмитаси расмийси адлия майори Елена Мануковская¸ чақалоқнинг 30 минг рублга "нархланганини" айтади:

- Бирга яшаб келган бу аёл ва эркак жиноят содир этганликда айбланиб Тергов қўмитаси ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Уларни суд қарори билан ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилиниши кутилаяпти. Янги туғилган қизалоқ тиббий муассасага юборилди ва ўша ерда қолмоқда, деди Тергов қўмитаси расмийси.

Терговнинг дастлабки хулосасига биноан, ўзбекистонлик аёл шу йилнинг 8 сентябрь куни ижарага олинган квартирада тиббий ëрдам ва ижтимоий хизматлар иштирокисиз туққан. У боланинг отаси билан Воронежда шаърий никоҳда яшаб келгани, шу сабабли чақалоққа туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ҳам олинмаганини билдирган.

Дастлабки тергов материалларига кўра¸ боланинг ота-онаси ўз фарзандини сотишга қарор қилганидан сўнг¸ аниш-билиш орқали “харидор” излай бошлади:

- Бу ҳодиса бошиданоқ Воронеж полицияси назоратига тушиб қолди ва махсус оператив амалиёт натиждасида уларнинг жиноий амалларга рўёбга чиқмасдан қолди. Аёл ва эркак 30 минг рубл миқдоридаги махсус белгиланган пулларни олиб, тилхат ёзиб берган заҳотиёқ қўлга олинди, деди Елена Мануковская.

Терговчилар саволларига берган жавобларидан Россияда вақтинчалик қайд муддати тугаётгани боис¸ болафурушликда айбланаётган муҳожирлар Ўзбекистонга қайтишга қарор қилгани¸ ҳужжатсиз чақалоқни олиб чиқиб кетиш имкони бўлмаганидан¸ уни сотиб пулни йўл кирага сарфлашни режалаганини айтган.

Исмини ошкор қилишни истамаган тергов ходими Озодликка воқеанинг бироз бошқароқ сабаблари борлигини билдирди. 39 яшар эркак аёлни бошқа эркакдан ҳомиладор бўлганликда гумонлаб, болани ўзиники сифатида тан олмаслигини айтган ва чақалоқни сотишга мажбурлаган.

Ҳозирда ўзбек муҳожирлари Россия Жиноят Кодексининг 127.1- моддасининг 2-қисми бўйича “одам савдоси” жинояти содир этганликда айбланмоқда. Бу жиноят учун Россия қонунчилигида 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган.

XS
SM
MD
LG