Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:48

Murad Buildings ҳамкори қамоқдан чиқди. Тошкентдаги меъморий обида устидан навбатдаги суд бошланмоқда


Журналист Никита Макаренко Бобур кўчаси 7 уй олдида.
Журналист Никита Макаренко Бобур кўчаси 7 уй олдида.

Хусусий ширкат Ўзбекистон Маданият вазирлиги тарафидан меъморий обида деб топилган бинони бузиб, ўрнида кўп қаватли турар жой қуриш учун навбатдаги суд инстанциясига даъво аризаси киритди.

Сўз Тошкент шаҳар Бобур кўчасида 20-асрнинг энг улуғ меъморларидан бири Шчусев қурган икки қаватли ғиштин бино ҳақида бормоқда.

Таниқли девелопер Мурод Назаров ва Ўзбекистон президентининг собиқ ëрдамчиси Улуғбек Мирзамуҳамедов Бобур кўчасидаги обидани бузиб, ўрнида турар жой мажмуаси қуришни режалагани ҳақидаги ҳужжат Озодликда мавжуд.

29 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди «Universal Packing Masters LLS» қурилиш ширкатининг даъво аризасини кўришни бошлайди.

Шу кунгача учта маҳкама бу иш бўйича ниҳоий қарорга келмаган.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Маданий мерос бошқармаси вакилига кўра¸ бино давлат ҳимоясига олинган.

"Жами 3 марта Илмий кенгашда кўрилган. Маданий мерос рўйхатига олинган. Бироқ инвесторлар тинчимаяпти. Инвестор 2 йил аввал запрос берганида, маданий мерос рўйхатида бўлмаган. Бу йил маданий мерос рўйхатига олинган. Шунинг учун суд бўляпти. Билганим-шу. Масала бир неча марта Бош прокуратурагача кўтарилган. Халқаро ташкилотлар, элчихоналар аралашган”, - дейди Маданий мерос бошқармаси вакили.

Murad Buildings ҳамкори қамоқдан чиқди

Бинони обида статусидан маҳрум қилиш учун судлашаëтган ширкат хужжатида эга сифатида Мурод Назаров¸ Умида Назарова ва Ўзгуван Ўзгур Ўнур кўрсатилган. Яна бир ҳужжатда эса, Ўзбекистон президентнинг собиқ ëрдамчиси Улуғбек Мирзамуҳамедов исми зикр қилинган.

Сурат баъзи кишиларнинг таъбини хира қилиши мумкин.
Ширкатнинг 50 фоизи собиқ давлат мулозимига оид.
Ширкатнинг 50 фоизи собиқ давлат мулозимига оид.
Сурат таъбни хира қилиши мумкин – Кўрсатиш учун тугмани босинг
Ширкатнинг 50 фоизи собиқ давлат мулозимига оид.

Озодликка етиб келган маълумотга кўра, суд арафасида ДХХ изоляторида жиноят иши фигуранти сифатида сақланган собиқ мулозим Улуғбек Мирзамуҳамедов тилхат эҳтиëт чораси билан қамоқдан озод этилган.

Мавжуд иш бўйича ҳужжатлар билан танишган ҳуқуқшунос Маримбой Ражабовга кўра¸ “Меъморий обидани бузиб, ўрнида тижорий турар жой қураман, деб судлашаëтган тадбиркор - Murad Buildings эгаси Мурод Назаровдир.”

“Конституция ва тарихий обидалар бўйича қонунларга кўра¸ ҳеч қандай суд бинони тарихийлик статусидан маҳрум қилиш ваколатига эга эмас. Бино cовет даврида ҳам, мустақиллик даврида ҳам давлат муҳофазасида бўлган. 2007 йили Тошкент шаҳар ҳокими Тўхтаев ҳеч бир асоссиз¸ Илмий кенгаш хулосаси бўлмасдан, бинони тарихий-меъморий обидалар рўйхатидан ўчиртирган. Ўтган йили эса, Маданият вазирлиги бу бинони қайтадан тарихий обидалар рўйхатига киритиб, давлат муҳофазасига олди. Тарихий бинони давлат ҳимоясидан чиқариш бўйича судда ваколат йўқ”,- дейди ҳуқуқшунос.

Озодликда Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Тўхтаев имзолаган ҳужжат нусҳаси мавжуд. Ҳужжатда Тошкент шаҳридаги 300 дан зиëд тарихий- меъморий обиданинг рўйхатдан чиқарилиши ҳақида сўз боради. Рўйхатдан чиқарилган бинолар ичида 1900 йилда арт нуво услубида қурилган шифокор Шварц уйи ва ҳовлиси¸ "Пушти ҳаммом" номи билан танилган Азимбой масжиди¸ тошкентлик зодагон Шаховскийнинг классик романтизм услубида қурилган данғиллама саройи¸ Шайхонтоҳурдаги 16-асрда бунёд этилган жоме масжиди биноси¸ 1865 йил класицизм услубида қурилган шаҳар Думаси биноси каби ўнлаб ноëб иморатлар бор.

Шубҳали тарзда рўйхатдан чиқарилган обидалар
Шубҳали тарзда рўйхатдан чиқарилган обидалар

Бу иморатлар рўйхатдан ўчирилгани ортидан бузилиб, ўрни шубҳали мулозимлар тарафидан эгалланган.

100 йиллик бино

Бобур кўчасидаги 7-уй ҳам бузилиб, ўрнида хусусий ширкатга оид тижорий турар жой қурилиши кўзда тутилган эди.

Яккасарой тумани Бобур кўчасидаги қарийб 100 йиллик бинони бузиб, унинг ўрнини «Universal Packing Masters» («Murad Buildings» ширкати савдо белгиси) бериш ҳақида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил октябрида қарор чиқарган эди.

Маданият вазирлигининг бу уй тарихидан яхши хабардор мулозими Озодликка 1550-сонли қарор чиқарилишидан олдин мазкур бинонинг "тушунарсиз тарз"да Маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилганини билдирди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги¸ Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармаси жорий йил март ойида бинонинг тарихий-меъморий аҳамиятга эга эканли бўйича барча ҳужжатларни тўплаб¸ якуний хулосага келди.

Бу хулоса асосида Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг икки йил олдинги қарори ижроси тўхтатилди ва бино яқин кунлар ичида маданий мерос обидалари рўйхатига қайта киритиладиган бўлди.

Ушбу бошқарма тақдим қилган маълумотномада ëзилишича¸ бино йигирманчи асрдаги улуғ рус-совет архитектори Алексей Шчусев (1873 -1949 ) томонидан лойиҳалаштирилган.

Конструктивизм оқимининг йирик вакили бўлган Шчусев Москвадаги Ленин мақбараси¸ Қозон вокзали ва Тошкентдаги Навоий номли опера-балет театри биноси муаллифидир.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Озодликка тақдим қилган ҳужжатда “конструктивизм усулида ортиқча безаклардан холи бунëд этилган ва машҳур меъморнинг Тошкентда лойиҳалаштирган оз сонли асарларидан бири бўлган бино номаълум сабабга кўра Тошкент шаҳар ҳокимининг 697-сонли қарори билан тасдиқланган маданий мерос объектлари рўйхатининг 3-иловасига биноан¸ рўйхатдан чиқарилгани” айтилади.

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган вазирликнинг айни соҳага маъсул вакили “бинонинг маданий мерос рўйхатидан чиқарилишига ҳеч қандай жиддий асос бўлмаган”ини айтади.

"Бино икки қаватли. Пишиқ ғиштдан қурилган. Шифтлари баланд. Зилзилага бардошли¸ 1966 йилги зилзилада шикастланмаган. Бинонинг 1935 йилги декор ва услуби ўзгармаган. Бино авария ҳолатида ҳам эмас. Ушбу бино собиқ Низомий номли (ҳозир Навоий номли Ўзбек тили ва адабиëти университети- таҳр.) педагогика институти меъморий ансамблининг бир қисми сифатида ва шаҳар қиëфасини белгиловчи эстетик унсур сифатида ҳам қадрли".

Мулозимнинг айтишича¸ “бино шаҳар ҳокими ва «Murad Buildings» ширкати чангалидан сўнгги минутда қутқариб қолинган”.

Озодлик 28 декабрь куни гаплашган Тошкент шаҳар ҳокимияти мулозими Бобур кўчасидаги уй қадимий обидалар реестрига қайтарилгани ва бу якуний қарор эканини таъкидлади.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг жорий йил 11 ноябрида Бобур кўчаси 7-уй яшовчиларига йўллаган хати нусҳаси Озодликда мавжуд. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Маданият Бош бошқармаси бошлиғи Ш. Ҳамроев имзолаган ҳужжатда Бобур кўчаси 7-уйнинг меъморий обида эканлиги ва давлат ҳимоя ордери билан таъминлангани таъкидланади.

Тошкент ҳокимлигига оид ҳужжат
Тошкент ҳокимлигига оид ҳужжат

Ортиқхўжаев ва Murad Buildings тандеми

Аввалроқ тошкентлик меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиев Озодлик билан суҳбатда бинонинг қутқарилишини "шаҳар маданий жамоатчилигининг ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев волюнтаризми устидан ғалабаси" деб атаганди.

"Ортиқхўжаев ва «Murad Buildings» тандеми олма ичидаги қурт каби Тошкент қиëфасини белгиловчи қатор бинолардан бизни мосуво қилди. Масалан¸ “Дом кино”ни бузиб¸ ўрнига дом қуриб, сотишди. Схема оддий. Аввалига бино маданий мерос рўйхатидан чиқарилади. Кейин ҳоким қарор чиқаради. «Murad Buildings» келиб, кўп қаватли бино қуриб, сотади. Шу тариқа қаричма-қарич Тошкент марказидаги тарихий бинолар жойлашган ерлар шубҳали девелоперларга ҳеч қандай тендерсиз ўтиб кетади".

Бундай танқидига далил сифатида Турдиев нусҳаси Озодликка юборилган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзолаган 1550-сонли қарорни тилга олади.

"Қарорда “ўтказилган тендер натижаларига кўра”¸ деган жумла йўқ. Бунинг ўрнига “Вазирлар Маҳкамасининг 01-05-121-1 сонли баëнномасига асосан¸ Бобур кўчасидаги 7-уй бузилиб, ўрни «Universal Packing Masters» ширкатига кўп қаватли бино қуриш учун ажратиб берилсин"¸ дейилади. Нега айнан бу ширкат? Нега бошқаси эмас¸ деган савол туғилади. Тошкентни қарич-қарич бўлиб, сотиш учун баëнномалар бераëтган Вазирлар Маҳкамасидаги мулозим ким¸ деган савол ҳам бор. Ортиқхўжаев ва "Murad Buildings»дан юқорида турадиган мулозимлар ҳам эътироз нишонида бўлиши керак. Мирзиëев иқтидорга келганидан кейин “шаҳар марказини шубҳали девелоперларга сотиш” бизнеси урчиди".

Меъмор ва санъатшунос Турдиев Бобур кўчасидаги 7-уйда улуғ археолог Василий Шишкин (1894-1966) яшаб¸ ижод қилганлигининг ўзигина "бинони бузмаслик учун асос бўла олади", деб ҳисоблайди.

"Василий Афанасьевич боис дунë Самарқанддаги Афросиëб фрескалари борлигидан воқиф бўлди. Бугун "мана қадим тарихимиз" деб кўксига муштлаëтган амалдорлар бу тарихни ким тупроқ тагидан қазиб топганини биладими ўзи? Василий Афанасьевич қадим Варахша шаҳри қолдиқларини топган ва Улуғбек расадхонаси қазишмаларида иштирок этган. Қадим Бухоронинг меъморий харитасини чизиб¸ шаҳарни вандаллардан ҳимоя қилган ҳам Василий Афанасьевич Шишкин домла эди. Шу одам яшаган уйни бузиб¸ ўрнига кўп қаватли бино қуриб, бойимоқчи бўлган амалдорга СТОП! дейилганидан мамнунман."

30 йилдан бери бузилаëтган Тошкент

Кейинги йилларда Ўзбекистонда кўпайиб бораëтган тарихий биноларни бузиш ëки фасадларига қорайтирилган шиша қоплаб, асл тарзини ўзгартириш ҳолатлари санъатшунослар ташвишига сабаб бўлмоқда.

2016 йилда ТошМИнинг Николай даврида ғиштдан қурилган эски биноси¸ Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети (ТДПУ) бош биносининг сиртқи қисми батамом бузиб ташланган эди.

Тошкентлик генерал Жўрабек тарафидан 1897 йилда қурилган ва “Жўрабек “ масжиди дея тарихий ëдгорлик сифатида махсус рўйхатга тиркалиб, асраб келинган масжид бутунлай бузилиб¸ ўрнида Ислом Каримов номидаги “алюкобонд масжид” қурилди.

2019 йилда Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги горизонтал фаввора бузиб ташланди. Тошкент тимсоли сифатида 52 йил отилиб турган фонтанни бузишда бевосита қатнашган мутасаддилардан бири унинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев буйруғи билан бузилганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG