Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:16

Айрим диссидентлар МХХдан ватанга қайтиш таклифини олганини айтмоқда


Айримларга ҳатто Ўзбекистонга қайтиш учун бепул билет бериш ҳам таклиф қилинган.
Айримларга ҳатто Ўзбекистонга қайтиш учун бепул билет бериш ҳам таклиф қилинган.

Каримов ҳукуматини танқид қилгани ортидан бошланган таъқиблар туфайли Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган айрим сиëсий фаоллар ва журналистларга ватанга қайтмоқчи бўлса¸ бу жараëнда муаммо йўқлиги ҳақида билдирилмоқда. Озодлик билан суҳбатда шундай таклиф олган сиëсий қочқинлар¸ бундай мужданинг ҳозирча қуйи даражадаги расмийлардан оғзаки шаклда келганини айтди.

Озодлик мухбири 23 август куни кейинги икки ҳафта ичида у ëки бу шаклда Ўзбекистонга қайтса¸ йўллар очиқлиги билдирилган ёки номи қора рўйхатдан чиқарилгани расман хабар қилинган хориждаги бир неча фаол билан гаплашди.

Тили аччиқ фаолга таклиф

Исмини ҳозирча очиқлашни истамаган Европа давлатларидан бирида яшаëтган фаолга кўра¸ унга ўзи яшаб турган давлатдаги Ўзбекистон элчихонаси дипломати қўнғироқ қилиб¸ номи қора рўйхатдан ўчирилгани¸ энди бемалол Ўзбекистонга қайтиши мумкинлигини билдирган.

“Менга йўллар очилгани¸ ватанга бемалол қайтишим мумкинлигини айтишди. Қайтсам¸ ҳатто мансаб берилиши мумкинлигига ҳам шама қилишди”¸ деди бу суҳбатдош.

Мухолифатчи журналистга таклиф

90-йиллар ўрталаридан бери АҚШда яшаб келаëтган таниқли журналист Жаҳонгир Муҳаммад Ислом Каримовни очиқ танқид қилиши ортидан устидан икки марта жиноий иш очилган¸ 1993 ва 1999 йилларда президентга туҳмат қилиш каби жиноятларда айланиб¸ халқаро қидирувга берилган.

Журналистнинг Озодликка айтишича¸ узоқ йиллар тазйиқ остида яшаган Самарқанддаги яқинлари уйига 18 август куни маҳаллий расмийлар келиб¸ унинг қора рўйхатдан чиқарилганини билдирган:

- Икки ойдан ўтди¸ Олий судга¸ Ички ишлар вазирлиги ва президент маъмуриятига реабилитация қилишларини¸ яъни тўлиқ оқлашларини сўраб расман мурожаат қилгандим. Мен икки марта ҳам нотўғри айбланганман¸ қариндош-уруғларим менинг ортимдан жуда қаттиқ азият чеккан деб¸ одил бир гуруҳ тузиб¸ шуларни кўриб чиқишни сўрагандим. 18 август куни Самарқандда яшайдиган опаларимнинг уйига одам кепти. Афсуски¸ исми-шарифини сўрашмапти. Вилоят хавфсизлик хизматиданмиз¸ дейишипти. Сўрапти ҳаммасини. Кейин айтипти¸ укангиз тўлиқ оқланганлар¸ келиб-кетишлари¸ истасалар бутунлай келишлари мумкин¸ текшириб чиқтим¸ номлари рўйхатлардан олинган¸ депти. Аммо тўла оқланганим ҳақида бирор ҳужжат кўрсатишмапти¸ беришмапти¸ деди бундай “хушхабар”ларга скептицизм билан ëндашишини таъкидлаган Жаҳонгир Муҳаммад.

Мустақил журналистга таклиф

Хорижда яшовчи мустақил журналистлардан яна бирининг электрон почтасига ўн кунча аввал МХХ ходимидан келган қисқа мактубда агар ватанга қайтиш истаги бўлса¸ бу расмий ўзининг ëрдам кўрсатишга тайëр эканини билдирган.

Бу одам ўтмишда менга ниҳоятда қўпол муносабат қилиб¸ йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилган МХХ ходимларидан бири. Энди Ўзбекистонга қайтинг¸ ўзим ëрдам бераман деб¸ ëзипти. Бу унинг ўзича ҳаракатими¸ ëки умумий бир кўрсатма бўлганми¸ бунисидан бехабарман”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда хориждаги журналист шахси сир қолиш шарти билан.

Ëзувчига таклиф

Туркияда яшаëтган ўзбекистонлик ëзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон 8 август куни Facebook саҳифасида “ХУШХАБАР” сарлавҳаси билан ўз яқинларига етказилган янгиликни эълон қилди.

Ҳозиргина уйдан тилпон қилишди. Туманимиз ҳокимиятига чақиришибди. Бу ёғи ҳамма биладиган гап: ўзлари тузган "қора рўйхат"дан менинг номимни ўчиришганини эълон қилишибди! Юртдан чеккадагилар қайтсин, билет олиб беришимиз ҳам мумкин дейишибди”¸ деб ëзган ëзувчи ўзининг"қора рўйхат"ларга лойиқ иш қилмагани¸ фақат Ислом Каримов ўрнатган тузумнинг камчиликларини таҳлил қилиб китоб ёзгани” учун таъқибга учраганини эслатиб ўтади.

Мана, бўларкан-ку! Бугунги Президент салафидан қолган камчиликларни тузатишга киришди! Жиддий киришди шекилли, энг хунук мерослардан бирини - "қора рўйхат" деган балони ўртадан кўтарди! Менинг ва мен каби минглаган ватандошимизнинг юзини қора деганларнинг ўзларининг юзи қора бўлди!”¸ деб шарҳлади ўз яқинларига етказилган таклифни бу ëзувчи.

“Бу таклифлар ҳали сиëсий ислоҳотлар даракчиси эмас!

Мухолифатдаги “Эрк” партиясининг Тошкентда яшаб келаëтган бош котиби Отаназар Орипов қуйи бўғин расмийларининг хориждаги мухолифатчилар ва журналистларга ўзича таклиф юбормаслигини¸ бу борада юқорироқдан кўрсатма бўлганини инкор қилмаслигини айтади. Айни пайтда профессор Орипов¸ ҳали Шавкат Мирзиëев туб сиëсий ислоҳот қилиш режаси борлигини кўрсатадиган бирор ҳаракатга қўл урмаганини таъкидлайди:

- Агар эртага Олий суд Муҳаммад Солиҳ (Эрк партиясининг хориждаги асосчи ва раиси – таҳр.) ни реабилитация қилиш ҳақида қарор чиқарса ва бу жамоатчиликка очиқ эълон қилинса¸ шунда сиëсий мухолифатга¸ диссидентларга нисбатан муносабат ўзгарганига ишонаман. Бу сиëсий ислоҳот бошланган-бошланмаганининг лакмус қоғози бўлади. Бу иш бўлмаса¸ қолган ҳаммаси шунчаки гап¸ деди Отаназар Орипов.

Ҳозирга қадар президент Шавкат Мирзиëев Каримов даври мухолифлари ҳақида очиқ баëнот бергани¸ уларни реабилитация қилиш¸ ватанга қайтариш нияти бор-йўқлигига бирор ишорат бергани йўқ.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон Олий суди Каримов даврида узоқ йилларга қамалган бир қатор собиқ раҳбарларни реабилитация қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Улар орасида Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Козим Тўлаганов¸ собиқ президент маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов¸ Ўзбекистон Компартиясининг собиқ 1-котиби Иномжон Усмонхўжаевлар бор.

XS
SM
MD
LG