Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:49

"Ҳамма газета ўқиб, президент ташаббусларини кўрсин!" Наманган ҳокими Tik Tok тармоғини 1 ойга ёпишни таклиф қилди


Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов "Бунёдкор" маҳалласида, апрель, 2021
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов "Бунёдкор" маҳалласида, апрель, 2021

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Ўзбекистонда Tik Tok ва бошқа ижтимоий тармоқларни 1 ойга блоклаб қўйишни таклиф қилди.

Ҳокимнинг фикрича, шу йўл билан ёшларни китоб ва газетхонликка ўтказиш, аҳолини эса "президент ташаббуси билан сўнгги 5 йилда амалга оширилган ишларни" тушунадиган қилиш мумкин.

Ҳоким бу таклифни 3 июль куни Чортоқ туманида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар учрашуви”да - Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар фаолиятининг чекланиши баҳсларга сабаб бўлиб турган бир кезда - билдирди.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳаси назорати бўйича давлат инспекцияси “Ўзкомназорат” "шахсий маълумотларни қайта ишлашдаги қонунбузарликлар" сабабли баъзи ижтимоий тармоқларнинг ишини чеклаб қўйган.

Айни кунларда Ўзбекистонда Тwitter, ТiкТок ва ВКонтакте тармоқларида узилишлар кузатилмоқда, Skype мессенжери умуман ишламаётир.

Наманган вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураззоқов фикрича, Ўзбекистонда аҳолини президент Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги 5 йил ичида қилаётган ишларини "оддий ҳолатдай қабул қилиши"га ижтимоий тармоқлар сабаб бўлмоқда:

- “Битта бетини ювмаган чет элдан туриб мурожаат қилса, ҳамма ўшани… минг тўрт юз нечтаям комментарий бўлади. Буёқда давлатимизда қилинаётган ишлар, президент ташаббуслари билан қилинаётган ишлар, йўллар, сувлар, мактаблар, боғчалар, болницалар қуриляпти. У нарсаларни ҳамма оддий ҳолатдай қабул қилиб, “Ҳа қилиш керак-да”, деб қўя қолади. Қандай қилиш керак? Олдин ҳам, 26 йил ҳеч нарса қилинмади-ку. Беш йилда қанча ўзгариш? Одамлар, энди ҳамма ёқ очиқ бўлиб кетса, осмондаги ойни талаб қилишни бошлашади”, деди ҳоким Ш. Абдураззоқов 3 июль кунги учрашувда.

Бундан ташқари Ш. Абдураззоқов, айнан ижтимоий тармоқлар ёшларни ота-онаси билан мулоқотдан, газета ва китоб ўқишдан тўсмоқда, деб таъкидлади.

Ўзбекистонда “Ўзкомназорат” ташкилоти “шахсий маълумотларни қайта ишлашдаги қонунбузарликлар" сабабли айрим ижтимоий тармоқларнинг ишини чеклаб қўйгани, бунинг ортидан Тwitter, ТiкТок ва ВКонтакте тармоқларида узилишлар кузатилаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Наманган ҳокими Шавкат Абдураззоқов сўнгги бир неча ой ичида бот-бот ижтимоий тармоқлар тилига тушди.

Жумладан, шу йилнинг апрель ойида kun.uz нашрига берган интервьюсида, вилоят ҳокимларига қимматбаҳо автомобиллар керак, деб таъкидлаган ва буни шундай изоҳлаган эди:

“Мана, яқинда Покистоннинг Панжоб вилояти губернатори келди. 110 миллион аҳолига эга катта бир ҳудуднинг раҳбари Наманганга келиш бўйича таклифимизни қабул қилди. Шу каби яна бошқа кўплаб хорижий меҳмонлар ташриф буюради. Мана шундай меҳмонлар юртимизга келганида, уларни оддий машинада олиб юрмаймиз-ку! Бундай чиқимлар ўзини оқлайди, сабаби, бирор инвестор ё хорижий ҳамкор келганида, албатта, уларни қандай кутиб олишимизга ҳам эътибор беради, мана шундай жиҳатлар ҳамкорлигимизга таъсирини кўрсатади”.


Ўшанда ҳокимнинг изоҳи ҳам тармоқларда эътирозга сабаб бўлган, хусусан Телеграм тармоғидаги Davletov.uz каналининг эътирозига сабаб бўлган:

“Эҳ, ҳокимбува, қани эди, қиммат ва комфорт машиналар, кимўзарга меҳмоннавозлик учун инвестор, инвестиция келганида, ҳар бир туманга 10 тадан Prado ва бошқа қимматбаҳо машиналарни олиб бориб қўярдик. Афсуски, инвестор учун қиммат машина, иззат-икром, “ҳокимнинг ўзим жавоб бераман” деган гапи эмас, аввало, қонун устуворлиги, суд мустақиллиги ва кучли фуқаролик жамияти керак. Агар инвестицияси қонун ва институтлар билан кафолатланган бўлса, инвестор ўз машинаси билан келади, ҳокимликка қадам ҳам қўймаслиги мумкин. Қолгани ўзимиз ўйлаб топган нотўғри ёндашув”, - деб ёзди Davletov.uz канали.

Бундан ташқари, Наманган вилоят ҳокими биринчи бўлиб ўзига контейнердан уй қурдирган ҳоким сифатида ҳам танилган.

Президент Ш. Мирзиёев шу йилнинг фервлаь ойида Наманган вилоятига сафар қилган ва "кутилмаганда" абгор ҳолда яшаётган “Бунёдкор” маҳалласига борганди. Маҳалланинг аҳволи учун маҳаллий раҳбарларни танқид қилиб, тезликда бу маҳаллани обод қилишга топшириқ берганди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов “Бунёдкор” маҳалласида ўзига контейнердан уй қурдириб, то обод бўлгунча шу маҳаллада яшашини билдирганди.

Ўшанда ҳам бу ташаббус тармоқларда роса баҳс бўлган, аксар фойдаланувчилар буни танқид қилганди. Озодлик манбалари томонидан бу уй 7,5-8 минг долларга баҳоланган, аксар суҳбатдошлар, бу пулга қишлоқда ўртача уй қурса бўлади, деб ҳокимнинг бу ташаббусини танқид қилганди.

45 яшар Шавкат Шокиржонович Абдураззоқов 2020 йилнинг 24 сентябрида Наманган вилояти ҳокими этиб тайинланган.

Унга қадар 2017 йилнинг июль ойидан Наманган шаҳар ҳокими бўлган.

Шаҳар ҳокимлигига тайинлангунича эса, Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаментининг мудири вазифасида ишлаган.

XS
SM
MD
LG