Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:48

NASAнинг “Ingenuity” вертолёти Марсда яна ҳавога кўтарилди


Ўтган пайшанба куни Америка аэрокосмик агентлиги (NASA) Марсга юборган митти "Ingenuity" вертолёти иккинчи парвозини амалга оширди. Бу сафарги парвоз 52 сонияга яқин давом этди. Вертолёт беш метр баландликка кўтарилди.

NASA қошидаги Реактив ҳаракатланиш лабораториясида "Ingenuity" вертолётининг бош муҳандиси ўлароқ фаолият юритаётган Боб Баларам:

"Ҳозирча биз қабул қилган ва таҳлил қилган муҳандислик телеметрияси парвоз кутилган натижаларга мос бўлганини кўрсатмоқда", деди.

19 апрель куни "Perseverance" ровери ёрдамида Марсга етказилган "Ingenuity" вертолёти бошқа сайёрада бошқариладиган парвозни амалга оширган биринчи двигателли учиш аппарати сифатида тарихга кирган эди.

Вазни 1.8 килограмм бўлган "Ingenuity" вертолётининг илк парвози 39.1 сонияга яқин давом этди. Биринчи парвозда мослама уч метрдан зиёдроқ баландликка кўтарилди.

51.9 сония давом этган иккинчи парвоз давомизда "Ingenuity" 5 метрга кўтарилиб, қисқа муддат қалқиб турди, сўнг қийшайиб, ён томонга қараб учди.

"Вертолёт тўхтади, жойида қалқиб турди ва камерасини турли йўналишларга қаратиш учун бурилди", деди "Ingenuity" бош учувчиси Ҳавард Грип.

"Кейин қўниш учун аэродром марказига қайтди", дея сўзини давом эттирди Грип.

"Бу жуда оддий эшитилади, аммо Марсда вертолёт бошқариш ҳақида кўп нарса бизга номаълум".

Парвозлардан олинган маълумотлар ва тасвирлар Ерга етиб келиш учун 278 миллион километр масофани босиб ўтади. Сигналлар Ерда NASAнинг антенналари томонидан қабул қилиниб, қайта ишланади.

"Perseverance" ровери жорий йилнинг 18 февраль куни Марсдаги Езеро кратерига қўнган эди.

"Ingenuity" яна уч марта синов тариқасида учирилади.

Вертолёт зичлиги Ер атмосферасиникидан 100 карра паст бўлган Марс атмосферасида учиш технологиясини ўзлаштирмоқда. Марс атмосфераси Ер атмосфераси зичлигининг бир фоизига ҳам тенг эмас. Шу сабабдан "Ingenuity" кўтарилиши учун унинг роторлари дақиқасига 2 400 марта айланиши керак. Бу Ердаги вертолётлар роторлари тезлигидан беш бараварга кўп.

Ердан масофа ўта олис бўлгани туфайли вертолётни одам бошқаролмайди. Вертолётнинг асосий ҳаракатлари олдиндан дастурлаштирилган, аммо у ўз сенсорлари ва камерасидан олинган маълумотлардан фойдаланиб, реал вақтда қарор қабул қилиши керак.

Шунингдек, Ingenuity тунги ҳарорат минус 90°C га тушадиган Марсда жон сақлаш учун иситиш тизимига эга.

NASA ушбу митти вертолётдан анча катта Dragonfly роторли учоғини Сатурннинг муз қоплаган ойи бўлмиш Титанга юборишга ҳозирланмоқда. Dragonfly Титанга 2034 йилда етиб боради.

XS
SM
MD
LG