Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:22

Тошкентдаги мемориал ва "қаҳрамон"и йўқ ўзбеклар - тармоқлар Навальнийнинг ўлими ҳақида


Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” хиёбони. 16 февраль, 2024
Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” хиёбони. 16 февраль, 2024

Россия ва ташқарисидаги жамоатчиликни ларзага солган Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальнийнинг қамоқдаги ўлими ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментини бефарқ қолдирмади.

Россия Федерал Жазони ижро этиш хизмати 16 февраль куни мухолифатчи Алексей Навальний “Қутб бўриси” тутқунгоҳида вафот этгани ҳақида хабар қилган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.

Gazeta.uz” нашрининг ёзишича, Тошкентда ҳам кичик миқёсда бўлса-да Навальнийни хотирлаш акциялари ўтказилган. Хусусан, “Шаҳидлар хотираси” хиёбони, Россия элчихонаси, “Россотрудничество”, украин шоири Тарас Шевченко ҳайкали ва Космонавтлар майдонига гуллар қўйилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “Шаҳидлар хотираси” хиёбонига келган ўнлаб одамларнинг гул қўйишига тўсқинлик қилмаган, аммо ёдгорлик ёнида турмаслик ва шам ёқмасликни сўраган.

“Яна бир киши гуллар билан бирга Навальнийнинг суратини олиб келган, бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “сиёсатни бу ерда бошламаслик”ни сўраб, уни ёдгорлик ёнида қолдиришга рухсат бермаган. Эътирозларга жавобан Миллий гвардия вакили “уни биз ўлдирмаганмиз” деб таъкидлаб, йиғилганларга сиёсатчи учун уйида мотам тутишни таклиф қилди”, деб ёзади “Gazeta.uz”.

"Қамоққа тиққандан кейин ҳам ундан қўрқиш учун одам қанчалик қўрқоқ бўлиши керак...

Умид қиламанки, бу қўнғироқ уйқудаги ҳаммани уйғотади", деб ёзди "Корзинка" тармоғи раҳбари, ишбилармон ва жамоат фаоли Зафар Ҳошимов ўзининг Фейсбукдаги постида.

Иқтисодчи блогер Отабек Бакиров Навальнийнинг ўлимини “Россия учун, унинг эртаси учун тўлдириб бўлмас улкан йўқотиш” деб баҳолади.

“Ўзбекистонликлар Навальнийга нисбатан бетарафлаштирилган, бегоналаштирилган, меҳнат мигрантларимиз учун биратўла олабўжи қилиб кўрсатилган. Пропаганда уни Путиндан фарқи йўқ, миллатчи, доҳийликка даъвогар янги империячи ўлароқ тасвирларни ўзбекистонлик мияларга ҳам қуйишни уддалаган. Уни ўрганмаган, яхши билмаган мутлақ кўпчилик бунга ишонган”, деб ёзади у.

Бакировнинг ишонишича, “Орзудаги Ўзбекистонда ва келажакдаги Гўзал Россияда Навальний дўст, шерик ва тенг ҳамкор бўлган бўларди”.

“Афсуски, фақат китоблардагина эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қозонади. Реал ҳаётда эса ёвузлик ғолиб бўлади. Куч-қудрат ёвузлик қўлида бўлади. Навальнийнинг ўлими ёвузликнинг яна бир ғалабаси бўлди”, деб ёзди собиқ депутат ва жамоат фаоли Расул Кушербоев.

“Халқаро миқёсдаги ҳарбий жиноятчи режимининг қурбонлари яна биттага кўпайди. Бу режим қурбонлари ҳар куни кўпайишда давом этмоқда”, дея муносабат билдирди эксперт Комил Жалилов.

Таҳлилчи Анвар Назирнинг фикрича, аввалига рус миллатчиси сифатида фаолият бошлаган Навальний кейин кескин ўзгариб, Путиннинг коррупциясига қарши энг кучли ва муваффақиятли курашчига айланди.


“Шу пайтга қадар уни ўлдириш учун кўп уринишлар бўлди. Мана, охири ўлдиришди. Уни махсус усулда ўлдиришганини тахмин қилиш мумкин. Энди унинг жасадини текширишса ҳам, қийноқ изларини топиш имконсиз бўлади”, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчи Сардор Салим Навальнийнинг ўлимидан ўзбек жамоатчилиги икки хулоса чиқариши керак деб ҳисоблайди.

“Биринчидан, қаҳрамонларга зор жамиятнинг бахти қорадир. Нажот қаҳрамон ёки навбатдаги президентдан эмас, ўзимиз каби кичик, заиф инсонлар ўзаро гинани (жумладан, диндор-секуляр ихтилофини) четга суриб, уюшиб ҳаракат қилганидан келади. Иккинчидан, сиёсий жараёнларда қисқа муддатли спринтга эмас, узоқ марафонга тайёрланиш керак экан. Ислом Каримовнинг гапидан фойдалансак, “августда ҳаммаси яхши бўлиб кетмайди”, дейди Салим.

Жамоатчилик вакиллари орасида “Навальний ўзбеклар учун қаҳрамон эмас” деган фикр тарафдорлари ҳам бор.

“Айтиб қўяй, ҳеч қачон Навальнийга нисбатан симпатиям бўлмаган. Унинг шовинистик қарашлари менга ёқмасди. Қамалганида ҳам айби учун жазосини олмоқда деб ўйлаганман. Яширмайман, мен уни “Путиннинг проекти”, “шунчаки роль ўйнаб юрибди” деган хаёлда эдим. Аммо уни қамоқда ўлишини оқлаб бўлмайди. Шунингдек, Тошкентдаги Қатағон қурбонлари мажмуасида Навальний хотираси учун тадбир ўтказилишини қоралайман. Бу провокациядан бошқа нарса эмас. Навальний биз учун қаҳрамон эмас”, деб ёзди журналист Шарофиддин Тўлаганов.

“Совет мафкурасидан қолган зарарли иллат – қаҳрамон бўлиш учун ўлиш”, дея қисқа пост қолдилди “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов таъкидича, Навальнийнинг ўлдирилиши Путиннинг “майда шахс” эканидан далолат беради.

“Навальнийнинг қатл этилиши Путин майдалиги назариясига яққол ва инкор қилинмайдиган далил бўлди. Тарих китобларида яшовчи одамни ўша китобларда қўрқоқ деб аташади, у ўлдирган рақибини эса мард дейишади. Бу таъриф адолатли бўлади деб ўйлайман. Чунки ҳақиқатан Навальнийдек мард сиёсатчилар ҳар авлодда ҳам чиқавермайди”, дея хулоса қилади Б.Ҳошимов.

Форум

XS
SM
MD
LG