Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:29

Навальнийнинг собиқ координатори Россияга қайтмаслигини айтди


Сергей Бойко
Сергей Бойко

Aлексей Навальний идорасининг собиқ раҳбари Сергей Бойко 2020 йил сентябрида Новосибирск шаҳар кенгашига депутатликка сайланган эди. Ўшанда у Озодлик билан суҳбатда Навальний билан алоқаси у учун ортиқча муаммо бўлмаганини айтган.

Ўшанда у нега кўпчилик сайловчилар уни Кремл қўллаб-қувватлайдиган номзодлардан афзал кўрганини изоҳлар экан, “Навальнийнинг идоралари ҳеч қачон “Ягона Россия”га қўшилмаслигингизни кафолатлайдиган ўзига хос бренд”, деган эди.

Ўзига қарши жиноят иши очилганидан қўрққан 38 ёшли депутат ҳозирда Грецияда. У ўтган йил ҳақида эслаб, қисқа фурсат ичида Россиядаги воқеалар ривожи бу таҳлитда кечади деб ўйламаганини айтди.

“Aгар ўшанда менга Навальнийнинг беш йил давомида қурилган офислари биргина суд қарори билан ёпилади, Навальнийнинг ўзи қамоққа тушади дейишганда, бундай бўлмайди деган бўлардим”, дейди Бойко Озодликка.

Сергей Бойко Новосибирскда сайловчилар билан учрашувда. 2020 йил
Сергей Бойко Новосибирскда сайловчилар билан учрашувда. 2020 йил

Июнь ойида Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК) ва унинг минтақавий идоралари тармоғи "экстремистик" ташкилотлар деб топилди ва Россия ҳукумати томонидан тақиқланди. Ўшандан бери Навальнийнинг кўплаб минтақавий координаторлари хавфсизлик идоралари томонидан босимга учради.

“Коммерсант” газетасининг 29 ноябрь кунги хабарида айтилишича, мухолифат етакчисининг 38 та минтақавий координаторидан 14 нафари аллақачон Россияни тарк этган, уч нафарининг қаерда экани эса номаълум. Улардан фақат тўққиз нафари ҳали ҳам сиёсат билан шуғулланмоқда.

Ўтган ой охирида Навальнийнинг Бошқирдистондаги координатори Лилия Чанишевага нисбатан "экстремистик ташкилотга мансублик" айблови билан жиноят иши очилганидан сўнг Бойко Россияга қайтмаслик ҳақида якуний қарорга келган.

“Лилия қўлга олингач, баъзи суриштирувларни ўтказиб билдимки, менга қарши материаллар ҳам аллақачон тўпланган экан. Aгар Россияга қайтсам, аэропортдан тўғридан-тўғри тергов ҳибсхонасига боришимни тушундим”, - деди муниципал депутат. "Менда икки танлов бор эди, бири самолётга ўтириб қамоқхонага учиш ёки самолётга чиқмаслик".

Бойко, Германияда заҳарланиб бир ўлимдан қолганига қарамай, қамоққа тушишини билса‑да Навальнийнинг Россияга қайтганидан ҳайрон бўлганини билдирди.

“Навальнийнинг қайтиши, сўнг ҳибсга олиниши Путин ва Россия мухолифати ҳақида анчагина жиддий таасурот қолдирди”, дейди Бойко суҳбатда.

"Бу худди Инжил ҳикоясига ўхшайди, аммо менга эргашадиганлар камроқ. Мени миллионлаб одам кузатмайди ва мени ҳибсга олишдан ҳам маъно йўқ", қўшимча қилган у.

(чапдан ўнгга) Леонид Волков¸ Сергей Бойко¸ Алексей Навалний
(чапдан ўнгга) Леонид Волков¸ Сергей Бойко¸ Алексей Навалний

Бойко шаҳар кенгаши аъзоси сифатида масофадан туриб ишлаш ниятида.

“Менинг сайловчиларим олдида мажбуриятим бор ва бу мен учун жуда оғир масъулият. Aммо мен қамоқда туриб ҳеч кимга ёрдам бера олмайман”, дейди у.

Сентябрь ойида Россияда бўлиб ўтган миллий қонунчилик сайловларидан сўнг мамлакатда янги репрессия даври бошланди. Бунда хавфсизлик органларининг қандайдир сиёсий мақсадларга эришиши кўзланмаган.

“Масалан, Чанишева ишини олайлик, унда ҳеч қандай маъно-мантиқ ҳам, мақсад ҳам йўқ. Улар шунчаки қўлидан нима келса, шуни қилмоқда"

"Бу тизим худди кучайиб борадиган руҳий касаллик каби, у аллақачон бошланган ва ваҳшийлашган. Энди уни тўхтатиб бўлмайди", дея таъкидлади у.

Унинг башоратига кўра, Навальний тарафдорларидан кейин Саратов вилояти депутати, ҳақиқий мухолифатчи Николай Бондаренко навбатдаги нишон бўлиши мумкин.

“Россияда яшаётганингда, сени ҳибсга олишлари ва қамоққа ташлашлари мумкин, бунга доим тайёр бўлишинг керак”, деб хулоса қилган Сергей Бойко сўзини якунлар экан.

XS
SM
MD
LG