Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:50

Сурхонлик тадбиркор ҳибсдаги МХХ полковнигига қарши кўрсатма бермоқчи


МХХ собиқ полковниги Нодир Тўрақулов
МХХ собиқ полковниги Нодир Тўрақулов

22 январь куни қўлга олинган Миллий хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси полковниги¸ узоқ йиллар хизматнинг Сурхондарë вилоятидаги Тергов бўлимини бошқарган Нодир Тўрақуловдан жабр кўрган тадбиркорлар кўплигини президент Шавкат Мирзиëев алоҳида таъкидлаганидан сўнг¸ Озодликка шундай тадбиркорлар мурожаат қилмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:29 0:00
Бевосита линк

Улардан бири,​ Жарқўрғон туманида яшайдиган 64 яшар тадбиркор Субон Ваҳобов. Тадбиркор иддаосича, 2011 йилда вилоят МХХ тергов бошқармаси раҳбари лавозимида ишлаган Нодир Тўрақуловнинг оғзаки буйруғи билан, дўконидаги 250 миллион сўмлик (ўша пайтдаги расмий курс бўйича¸ 150 минг АҚШ долларига яқин) мол ва музлатгичлар зўрлик билан тортиб олинган.

Автоматлар билан қуролланган қора маскалилар уюштирган бу босқинчилик ҳақида ўша пайтдаги Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга телеграмма юборган тадбиркорнинг арзи ва бошқа идораларга қилган мурожаати ҳозиргача натижасиз қолиб келган:

- Сурхондарёда Нодир Тўрақуловнинг қонунсиз ишларига биринчи бўлиб "от қўйган" мен эдим. Чунки, Нодир талаган, ҳақорат қилган, мулклари тортиб олинган бирор киши унга қарши боролмади, дейди Субон Ваҳобов.

Тадбиркорнинг айтишича, 2011 йилнинг 27 август куни икки автобусда қуролланган маскалилар дўконидаги бор мол-мулкини ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмасдан олиб кетган:

-Маскаликлар билан келган бир йигит дўконингизни текширамиз, ҳужжатларни кўрсатинг, деди. Мен, “байрамга уч кун қолди, кейин келсаларинг ҳам бўлардику”, дедим. Бу ноқонуний текшириш, ана у дафтарга кимсиз, қаердан келгансиз, ҳаммасини ёзинг, кейин ҳужжатларни бераман, бўлмаса ҳозир президентга телеграмма бераман, деб бурилиб кетаётган эдимки, орқамга қаттиқ бир нарса урилди. Оғриқдан кўзим тиниб кетди, базўр қайрилиб қарасам маскаликлардан бири автомат қўндоғи билан урган экан. Кейин автобусдан яна 20 таси тушди ва мени ичкарига олиб кирди. Улар эрталаб соат 9 дан кечаси соат 9 гача уч КамАЗ мошинага бор молимни юкладилар, дейди тадбиркор.

Субон Ваҳобовнинг айтишича, бу босқинчилик Нодир Тўрақуловнинг топшириғи билан бўлган:

- Бу группанинг бошлиғи вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қаландаров экан. Бу Сурхондарёда Нодир Тўрақуловнинг ишончли одами бўлган, бос деган жойни босган. Нодир Сурхондарёга 2000 йилда янги ишга келган пайтида дўконга келиб мен билан разбор қилган ва мен бўйин бермаган эдим. Ўша пайтда солиқ инспектори тинмай Нодир билан телефонда “брат, нима қилай, брат нимани олайлик”, деб гаплашиб турганини эшитдим. Жарқўрғон ва вилоят миллий хавфсизлигидан ҳам икки киши бор эди ўша ерда, дейди Субон Ваҳобов.

Тадбиркорнинг айтишича, шундан сўнг, дўкон МХХ муҳри билан муҳрланган:

- Бу воқеа 27 август куни бўлган бўлса, мен 28 август куни дам олдим. 29-куни келиб, печатни бузиб дўконни очдим. Ташқарига фонтанларни ишлатиб, яна товар олиб келдим ва ишни давом эттирдим. Кейин ўша пайтдаги Жарқўрғон тумани МХХ бошлиғи Кенжаев деган навоийлик йигит мени чақирди. У, “Субон ака нега дўконни очдингиз, каттамиз Нодир Тўрақулов менга телефон қилиб, хафа бўлaяпти”, деди. Мен, қўлимда ҳужжатим бор, хоҳлаган пайт очаман, хоҳлаган пайт ёпаман, дедим. “Очманг, аканинг авзойи бузуқ, деди. Хўп, дедиму, келиб яна ишни давом эттиравердим”, дейди тадбиркор.

Шундан сўнг Субон Ваҳобов вилоят МХХсига чақиртирилган:

- Солиқдан телефон қилиб эртага келинг, бизни ҳам чақиртирган бирга борамиз, дейишди. 1 сентябрь куни, эрталаб соат 9ларда солиқ идорасига борсам, навбатчидан ташқари ҳеч ким йўқ, қани одамлар десам, вилоятга кетди ҳамма, МХХга, деди. Ўша пайтда МХХ деса, солиқчи борми, мелиса борми, прокурор борми ҳамма юмалаб қолгувчи эди. Борсам ҳаммаси кутиб турибди. Кейин уларни чақиришди, менга сизни отделwно қабул қилар экан, деди. Солиқчилар кириб дарров қайтиб чиқишди. Солиқни бошлиғи улар билан ташқарига чиққан икки одамни кўрсатиб, ана олдига боринг, деди. Секин бориб, Нодирга ассалому алайкум деб қўл узатсам, алик ҳам олмай орқага тур, деди. Кейин менга “сен зўрми”, деди. Мен, зўр эмасман, дедим. У, “нима учун сен мен ёпган дўконни бир кунда очдинг, мени ёпган дўконларим уч-тўрт йиллаб очилмайди. Сен мени устимга от ҳайдадинг, ҳе башарангга ... деди. Сени онангни ... деди. Ўзбекистонда яшашни истамасанг Тожикистонга кет”, деди. Мана сизга зўр! Ичим музлаб кетди. Уйга келдим, дейди Субон Ваҳобов.

Тадбиркорнинг айтишича, Нодир Тўрақулов ва унинг ўртасидаги зиддият анча йил давом этган:

- Лекин мен ҳам тинмай унинг устидан ёзавердим, у ҳам гоҳ солиқчи, гоҳ светчини менинг ишимдан камчилик топиш учун юбораверди. Бир ўғлим вилоят фуқаролик судида, бир ўғлим жиноят ишлари судида ишларди. Фуқаролик судида ишлаган ўғлимни ишдан ҳайдаттирди. Мени ҳам муддати ўтган товарни сотган, деб тўқима айб қилиб, судимий қилиб ташлади. Роса жабр кўрдим бу Нодир Тўрақулов деган МХХчидан. Унинг Сурхондарёдаги лақаби "каллахўр" эди, дейди Субон Ваҳобов.

Нодир Тўрақулов қамоққа олинганидан сўнг Ваҳобов президент Шавкат Мирзиёев порталига мурожаат қилиб, ўз ҳаққини тиклаш, кўрган зарарини Нодир Тўрақуловдан ундириб беришда ëрдам сўраган.

Орадан 15 кун ўтиб республика МХХдан Ваҳобовга қўнғироқ бўлиб, шикояти бўйича кўрсатма бериш учун Тошкентга келиши сўралган.

Суҳбат сўнгида Субон Ваҳобов Тошкентга боришга тайёргарлик кўраётганини айтди.

Сурхондарëда "донг таратган" МХХ зобити Нодир Тўрақулов президент Мирзиëев жорий йилнинг 19 январь куни Қизириқдаги йиғилишда МХХнинг айни вилоятдаги бошқармаси фаолияти¸ хусусан¸ МХХ расмийларининг тадбиркорларга кун бермаганини кескин танқид қилгани ортидан 22 январь куни Тошкентда қамоққа олинган эди.

Тўрақулов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 301-моддаси 1-қисми (Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш) ва 230-моддасининг 2-қисми (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати¸ хусусан¸ МХХнинг Сурхондарё вилоятидаги фаолияти¸ хизмат ходимларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан жабр кўрган бўлсангиз Озодлик билан боғланиб¸ бошдан кечирганларингиз ҳақида маълумот беришингиз мумкин.

Бунинг энг қисқа йўли:

TELEGRAM: @ozodnews ёки +420 724 971 539

XS
SM
MD
LG