Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:36

"Шартномаларни қайта кўриб чиқиш вақти келди". Ўзбек гази фақат Хитойга сотилмоқда


Ўзбек газининг асосий қисми Хитойга сотилмоқда.
Ўзбек газининг асосий қисми Хитойга сотилмоқда.

Ўзбекистон 2021 йилнинг ўтган 10 ойида 601,27 миллион долларлик газ экспорт қилган. Бу экспортнинг ҳаммаси Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Хитой томони бу борада берган рақамларда фарқ бор - Хитой Бош божхона бошқармасига кўра, бу муддат орасида Ўзбекистон Хитой Халқ Республикасига 2,57 млн. тонна газ етказиб берган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси берган рақамлардаги газ экспорти қиймати эса 4,5 миллион долларга кам ёки 596 миллион 800 минг долларни ташкил этган. Ўзбек томони статистикадаги фарқ юзасидан изоҳ бергани йўқ.

Мамлакатда энергетика инқирози авжига чиққан ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон президенти газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ички истеъмолга йўналтириш тўғрисида ҳукуматга топшириқ берган эди. Бу топшириқ бажарилган ёки бажарилмагани тўғрисида бирор расмий маълумот йўқ.

Озодлик суҳбатлашган мутахассислар газ экспорти бўйича шартномаларни қайта кўриб чиқиш вақти аллақачон етиб келганини таъкидламоқда.

Газнинг асосий қисми Хитойга сотилмоқда

Ўзбекистон ва Хитой ҳукумати эълон қилган охирги рақамлардан ўзбек гази фақат Хитойга сотилаётгани англашилади.

Хитой тарафига кўра, Ўзбекистондан бу муддат оралиғида 3,55 миллиард кубометрга тенг газ Хитойга экпорт қилинган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳисоб-китобича, Ўзбекистон ҳар 1000 метр куб газни Хитойга ўртача 168 доллардан сотмоқда.

Қизиқ тарафи, газни туркманлар Хитойга 197 доллардан, қозоқлар эса қарийб 170 доллардан пуллашмоқда”, деб ёзди таҳлилчи ўзининг Телеграм каналида.

Хитойга газ экспорт қилувчи асосий давлат Туркманистон бўлиб қолмоқда. Туркманистон ўтган 10 ой давомида умумий қиймати 5,4 миллиард долларлик 19,8 миллион тонна газ экспорт қилган.

Иккинчи ўринда Россия (5,9 млн тонна) ва Қозоғистон (3,73 млн тонна) бормоқда. Ўзбекистондан кейинги бешинчи ўринда Мьянма қайд этилган.

Мьянма Хитойга Ўзбекистондан 100 минг тонна кам, яъни 2,5 миллион тонна газ экспорт қилган. Бироқ бу газ учун Мьянма Ўзбекистондан икки баробар кўпроқ, яъни 1,2 миллиард доллар ҳақ олган.

Бошқа кузатувчилар ҳам Хитойга экспорт қилинган туркман гази ўзбек газинининг ўртача экспорт нархидан тахминан 35 долларга қимматроқ сотилганига эътибор қаратмоқда.

Газпром: Ўзбекистон 2021 йилда газ импорт қилувчи давлатга айланди

Бундан олдинроқ Россиянинг "Газпром" ширкати 2020—2021-йилларда Ўзбекистон газ экспорт қилувчи давлатдан импорт қилувчи давлатга айлангани тўғрисидаги маълумотларни эълон қилган эди. "Газпром"га кўра, Ўзбекистон ўтган йили Туркманистондан 0,9 млрд куб. м, жорий йилнинг фақат биринчи чорагида 1,5 млрд. куб. м газ сотиб олди.

Шу билан бирга, 2021 йилнинг биринчи чорагида Хитойга бор-йўғи 0,54 миллиард куб.м газ етказиб берилган, Россияга газ сотиш эса бутунлай тўхтаган. Энергетика вазирлиги 2025 йилга келиб газ экспорти бутунлай тўхтайди, деган тахминларини ҳам очиқлаганди.

Шу йилнинг 21 октябр куни Жиззахда бўлиб ўтган сайловолди учрашувида Мирзиёев Ўзбекистон хорижга сотилаётган газ ҳажмини оширмоқчи эмаслигини айтди.

- Авваллари газ сотардик, ҳозир сотиб олишга тайёрмиз. Чунки саноатимизга катта миқдорда газ керак. Қашқадарёдаги GTL заводимиз тайёр турибди, лекин мен ишга туширишга шошилмаяпман. Чунки бундай завод дунёда бешта. Газдан бензин олинади, қўшимча қиймат яратилади. Газ келажак авлодга қоладиган бойлик, ҳар хил шартномалар билан сотиб юборавериш керак эмас, - деган Мирзиёев.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон газни хомашё сифатида сотиш ўрнига ундан юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар, хусусан, Узбекистон GTL заводида бензин ва полимерлар ишлаб чиқаради. Айни учрашувда президент Қашқадарёда 3,6 миллиард долларга қурилган GTL заводини ишга туширишни "кечиктириб тургани"ни ҳам айтган. Экспертларга кўра, узлуксиз ишлаши талаб қилинадиган бу иншоот айнан газ хомаёшси етарли бўлмагани важидан ҳозирча ишга туширилмаяпти.

Ўтган йилнинг 16 декабрь кунги видеоселекторда Шавкат Мирзиёев ҳукуматга газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ берганини маълум қилганди.

Мирзиёев 2016 йил декабрида президентликка келишидан аввал аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт ичида вазият ижобий томонга ўзгармаган.

"Шартномалар қайта кўриб чиқилиши керак"

Озодлик билан суҳбатлашган Ўзбекистоннинг биринчи Энергетика вазири Анвармирзо Ҳусаинов фикрича, Ўзбекистонда газ савдоси бўйича шартномаларни қайта кўриб чиқиш вақти аллақачон етиб келган.

- Ўзбекистон кўп йиллар олдин Каримов томонидан имзолаган шартномаларни кўриб чиқмаяпти. Янги замонда номақбул контракларни қайта кўриб чиқиш керак. Нима учун биз мана шундай текинга берворишимиз керак катта бойлигимизни? Масалан, “Лукойл” компанияси қазиб олаётган газнинг 90 фоизини ўзига олади – 10 фоизи Ўзбекистонга тегади! Ва ўзимиздан қазиб олган газни юқори нархларда ўзимизга сотади. Ўзбекистон катта миқдорда қарздор бўлиб қолган эди “Лукойл”дан. Ҳукумат эски шартномаларни бекор қилиб, адолатли контрактларни имзолаши керак, - дейди Анвармирзо Ҳусаинов.

Собиқ мулозимга кўра, халқаро ҳуқуқ нормалари ва давлат қонунларига мувофиқ Ўзбекистон бу адолатсиз шартномаларни бекор қилиб, қайта кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин:

- Бу қарорларни қабул қилган, ўртага тушган, манфаатдор бўлган одамлар ҳалигача иқтидорда, юқори лавозимларда. Ўшаларнинг таъсир кучи катта бўлган, лекин охирги пайтларда улар сони камайди, кетди. Демак бу контрактларни қайта кўриб, тезда фойдали келишувлар қилиниши керак.

Анвармирзо Ҳусаинов Андижон автомобил заводи, нефт-газ, кимё ва бошқа соҳаларда илгари тузилган халқаро контрактлар ҳам қайта кўриб чиқилиши кераклигини айтади.

Мирзиёев инвесторларни "национализация"дан кафолатлаган

Бироқ таҳлилчилар сармоялар миқдорини ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати йирик хориж инвесторларига национализациядан ҳимоя кафолати берилганига ҳам эътибор қаратади: 2019 йилнинг декабрида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги "Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида"ги қонунини имзолаган эди.

Қонун ўзбекистонлик ва хорижий инвесторлар учун даромадларини четга олиб чиқиб кетиш ва уларнинг активларини давлат тасарруфига ўтказилишига йўл қўйилмасликни кафолатлайди.

Мамлакатда ишлаб чиқаришнинг катта қисми «Ўзбекнефтгаз» корхоналари (64,3%) ҳисобига тўғри келса, қазиб чиқариш бўйича иккинчи ўринда «Лукойл», учинчи ўринда Uz-Kor Gas Chemical компаниялари туради.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда қарийб 70 миллиард куб. м табиий газ ишлаб чиқариш имконига эга. “Ўзтрансгаз” бошқаруви собиқ раиси 2020-йил март ойида компания ички бозорга қарийб 40 миллиард куб. м газ етказиб бераётганини маълум қилганди.

Бироқ газ заҳираларнинг тугаши, технологик йўқотишлар ва самарали назорат тизимининг йўқлиги туфайли сўнгги 15 йил ичида Ўзбекистонда углеводородлар етказиб бериш сезиларли даражада камайди.

XS
SM
MD
LG