Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:55

The Diplomat: Ўзбекистон жанубда янги савдо йўлларини изламоқда


Президент Шавкат Мирзиёев Покистон Бош вазири Имрон Хон билан. 15 июль, 2021.
Президент Шавкат Мирзиёев Покистон Бош вазири Имрон Хон билан. 15 июль, 2021.

Жорий йилнинг март ойида ҳиндистонлик савдогар илк бор Ўзбекистонга тижорат юкини Покистон ва Афғонистон орқали йўллади. The Diplomat нашрининг ёзишича, Ўзбекистон учун жанубий қўшнилари орқали савдо йўлларини очиш устувор сиёсатга айланмоқда.

«Америка Овози» нашрига кўра, юборилган юк асосан Ҳиндистонда етиштирилган шакардан иборат бўлган. Юк дастлаб Ҳиндистондан Покистоннинг Карачи портига етиб борган. Бунинг ортидан Покистон орқали Афғонистонга етиб борган ва Торхам чегарасидан ўтиб, Кобулга йўл олган. Кейин эса юк машиналари Кобулдан Мозори-Шарифга ва сўнгра Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига етиб борган.

The Diplomat нашридаги мақола муаллифи София Нина Бурна-Асефига кўра, бу юк транзити камтарона бўлса-да, денгиздан олис Ўзбекистон учун катта ўзгаришларнинг бошланиши бўлиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатнинг Эрон ва Россия савдо йўлларига жиддий қарамлигини озайтириши мумкин.

Ўзбекистон учун Россия асосий савдо ҳамкори ҳамда жаҳон бозорларига асосий коридор бўлиб келади. Бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо алмашинуви ҳажми 7,5 миллиард долларни ташкил этади. Замонавий савдо алоқалари XIX асрга бориб тақалади. Ўшанда чор Россияси автомобиль йўллари, темир йўллар ва қувурларни ётқизиб, Ўзбекистонни Россия билан улаган.

Ўзбекистон барча қўшнисида денгизга чиқиш имкони бўлмаган дунёдаги икки мамлакатнинг биридир. Шунинг учун мамлакат йирик жаҳон бозорларининг четида қолиб келмоқда. Бироқ Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимият тепасига келганидан бери Ўзбекистон ушбу муаммоларни ҳал қилиш ва савдо йўлларини кенгайтириш бўйича мақсадли чора кўрмоқда. Жумладан, кейинги йилларда расмий Тошкент жанубдаги қўшниларига катта эътибор қарата бошлади.

Ўзбекистон учун Покистон денгиз портларига чиқиш муҳимдир. 2022 йилнинг март ойида икки мамлакат ўртасида ўнлаб маҳсулотларга тарифларни пасайтириш кўзда тутилган имтиёзли савдо битими имзоланди. Ушбу битимга биноан, икки давлат умумий ҳисобда 34 та маҳсулот учун божхона тўловларини 20 – 100 фоизга қисқартиради.

Ўтган йилнинг июль ойида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида транзит савдоси тўғрисидаги битим ҳам имзоланган эди. Битимга кўра, ўзбек юк машиналарига Афғонистон орқали тўғридан-тўғри Покистоннинг Карачи, Гвадар ва Бин Қосим портларига юк ташишга рухсат берилади. Яъни, Афғонистон – Покистон чегарасида юкларни Покистон юк машиналарига қайта юклаш шарт бўлмайди. Шунингдек, битимда миграция қоидаларини юмшатиш ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш кўзда тутилган.

Ушбу битимлар учун Афғонистон ўта муҳим, чунки мамлакат Ўзбекистон ва Покистон ўртасида жойлашган. Ўтмишда бу уч давлат йирик инфратузилма ва савдо лойиҳалари бўйича ҳамкорлик қилган. «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли бунга яққол мисолдир. Аммо лойиҳа жиддий қийинчиликларга дучор бўлган, чунки Толибоннинг турли фракциялари ўртасидаги ички келишмовчиликлар ҳамда Толибон халқаро миқёсда яккамохов бўлиб қолгани муаммо келтириб чиқармоқда.

Афтидан, Ўзбекистон учун Покистон денгиз портлари Эрон портларига нисбатан афзал. Ўзбекистон айни дамда Туркманистон орқали Эроннинг Бандар-Аббос денгиз портидан фойдаланмоқда. Бироқ Эронга қарши жорий қилинган санкциялар туфайли Ўзбекистоннинг Эрон орқали янги бозорларга чиқиш имконияти сезиларли даражада чекланган.

Толибон билан хуфия ҳамкорлик. Шартни ким қўйяпти?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:50 0:00

The Diplomat мақоласида эътироф этилишича, Покистон денгиз портларига чиқиш Ўзбекистоннинг бошқа йирик ташвишлари билан ҳам боғлиқ. Қозоғистон ва Украинада содир бўлган сўнгги ҳодисалар Тошкентда хавотир уйғотган.

Айниқса, Украинадаги сўнгги воқеалар Мирзиёевни жанубга юз буришга ундади. Россияга қарши киритилган санкциялар мамлакатнинг савдо имкониятларини деярли бутунлай фалажлади, бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Энг йирик юк ташиш компаниялари Қора денгиз орқали МДҲ мамлакатларига экспортни тўхтатиб қўйди.

XS
SM
MD
LG