Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:25

Ижтимоий масофа ва ижтимоий тенгсизлик. Ўзбекистонда карантин чораларига нима бўлди?


Тошкент, Ўзбекистон.
Тошкент, Ўзбекистон.

Ўзбекистонда 13 августдан масжидларда яна жума намозларини адо этишга рухсат берилди. Аввалроқ Республика махсус комиссияси умумий овқатланиш объектлари фаолиятига чекловларни ҳам юмшатган эди.

Янги талабларга мувофиқ, масжид ва ресторанларнинг ишчи-ходимлари ҳам ташриф буюрувчилар ҳам коронавирусга қарши эмланган бўлиши, тиббий ниқобда ва ижтимоий масофа сақлаши лозим.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бозор, кўнгилочар масканлар пандемиядан олдин қандай гавжум бўлса, бугун ҳам деярли шундай.

Бозорларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда одамларнинг тиббий ниқобсиз юриши, қучоқлашиб кўришишлари одатий ҳол.

“Жамоат транспортларида ҳам одамлар тиббий ниқоб тақмай қўйди. Ижтимоий масофа деган нарсага, бир йил бўляпти, ҳеч ким амал қилаётгани йўқ”, - дейди тошкентлик Комила.

9 август куни Токио Олимпиадасидан қайтиб келган ўзбек спортчиларини кутиб олиш учун Тошкент халқаро аэропортида уюштирилган тадбирда ҳам кутиб олаётганлар орасида ижтимоий масофа йўқлиги ва қатнашчиларнинг кўпчилиги ниқобсиз экани кўринди.

Ўзбекистон масжидларида ҳам намозлар ниқоб таққан ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда очиқ саҳналарда адо этилиши кераклиги айтилган. Қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришиш тақиқланади.

Лекин Озодликка юборилган тасвирларда ижтимоий масофа қоидаларига амал қилинмаётгани кўринади.

Бир пайтнинг ўзида оммавий тадбирларни чеклаш борасидаги ҳукумат комиссияси қарорларининг кўпинча расмий тадбирлар чоғида бузилаётганини кузатиш мумкин.

Карантин чораларига қатъий амал қилиш, тиббий ниқоб тақиш ва ижтимоий масофа сақлаш ҳақида ўзбекистонликларнинг бот-бот огоҳлантираётган давлат раҳбари - Шавкат Мирзиёевнинг ўзи охирги марта ўтган йили тиббий ниқоб таққан ҳолда кўринган.

"Бало энг яқинимизда"

Одамлар орасидаги бу каби хотиржамлик Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна кўпая бошлаган бир пайтда кузатилмоқда.

“Мен касал эмасман, бало ҳам урмайди, ён-атрофимда одамлар бинойидек юрибди” деб ўйлайдиганлар кўп, афсуски. Лекин, ўша бало энг яқинимизда. Одамлар жуда барвақт хотиржамликка берилган”, - дейди Тошкентдаги “ЭраМед” хусусий тиббий клиникаси шифокори Гулбаҳор Норбоева.

Ўзбекистоннинг Коронавирусга қарши курашиш штаби бошлиғи Нурмат Отабеков ўтган ҳафта Тошкентда ўтказилган брифингда одамларнинг “бемалолгарчиликка берилгани” ҳақида гапирганди.

“Ҳаддан ортиқ бемалолгарчиликка берилиш, касаллик юқиб қолиши мумкин, деган хавотирнинг йўқолиши, қатор тавсияларга эътиборсизлик — ниқоб тақмаслик, ижтимоий масофа сақламаслик, антисептик воситалардан фойдаланмаслик оқибатида касалланиш кўрсаткичи ошиб кетди”, - деган Отабеков.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 11 август ҳолатига кўра, 140 минг нафардан ошган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига мувофиқ, мамлакат бўйлаб коронавирусга чалиниш билан боғлиқ кунлик рақамлар 900 минг кишидан кўпроқни ташкил этмоқда.

Жойлардан олинаётган хабарларда эса, вазият яна ҳам мураккаб экани айтилади.

“Кўчамизда касаллик кириб бормаган хонадон қолмади. Ўйлардан майит чиқиши оддий ҳол бўлиб қолди”, - дейди Тошкентнинг Юнусобод тумани, “Шодлик” маҳалласи турғуни.

Хоразм вилояти Урганч туманида шу ой бошида бир кунда бир хонадондан икки майит чиқди.

“Бобо ва невара бир кунда коронавирусдан ўлди. Бир кунда жанозаси бўлди. Хонадон мансубларидан яна бири оғир аҳволда ётибди. Касалликни юқтириш кўп бўляпти. Гумбур-гумбур тўйлар ҳам кўп”, - Урганч тумани марказида яшовчи Жуманазар.

"Касалликдан қўрқмаслик ҳисси энг катта хавф"

Тошкентдаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов одамлар онгидаги касалликдан қўрқмаслик ҳисси энг катта хавф эканини айтади.

“Менга бало ҳам қилмайди, дегувчилар, афсуски кўп. Касалликдан қўрқмаслик халқимизда азалдан бор. Ҳатто ўзим гувоҳи бўлдим, Зангиотада ётган ковид беморлар дўконга чиқиб келаман, деб бемалол одамлар орасига кириб кетаётганини. Аслида, мана шу касаллик юқиши хавфини менсимаслик катта хавф”, - дейди Ташанов.

Ўтган йилги қатъий карантин чораларидан фарқли, президент Мирзиёев бу йил "ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз", деб айтган.

Мирзиёев бунинг сабабини иқтисодиётни кўтаришга қаратилган чоралар билан изоҳлаган, “ёпилсак, қўйилган марраларга эришолмаслигимиз мумкин”, деганди.

Аммо афтидан, тартиб интизомни кучайтириш борасида ҳукумат қийинчиликларга дуч келмоқда.

Маҳаллий кузатувчилар бунинг ортида расмийлар айтаётган одамларнинг хотиржамликка берилганидан ташқари, иқтисодий омиллар ҳам турганини айтишади.

Ишсизлик даражаси юқори ва аҳолини ижтимоий дастаклаш заиф бўлган Ўзбекистонда одамлар олдидаги танлов унчалик катта эмас.

Маҳаллий блогерлар ҳукуматнинг коронавирусга қарши айрим чораларини "иккиюзламачилик" деб аташди. Шу йилнинг 8 август куни иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм-каналида миллионлаб ўзбекистонликнинг тирикчилиги ҳисобланган умумий овқатланиш корхоналарига чекловлар мамлакат элитасига тегишли деб билинадиган бизнесларни четлаб ўтгани ҳақида ёзди.

Унинг сўзларига кўра, пойтахтда ҳам, вилоятларда ҳам сектор раҳбарларига тегишли жойлар амалда "қонундан ташқарида". Емакхоналар фаолиятига чекловлар юмшатилишидан аввал ҳам у ерларда бизнес одатдагидек давом этган.

Айни пайтда Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси эълон қилган маълумотлар минтақалар ўртасидаги тенгсизлик ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Жумладан, энг бой Навоий вилояти билан энг камбағал Наманган вилояти ўртасида жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмидаги фарқ 5 баробардан кўпроқни ташкил этган.

Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб ижтимоий тенгсизликнинг кучайиши, бойлар ва камбағаллар орасидаги тафовутнинг ортишига сабаб бўлган. Пандемия арафасида Ўзбекистон ҳукумати камбағалликни расман тан олган ва унга қарши кураш чораларини эълон қилган эди. Аммо маҳаллий кузатувчиларга кўра, хусусан, пандемия вақтида камбағал аҳолини қўллаб- қувватлашга қаратилган чоралар етарли бўлмаган. Озодлик тадқиқоти ўзбекистонликларнинг ўртача маоши Тошкентдаги хусусий клиникада ковиддан 1,5 кун даволаниш учун етарли бўлишини кўрсатган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ўртача ойлик миқдори 2 миллион 971 минг 100 сўмни ташкил қилган.

Ўзбекистондаги хусусий клиникаларда ковиддан бир кун даволаниш беморга ўртача 2 млн.сўмга, бундай клиникаларнинг жонлантириш бўлимларида бир кун ётиш эса, камида 4 млн. сўмга тушади.

XS
SM
MD
LG