Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консули Ўзбекистон фуқароси Сакен Толиповнинг январь воқеалари бўйича ҳибсга олингани муносабати билан Қозоғистонга нота йўллаганини маълум қилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нота юборилгани ҳақидаги маълумотни Озодликнинг қозоқ хизматига тасдиқлади, аммо унинг мазмунини очиқлашдан бош тортди.
17 ёшли Толипов ўтган йили кузда онаси билан бирга Қозоғистонга келиб, Олмаотадаги турар-жой мажмуаларидан бирида қоровул бўлиб ишлаган. Қариндошлари айтишича, 4 январь куни Толипов “Алмати Арена” муз саройи ёнида бўлаётган тинч митингга борган, у ердан оломон билан бирга акимат олдидаги майдонга йўл олган.
Кўча видеокамералари олган тасвирда унинг ердан полиция қалқони ва резина таёғини олаётгани акс этган.
Толиповни январь ойи бошида қўлга олиб, икки ойга ҳибсхонага йўллаганлар. У “оммавий тартибсизликларда иштирок этиш”дан ташқари, “фавқулодда ҳолат эълон қилинган ҳудудда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходими ҳаётига қасд қилиш”да ҳам айбланмоқда.
Сакеннинг онаси Камшат Дербисалиева ўғли шаҳарни билмаслигини, намойишга уни бир таниши олиб кетганини айтади. Толиповнинг адвокати унга қўйилаётган айбловни “асоссиз” деб ҳисобламоқда. Унга кўра, тергов материалларида мавжуд видеоёзув Толипов ўша куни майдонда бўлганини тасдиқлайди холос.
Суд “гумонланувчи мамлакатдан чиқиб кетиб, терговдан яшириниши мумкин” деган важ билан адвокатнинг эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартириш ҳақидаги илтимосномасини рад этган. Гумонланувчининг онаси бу важни мантиқсиз деб ҳисоблайди, чунки, унинг айтишича, ўсмир отаси ёки онаси розилигисиз чегарадан ўта олмаган бўлур эди.
Аёл тергов ҳаракатларидан сўнг ўғлининг аҳволи ёмонлашганини, ҳибсда у қийноққа солинган бўлиши мумкинлигини айтади.
Қозоғистонда январь воқеалари муносабати билан ўндан ортиқ чет эл фуқароси қўлга олинган эди. Бу воқеаларда Қирғизистоннинг икки ва Ўзбекистоннинг бир фуқароси нобуд бўлди. Қозоғистон расмийлари ўз баёнотларида январь воқеаларини “ташқи кучлар” уюштирганини, “жангарилар” мамлакатга “гастарбайтер” ниқоби остида кириб олишганини иддао қилган, аммо сўзларига биронта ҳам далил кўрсатишмаган.
Январь ойи бошида концерт бериш учун Олмаотага келган қирғиз мусиқачиси Викрам Рўзахунов билан юз берган воқеалар катта шов-шув бўлди. Қозоғистон кучишлатар ходимлари уни қўлга олиб, шафқатсизларча калтаклашди, сўнгра давлат телеканалида юз-кўзи моматалоқ бўлган Рўзахунов Олмаотадаги тўполонларда қатнашганига иқрор бўлгани акс этган видео ёйинланди. Аммо қирғизистонликлар ТВда ўз юртдошларини таниб қолишди – жанжал кўтарилди. Шундан сўнг Қозоғистон Викрам Рўзахуновни озод қилиб, юртига жўнатиб юборди. Қирғизистон ТИВ Қозоғистонга норозилик нотаси йўллади.
Чолпонбек Сидиқов исмли яна бир қирғизистонлик 8 январь куни Олмаота яқинидаги блок-постда қўлга олинган. Уни тартибсизликларда иштирок этганликда айблаганлар, кейин эса полиция бўлимида қаттиқ калтаклашган. Чолпонбекнинг мияси чайқалиб, иккала оёғи (болдиридан) ва олти қовурғаси синган. Қирғизистон ТИВ Сидиқов калтакланиши муносабати билан Қозоғистон элчисига норозилик нотасини топширди ва Қозоғистон хавфсизлик кучлари ходимларининг “хатти-ҳаракатларидан ташвишдалигини билдирди”.