Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2025, Тошкент вақти: 09:01

Геосиёсий хатарлар. Россия билан янги ҳарбий келишув Ўзбекистонга нима беради?


Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов Ўзбекистон мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов билан. Тошкент, 22 январь, 2025 йил.
Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов Ўзбекистон мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов билан. Тошкент, 22 январь, 2025 йил.

Ўзбекистон Украинада давом этаётган уруш туфайли халқаро майдонда яккаланиб қолган Россия билан ҳарбий ҳамкорликка оид икки ҳужжат – 2025 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси ҳамда 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳадаги стратегик ҳамкорлик дастурини имзолади. Бу Тошкент учун қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкин?

Битимлар мазмуни ва ижтимоий тармоқлардаги мунозаралар

Ҳужжатлар мазмуни расмий хабарларда умуман ёритилгани йўқ.

Россия Мудофаа вазирлиги чиқарган қисқагина хабарда Россия ва Ўзбекистон мудофаа вазирликлари ўртасидаги 2025 йилга мўлжалланган Ҳамкорлик режаси “икки мамлакат ҳарбий идоралари фаолиятининг барча йўналишлари”ни қамраб олувчи 50 та қўшма тадбирни ўз ичига олиши айтилади.

Россия нашрлари Мудофаа вазирлигига яқин манбага таяниб ёзишича, бу ерда гап делегациялар алмашиш, қўшма машғулотлар, ўқув-тайёргарлик ишлари, қуроллар билан танишув ва бошқа тадбирлар ҳақида бормоқда.

Ўзбекистон расмий матбуоти бўлажак ҳамкорликка доир бирон бир тафсилотни очиқламади. Натижада икки мамлакат ҳарбий соҳада ҳамкорликни чуқурлаштираётгани ҳақидаги хабар интернетда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

"Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш". Тошкент "чуқур ташвишда", аммо норозилик нотаси йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:42 0:00

Ахборот тақчиллиги шароитида фойдаланувчилар фақат тахмин қилишлари мумкин, холос. Шу боис айримлар мазкур келишувлар ўзбекларнинг Россия Украинада бошлаган ва қарийб уч йилдан бери давом этаётган уруш каби қуролли можароларда иштирок этишини ҳам назарда тутармикан, дея хавотир билдиришди.

Бу мавзу Ўзбекистонда анчадан буён кун тартибида турибди. Яқинда суд Россия тарафида Украинага қарши жанг қилган 39 ёшли андижонликка чет мамлакатлардаги қуролли можароларда қатнашишга ёллангани учун 4 йилга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Баъзи кузатувчилар жазони етарли эмас деб топиб, мамлакатда Россия кучлари сафида Украинага урушга борганларни енгилроқ жазоларга ҳукм қилиш тенденцияси кузатилаётганини урғуладилар.

Геосиёсий хатарлар: санкциялар ва дипломатик изоляция

Яна баъзи ўзбекистонликларни мамлакатнинг Россия ҳарбий тизимига интеграцияси қанчалик чуқур бўлиши ва бу қандай хавф-хатар туғдириши мумкинлиги қизиқтирди.

Зеро, тахминларга кўра, битимлар ҳарбий технологиялар етказиб бериш ҳам назарда тутилган.

Ўтган йилнинг май ойи охирида, Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки мамлакат қайта қуролланиш дастурига оид катта битим имзолашни режаламоқда, деган хабарлар пайдо бўлган эди.

Ўшанда Россиянинг Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати (ҲТҲФХ) раҳбари Дмитрий Шугаев Россия ОАВларига берган интервьюсида шартнома спектри жуда кенг бўлиши мумкинлигини айтган.

“Нима бўлганда ҳам бу ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва қуруқлик қўшинлари техникаларига тааллуқли ҳужжат бўлиши шубҳасиз. Ўзбек ҳамкасблардан ёрдамимизни аямаймиз”, деган эди ҲТҲФХ директори.

Январнинг ўрталарида Global Firepower ҳарбий-таҳлилий портали Ўзбекистонни дунё мамлакатлари армиялари рейтингида 145 давлат ичида 58-ўринга қўйди. Портал Ўзбекистонни ушбу кўрсаткич бўйича Қозоғистондан орқада, лекин Марказий Осиёнинг қолган барча мамлакатларидан кучли дея баҳолаган.

“Ҳақиқий ўзаро дўстлик”. Путин Ўзбекистонда қолиб кетди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:17 0:00

Россиянинг қуроллар экспорти-импортида воситачилик қилувчи “Рособоронэкспорт” ширкати маълумотига кўра, Ўзбекистон совет давридан қолган қуроллар ва техникалардан ҳануз фаол фойдаланади ва 2000-йиллардан бери Россиядан ўқотар қуроллар, тунда кўриш жиҳозлари ва махсус воситалар харид қилиб келмоқда.

Ўзбекистонлик собиқ дипломат ва мустақил журналист Алишер Таксанов айни шароитда ҳамкорликнинг кенгайишидан Тошкент наф эмас, қайтага зарар кўради, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Россия ҳарбий технологиялари илғорлиги бўйича Ғарбдаги аналогларига ютқазади, бинобарин Москва билан ушбу соҳада ҳамкорлик Ўзбекистон қуролли кучларини рақобатга чидамсиз қилиб қўйиши мумкин.

Боз устига, Ўзбекистон қурол-аслаҳа ва эҳтиёт қисмлар таъминоти, ҳарбий мутахассисларни ўқитиш бобида Россияга тобе бўлиб қолади, дейди эксперт.

“Москва билан сиёсий ёки иқтисодий келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда бу мамлакатни қалтис аҳволга солади”, таъкидлайди таҳлилчи.

Бунақа битимлар Россия учун манфаатли. Сабаби маълум: сўнгги йилларда мисли кўрилмаган санкциялар остида қолган ушбу мамлакат 2022 йилда Украинага босқин бошланганидан сўнг у билан алоқаларни сақлаб қолган давлатлар билан иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилмоқда.

Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов 22 январ куни Тошкентга ишчи ташрифи чоғида Ўзбекистон билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорликнинг муҳимлигини урғулади.

“Биргаликда қилаётган ишларимиз Марказий Осиё минтақаси хавфсизлигини таъминлашга салмоқли таъсир кўрсатмоқда”, деди у.

Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари, чунончи, Қозоғистон ва Қирғизистондан фарқли ўлароқ Ўзбекистон ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий давлатлараро блоклардан масофаланишни маъқул кўради. Россия ва Марказий Осиёнинг айрим мамлакатлари аъзо бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи каби бирлашмаларда Ўзбекистон йўқ. Мамлакат ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлмоқчи эмас ва бунақа нияти йўқлигини сўнгги бор ўтган йилнинг октябрида, парламентнинг қуйи палатаси спикери Акмал Саидов тили билан маълум қилди.

“Биз ушбу ташкилотнинг мингдан зиёд ҳужжатларини синчиклаб ўрганиб чиққач, бугунги кунда Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомида қолишдан манфаатдор, деган хулосага келдик. Масалан, қозоқ қўшниларимиз ЕОИИга аъзо бўлиб киришдан жуда кам манфаат кўришди”, деганди ўшанда Саидов.

Бироқ бунақа ёндашув икки томонлама ҳамкорликка татбиқ этилмайди. Ўзбекистон ўтган йили май ойининг ўзида Россия билан турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга доир 27 та ҳужжат, шу жумладан, кичик атом станцияси қуриш тўғрисида шартнома имзолаган.

Берлиндаги Карнеги маркази эксперти Темур Умаров Россия кўп йиллардан бери Ўзбекистон учун, умуман минтақадаги барча мамлакатлар учун энг камида “ҳукмрон режимнинг хавфсизлик кафолати” бўлиб келаётганини урғулайди.

“Украинадаги уруш Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ўртасидаги алоқаларга таъсир қилмади, улар аввалгидек мустаҳкамлигича қолди. Ўзбекистон ва Россия 1990-йиллардан бери мавжуд икки томонлама ҳужжатлар асосида ҳарбий ҳамкорлик қилиб келишади. Шундай экан, янги имзоланган режа – икки мамлакат ва режимнинг кўпдан бери маълум ўзаро яқинлигини тасдиқлашдан бошқа нарса эмас”, дейди Умаров.

Россия ва Ўзбекистон ҳарбий соҳадаги биринчи стратегик ҳамкорлик дастурини (у ҳам беш йиллик эди) қарийб тўрт йил олдин имзолаган. Ўша ҳужжат мазмуни ҳам очиқланмаган.

Ўзбекистон Россия томонида урушганларга енгил жазо бермоқда. Нега?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:43 0:00

Собиқ дипломат Таксановга кўра, Тошкент айни шароитда Россия билан ҳарбий ҳамкорлик чуқурлаштиришнинг рисклари, жумладан Ғарб мамлакатларининг иккиламчи санкцияларига йўлиқиш эҳтимоли ҳақида ўйлаб кўриши керак. Чунки, дейди эксперт, Ғарбнинг чеклов чоралари нафақат ҳарбий соҳани, балки иқтисодиётни, айниқса замонавий технологиялар ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини ҳам қамраб олади.

“Тажовузкорлиги учун жаҳон ҳамжамиятининг катта қисми қоралаган Россия билан бу қадар яқин бўлиш мамлакатнинг халқаро имижига путур етказади. Бу каби қадамлар жаҳон ҳамжамиятига интеграция бўлишга халал бериб, етакчи халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни чиппакка чиқариши мумкин. Қолаверса, Россия Ўзбекистонни турли ҳарбий ёки сиёсий можароларга тортиб, ундан ўз геосиёсий ўйинларида фойдаланиши хавфи ҳам бор, бу эса Ўзбекистоннинг манфаатларига тўғри келмайди”, дея хулоса қилади Таксанов.

Форум

XS
SM
MD
LG