Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:34

Иқтисодий ва сиёсий савдо. Россия ташқи савдода яна Ўзбекистоннинг биринчи ҳамкорига айланди


Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов россиялик ҳамкасби Михаил Мишустин билан Евросиё ҳукуматлараро кенгаши саммитида. Қозон шаҳри, Татаристон. 19 апрель, 2021.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов россиялик ҳамкасби Михаил Мишустин билан Евросиё ҳукуматлараро кенгаши саммитида. Қозон шаҳри, Татаристон. 19 апрель, 2021.

Ўзбекистон ҳукумати эълон қилган ташқи савдога доир янги маълумотлар 2014 йилдан буён Россия илк бор Хитойдан ўзиб кетганини кўрсатмоқда.

Давлат статистика қўмитаси ўтган ҳафта эълон қилган маълумотларига кўра, Россия билан ўзаро савдо ҳажми 7,5 миллиард долларни ташкил этган, бу Хитой билан қайд этилган 7,4 миллиард доллардан бир оз кўпроқ.

Ўзбекистоннинг Россия ва Хитой билан савдо айланмаси мос равишда 3,4 миллиард доллар ва 2,4 миллиард доллар манфий сальдога эга.

Мамлакатнинг умумий ташқи савдо улушида Қозоғистон (3,9 миллиард доллар), Туркия (3,4 миллиард доллар) ва Жанубий Корея (1,9 миллиард доллар) ҳам ўрин олган.

Ўзбекистон билан ташқи савдога доир маълумотларни шарҳлаган Eurasia.net нашрининг ёзишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат иқтисодиётини дунёга очиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўзини оқлаган.

"Ўзбекистоннинг ташқи савдоси сўнгги йилларда кучли ўсишни қайд этмоқда. Ўтган йил CОVID-19 пандемияси глобал иқтисодиётга жиддий зарба берганига қарамай, мамлакатнинг 2021 йилдаги савдо айланмаси 42,1 миллиард долларни ташкил қилди. Бу 2020 йилга нисбатан 5,8 миллиард долларга кўп деганидир", дейилади мақолада.

Нашрнинг солиштиришича, 2019 йилда Ўзбекистон 42,2 миллиард долларлик ташқи савдони амалга оширган. Бу марҳум президент Ислом Каримов вафот этган 2016 йилдаги 24,2 миллиард долларлик кўрсаткичга нисбатан анча ижобий ўзгаришдир.

Eurasia.net га кўра, 2010 йилларнинг бошидан бошлаб Хитойнинг Ўзбекистон билан савдоси ўсди. Бунга ўн йилликнинг биринчи ярмида Россия билан савдо ҳажми пасайгани ҳам сабаб бўлди. 2010 йилнинг ўрталаридан бошлаб эса Ўзбекистон Россия ва Хитой билан ташқи савдода деярли бир хил кўрсаткичларини қайд этиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг 2020 йил декабрь ойида Москва бошчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи бўлиб қўшилиши Россия импортини яна бироз жонлантирди.

Россия компаниялари ҳам Ўзбекистон бозоридаги иштироки бўйича етакчилик қилмоқда. 2022 йил бошига кўра, Ўзбекистонда 2300 дан ортиқ Россия капитали иштирокидаги компаниялар фаолият юритмоқда. Хитой капитали иштирокидаги компаниялар эса 2000 тадан камроқ.

Нашрнинг таҳлилчи Фарҳод Мирзабоевдан иқтибос келтиришича, CОVID-19 пандемияси Хитой билан савдони тўхтатиб туришга сабаб бўлган бўлиши мумкин.

«Хитой билан логистика занжири мураккаблашди. Бунинг ортидан транспорт харажатлари ошди. Менимча, буларнинг барчаси вақтинчалик. Агар Ўзбекистон Евроосиё Иттифоқига қўшилмаса, Хитой тез орада яна етакчилик мавқейини тиклайди», — деб айтган ўзбекистонлик таҳлилчи.

Eurasia.net Ўзбекистон ҳукуматнинг табиий газ экспортини тўхтатиш қарори келгуси кўрсаткичларга таъсир қилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда

Аввалроқ Энергетика вазирлиги расмийси "газ экспорти тўлиқ тўхтатилгани ва ҳозирда фақат ички истеъмолчиларга етказиб берилаётганини айтган.

"Ўзбекистон газни асосан Хитойга экспорт қилиб келган. 2021 йилнинг январь-октабр ойларида мамлакат Хитойга 4 млрд.куб метр газни 600 миллион долларга сотган. Россия Ўзбекистон билан газ олди-сотдисини 2020 йилдаёқ тўхтатган", деб ёзади Eurasia.net.

"Путин Россияси билан савдо"

Айни пайтда ташқи савдода Россия улушининг ортиши ўзбекистонлик айрим иқтисодчилар назарида "хавотирли тенденциядир".

Мустақил иқтисодчи ва блогер Отабек Бакировнинг ёзишича, "Россиянинг Хитойни ортда қолдиришида биринчи навбатда Россия кредит ва қарзлари ҳаддан зиёд ўринга эга. Бошқача айтганда, Путин Россиясидан олган кредит ва қарзлар эвазига Путин Россиясининг товар ва хизматларини сотиб олаяпмиз. Бу жуда ёмон тенденция", деб ёзди Отабек Бакиров ўзининг Телеграм -каналида.

Россия етакчилигидаги ЕОИИнинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 30 фоиздан ошганига эътибор қаратган муаллифга кўра, "советча мустамлакачиликнинг ва иқтисодий гегемониянинг янги шакли бўлган ЕОИИ" Ўзбекистоннинг иқтисодий суверенитетига реал хавф солади.

Бакировнинг фикрича, аслида Хитой ҳам Ўзбекистон учун ташқи савдода исталган шерик бўла олмайди.

"...агрессия ва сиёсий элитани коррупциялаштириш асосий қадрияти бўлган бу икки давлатнинг Ўзбекистонга иқтисодий таъсири шиддат билан юксалмоқда", деб ёзган Бакиров Ўзбекистон "кўпроқ қўшнилари билан савдо қилиши кераклиги, бу бойишнинг энг арзон ва афзал йўли", эканини таъкидлайди.

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистоннинг қўшнилар билан чегаралари очилган ва савдо ҳажми ортган. Аммо янги эълон қилинган рақамлар 2021 йилда, хусусан, Афғонистон ва Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан ташқи савдодаги улуши қисқарганини кўрсатмоқда.

XS
SM
MD
LG