Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:30

“Москва заифлашди, Тошкент жасурлашди”. Ўзбекистон ТИВ Украинага оид позициясини очиқлади


Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А. Комилов (чапда) россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан, 2 март, 2021, Москва
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А. Комилов (чапда) россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан, 2 март, 2021, Москва

Украинада уруш бошланганидан 22 кун ўтиб, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов илк бор мамлакатининг бу борадаги расмий позициясини очиқлади.

У 17 март куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати мажлисида Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олиши, бўлгинчи "Луганск ва Донецк халқ республикалари"ни эса тан олмаслигини билдирди.

Ўтган ҳафта Анталиядаги Дипломатия форумида қатнашган Комилов томонларни зўравонликни тўхтатишга чақирганди.

Бунга қадар Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Тошкент Украинадаги вазият юзасидан нейтрал позицияда эканини маълум қилган.

Зўравонликни тўхтатишга чақириқ

Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида, сенаторлар саволларига жавоб бера туриб, Украина ҳақида гапирган ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Ўзбекистон ҳукумати позициясини илк бор очиқ баён қилди.

Вазирга кўра, Ўзбекистон Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олади, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилиб олган Луганск ва Донецк республикаларини тан олмайди.

Бундан ташқари вазир, томонларни ҳарбий ҳаракатларни зудликда тўхтатишга чақирди.

“Биринчидан, Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотмоқда. Иккинчидан, биз вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдоримиз. Лекин бунинг учун биринчи навбатда ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарур”, дея маълум қилди Абдулазиз Комилов.

Айни пайтда, ТИВ раҳбари Ўзбекистоннинг низолашаётган ҳар икки мамлакат билан ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорликни давом эттиришини ҳам урғулади:

“Бир томондан, Россия – Ўзбекистоннинг етакчи ташқи савдо ҳамкори. Биз бу мамлакат билан стратегик шерикчилик ва иттифоқчилик муносабатларига эгамиз. Иккинчи томондан, Украина билан ҳам кенг қамровли йўналишларда, хусусан, савдо-иқтисодий, маданият, таълим қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик амалга оширилмоқда”. “Биз бугунги оғир кунларда Украинага гуманитар ёрдам берамиз ва вазиятни инобатга олиб, ёрдам кўрсатишда давом этамиз”.

Бу Ўзбекистон ҳукуматининг Украинадаги уруш ҳақидаги илк жиддий баёноти бўлди. Бунга қадар ТИВ А. Комилов фақат бир марта бу масалага тегиб ўтган.

Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлган II Дипломатик форумда, ўшанда ҳам саволларга жавоб бера туриб, Ўзбекистон Украинадаги зўравонликнинг тўхтатилиши тарафдори эканини билдирган эди:

“Биз жуда хавотирдамиз. Бу ҳақда кўп гапиришимиз мумкин. Аммо, дунёдаги аксарият одамлар сингари, биз ҳам зўравонликнинг тўхтатилишини ва барча муаммолар сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал қилинишини хоҳлаймиз”.

Вазир, 17 март кунги чиқишида ҳам, 13 март кунги чиқишида ҳам уруш жумласини тилга олмади. “Украина теграсидаги вазият”, “Украинадаги ҳолат”, “можаро” каби умумий жумлалар билан чекланди.

"Кутилмаган ирода"


Сенат йиғилишида қатнашган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос блогер Зафар Солижонов Комиловнинг баёнотини “кутилмаган ирода” намойиши, деб баҳолади.


“А. Комилов Украина масаласида, ўзининг кутилмаган ва иродали муносабатини айтиб ўтди. Украинанинг мустақиллигини, суверенитетини тан олганмиз, деди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукуматининг Украинага гуманитар ёрдам бераётганини расмий биринчи марта тан олиб айтди. Бунга қадар 28 тонна гуманитар ёрдам берилганини Украина элчиси маълум қилган эди. Менимча, бунақа пайтда биз ҳукуматимизнинг бунақа иродали қарорини қўллашимиз керак”, деди журналист Озодлик билан мулоқотда.

"Муносабатини аниқ билдирди"

Украинадаги урушни қоралаган ва бу масалада фуқаролик позициясини билдириш учун Тошкентдаги украин элчихонасига борган ўзбекистонлик иқтисодчи Юлий Юсупов ҳам бу баёнотни олқишлашини билдирди:

“Менимча, бу жуда жиддий баёнот. Ўзбекистон ҳар қандай низонинг ҳарбий йўл билан ечилишига нисбатан салбий муносабатда эканини аниқ билдирди ва Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини аниқ-тиниқ тан олишини тасдиқлади. Мен, ўз юртимнинг бутун инсоният учун принципиал бўлган бу масалада ўз позициясини шундай белгилаганидан жуда хурсандман”.

Абдулазиз Комилов - Ўзбекистон ҳукуматининг Украинадаги уруш ҳақида баёнот берган илк ҳукумат вакилидир.

"Нейтрал" позиция

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов 26 февраль куни расмий Телеграм-каналида эълон қилинган баёнотида Тошкент Украина масаласида "нейтрал позиция"да эканини билдирганди.


Бу баёнот 25 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев ва президент Владимир Путин ўртасида кечган телефон мулоқоти ортидан берилган.

Бундан ташқари, 14 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон суҳбатида ҳам Украинадаги вазиятни муҳокама қилгани бир жумлада расман хабар қилинган.

Айтилмаган гуманитар ёрдам


АҚШ давлат департаменти берган баёнотда айтилишича, 9 март куни Вашингтондаги сўзлашувларда давлат котиби Энтони Блинкен, Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилган Абдулазиз Комилов билан мулоқотда, “Россиянинг Украинага қасддан, сабабсиз ва асоссиз ҳужуми халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш эканини таъкидлаган”.

Ўзбекистон томони эса Украинага гуманитар ёрдам етказаётганини билдирган.

“Давлат котиби Ўзбекистоннинг Украина ва Афғонистон халқига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдамини юқори баҳолади ва Қўшма Штатлар террорчилар Афғонистондан хавфсиз бошпана сифатида фойдаланишига ҳеч қачон йўл қўймаслик ниятини таъкидлади”, дейилади Давлат департаментининг 9 март кунги баёнотида.

Украинанинг Тошкентдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко эса, 9 март куни Озодликка берган интервьюсида, бу гуманитар ёрдамнинг 28 тонналик дори-дармон ва тиббий воситалардан иборат эканини маълум қилди:

“Биз Ўзбекистондан гуманитар ёрдам олдик, дори-дармон ва тиббий воситалардан иборат 28 тонна гуманитар ёрдам аллақачон Украинага жўнатилди. Волонтёрлар ҳам ёрдам йиғишни ташкил қилишяпти. Аммо, биз Ўзбекистон ҳукуматидан гуманитар ёрдам жўнатилиши ҳақида расмий хабарнома олдик, бу ёрдам аллақачон жўнатилди”.

Минтақада "фасилитаторлик" имкони

Ҳозирда Буюк Британиядаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори бўлган ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомовга кўра, бугунга келиб расмий Тошкентнинг сукут ичидаги “нейтрал”лик позициясидан “Украина ҳудудий яхлитлигини тан олиш” позициясига ўтишида - Вашингтондаги музокараларнинг аҳамияти каттадир.

“Бу позицияни Россия агрессиясига нисбатан бироз танқидий, дейиш мумкин. Ўзбекистон ҳукумати позициясидаги бу ўзгаришга 2 фактор сабаб, менимча. Биринчидан, Россиянинг Украинани ҳарбий йўл билан эгаллаш бўйича стратегик режаси тўлиқ барбод бўлгани кўриниб қолди. Россиянинг ҳарбий қудрати ҳақидаги миф ҳам фош бўлди. Россия геосиёсий ёлғизликда қолди ва ташқи дунёга таъсири жуда заифлашди. Бу Ўзбекистонга бироз жасурроқ позицияни эгаллаш имконини берди.

Иккинчидан, 9 мартда Вашингтонга қилган сафари пайтида, агар Ўзбекистон бу масалада активроқ позицияни олиб, Кремлга қарши глобал миқёсда шаклланган коалиция томонига ўтмаса, ўз обрўси ва халқаро майдондаги ўрнини йўқотиши мумкинлигини Комиловга тушунтиришди. Чунки, Ўзбекистонда ҳозир айнан шу масалада Марказий Осиё мамлакатлари орасида, Москванинг экспансиясига қарши, шу халқаро коалиция номидан фасилитатор (мувофиқлаштирувчи) бўлиш имкони бор. Ҳозирча, Ўзбекистоннинг бу имкониятдан фойдаланишига ишончим комил эмас, аммо шу томонга бир қадам ташланди, дейишим мумкин”.

Таҳлилчи, шу йил 2 мартида БМТ Бош ассамблеяси Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши қораланган резолюцияни маъқуллаган давлатларни назарда тутмоқда.

Унда Россия ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда ўз қўшинларини Украина ҳудудида олиб чиқиб кетишга чақирилган. Резолюцияни БМТга аъзо 193 та давлатдан 141 таси дастаклаган.

Россия, Беларусь, Сурия, Шимолий Корея ва Эритрея бунга қарши овоз берган. 35 та давлат эса овоз беришдан тийилган, Ўзбекистон овоз беришда қатнашмаган.

XS
SM
MD
LG