Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:35

Келини фойдасига қарор чиққанидан норози қайнота суд залида ўз жонига қасд қилди


Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг (Хоразм вилояти) 12 март кунги қароридан норози бўлган жавобгар суд залида бўғзини писка билан кесиб ўз жонига қасд қилди.

Хазорасп туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган қайнота ажрашган келинининг кийимларини қайтариш тўғрисидаги суд қароридан норозилигини шу йўсинда билдирди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича¸ воқеа юзасидан Боғот туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мол аччиғи..

Боғот туманлараро судида юз берган воқеа гувоҳи бўлган маҳаллий адвокатнинг (исми айтилишини истамади) айтишича¸ эридан ажралган хазорасплик аëл З.А. бирга рўзғор юритган пайтида сотиб олинган кийим-кечак ва кўрпа-тўшак берилмаганидан норози бўлиб собиқ эри Ж.А. устидан судга шикоят қилган:

- Суд кўриб чиқиб, келиннинг даъво аризасини қондирди ва уст-боши қайтарилсин, деди. Судда даъвогар келиннинг ўзи қатнашмади. Собиқ эр хам йўқ эди. Даъвогар вакили сифатида судда қатнашган келиннинг собиқ қайнотаси Р.А. суд қароридан норозилик билдириб, соқол оладиган лезвие билан бўйин томирини кесиб ташлади. Қон оқиб кетди. Доктор чақиришди.

Расмий маълумот

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича¸ жорий йилнинг 12 март куни “Боғот туманлараро судининг раиси Жамол Қурязов раислигида даъвогар З.А.нинг жавобгар Ж.А.га (собиқ турмуш ўртоғи) нисбатан “мол-мулк ундириш тўғрисида”ги даъво аризаси адвокат Д.Б., даъвогар вакиллари М.А. ва З.Э.лар ҳамда жавобгар сифатида Ж.А.нинг отаси Р.А.лар иштирок кўриб чиқилган”.

Маълумотномада айтилишича¸ “Суд раиси даъвони қаноатлантириб, З.А.нинг фойдасига ҳал қилув қарори чиқарилганини эълон қилганидан сўнг жавобгарнинг отаси Р.А. суд иштирокчилари олдида, жаҳл устида ўзининг бўйин соҳасига ўткир кесувчи лезвие билан жароҳат етказган”.

Ярадор қайнота касалхонада

Боғотлик адвокатнинг айтишича¸ “суд қароридан норозилик сифатида ўзини яралаган қайнота Хазорасп туман касалхонасига олиб кетилган”.

Озодлик билан 15 март куни гаплашган Хазорасп туман касалхонаси врачининг айтишича¸“Бемор ҳозирда хушига келган ва кўп қон йўқотгани боис холсиз бўлса ҳам аҳволи стабил ўртача ҳолатда”.

Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотномасида “Иш бўйича суд-тиббий экспертизанинг дастлабки хулосаси ўтказилиб Р.А.нинг бўйин соҳаси олдинги юзасида айланасимон кесилган жароҳат” қайд қилингани айтилади.

Қарор ўз кучида қолди. Келиннинг кийимлари қайтарилади

Озодлик Боғот туманлараро суди ҳаками Жамол Қурëзов билан гаплашди. Қурëзов ўз суд тажрибасида илк бора бундай норозилик билан юзлашганини айтаркан, деди:

- Суд қарорини ўқиб бўлишим билан жавобгар томон вакили¸ яъни келиннинг собиқ қайнотаси бақир-чақир қилиб ўз бўйнини кесиб ташлади. Шунча йил судьялик қилиб илк бор кўрдим шундай воқеани. Лекин қайнотанинг норози бўлиб ўз жонига қасд қилгани суд қарорига таъсир қилмади. Чунки бундан олдин қарорни ўқиб бўлган эдим. Бу қарор устидан шикоят қилинмади. Демак келиннинг кийим-кечак ва кўрпа- ëстиқларини жавобгар тараф қайтаришга мажбур.

Боғотдагига ўхшаш воқеа 2018 йилнинг март ойида Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида биносида юз берган, ўшанда ҳукмдан норози бўлган маҳкум пичоқ билан томоғини кесиб ташлаган эди.

XS
SM
MD
LG