Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:14

Она тўрт яшар ўғлининг ўлимида шифокорларни айблаяпти


Қайноқ сув ичиб қўйиб вафот этган Никита Шевченконинг ота-онаси унинг ўлимида шифокорларни айблаяпти
Қайноқ сув ичиб қўйиб вафот этган Никита Шевченконинг ота-онаси унинг ўлимида шифокорларни айблаяпти

Чирчиқ шаҳрида яшаган тўрт яшар Никита Шевченконинг ота-онаси иддаосига кўра, ўғли қайноқ чой ичгани оқибатида касалхонага олиб борилган, бироқ шифокорларнинг эътиборсизлиги натижасида у оламдан ўтган. Никита онасининг даъво қилишича, ўғлини текширган доктор унга кефир ичиришни маслаҳат бериб, уйга жавоб бериб юборган ва бола уйга келгач жон берган. Айни пайтда Никитанинг ота-онаси айблаётган доктор ушбу айбловларни инкор қилди.

Чирчиқ шаҳрида яшайдиган 25 яшар Анастасия Шевченконинг Озодликка айтишича, 6 январь куни ўғли Никита бехосдан қайноқ чойни ичиб юборган:

- Ўша куни бобомизни дафн қилган эдик. Поминка қилдик, меҳмонлар кетишди. Ошхонада қайноқ сувли шиша чойнакка чой дамлаб, столнинг устига олиб қўйдимда, ўзим холодильникни очдим. Бир пайт Никитанинг чинқираган овози эшитилди. Қараб нима бўлганини тушунмасдим. У эса чойнакни кўрсатарди. Менимча у стол устига чиқиб, ўшани жўмрагидан ичиб юборган. Паника бўп кетди. Бироздан сўнг Никита қусишни бошлади,- дейди она.

Анастасиянинг айтишича, кейин улар Никитани зудлик билан Чирчиқ шаҳар болалар касалхонасига олиб боришган:

- Навбатчи дўхтур бизни хирургия бўлимига юборди. У ерда боламни Ғулом Суюнович деган бир врач кўрди. Бола оғир нафас оларди, Мен нега унинг кўнгли айнияпти, қусяпти, деб сўрадим. Доктор, “бу табиий, у биринчи даражали куйиш олган”, деди. Мен докторга, “бирор муолажа қилинг, томоғига оғриққа қарши бирор нарса сепинг”, дедим, у “йўқ, ҳеч нарса керак эмас, уйга олиб бориб муздай кефир ичгизинг, яхши бўлиб кетади”, деди. Мен “ахир унинг томоғи куйган, қандай совуқ нарса ичгизаман, у ичолмаяпти ҳам, еёлмайди ҳам” десам ҳам, доктор, “қўрқинчли нарса эмас, дедида, у бизни яна навбатчи врачга жўнатди”, дейди Анастасия.

Онанинг айтишича, навбатчи врач ҳам боланинг қорнини кўриб, қусишга қарши дори ёзиб берган:

- Улар ҳатто биринчи ёрдам ҳам кўрсатишмади. Биз нима қилайлик энди”, десам навбатчи, “врач уйга олиб кетаверинглар деган бўлса, шундай қилинглар”, деди. Биз уйга қайтдик. Йўлда кефир сотиб олдик. Уйга келиб, жойига ётқизиб, бир- икки қошиқ кефир ичтирмоқчи эдимки, у ҳушидан кетди. Яна ҳушсиз боламни олиб, касалхонага чопдик, дейди Анастасия.

Унинг айтишича, улар Чирчиқдаги Шошилинч тиббий ёрдам касалхонасига боришганда шифокорлар Никитанинг аллақачон жони узилганини айтишган.

Анастасия Шевченконинг айтишича, бола вафот қилганидан сўнг, Чирчиқ шаҳар прокуратураси терговчилари касалхонага келиб, улардан кўрсатма олган:

- Ўша куни прокуратурадан одамлар келди, мен ўзимда йўқ эдим. Никитанинг яна бир бобоси билан гаплашди. Болани экспертиза қилишди. Айтишларича, экспертизанинг якуний хулосаси, бир ойдан кейин чиқар экан. Ўшандан буён биз билан ҳеч ким гаплашгани йўқ, деди Анастасия Шевченко.

Айни пайтда Никита Шевченконининг ота-онаси айблаётган врач Ғулом Сапаров Озодлик билан суҳбатда ўзига қўйилаётган айбловларни бутунлай инкор қилди:

- Бизнинг бўлимга нотўғри келишганда, улар. Бизнинг бўлимда ётмайди унақалар, экстренний бўлимда ётади. Уларни адашиб менга юборишган. Мен уни кўрдим, биринчи даражали куйиш, шошилинч бўлимга боринглар дедим. Больницага келган касални уйига жўнатишга мени ҳаққим йўқ, дейди Ғулом Сапаров.

Озодлик, Ғулом Сапаровнинг бу айтганларидан сўнг Анастасия Шевченко билан қайта боғланганида, у врачни ёлғончиликда айблади:

- Йўқ, у ёлғон гапирмасин. Агар бизга ётинглар деса, биз ётмаймизми. Кефир ичса яхши бўлиб кетади ҳам демаганми? Наҳот, биз боламизни ўлай деб турган ҳолатда яна қайтариб олиб кетсак? Бизни, яхши бўлиб кетади, деб тинчитди-да. Катта тажрибали дўхтир, деб биз ҳам ишонибмиз-да унга. Агар биз болани ётқизишни рад қилсак, қоида бўйича биз тилхат ёзиб беришимиз керак эди. Сўрангчи, биз ёздикмикин шунақа деб. Бу дўхтурларнинг касаллар аҳволига лоқайдлигидан бошқа нарса эмас, деди Анастасия Шевченко.

Озодлик кун бўйи Чирчиқ шаҳар прокуратурасига қўнғироқ қилиб, бу иш юзасидан маълумот олишга уринди. Лекин, прокуратура телефони жавоб бермади.

Никитанинг ўлими бўйича прокуратура томонидан иш очилган ёки очилмагани ҳақида Озодликда ҳозирча маълумот йўқ.

Ўзбекистонда содир бўладиган айрим ўлим ҳолатларида шифокорларнинг масъулиятсизлиги ва лоқайдлиги сабаб қилиб келтирилади.

Ўтган йилнинг апрель ойида ўзбекистонлик она янги туғилган чақалоғининг ўлимида туғруқхона шифокорларини айблаган эди. 24 ёшли Гўзал Нинаралиева Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги 7-сонли туғруқхона врачларининг масъулиятсизлиги оқибатида фарзанди нобуд бўлганини иддао қилган эди.

Озодлик Жиззах вилоятида туғуруқдан кейин назоратсиз қолган аёл ўлими учун на бир ташкилот ва на бир шахс жавобгарликка тортилмагани ҳақида ҳам 2017 йилнинг 19 июнида ёзган эди.

XS
SM
MD
LG