Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:40

“Ортиқ ҳеч кимга иккинчи хотин бўлмайман”. “Талоқ” берилган аёллар кечмишлари


Ислом дини қоидаларига мувофиқ эркакнинг хотинига уч марта “талоқ” айтиш билан ажралиши Қозоғистон учун ёт ҳодиса эмас. Экспертлар айтишича, муаммо кўламини кўрсатадиган расмий статистика йўқ. Ҳолбуки, бундай тажриба аёллар ҳаётида оғир асорат қолдиради.

“Талоқ” билан ажрашган икки қозоғистонлик аёл Озодликнинг қозоқ хизматига ўз кечмишларини сўзлаб берди.

ГУЛНОР: ФАҚАТ БИР НАРСА ТАСКИН БЕРАДИ – У БИЛАН ФАРЗАНД КЎРМАДИК”

Ҳозир 28 ёшдаман. У билан танишганимда 23 яшар эдим. Бозорда сотувчи эдим, ёнимда намозхон бир эркак савдо қиларди. Кунларнинг бирида у бир дўсти иккинчи хотин олмоқчи бўлиб юрганини айтди. Бизни таништирди. Қирқдан ошган, хотинли ва тўрт болали эркак экан. Оиласи 80 яшар онаси билан бирга Ақтўбедаги Косестек қишлоғида яшашини ва мени ҳеч нарсага зориқтирмаслигини айтди. “Менга иккинчи хотин бўл”, деб таклиф қилди у. Мен розилик бердим.

У отам ҳузурига бориб, мени хотинликка сўрашни истамади. Тўй қилиш нияти йўқ эди чунки. “Одамлардан қарзимиз бормидики, қоринларини тўйдирсак?” деди шу ҳақда гап очилганда. Отам совет замонида катта бўлган одам, қарашлари ҳам шунга яраша. У еттинчи – кенжа фарзандини иккинчи хотинликка асло бермаган бўларди. Шу боис яширинча турмуш қурдик. 2016 йилнинг ёз фасли эди. Косестек масжиди мулласи никоҳ ўқиб қўйди, хотини гувоҳликка ўтди.

У тақводор, катта ёшли одам бўлгани учун батамом ишондим. Никоҳимизни халққа маълум қилмадик. Эрим 15 кунлик вахтадан сўнг бир муддат Ақтўбеда мен билан бирга турди. Хотини излаб, қўнғироқ қила бошлагач Косестекка жўнаб кетди.

Ақтўбедан менга ижарага якка хонали уй олиб берган эди. Квартира, озиқ-овқат харажатлари пайдо бўлгач унинг авзойи ўзгарди. Уйда на мебел бор эди, на кўрпа-ёстиқ. Катта сочиққа ўраниб ухлардим. У вахтага кетганида очин-тўқин яшашимга тўғри келарди. Вахтадан қайтгач, эрим бир неча кунини мен билан кечирар, аммо қора нон билан макарондан бўлак ҳеч вақо сотиб олмасди. Бирор гап бўлса, дарҳол қишлоғига жўнаворар, мен эса ҳатто телевизорсиз квартирада неча кунлар қамалиб ётишга мажбур бўлардим.

Боз устига, вақти-вақти билан биринчи хотини қўнғироқ қилиб қарғишларга кўмиб ташларди мени. “Сенга ўхшаганлар бировнинг оиласини бузишдан бошқа ишга ярамайди”, дер эди кундошим. Бир оз сўнг яна телефон қилар ва қўнғироқ қилганини эримга айтмасликни илтимос қиларди. Ундан қаттиқ қўрқарди, чамаси.

Бир куни эрим квартирага онасини бошлаб келди. Қайнонамнинг ранг-рўйига қараб кўнглига ўтирмаганимни тушундим. Чой ичарканмиз, у ўғлига бир неча марта такрорлади: “Бу ерга келганимни катта хотининг билмай қўяқолсин”.

Тез орада маълум бўлдики, нобоп одамга йўлиқибман. Анчадан бери гўшт емаганимизни айтсам ёки тарвуз олиб келишни илтимос қилсам жеркиб ташларди. Турмушимизнинг учинчи ойида қаттиқ жанжаллашиб қолдик. У “деразадан улоқтираман”, деб таҳдид қилди.

Унинг қўпол ва тўнг феълига чидай олмай, никоҳимизнинг тўртинчи ойида ажрашмоқчи эканимни айтдим. Ёшгина, гўл хотинни ким ўз хоҳиши билан қўярди дейсиз?! У ўзиникини маъқуллаб тураверди. Ақтўбенинг эски шаҳар қисмидаги масжид имоми ҳузурига бордик. Никоҳимиз ўқилаётганда мен ундан маҳр ўрнида тренажёр олиб беришни сўрагандим. Имомга эрим ҳануз ваъда қилган маҳрини бермаганини айтдим ва феъл-атворидан шикоят қилдим. Эрим эса мени молпарастликда айблади. Имом бизни диққат билан тинглагач, никоҳнинг қадр-қимматидан баҳс этишга тушди ва бизни яраштириб қўйди. Лекин пировардида барибир эримни ташлаб, ота уйимга қайтдим. “Талоқ” билан ажралишдик.

Ўзимни бахтсиз ҳис қилар, умидсизликка тушгандим. Руҳий мувозанатим издан чиқди, яқинларимни қаттиқ хафа қилиб қўйдим. Ўшанда аҳволим нақадар аянчли бўлганини эсласам ичимни ит тирнайди. Қариндош-уруғлар мендан юз ўгирди, оиламни, дўстларимни йўқотдим. Ёмғирдан қочиб дўлга тутилдим. Фақат бир нарса таскин беради: умумий фарзандларимиз йўқлиги.

Аксига олгандек, юридик факультетда ўқиб, олган дипломимдан наф бўлмади. Бир бурда нонни савдо-сотиқ орқасидан топаман. Ақтўбе бозорида битта “точка”ни ижарага олганман: сут-қатиқ, товуқ ва ҳалол колбаса сотаман. Топганим отам иккимизга етади. Кейинги пайтларда психологияга қизиқиб, ул-бул ўқиб юрибман. Ўзимни яхшироқ ўрганиб, шахсиятимни кашф қилмоқчиман.

Эндиликда ҳеч қачон, ҳеч кимга иккинчи хотин бўлмайман, чунки қонуний никоҳ тузилмаса, аёлнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмайди. Келгусида болаларим ҳимоясиз қолишларини хоҳламайман.

Иккинчи хотинликка сўровчилар ҳозир ҳам оз эмас. Мени аёл кишининг ёлғиз қолиши шариатга тўғри келмайди ёки ҳадемай ёшинг ўттизга киради, туғадиган фаслинг ўтиб кетади, деб қўрқитмоқчи бўлишади. Бунақа совчиларга бир хил савол бераман: “Келажагим кафолати бўлиши учун менга уй олиб берасизми?” Рост-да, келгусида болаларим билан ижарама-ижара санғишим керакми?

Эркаклар менинг бу талабимдан кейин жуфтакни ростлаб қолишади. Кўп нарса талаб қиляпсан, ўзингга ортиқча баҳо берасан, деб устимдан куладиганлар бор. Йўқ, мен кўп нарса сўрамаяпман. Мен, шунчаки, эрим никоҳга масъулият билан қарашини ва мумкин қадар оиласига ҳимоячи бўлишини хоҳлайман холос. Никоҳ кўйлак эмаски, дам-бадам янгиласанг.

МАРЯМ: “МУТААССИБЛИК ЖАБРИНИ КЎП ТОРТДИМ”

14 ёшимдан намоз ўқишни бошладим, ваҳҳобийлик ақийдаларига берилдим. Ота-онам қора рўмол ва паранжи ўранишимга қарши эди, бир куни намозни нотўғри ўқиётганимни сезиб қолишди, аммо мен ўз билганимдан қолмадим.

Дугонам билан Сурияга кетмоқчи бўлганимда ёшим 16 да эди. Отланиб Ақтўбега борганимизда ота-онам ва Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари тутиб олиб, реабилитация марказига жойлаштиришди. Ҳанафия мазҳабини қабул қилмадим, мадрасада ўқиш таклифини рад этдим. Шунда мени уйга қамаб қўйишди. Кейинроқ мактабга ўзлари кузатиб, кутиб оладиган бўлдилар.

Университетга ўқишга кирдим, биринчи курсдаёқ мени “ўғирлашди”. Бўлғуси эримни танимасдим, у бир танишимнинг акаси бўлиб, намоз ўқимасди. Уч ойдан сўнг ҳомиладор бўлдим. Лекин кўп ўтмай ажралишиб кетдик.

Ёш бошим билан болали эрсиз хотин бўлиб қолдим. Кунларнинг бирида интернетда бир эркак билан танишдим. У мутаассиб мусулмон бўлиб, никоҳни расман қайд эттиришни хоҳламади. Кўп ўтмай хотини борлигини, мен иккинчиси бўлишимни айтди. Бир куни телефон қилиб, ўз қариндошлари билан, менинг иштирокимсиз никоҳ ўқиттирганини маълум қилди. Биз турли шаҳарларда яшардик. У гоҳ-гоҳ келиб турар, мен эса қариндошларим қаршилигига қарамай унинг ёнига жўнардим.

Бошида ҳаммаси бинойидек эди. Мен уни севмасдим, лекин менга айтишдики, шариат бўйича аёл ёлғиз юрмаслиги керак экан. У моддий таъминотимиз ва болам тарбияси билан шуғулланишга ваъда берди.

Бир ойлардан сўнг унда ўзгариш рўй бера бошлади: кам келадиган, пулдан сиқадиган бўлди. Болам касал бўлганида ёрдам сўраган эдим, вақти йўқлигини баҳона қилди.

Мени ота-онаси билан таништирмагани каби, меникилар билан ҳам танишмади. Сабабини сўраганимда “Ота-онанг намоз ўқишмайди, бизни тушунишмайди, улар кофир”, деди. Бошқалар билан гаплашишимни тақиқлаб қўйди. Ҳатто синглим билан ҳам. Лекин мен яширинча гаплашиб турардим барибир.

Менда депрессия ҳолати бошланди, ўша кунлар бўйимда бўлганини билдим. Бир куни уни тергаб, ота-онаси билан таништирмаётгани сабабини сўрадим. Уришиб қолдик. У итоатсизлик қилаётганим, кофирлар билан гаплашаётганим учун талоқ қилишини айтди.

Сўзига кирмаган ва унинг амаллари ислом шариатига зидлигини айтганимда мени урарди. Боламга ўйинчоқ ўйнашни ман этди. Болаларни бўлажак мужоҳид қилиб тарбиялаш, ўйинчоқ автоматлар олиб бериш керакмиш. Шу важдан тез-тез жанжаллашардик. Тақиқлаганига қарамай ўқишимни давом эттирдим. Кунларнинг бирида реанимацияга тушдим – ҳомилам нобуд бўлганди.

Биринчи “талоқ”ни ҳанафий мазҳабига эътиқод қилувчи дугонамни меҳмонга чақирганим учун олдим. Эрим буни “итоатсизлик” деб қабул қилди. Иккинчи “талоқ” мусиқа тинглаганим учун айтилди. Қаттиқ уришган кунларимизнинг бирида у учинчи марта “талоқ” деди ва шу билан никоҳимиз барҳам топди.

Бир қанча вақтдан сўнг собиқ эримнинг бир дўсти менга иккинчи хотин бўлишни таклиф қилди. Кўнмадим. У мени таъқиб қила бошлади. Бир куни ўртоқлари билан бирга мени машинага босиб, олиб қочди. Бир неча марта уришди. Қандайдир уйга келтириб, уч кун қамаб қўйишди. Эримнинг дўсти “Барибир менга иккинчи хотин бўласан”, дерди.

Қариндошларим тинимсиз қўнғироқ қилишарди. Ниҳоят, жавоб беришга изн беришди. Мен, улар тайинлагандек, “яхшиман, хавотир олманглар”, дейиш ўрнига дод солдим. Улар телефонни тортиб олишиб, зўрлаш билан таҳдид қилди. Мен тасодифан топиб олганим устара билан қўлимни тилиб, уларни яқин йўлатмадим.

Ҳайтовур, акам полиция билан GPS орқали мени топди. Ҳаммасини ушлашди, кейин суд бўлди. Мен билан психолог ва теолог шуғуллана бошлади. Тушкунлик ва шок ҳолатида эдим. Ўзимни ўлдирсам керак, деб ўйлардим. Ота-онам олдида юзим шувут бўлган эди. Уйга қайтгим келмасди. Бир ойдан сўнг ҳижобимни ечдим. Ўзим шунга қарор бердим, бошимга тушган кўргиликлар такрорланишини истамасдим.

Ҳаётим секин-аста изга тушяпти. Диншуносликка ўқияпман, шу соҳада ишламоқчиман. Соқол қўйиб, намоз ўқийдиган барчага бирдек ишониш тўғри эмаслигини англадим. Ота-онам билан бирга яшайман. Боламни катта қиляпман, муҳтожлик жойим йўқ, ўзимдан ортиб ота-онамга ёрдам қилиб тураман.

Аёллар ва қизларга кўмаклашиш ниятим бор. Чунки бизнинг Сатпаев ва Жезқозған томонларда расмий никоҳсиз яшаб юрган, бола-чақали аёллар кўп. Эрлари ўз фарзандларига фамилиясини бермаган ҳатто. Бунақа бўлмаслиги керак. Айрим аёллар билан гаплашдим: ҳаётидан норози улар. Эрларини қандай ўзгартириш мумкинлигини сўрашади. Ажралишингиз керак, бошқа иложи йўқ, ўз бошимдан ўтган, деб жавоб бераман.

ТЕОЛОГ ВА ПСИХОЛОГ ИЗОҲИ

Қарағандалик теолог Арай Бакирова исломда эр-хотин “талоқ” орқали ажралишса-да, дин бу ишни ёқламаслигини айтади.

“Талоқ энг сўнгги чора, бу Аллоҳга хуш келмайди. Бироқ “талоқ” рухсат этилган ҳолатлар бор, аммо бунинг учун арзирли сабаб бўлиши керак. Эрнинг шунчаки жаҳли чиқиши, бирон майда-чуйда маиший ҳодиса ёки хотинининг бирон жиҳатидан кўнгли тўлмаслиги сабаб бўла олмайди.

Катталар, шариатни тушунадиганлар билан маслаҳатлашиб ва оилавий психологлар ёрдамида кўп муаммоларга ечим топиш мумкин. Уриниб кўриш керак. Булар кор қилмаса, бошқа ҳеч илож қолмаган бўлса, начора, “талоқ” айтишга рухсат этилади”, тушунтиради Бакирова.

Аммо, шундай вазиятлар бўладики, уқтиради теолог, “талоқ” аёл учун хайрли бўлиши мумкин.

“Аёл чиндан ҳам эрининг зулми остида қолган бўлса, хўрланса, бунақа ҳолатда “талоқ”да яхшилик бор. Оила бузилиши Аллоҳга хуш келмайди. Бироқ аёл калтакланадиган ва унинг ҳуқуқлари поймол этиладиган оилада болалар тўғри оилавий муносабатларни топа олмайдилар. Фарзандларни ўйлаб ажрашмаслик эса – масъулиятни улар зиммасига юклашдир”, дейди теолог.

Ақтўбедаги “Ансар” маслаҳат-реабилитация маркази психологи Элмира Адилхановага кўра, бу тарзда ажрашиш кўпинча аёл руҳиятига катта зарба беради, чунки бундай аёллар аксари ҳолларда эрига тамоман итоатда яшаб, нафақат иқтисодий, балки интеллектуал томонлама ҳам унга қарам бўлади.

“Ажрашгандан сўнг у айбни ўзидан излайди. “Яхши хотин бўла олмадим, рўзғорни унинг кўнглидагидек тутмадим”, деб ўйлайди ва муваффақиятсиз никоҳ учун 100 фоиз жавобгарликни ўз бўйнига олади. Уларнинг янги ҳаётга мослашиши қийин. Ота-оналари ва яқинлари олдида қаттиқ уят ҳиссини туйишади ва бундан бадтар азобланишади.

Яқинда бир ёш аёлга ёрдам бердик. Эри билан ярим йилгина яшаб, “талоқ” билан ажрашишибди. Бу аёл биринчи келганида “ёқтирган рангингиз қайси?” деган жўнгина саволга ҳам тезда жавоб бера олмаган. Тутилинқираб, қора эди, шекилли, деб жавоб берган. Психолог билан бир муддат шуғуллангач, илгари пушти рангни хуш кўришини эслади.

Эри мутаассиб одам экан: хотинига рангдор кийим кийишни тақиқлаб, либоси фақат қора рангда бўлишини талаб қилибди. Аёл ўз истакларини унутган. Онг муайян нарсаларни унутиш билан ўзини ҳимоя қилади. Эрининг босими остида аёл онгида ўша ҳимоя механизми ишга тушган. Аслида қайси ранг ёқишини эслаганида бундан аёл ўзи ҳам ҳайратланди.

“Талоқ” – катта мавзу. Бу жамиятимиздаги кенг тарқалган ажралиш шаклларидан бири, унда одамлар дин ортига яширинишга ҳаракат қилишади. Қонуний никоҳ бекор қилинганда масъул идора статистикага киритади. Аммо “талоқ” бўйича статистика ҳеч қаерда йўқ”, дейди психолог.

XS
SM
MD
LG