Қарийб беш ой аввал Дубайда ҳибсга олиниб, жорий йил бошида Тошкентга экстрадиция қилинган, ҳозирда ҳибсда қолаётган Улуғбек Шодмоновнинг United Cement Group (UCG) ширкатига тегишли “Кварц” заводи давлат тасарруфига қайтарилган. Шунингдек, UCGга қарашли “Қувасойцемент” заводининг ҳам эгаси алмашгани айтилмоқда.
Озодликнинг Тошкентдаги тадбиркорлар орасида “Офис” номи билан танилган норасмий тузилма билан боғлиқ суриштирувларда номи ўртага чиққан Улуғбек Шодмонов президентнинг кенжа куёви Отабек Умаров атрофидаги муҳим шахс деб ишонилади.
Шодмоновнинг бизнес алоқалари билан яхши таниш бўлган манбалар у ва Умаровнинг бизнес манфаатлари чатишиб кетганини иддао қилишган, аммо Шодмоновнинг Америкадаги адвокатлари бу иддаоларни қатъиян рад этишади.
Манбалар иддаосича, Улуғбек Шодмонов ҳибсга олингач, унинг номидаги активларни шошилинч тарзда бошқа одамлар номига расмийлаштириш жараёни бошланиб кетган.
“Кварц” давлатга қайтарилди
Жорий йилнинг 14 февраль куни - Улуғбек Шодмонов БААдан Тошкентга келтирилганидан қарийб 1,5 ой ўтиб, UCGга қарашли “Кварц” заводи давлат ихтиёрига қайтарилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги бу маълумотни тасдиқларкан, уни инвестор шартларни бажармагани билан изоҳлаган.
Расмий маълумотга кўра, Шодмоновнинг UCG ширкати “Қувасойцемент” АЖга эга чиққач, ушбу завод орқали “Кварц” АЖни харид қилган.
2023 йилнинг февралида “Кварц” заводи устав капиталидаги 89,78 фоиз акциялар пакети “Қувасойцемент” АЖга 265 млрд сўмга сотилган.
Давлат активларини бошқариш агентлигига кўра, завод уч йилда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан билан сотилган, бироқ тўлов ўз вақтида амалга ошмагани сабаб олди-сотди шартномаси бекор қилинган:
"Жамиятнинг 89,78 фоиз акциялар пакетини давлат ихтиёрига қайтарилиши олди-сотди шартномаси шартлари тўлиқ бажарилмаганлиги натижасида юз берган ва шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар доирасида амалга оширилган бўлиб, ушбу ҳолат хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ёхуд миллийлаштириш ҳисобланмайди".
Давлат активларини бошқариш агентлигининг ушбу баёнотини иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров танқид қилган эди:
"Тўхтанглар, 265 миллиард сўм тўлашга Қувасойцементнинг молиявий имконияти йўқлиги ўша пайтдаёқ маълум эдику. Ҳарқалай, 2 йил аввалги Қувасойцемент ҳисоботида мавжуд ликвидликка қўшиб, дебиторларини ҳам тўлиқ ундирганидаям битимга етарли пул чиқмасди. Наҳотки, шунчаки оддий молиявий ҳисоботларни ўқий олишмаган? Наҳотки, хусусийлаштириш битимларида тўловга лаёқатлилик асосий мезон эмас? Агар бундай бўлмаса, тўловга лаёқатлилик эмас, ғолибни аниқлашда ваъдалар асосий мезон бўлса, бу Антикоррупция ўрганиши керак бўлган ғирт коррупцион кейску!".
Иқтисодчи тилга олган коррупцион кейслар каби молиявий схемалар ортида “давлат ичидаги давлат” ҳамда “параллел ҳукумат” деб таърифланган Тошкентдаги тадбиркорлар орасида “Офис” номи билан танилган норасмий тузилма тургани Озодлик суриштирувларида ўртага чиққан.
Озодлик манбалари президентнинг кенжа куёви Отабек Умаров қайнотасиникидан кам бўлмаган қудрат марказига асос солгани, халқ тилида “Офис” деб аталган бу тузилмада Улуғбек Шодмонов муҳим вазифа олганини айтишган.
“Қувасойцемент” эгаси ўзгаряпти
Шодмонов халқ тилида "Гвардейский" деб аталадиган ДХХнинг Тошкентдаги ҳибсхонасида қоларкан, Озодлик унга тегишли яна бир завод - “Қувасойцемент” АЖ тақдирига оид тафсилотларни аниқлади.
Маълумотлар очиқ портали - myorg.uz сайтида «Қувасойцемент» АЖнинг 43,7% улушига «Onevizion Inc». ва 9,6% улушига «Afc. Af Limited» компаниялари эгалик қилиши кўрсатилган.
Сайтдаги маълумотлар охирги марта 9 апрель куни янгиланган. Бироқ ҳисоб-китоб
қилинса, улушларда айрим номутаносиблик борлигини кўриш мумкин.
orginfo.uz сайтидан «Қувасойцемент» АЖнинг эски таъсисчилари номини топиш мумкин. Сайт охирги марта 2024 йилнинг 9 январь куни янгиланган бўлиб, у ерда завод таъсислари сифатида умуман бошқа фирмалар номлари келтирилган.
«Қувасойцемент» АЖнинг эски таъсисчилари:
- "Raybird Limited" - 30.00 %
- "Rayblock limited" - 30.00 %
- "Rayeross limited" - 29.00 %
- "Ansher finance llр+Ansver investm" - 1.00 %
- Jismoniy shaxslar -10.00 %
Очиқ реестрдаги маълумотларга кўра, «Қувасойцемент» АЖнинг янги таъсисчиси сифатида кўрсатилган «Onevizion Inc» 2022 йилнинг 4 апрелида "Onevizion CA" маъсулияти чекланган жамиятини ташкил қилгани қайд қилинган.
Компьютер дастурлаштириш соҳасида фаолият кўрсатишга ихтисослашган ушбу МЧЖ хорижий корхонаси сифатида кўрсатилган.
IT Market онлайн платформаси эса бу корхонани АҚШдаги OneVizion Inc компанияси билан боғлаган.
Жоржия штатида жойлашгани айтилган ушбу компания Шимолий Америкада уяли тармоқ қурилиши, операциялари ва янгиланишини бошқариш билан шуғулланиши кўрсатилган.
Озодлик компания сайти дея кўрсатилган веб саҳифа орқали хат йўллаб, ушбу компаниянинг Қувасойцементга алоқаси борасида сўради. Ҳозирча бирор кўринишда жавоб бўлгани йўқ.
“Қувасойцемент” АЖнинг яна бир таъсисчиси сифатида кўрсатилган "Afc. Af Limited" компанияси "SARBON-NEFTEGAZ" , "URGANCH YOG`-MOY", "UZKABEL" каби бир қанча АЖлар таъсисчиси сифатида кўрсатилган. Бироқ очиқ реестрда бу компаниянинг ўзига тегишли бошқа маълумот йўқ.
“Қувасойцемент” - Ўзбекистондаги энг йирик цемент ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 5,4 миллион тоннани ташкил этади.
Озодлик “Қувасойцемент” таъсисчилари ўзгарганига оид хабарларга аниқлик киритиш мақсадида заводнинг ўзига қўнғироқ қилди, бироқ ҳозирча бирор маълумот олиш имкони бўлмади.
Президент қариндошлари ва Қувасойдаги заводлар
Қувасойдаги ушбу икки йирик завод эгалари кейинги ўн йилликда бир неча бор алмашгани кузатилди.
Ўз пайтида марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ушбу заводларни арзон-гаровга сотиб олгани иддао қилинган.
Бош прокуратура Каримовани жумладан, “Қувасойцемент” заводидаги давлат улушини ўзлаштириб олганликда ва уларни чет эллик сармоядорларга сотиб юборганликда айблаган.
Каримова билан боғлиқ маҳкамалар ёпиқ ўтгани боис ушбу айблов тафсилотлари маълум эмас.
Мирзиёев ҳукуматга келгач, Қувасойдаги ушбу заводлар янги президент оиласига яқин шахсларга ўтгани иддао қилинган.
Озодлик суриштирувларида ушбу икки заводнинг кейинги эгаси UCG ширкати раҳбари Улуғбек Шодмонов Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаровга яқинлигини ўртага чиқарган.
21 апрель куни ҳам UCG ширкати ўз сайтида Қувасойдаги “Цемент” ва “Кварц” заводлари эгаси сифатида кўрсатилган.
UCG ширкатидан янги ўзгаришлар борасида бирор маълумот олиш имкони бўлмади.
Қамоқдаги "цемент қироли"
“Цемент қироли” сифатида танилган Улуғбек Шодмонов 3,5 ойдан буён ДХХнинг Тошкентдаги ҳибсхонасида қоларкан, унинг айнан қандай жиноий ҳаракатларда гумон қилинаётгани борасида ҳануз расмий маълумот йўқ.
Ўзбекистон Бош прокуратураси Марказий Осиёдаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи
компания - Кипрда рўйхатдан ўтган UCG ширкатининг 100 фоиз улушига эгалик қилувчи Шодмоновнинг ҳибсга олиниши юзасидан бирон расмий изоҳ бермаган.
Шодмоновнинг Ўзбекистонга судсиз экстрадиция қилингани ҳақида хабар берган фуқаролик ва жиноий судлов бўйича экспертларга кўра, Тошкентда Шодмоновга иқтисодий жиноятлар билан боғлиқ айбловлар қўйилмоқда.
Ўтган йилнинг декабрь ойи бошида Дубайда ҳибсга олинган Ўзбекистон ватандоши Улуғбек Шодмонов 8 январь куни Тошкентга экстрадиция қилинганди.
Ўзбекистондаги цемент бизнесининг қарийб ярмини назорат қилиши айтилган Шодмонов Бирлашган Араб Амирликларининг “олтин виза"си асосида оиласи билан Дубайга кўчиб ўтган ва бир неча йилдан буён у ерда яшаётган эди.
Улуғбек Шодмоновнинг номи Озодликнинг Тошкентда тадбиркорлар ва мулозимларга ноқонуний босим ўтказиб келгани айтилган норасмий “Офис” билан боғлиқ суриштирувлари жараёнида ҳам ўртага чиққан.
Ўзбекистон расмийлари Отабек Умаровга боғланган “Офис”га оид иддаоларни бирор кўринишда шарҳламаган.
Озодлик ихтиёрида Отабек Умаров ёки Улуғбек Шодмоновни Тошкентдаги тадбиркорлар орасида “Офис” номи билан танилган норасмий тузилмага тўғридан-тўғри боғловчи ҳужжат мавжуд эмас.
"The Diplomat" нашри бош муҳаррири Кэтрин Путц буни Ўзбекистон сиёсатининг ўзига хос ички меҳанизмлари билан тушунтиради.
“Офис” ҳақида эшитганингизда бу гўёки “кучли таъсирга эга давлат ташкилоти деб ўйлайсиз, аммо аслида бу ҳукумат таркибида фаолият юритувчи, аммо ҳукумат топшириқларига бўйсунмайдиган аппарат. Улар давлат аппарати ва хавфсизлик хизматларининг имкониятларидан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланади. Менинг манбаларимдан бирининг айтишича, Шодмонов Отабек Умаровнинг энг ишончли одамларидан бўлиб, у бизнесларни тортиб олиш ва одамларга босим ўтказиш тизимини бошқарган. Кўпинча бундай ҳаракатларнинг ортида очкўзлик ва ҳокимиятга бўлган интилиш ётади. Менда Шодмонов ва Умаровни боғловчи ҳужжатлар йўқ, чунки ноқонуний ишлар билан шуғулланадиган одамлар одатда из қолдиришмайди. Шу сабабли, буни расмий далиллар билан исботлаш қийин. Агар Ўзбекистон сиёсатининг ички механизмларидан хабардор кўплаб одамлар билан гаплашсангиз, улар бу ҳолатни табиий қабул қилишади. Чунки у ерда сиёсатнинг ишлаш услуби шундай. Ҳаммаси парда ортида бўлади. Ҳозирда сўнгги воқеалар орқали бу ишлар бир қадар ошкор бўлаётганини кўряпмиз", дейди Кэтрин Путц.