Линклар

Шошилинч хабар
05 январ 2025, Тошкент вақти: 03:52

"Цемент қироли": Дубайда ҳибсга олинган Улуғбек Шодмонов ҳақида нима маълум?


Улуғбек Шодмонов.
Улуғбек Шодмонов.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари Дубайда ҳибсга олинган Ўзбекистон ватандоши Улуғбек Шодмоновнинг экстрадициясини талаб қилмоқда.

“Цемент қироли” сифатида танилган United Cement Group эгаси Шодмоновга нисбатан Америка Қўшма Штатлари ва Украинада ҳам текширувлар ўтказиш талаблари янграган.

Улуғбек Шодмоновнинг америкалик адвокатлари унинг Дубайда ҳибсга олинганини қатъиян рад этишмоқда.

Ўзбекистон цемент бизнесининг қарийб ярмини назоратига олган Кипрдаги оффшор компания эгаси Улуғбек Шодмонов ҳақида нима маълум?

Адвокатлар "цемент қироли"нинг ҳибсга олинганини инкор этмоқда

"Озодлик"нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбалари Улуғбек Шодмоновни ўтган ҳафта Дубай полицияси қўлга олганини хабар қилди. Бироқ Бирлашган Араб Амирликлари бу ҳақда расмий маълумот тарқатмаган.

Улуғбек Шодмоновнинг америкалик адвокатлари ўз мижозининг қамоқда эканлигини қатъиян рад этмоқда.

"Бу мутлақо ёлғон. Жаноб Шодмонов Дубайга бизнес учрашув учун сафар қилган. У ҳибсга олинмаган ва ўзи ёки ҳамкорларига қарши Ўзбекистонда бирон ҳуқуқий жараён бошлатилганидан хабардор эмас. Биз тегишли идоралардан текширдик. Биронта давлатда жаноб Шодмоновга нисбатан қидирув ёки экстрадиция сўрови мавжуд эмас", деди АҚШнинг "Bose McKinney & Evans LLP" юридик компанияси адвокати Стивен Ж. Акард (Stephen J. Akard) ўзининг Озодлик сўровига берган ёзма жавобида.

39 ёшли Улуғбек Шодмонов Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати бошлиғининг собиқ ўринбосари Отабек Умаров атрофидаги муҳим шахс ҳисобланади.

Улуғбек Шодмонов номи Тошкентдаги бизнесменлар ва юқори лавозимли амалдорларга босим ўтказиб келгани айтилган қудратли норасмий "Офис" билан боғлиқ суриштирувларда ҳам ўртага чиққан.

Ўзбекистон расмийлари Отабек Умаровнинг "Офис" билан алоқалари ҳақидаги баёнотларга изоҳ бермаган.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга кўра, Тошкент аллақачон БАА расмийларига Шодмоновни Ўзбекистонга топширишни сўраб мурожаат қилган.

Улуғбек Шодмонов нимада гумон қилинаётгани ҳозирча номаълум.

Шодмоновга қарши айбловлар

"Озодлик" ихтиёрида Отабек Умаров ёки Улуғбек Шодмоновни Тошкентдаги норасмий "Офис" билан бевосита боғлайдиган ҳужжат йўқ.

Бироқ Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари "Ofis" ҳаракатларидан азият чекканини даъво қилаётган йирик тадбиркорларнинг кўрсатмаларини олган.

Шу ой бошида тадбиркорлардан бири Улуғбек Шодмонов устидан Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза берган.

Бизнесмен Овик Мкртчян. (Рассом Мартинш Упитис)
Бизнесмен Овик Мкртчян. (Рассом Мартинш Упитис)

Идоралардаги манбага кўра, асли арманистонлик Овик Мкртчян ўз аризасида Улуғбек Шодмонов ва унинг шериги, тадбиркор Станислав Цацкин уни ноқонуний ҳибсга олиш ва ҳатто қийноққа солишга алоқадорлигини иддао қилган.

"Овик Мкртчян ўз аризасида Шодмонов ва Цацкин ДХХдаги шериклари билан бирга уни 85 кун давомида ушлаб тургани ва қийноққа солгани, шунингдек, ундан 70 миллион доллар талаб қилганини ёзган. Бундан ташқари, Шодмонов ва Цацкин Мкртчяндан Комил Алламжонов ва Дмитрий Ли (ЎзР президенти ҳузуридаги Истиқболли лойиҳалар агентлиги директори)га қарши компромат тўплашда ёрдам беришни, шу жумладан, ушбу икки шахсга қарши АҚШ санкцияларини жорий этишни ташкиллаштиришни талаб қилишган," дейди манба.

Шодмоновнинг америкалик адвокатларидан бири шу йилнинг 14 декабрь куни Озодлик билан телефон суҳбатида икки ҳафта муқаддам Шодмонов томонидан 26 октябрь куни Тошкентда юз берган ҳодиса борасида атрофлича маълумот тўплаш мақсадида ёлланганини айтди.

Бу каби маълумот нима учун кераклиги ҳақидаги Озодлик саволига жавобан адвокат бу ҳақда ўз мижози билан маслаҳатлашганидан кейин жавоб бериши мумкинлигини билдирди.

Дубай расмийлари ҳозиргача унинг ҳибсга олингани юзасидан бирон расмий изоҳ бермади.

Шодмоновнинг Дубайда ушлангани ҳақидаги хабар 26 октябрь куни президент маъмурияти собиқ мулозими Комил Алламжоновга қарши суиқасд юзасидан тергов фонида юз бермоқда.

26 ноябрь куни ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармасининг ўнлаб ходими, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг қатор юқори мартали ходимлари, жумладан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Ташходжаев ишдан бўшатилди.

23 ноябрь куни ДХХ раиси Абдусалом Азизов ишдан олинди, 25 ноябрь куни эса Отабек Умаров Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари лавозимидан бўшатилди.

Алламжоновга суиқасд: ДХХ раиси ишдан олинди, “терговга тўсқинликлар”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:19 0:00

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукумати ва ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалари бу ишдан олиш ва тозалашларни 26 октябрь куни Қибрайда Комил Алламжоновга қарши содир этилган суиқасдга боғлашган.

Ишдан бўшатилганларнинг айримлари суиқасд юзасидан терговга жалб этилгани айтилади.

Айни пайтда расмийлар бу борада ҳозиргача бирон изоҳ берганлари йўқ.

Собиқ олий мартабали амалдорнинг ўғли

Улуғбек Шодмонов 1985 йилда Тошкентда туғилган. У "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Миррустам Шодмоновнинг ўғли.

Улуғбек Шодмонов болалигида Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов билан.
Улуғбек Шодмонов болалигида Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов билан.

Очиқ манбалардаги маълумотларга қаралса, Шодмонов тадбиркорлик фаолиятини эрта бошлаган.

У атиги 14 ёшида эканида, "Parma-Servis" МЧЖ ташкил этилган бўлиб, унда таъсисчи сифатида 99,30% улушга эга бўлган.

Шодмонов Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг "Банк иши" факультетини тамомлаган.

"Тошкент ҳақиқати" газетасининг 2001 йил 20 октябрь сонида Улуғбек Шодмоновнинг отаси Миррустам Шодмоновнинг Ўзбекистонда цемент бизнесини ривожлантиришда хорижий ҳамкорларнинг иштироки муҳимлиги ҳақидаги фикрлари келтирилган.

Орадан 6 йил ўтиб, унинг ўғли Улуғбек Шодмонов Кипрда рўйхатдан ўтган United Cement Group (UCG) компаниясини ташкил этди. Ўша пайтда Улуғбек 20 ёшда эди.

Реестрдаги маълумотларга кўра, Улуғбек Шодмонов 100 фоиз улушларига эгалик қиладиган UCG ("Юнайтед Цемент Груп"), экспертлар фикрича, оффшор компаниялардан саналади.

Ҳозирда UCG нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги цемент ишлаб чиқарувчи энг йирик ширкат ҳисобланади.

Бош офислари Тошкент ва Олмаотада жойлашган компания минтақада 6 та йирик заводга эгалик қилади:

Ўзбекистонда:

  • "Қизилқумцемент" АЖ;
  • "Бекободцемент" АЖ;
  • "Қувасойцемент" АЖ;
  • "Кварц" АЖ.

Қирғизистонда:

  • "Кант цемент заводи";
  • "Технолин" МЧЖ.

"Ўзбекистондаги тўртта энг йирик цемент заводининг барчаси Кипрдаги оффшорлар назоратида. "Оҳангаронцемент"га Lamanka Enterprises LTD эгалик қилса, "Қизилқумцемент", "Қувасойцемент" ва "Бекободцемент"ни бошқа бир Кипр оффшори – United Cement Group ўз назоратига олган. Бозорнинг ярмини назорат қиладиган учта цемент заводининг битта компанияга, яна оффшор компанияга топширилиши-бу рақобатга зиён келтирувчи стратегик хато ҳам. ҳисобланади. Ўзбекистоннинг монополияга қарши кураш органлари бу битимларга қандай розилик берган, бу алоҳида масала," деб ёзган тошкентлик иқтисодчи Отабек Бакиров.

2022 йилда Ўзбекистондаги қатор интернет нашрлар United Cement Group «Қизилқумцемент» нинг давлатга тегишли акциялари пакетини 1,89 трлн сўмга сотиб олганини хабар қилган.
2022 йилда Ўзбекистондаги қатор интернет нашрлар United Cement Group «Қизилқумцемент» нинг давлатга тегишли акциялари пакетини 1,89 трлн сўмга сотиб олганини хабар қилган.

Айни пайтда UCGнинг цемент ишлаб чиқариш қуввати йилига 10 миллион тоннани ташкил этади.

2021 йилда UCG Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводларидан бири – "Қизилқумцемент"ни сотиб олди. Ўшанда америкалик конгрессмен Уэсли Хант UCGнинг Ўзбекистондаги ғолиб бўлган тендерини танқид қилиб, уни шаффоф эмас, деб баҳолаган.

"2022 йил бошида Кипрда рўйхатдан ўтган, аммо Ўзбекистон ва Россияда фаолият юритувчи UCG Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги энг йирик цемент заводларидан биридаги улушини "шаффоф" деб номланган битим асосида сотиб олди. Аммо бу "шаффоф" битимнинг расмий тендерсиз ва сезиларли чегирма билан амалга оширилгани айниқса шубҳали. Бунинг натижасида UCG компанияси Ўзбекистондаги цемент ишлаб чиқариш қувватларининг қарийб 50 фоизини назорат пакетига эга бўлди. Биз хусусийлаштириш ниқоби остида Россия фойдасига монополлашув гувоҳи бўлмоқдамиз," деган америкалик конгрессмен.

Конгрессмен UCG компаниясини АҚШнинг Россияга қарши санкцияларини бузганликда айблади ва АҚШ Молия вазирлигидан бу борада алоҳида текширув ўтказишни сўради.

Украинанинг "Миротворец" тадқиқот маркази ҳам UCG компаниясини Россия билан ҳамкорликда айблаб, компания эгаси Улуғбек Шодмоновга қарши санкциялар киритишга чақирди.

Бироқ, Улуғбек Шодмоновнинг америкалик адвокати ўз мижози компанияси яхши обрўга эга эканлигини таъкидлайди.

"UCG нафақат Марказий Осиёдаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи, балки минтақадаги халқаро бошқарув ва ҳисобдорлик стандартларига жавоб берадиган кам сонли бизнес моделларидан биридир. Ғарбнинг энг яхши юридик (Baker McKenzie) ва аудиторлик (Deloitte) компаниялари мижозимизга маслаҳат хизматларини кўрсатади. Бундан ташқари, бу Fitch ва S&P кредит рейтингларига эга бўлган Ўзбекистондаги ягона компаниядир," дейилади Американинг Bose McKinney & Evans LLP юридик фирмаси адвокати Стивен Ж. Акард олдинроқ Озодликка йўллаган мактубда.

Улуғбек Шодмоновнинг номи бутун дунё бўйлаб юзлаб юқори мартабали сиёсий ва ишбилармон шахсларнинг махфий оффшор ҳисобларини фош этган "Пандора ҳужжатлари"да ҳам тилга олинган.

Суриштирувчи журналистлар халқаро консорциуми оффшордаги AMANAT GROUP LIMITED ширкатини Улуғбек Шодмоновга боғлашган.

Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон расмийлари ҳозирча мамлакатдаги энг йирик цемент ширкати эгасининг ҳибсга олиниши юзасидан матбуотга бирон расмий изоҳ берганлари йўқ.

Улуғбек Шодмоновнинг адвокатлари эса Озодлик сўровига жавобан, унинг Дубайда бизнес сафарида экани ва Ўзбекистонга қайтгач, Озодликка расмий шарҳ бериш истагида эканини маълум қилишди.

Озодлик видеосуриштирувининг тўлиқ версияси билан мана бу линк орқали танишишингиз мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG