Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:21

Абитуриент-2020: Онлайн қабул, хотин-қизлар квотаси, сўхликлар учун грант


Жорий йилги олийгоҳларга қабул жараёни карантин сабаб қатор ўзгаришлар билан ўтмоқда.

Ҳужжатларни 20 июндан 20 июлга қадар онлайн тарзда топшириш мумкин.

Кириш имтиҳонлари танланган таълим йўналиши бўйича асосий 2 та фандан ўтказилади.

Абитуриентларга бакалавриат таълими учун 5 тагача йўналиш бўйича танловда қатнашиш имкони берилди.

ОТМга кириш синовлари 1 августдан бошланади.

Жорий йилги қабул жараёнига оид янгиликларни "Абитуриент кундалиги" жонли блоги орқали биргаликда кузатамиз.

Бўлажак абитуриентлар ўзларини қизиқтираётган саволлар ёки қабул жараёнига оид хабарлари билан Озодликка мурожаат қилишлари мумкин.

Telegram, WhatsApp: +420 724 971 539; +420 724 740 755.

Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com.

Хориждаги абитуриент тестдан уч ҳафта олдин Ўзбекистонга келиши шарт

Кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун хориждан туриб рўйхатдан онлайн ўтган абитуриентлар Ўзбекистонга тест синовлари бошланишидан камида уч ҳафта олдин келиши керак. Бу ҳақда 25 июнда АОКАда ўтган брифингда Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов билдирди.

Хориждан камида уч ҳафта олдин келган абитуриент коронавирус пандемияси муносабати билан жорий қилинган карантин талабларини тўлиқ бажарганидан сўнг, Санитария-эпидемиология ва осойишталик агентлиги тақдим этган хулосалари асосида тест синовларига киритилади.

Расмийнинг билдиришича, имтиҳонларда абитуриентларнинг ота-оналари учун алоҳида кутиш ёки тўпланиш жойлари ташкил қилинмайди, улар барча бинолардаги тест синовларини test2020.uz сайти орқали онлайн кузатиб боришлари мумкин.​

Иситмаси бор абитуриентлар тестга киритилмайди

Олийгоҳларга кириш имтиҳонига тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган абитуриентлар киритилмайди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Билдирилишича, тана ҳарорати 37 даражадан юқорилиги аниқланган абитуриент тест синовларига киритилмайди. Унга нисбатан Санитария-эпидемиология ва осойишталик агентлиги масъул ходимлари ва Давлат тест маркази вакили иштирокида далолатнома тузилади ва тиббий текширувдан ўтказилади.

Текширувда коронавирус аниқланмаган абитуриентлар учун республика бўйича тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг тўртинчи куни тест синовлари ўтказилади.

Тест синовлари якунлангандан 4 кун ўтгач ўтказиладиган имтиҳонларда ҳам абитуриентда тана ҳароратининг юқорилиги аниқланса, у имтиҳонда иштирок эта олмайди.

2020/2021 ўқув йили қабулида тест синовларини ҳар бир абитуриент учун биноларда 3 квадрат метрдан кам бўлмаган жой ажратиб, қоида тариқасида, бир кунда икки ёки уч сменада ўтказиш режалаштирилмоқда.

Хотин-қизлар учун 940та квота

Янги ўқув йилида хотин-қизлар учун ОТМлар бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига қўшимча 940 та квота ажратилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, хотин-қизлар учун тўрт фоизли қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти тасдиқланган.

Ижодий имтиҳонларни ўтказиш тартиби белгиланди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилда ҳужжат топширган абитуриентлар учун касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш тартиби белгиланди:

  • касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурларини бакалавриат таълим йўналишлари хусусиятидан келиб чиқиб соддалаштирилади;
  • абитуриент касбий (ижодий) имтиҳон учун бир марта келади ва ортиқча вақт сарфламасдан топшириши таъминланади;
  • тест синовлари билан бир қаторда ўтказиладиган касбий (ижодий) имтиҳонлар жорий йилнинг 25 июлгача ўтказилади;
  • алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари кириш имтиҳонларини 25 июлдан 20 августгача ўтказилади;
  • касбий (ижодий) имтиҳонлар видеокузатувлар орқали қатъий назорат қилинади ва интернетда жамоатчилик кузатуви таъминланади.

Парламент депутати ОТМга киришдаги ўринсиз имтиёзларни танқид қилди

Ўзбекистон Конституциясида барча фуқаролар тенг ҳуқуққа эга эканлиги белгиланган. Демак, ота-онаси қаерда хизмат қилиши ёки фуқаронинг айрим ютуқларга эга бўлиши Конституцияда белгиланган меъёрдан устун қўйилиши мумкин эмас. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисованинг Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайтида ёйинланган мақоласида айтилган.

Ворисова айрим абитуриентларга олий таълим муассасаларига киришда турли имтиёзлар берилишини савол остига олган.

Муаллифга кўра, нима учундир мактабни аъло баҳоларга битириб, олтин медаль соҳиби бўлган абитуриентга ҳеч қанақа имтиёз йўқ, лекин республика фан олимпиадалари ғолибларига имтиёз белгиланган. Депутат Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари учун олий таълимга имтиҳонсиз кириш имтиёзи берилгани юзасидан ҳам таажжуб изҳор қилган.

“Мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимидаги ходимлар фарзандлари учун белгиланган имтиёзни ҳам тушуниш қийин. Шундоғам бу тизимлардаги ходимлар катта имтиёзларга эга. Энди уларнинг ҳисобидан фарзандларига ҳам имтиёз берилиши қанчалик ижтимоий адолат тамойилига тўғри келади? Айтайлик, оддий деҳқон ёки боғбоннинг ўқишни дунёдаги ҳамма нарсадан кўпроқ истайдиган қора кўз фарзанди кимларгадир имтиёз берилгани учунгина “йиқилса”, жамият, сиз билан биз унга адолатсизлик қилган бўлмаймизми? Бундай фарзандларнинг қалби синмайдими? Дили оғримайдими?..” дея савол ташлайди Мақсуда Ворисова.

Депутатнинг фикрича, қаерда ўринсиз имтиёз яратилса, ўша жойда коррупция, деган балога кенг эшик очилади.

“Шунинг учун ҳам узоқ ҳаёт йўлининг бошида турган фарзандларимизни коррупция оғуси билан суғормайлик, бошқаларини эса адолатсизлик билан ҳаётдан норози қилмайлик”, дея хулоса қилади мақола муаллифи.

Кириш имтиҳонини топшираётган фарзандларини ташқарида кузатиб ўтирган ота-оналар (архив сурати).
Кириш имтиҳонини топшираётган фарзандларини ташқарида кузатиб ўтирган ота-оналар (архив сурати).

Ўзбек расмийлари қўшни давлатлардаги ўқиш тавсия қилинмайдиган ОТМлар номини очиқлади

Қирғизистон ва Тожикистондаги айрим олий таълим муассасаларининг таълим сифати Ўзбекистоннинг меҳнат бозори талаб даражасига мос эмас. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ҳозирланган “Қўшни давлатлардаги олий таълим ташкилотларининг таълим сифати даражасини аниқлаш бўйича тавсия”да айтилган.

Инспекция мазкур тавсия қўшни давлатлардаги олий таълим ташкилотларида таълим бериш жараёнини турли ахборот манбалари ҳамда Ўзбекистонда хорижий давлатларда таълим олганлик бўйича синовлар натижаларини таҳлилий ўрганиб чиқиш асосида тайёрланганини қайд этади.

Ўзбек расмийларига кўра, таълим сифати талаб даражасида бўлмаган ОТМлар сирасига Қирғизистондаги Марказий Осиё халқаро университети, Қирғиз-Ўзбек университети, Халқаро тиббиёт олий мактаби, Боткен давлат университетининг Қизил-Қия гуманитар-педагогика университети, Ўш гуманитар-педагогика институти, Жалолобод давлат университети, Ўш давлат юридик институти, Майлуу-Суу иқтисодиёт ва бошқарув институти, шунингдек, Тожикистондаги Хўжанд давлат университети, Тожикистон очиқ университети, Тожикистон давлат педагогика университети, Тожикистон тадбиркорлик ва сервис институти, Тожикистон солиқ ва ҳуқуқ институти, Тожикистон давлат тиллар институти, Қўрғонтепа давлат университети, Тожикистон давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети кабилар киритилган.

“Исталмаган университет ва институтлар” қаторида Қозоғистондаги конкрет ОТМ номи қайд этилмаган бўлса-да, бу мамлакатдаги “айрим рейтинг кўрсаткичи юқори ОТМлар ўзбекистонлик ёшларни имтиҳонсиз қабул қилиши, ўқишларни масофадан ташкил этиши, буни сиртқи деб номлаши орқали одамларни чалғитиши натижасида таълим сифати таъминланмаётганлиги ҳолатлари ҳам кузатилаётгани” таъкидланади.

Баён якунида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўзбекистонликларга хорижий давлатларда таълим олишда энг аввало сифатли таълим берадиган, миллий ва халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингида юқори ўринларда бўлган олий таълим ташкилотларида таълим олишларини тавсия этган.

Зеро, келажакда юқори малакали кадр бўлиб етишиш, республикамиз меҳнат бозорида ўз ўрнига эга бўлиш учун таълим сифати юқори бўлган таълим ташкилотларида таҳсил олиниши мақсадга мувофиқдир”, дейилади тавсияномада.

Ўзбек расмийлари "таълим сифати талаб даражасига мос эмас" деб топган Ўш давлат юридик институти биноси.
Ўзбек расмийлари "таълим сифати талаб даражасига мос эмас" деб топган Ўш давлат юридик институти биноси.

Тошкентда яна бир университет ташкил этилди

Вазирлар маҳкамасининг 23 июндаги 404-сон қарорига асосан “Tashkent International University of Education” халқаро университети ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Мазкур университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади. Университетда ўқиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Кадрлар тайёрлаш кундузги, сиртқи, кечки, махсус сиртқи ва масофавий таълим шакллари бўйича ўзбек, инглиз ҳамда бошқа тилларда амалга оширилади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, университетнинг магистратурасини битирганлар Халқ таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг раҳбар кадрлари захирасига киритилади.

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлигига истисно тариқасида университет фаолиятини йўлга қўйиш учун энг яхши шартларни таклиф этган потенциал инвесторни танлаш ҳамда инвестициявий ва ижтимоий мажбурият шартларини белгилаш ҳуқуқи берилди.​

Ўзбекистондаги университетлардан бири.
Ўзбекистондаги университетлардан бири.

ОТМга кириш синовлари 1 августдан бошланади

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш синовлари 1 августдан бошланиши мумкин. Бу ҳақда Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев 15 июнь куни АОКАда 2020/2021 ўқув йили қабул жараёнини ташкил этиш юзасидан долзарб вазифаларга бағишланиб ўтказилган брифингда маълум қилган.

Б. Мусаев даставвал расмийлар тест синовларини 5 августдан бошлашни режалаганлари, кейинчалик бор имкониятларни ишга солиб, тест санасини 1 августга кўчиришга қарор қилганларини билдирган.

Ўзбекистонда ОТМга кириш учун тест синовлари ҳар йили одатда 1 августдан бошланади.

Спорт йўналишида ўқиш 3 йилга туширилди

Спорт йўналиши бўйича олий таълим муддати президент қарори билан оптималлаштириладиган бўлди.

Бу ҳақда “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги президент қарорида қайд қилинган

Қарорга кўра, “Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати уч йил этиб белгиланди.​

Сўхлик ёшлар учун 500 ўрин ва бу йилги бошқа грантлар

Президент қарорида Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги ёшлар учун ваъда қилинган қўшимча давлат гранти асосидаги 500та ўрин ҳам қайд этилди.

Шунингдек, хотин-қизларга қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосида квота ажратилади.

Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномаси билан, хотин-қизлар бакалавриатнинг кундузги таълим бўлимида, қўшимча 4 фоизли давлат гранти асосида қабул қилинади.

Ўзини ўзи мояливий таъминлайдиган Олий таълим муассаларига эса, бу йилги ўқув йилидан, контракт тўлови қийматини белгилаш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, математика фанидан Магистратура босқичидаги таълим йўналишига давлат гранти бериладиган бўлди.

Кейинги ўқув йилидан эса, давлат фақат ўзи пулини тўлайдиган грант асосидаги талабалик ўрни учун квота белгилаши, контракт асосидаги талабалик ўрни учун таълим муассасаларининг ўзлари квота белгилаши кўзда тутилмоқда.

Абитуриентга 5та йўналиш бўйича танловда қатнашиш ҳуқуқи берилди

Жорий йил абитуриентларга бакалавриат таълими учун 5 тагача йўналиш бўйича танловда қатнашиш имкони берилди.

Ўтган йили абитуриентларга бакалавриат йўналиши бўйича бир вақтнинг ўзида 3та олийгоҳга ҳужжат топширишга рухсат берилганди.

Президент қарори билан 2020-2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул квоталари белгиланди.

Келгуси ўқув йилида Ўзбекистон олий таълим Бакалавриат йўналишида кундузги таълим учун 103 575 нафар талаба қабул қилинади.

Сиртқи бўлимларига 31 350 нафар, кечки бўлимларига 5 025 нафар, магистратурага эса 10 425 нафар талаба қабул қилинади.

Кириш имтиҳонлари эса танланган таълим йўналиши бўйича асосий 2 та фандан ўтказилади.

Магистратура босқичи учун ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайти орқали онлайн қабул қилинади.

Cўхлик ёшлар ОТМга киришда ўз она тиллари – тожик тилида имтиҳон топширади

Сўхлик ёшлар эндиликда олий ўқув юртларига қабул қилинаётганида ўз она тиллари – тожик тилида имтиҳон топшириш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда 3 июнь куни бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида Сўх тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда билдирилган.

Сўх туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, кечаги йиғилишда эксклавда олий маълумотли кадрлар етишмовчилиги ҳақида ҳам сўз юритилган ва Тошкентдан келган расмийлар томонидан Республика раҳбари сўхлик ёшларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиниши учун 500 та квота ажратажаги билдирилган.

Шунингдек, туманда яқин келажакда таълим соҳасидаги бошқа муаммолар ҳам тўлиқ бартараф этилиб, янги мактаб ва қўшимча бинолар қурилиши режалаштирилган.

Ҳужжат қабул қилиш бошланди

Қарорга асосан 2020-2021 ўқув йили учун Олий таълим муассасалари бакалавриат йўналишига ҳужжатлар 20 июндан 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам) бўлган муддатда ўз ҳудудидан ёки онлайн тарзда:

- Давлат хизматлари марказлари орқали,

- Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали,

- Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали қабул қилинади.

Тест синовлари ўтказиладиган биноларда ҳар бир абитуриент учун камида 3 кв.м жой ажратилади, уларнинг ниқоб, қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланиши айтилмоқда.​

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг "2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида"ги қарорида қайд қилинган.

Тошкентда Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиали очилади

Тошкент давлат иқтисодиёт университети базасида Туркия иқтисодиёт ва технология университетининг филиали ташкил этилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, жорий йил 4-7 март кунлари Ўзбекистон делегацияси Туркия иқтисодиёт ва технология университетига ташриф буюриб, мазкур олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиалини очиш юзасидан ҳамкорлик келишуви имзоланган.

Келишувга кўра, Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида кадрлар тайёрлаш, олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, электрон ва масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда инглиз тилида ўқитишни йўлга қўйиш каби вазифалар белгилаб олинган.

Ушбу масала юзасидан икки мамлакат масъуллари ўртасида ўтказилган онлайн конференцияда ТОВВ ЕТU (Туркия иқтисодиёт ва технология университети) бренди, веб-сайти, платформа ва бошқа материаллардан университетнинг Тошкент шаҳридаги филиалини ривожлантириш учун фойдаланиш, қолаверса ТОВВ ЕТU дипломини бериш, талабаларнинг қабул қилиш шартлари ва муддатларини келишиш ва кутубхона фондини, шунингдек таълим соҳасидаги ўқув, илмий ва услубий қўлланмаларни шакллантиришга кўмаклашиш каби ишларни тезкор амалга оширилиш масалалари муҳокама қилинган ва мазкур масалалар бўйича ижобий тўхтамга келинган.

Айни пайтда анжуманда филиалга 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб талабаларни қабул қилиш, таълим жараёнларини тўлақонли жорий этиш ҳамда шу соҳага Туркиянинг етакчи ўқитувчи-профессорларини жалб қилишга ҳам келишиб олинган.

Тошкентда Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиалини ташкил этиш қарори Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил февраль ойида Туркияга ташрифи чоғида олинган.
Тошкентда Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиалини ташкил этиш қарори Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил февраль ойида Туркияга ташрифи чоғида олинган.

Қўшни давлат университетларидан Ўзбекистонга қайтган талабалар ўқишсиз қолганидан хавотирда

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг февраль ойидаги буйруғи асосида ўқишларини қўшни давлатлардан ўз юртига кўчириш учун ватанига қайтиб келган баъзи ўзбекистонлик талабалар ўқишга қабул билан боғлиқ муаммолар қаршисида қолган.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг олий ўқув юртларидаги ўқишини ташлаб ўз юртига қайтиб келган талабалар Озодлик билан суҳбатда ўз вилоятларидаги олийгоҳлар уларни ўқишга қабул қилмаётгани, оқибатда уч ой ўқишсиз қолиб кетганларини айтди.

Олий ўқув юртлари мутасаддиларига кўра, қайтиб келган талабаларни ўқишга қабул қилиш, уларнинг ҳужжатларини текшириш Ўзбекистон ва қўшни давлатлардаги коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли чўзилмоқда.

Шу йилнинг 7 февралидан Ўзбекистондаги олийгоҳлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалардан ўқишини кўчириш бўйича аризаларни қабул қила бошлаган эди.

Ҳужжатларни қабул қилиш 15 мартгача қабул қилиниши, ўқишни кўчиришда ҳеч қандай қўшимча талаблар ва синовлар ҳамда бюрократик муаммолар бўлмаслиги ваъда қилинган эди.

Абитуриент нечта олийгоҳга ҳужжат топшириши мумкин?

Ўтган йили абитуриентларга бакалавриат йўналиши бўйича бир вақтнинг ўзида 3та олийгоҳга ҳужжат топширишга рухсат берилганди. Хўш, бу йил ҳам бу тартиб сақланиб қолдими?

Озодликнинг бу саволига жавоб берган ДТМ ходими жорий йилда ҳам абитуриентлар бир пайтнинг ўзида 3та олийгоҳга ҳужжат топширишлари мумкинлигини айтди:

"Абитуриентлар худди ўтган йилдаги каби бу йил ҳам бир вақтнинг ўзида учта таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиши мумкин. Бироқ бунда бир қанча шартлар мавжуд яъни тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлиши шарт. Бундан ташқари таълим шакли ва таълим тили ҳам бир хилда бўлиши лозим. Абитуриент 3та олийгоҳнинг кундузги ва сиртқи бўлимидан фақат биттасини танлаши лозим. Яъни 3та олийгоҳда ҳам фақат кундузги ёки фақат сиртқи бўлимлар танланиши лозим. Тил масаласи ҳам худди шундай - 3та олийгоҳда ҳам фақат битта тилдаги йўналишлар танланиши лозим".

Тест синовлари қай кўринишда ўтади?

ДТМнинг хабар қилишича, жорий йилда тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 700 тагача ўрин тайёрланади, ҳар бир абитуриент учун камида 3 кв.м жой ажратилади, санитария-гигиена талабларига биноан, уларда ниқоб, қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланади.

Абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчангач, бинога киритилади. Бинолар камида 4 маротаба дезинфекция қилинади.

ДТМга кўра, буларнинг бари тест топширувчилар, гуруҳ назоратчилари ва жараёнга жалб этилган бошқа шахсларнинг саломатлигини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади.

Бу йилги кириш имтиҳонларида ўзгариш борми?

ДТМдан олинган маълумотга кўра, карантин сабаб жорий йилда кириш имтиҳонларига истисно тарзида ўзгариш киритилади.

Амалдаги тартибга кўра, кириш имтиҳонлари жами 5 та – учта мажбурий ва иккита мутахассислик фани бўйича ўтказилиши белгиланган.

ДТМ коронавирус билан боғлиқ вазиятни инобатга олиб, тест синовларини мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанлари асосида ўтказишни режалаштирмоқда.

Карантин сабаб қабул жараёнида ўзгариш бўладими?

2020/2021 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш онлайн кўринишда бўлиши мумкин.

Бу ҳақда 30 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги олий таълимга бағишланган йиғилиш пайти маълум қилинди.

Йиғилишда жорий йилда таълим муассасаларига масофадан, онлайн шаклда, интернет орқали ҳужжат топшириш имкониятини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Бироқ ҳозирча бу жараённинг қай кўринишда бўлиши расман эълон қилинмади.

Олтин ва кумуш медаллар абитуриентга имтиёз берадими?

Озодликка йўлланган ушбу саволга жавоб излаш давомида қуйидагиларни аниқладик:

Мактаб битирувчилари орасидаги иқтидорли ёшларнинг олтин ва кумуш медал билан тақдирланиши уларнинг олий таълим муассасаларига киришида ҳеч қандай имтиёз бермайди.

Битирувчиларнинг олтин ёки кумуш медал билан тақдирланиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.

ДТМдан олинган маълумога кўра,ушбу низомда олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган ўқувчиларга имтиёзлар берилиши кўзда тутилмагани сабаб медали бор абитуриентнинг олийгоҳга кириши учун ҳеч қандай имтиёз берилмайди. ​

Тиббиёт коллежлари Абу Али Ибн Сино номидаги техникумларга айлантирилади

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги 47 та тиббиёт коллежи Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 апрель куни билдирди.

Расмий билдирувда айтилишича, бу иш президентнинг “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилади.

Мазкур техникумларда тиббий-санитария мутахассислари тайёрланади. Техникумларда валеология, тиббий психология, диетология, кинезиология, реабилитология каби фанлар ўқитилади.

“Яна бир аҳамиятли жиҳати, мазкур техникумларнинг муваффақиятли битирувчилари тиббиёт олий таълим муассасаларида имтиҳонсиз, суҳбат орқали бакалавриатнинг 2-курсидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади”, дейилди хабарда.

Жами 47 тиббиёт коллежи энди техникум бўлади.
Жами 47 тиббиёт коллежи энди техникум бўлади.

Битирувчиларга аттестатлар бу йил электрон шаклда берилади

Ўзбекистонда 2019-2020 ўқув йилида мактабни битирганлар аттестатларни электрон (сканерланган) шаклда оладилар. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Хабарномада аттестатлар (шаҳодатномалар) карантин муддати тугагунга қадар таълим муассасаларида сақланиши, карантин якунланганидан сўнг эгаларига топширилиши айтилган, бироқ битирув имтиҳонлари қачон бўлиши ҳақида билдирилмаган.

Ўзбекистонда карантин тартиби жорий йил 16 мартидан жорий этилган. Республика комиссияси қарорига кўра, карантин муддати камида 1 июнгача давом этади.

Шарқшунослик институти университетга айлантирилади ва ўзини ўзи молиялашга ўтказилади

Тошкент давлат шарқшунослик институти университетга айлантирилади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга асосан Тошкент давлат шарқшунослик университети ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади.

Қарорда Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2021 йил 1 августга қадар Университетнинг янги 9 қаватли биноси ва спорт мажмуасини қуриш ва фойдаланишга топшириш кўрсатмаси берилди.

Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Университетга ўқишга қабул қилишда шарқ тилларидан (турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, япон тиллари) топшириладиган кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилиши йўлга қўйилади.

Бундан ташқари “2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ушбу тажрибани бошқа тиллар (испан, итальян, тожик, қозоқ, туркман, қирғиз тиллари ва бошқалар) бўйича республикадаги барча давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин”, дейилади қарорда.

Давлат инспекцияси ёшларни Россия институтининг ёлғон тарғиботидан огоҳлантирди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Россиянинг Шарқий Европа институти Ўзбекистонда ноқонуний таълим фаолияти билан шуғулланаётганини қайд этиб, ёшларни дипломи тан олинмайдиган олий таълим муассасалари тарғиботига ишонмасликка чақирди.

Инспекцияга кўра, мазкур институт масофавий олий таълим хизматларини Ўзбекистонда белгиланган тартибда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмасдан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 22-сонли мусиқа, санъат ва бахшичилик мактаби биносида таълим фаолияти билан шуғулланмоқда.

“Шунингдек, карантин сабабли юртимиздаги олий таълим муассасаларида таълим жараёнлари масофавий шаклда ташкил этилгани ниқоби остида кўплаб консалтинг ташкилотлари ўз рекламаларида “дипломи Ўзбекистонда тўғридан-тўғри тан олинади” каби асосланмаган маълумотлар билан масофадан таълим берадиган хорижий олий таълим муассасаларини тарғибот қилишмоқда”, дейилади инспекция хабарномасида.

Давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонунида ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда (кундузги, сиртқи ҳамда кечки таълим шакллари кўзда тутилган) таълим олиш белгилангани, лекин масофавий таълим шакли ушбу қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаганини эслатган. Бундан масофавий таълим шаклида ўқиб олинган ҳужжатлар Ўзбекистонда тан олинмаслиги келиб чиқади.

Инспекция ёшларга турли ташкилотлар ёки фуқаролар томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда хорижий давлатларда масофавий таълим олиш бўйича кенг жамоатчиликка берилаётган рекламаларга ишонмасликни тавсия қилган.

Хива ва Наманганда шарқ тиллари бўйича техникумлар ташкил этилади

Шарқ тиллари соҳасида ўрта бўғин профессионал кадрларни тайёрлаш, шунингдек, истеъдодли ёшлар селекциясини амалга ошириш мақсадида Наманган ва Хива шаҳарларида шарқ тиллари бўйича техникумлар ташкил этилади.

Олий ва ўрта таълим вазирлиги Телеграм-канали маълумотига кўра, бу иш Ўзбекистон президенти томонидан 16 апрель куни қабул қилинган “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида амалга оширилади.

Хабарномада вазирлик томонидан 2020 йил 1 августига қадар мазкур техникумларни шарқ тилларини ўқитишга мослаштириш, малакали педагог кадрлар билан тўлдириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилиши айтилган.

TEAM нодавлат университети ташкил этилди

Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан TEAM университети ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Университет тадбиркорлик ва бошқарув ҳамда бошқа соҳаларда юқори малакали олий маълумотли кадрларни тайёрлаш дохил қатор вазифаларни бажаради.

Маълумотларга кўра, университет “TEAM University” МЧЖ муассислигидаги устав фондида давлат улуши бўлмаган нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади. Бу ерда таълим жараёни инглиз, ўзбек ва бошқа тилларда ташкил этилиши, таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланиши кутилмоқда.

Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида, шунингдек юридик шахслар – потенциал иш берувчилар тақдим этадиган таълим грантлари, ҳомийлик хайриялари ва бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Уч вилоят марказидаги университетларда юридик факультетлар очилади

Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этилади ва “юриспруденция” йўналиши бўйича белгиланган тартибда шакллантириладиган ва тасдиқланадиган квоталар бўйича қабул, шу жумладан, табақалаштирилган тўлов контракт асосида қўшимча қабул амалга оширилади.

Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев томонидан 29 апрель куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда айтилади.

Фармонга мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассаса этиб белгиланган.

Ҳужжатда, шунингдек, давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий фикр соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилиши қайд этилган.

Тошкентда янги ўқув йилидан Британия менежмент университети иш бошлайди

Ўзбекистон пойтахтида нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Британия менежмент университети ташкил этилади. Бунга оид қарор, “Ҳуқуқий ахборот” канали маълумотига кўра, 2020 йил 8 май куни Вазирлар маҳкамаси томонидан қабул қилинган.

Университетда ўқитиш Ўзбекистонда амалда мавжуд таълим шакллари ҳамда инглиз тилида тўлов-контракт асосида амалга оширилиши кутилмоқда.

Университетда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади ҳамда дастлабки босқичда бакалавриатга “Лойиҳаларни бошқариш”, “Логистика ва етказиб бериш занжирларини бошқариш”, “Тадбиркорлик ва инновациялар”, “Халқаро электрон тижорат” ва “Рақамли иқтисодиёт” каби таълим йўналишлари бўйича талабалар қабул қилинади.

Битирувчиларга Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилиши кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG