Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:05

“Автотест-2” : “Права” учун Ягона имтиҳон маркази Алламжоновга боғланди


Ўзбекистон Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов янги очилган марказда бизнес манфаатлари борлиги ҳақидаги иддаоларни ҳануз изоҳламади.
Ўзбекистон Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов янги очилган марказда бизнес манфаатлари борлиги ҳақидаги иддаоларни ҳануз изоҳламади.

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаси учун ягона имтиҳон марказининг очилиши айни соҳада монополия ўрнатиш ҳаракатлари билан боғлиқ янги мунозараларни пайдо қилди.

3 февраль куни Autodriver Study компанияси ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон топширишга мўлжалланган Ягона имтиҳон марказини ишга туширгани хабар қилинди.

Худди шу куни Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳукумат қарорига мувофиқ, рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлим ва бўлинмаларида ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонларни қабул қилишни тўхтатди.

Марказни бошқариш ҳуқуқи қандай асосда Autodriver Study МЧЖга берилгани маълум эмас.

Маҳаллий журналист ва блогерларга кўра, ширкат тендерсиз танлаб олинган.

Бу бизнес орқасида ҳукуматнинг 2018 йил августидаги қарори билан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқарадиган шахслар (ҳайдовчилар) малакасини ошириш фаолиятини юритиш бўйича алоҳида ҳуқуқи бекор қилинган «Avtotest Report» МЧЖ тургани борасида фаразлар ҳам бор.

“Автотест” асосчиси, Ўзбекистон Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳозирча бу борадаги фаразларга муносабат билдиргани йўқ.

Autodriver Study ва“Автотест”нинг солиқ идентификация рақамлари бир хил

2015 йил апрелида ҳукуматнинг ҳайдовчиларни қайта тайёрлашга доир махсус қарори билан алоҳида ҳуқуқ берилган "Автотест" монополиясига қарши танқидлар ортидан 2019 йилда ширкат фаолиятини тўхтатганини эълон қилган эди.

Аммо очиқ манбаларда “Автотест” ва Тошкентдаги Ягона имтиҳон марказини бошқариш ҳуқуқи берилган Autodriver Study МЧЖнинг солиқ тўловчи идентификацион рақами бир хил экани кўринади.

Autodriver Study автомактаби филиалларидан бири айнан “Автотест” инновацион автомактаби жойлашган манзилда, телефон рақамлари ҳам ўзгармаган.

“Автотест” ишини ўрганган Британиядаги Алстер (Ulster) университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслеттнинг Озодликка айтишича, Тошкентда очилган ягона имтиҳон маркази “Алламжоновга бориб тақалмоқда”.

“Комил Алламжонов асос солган "Автотест" давлат томонидан унга берилган монополия ҳуқуқи сабаб қаттиқ танқид қилинган эди. Мен давлат реестридаги ҳужжатларни солиштириб кўрдим. Шу ҳужжатлардан ягона имтиҳон марказини бошқариш ҳуқуқи берилган Autodriver Study ширкати ўша “Автотест” нинг ўзи бўлиб чиқяпти. Солиқ идентификация рақамлари ҳам бир хил”, - дейди Ласслетт.

Очиқ манбаларда Autodriver Study МЧЖ раҳбари сифатида Дэниел Бёрк (Burke Daniyel James) кўрсатилган, ширкатнинг ягона таъсисчиси эса Дилшод Шуҳратович Жўраев.

Ширкат таъсисчилари орасида Комил Алламжонов йўқ.

Кристиан Ласслетт бизнеснинг асл эгаси “учинчи юридик шахслар ортида яширинган бўлиши” мумкинлигини тахмин қилади.

"Ўтмишда Алламжонов ўзининг компаниядаги улушини давлат реестридан яшириш учун номинал акциядорлардан фойдалангани маълум, шундай экан, ҳозир Autodriver Study қилиб ўзгартирилган ширкатда унинг манфаатдорлиги бор ёки йўқлигини билиш имконсиз.

Дилшод Жўраев ҳақида маълумот кам. У Алламжоновдан “Автотест”ни сотиб олгани даргумон. Нархи ўнлаб миллион доллар турадиган бундай бизнесга фақат таниқли тадбиркорнинг қурби етиши мумкин. Жўраев қоғоздаги номинал акциядор бўлиши эҳтимол. Бундан келиб чиқадики, Алламжонов бу ширкатга эгалик қилишда давом этаётган бўлиши мумкин ёки у “Автотест”ни сотган. Агар Алламжонов “Автотест”ни сотган бўлса, жамоатчиликка шу савдо ҳужжати нусхасини тақдим этиши керак бўлади”, - дейди Ласслетт.

Ўзбекистон Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов янги очилган марказда бизнес манфаатлари борлиги ҳақидаги иддаоларни ҳануз изоҳламади.

Тўрт йил муқаддам ҳукумат қарори билан юридик фирмалар ҳайдовчиларидан мажбурий тест олиш ўша пайтда ҳукумат қарори билан Ўзбекистон президенти матбуот котиби лавозимида ишлаган Алламжоновнинг "Автотест" ширкатига топширилгани танқидларга сабаб бўлган эди.

"Автотест" монополиясига қарши кампанияга Ўзбекистон парламентининг айрим депутатлари ҳам қўшилган.

Алламжонов ўзининг "Алламжонов айбдор" китобида "Автотест" лойиҳаси нотўғри тушунилгани ва талқин қилингани”ни айтган:

“Шу лойиҳани деб мен ёмонотлиқ бўлдим, гап-сўзларга шаънимга жиддий таъсир қилди… Яхшилик қиламан десангу, сени ҳеч ким тушунмаса. Ҳатти-ҳаракатларингни шундай оёғини осмондан қилиб кўрсатишадики, ёвузлигингга ўзинг ҳам ишониб кетасан”.

Ўтган вақт мобайнида Алламжонов бир неча бор йўл-транспорт ҳодисалари боис ҳайдовчиларни тайёрлашнинг амалдаги тизимини танқид қилган ва “Автотест” нинг “йўқотиб юборилгани”дан таассуф билдирган.

“Автомактаблар соққа қилиш билан овора. Ўқитиш тизими бутунлай ишдан чиққан. Амалий дарслар чала-чулпа ўтилади. Бензинга пул, дарсга қатнашмаслик пул, имтиҳон пул. Натижада ҳар ойда йўлга минглаб "потенциал қотиллар" чиқарилади. Жамоатчиликни эса асосан монополия ташвишга солади. Қани бу танқидчилар, "Автотест"нинг йўқ бўлиб кетиши тарафдорлари? "Автотест" йўқ энди. Энди нега жимсизлар?” деб ёзган Алламжонов ўтган йил октябрида ўзининг Телеграм-каналида.

“Авариялар статистикаси байроқ қилиняпти”

Тошкентда ҳайдовчилик гувоҳномаси учун мамлакатдаги ягона имтиҳон маркази Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг автомактаблар фаолиятини танқид қилиши ортидан жорий қилинмоқда.

26 январь куни Мирзиёев ҳукумат йиғинида: “Нимага куйиб-пишмаймиз? Нимага ўлим кўпайяпти?.. Дарсга бормасдан гувоҳномани оляпти. Нима, Ўзбекистонда қонун йўқми?” — деган эди.

3 февраль куни марказ очилиши маросимида Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ҳам ҳайдовчиларнинг малакасизлиги туфайли авариялар кўпайганига тўхталиб: “Энди пули ёки таниши борлар эмас, фақат билими борларгина рулга ўтиради, йўлга чиқади. Биз бундан бошқасига рози эмасмиз ва бунга йўл ҳам қўймаймиз”, деди.

Вазир муовинига кўра, 2022−2023 йилларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳон ўтказиладиган автоматлаштирилган имтиҳон марказлари қурилади ва ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда.

Ўзбекистонлик блогер Шаҳноза Соатова ҳайдовчилик гувоҳномаси учун мамлакатдаги ягона имтиҳон марказини очишга авария ва йўллардаги бахтсиз ходисалар ҳақидаги “статистика байроқ қилинаётгани”га эътибор қаратди.

"Газета.уз ИИВга таяниб берган маълумотларга кўра, 2021 йил январь–октябрида бўлган 7,7 мингта авариянинг 49,7 фоизи йўл ҳаракатини ташкил этиш ва йўллардаги носозликлар, пиёдалар ўтиш жойи бўлмаганлиги сабабли йўлни белгиланмаган жойда кесиб ўтиш, болаларни қаровсиз қолдириш, йўл белгиларини йўқлиги ёки светофор носозлиги оқибатида юз берган. Буларнинг бирортаси "права"га боғлиқ эмас.

…Шундай ҳолатда автотаълимнинг авариялардаги аҳамиятини бўрттириб, шиширилиши, кейин хусусий имтиҳон оладиган аллақандай марказ ташкил этилишию, у марказни вазир ўринбосарларигача тақдимот қилиши, ҳамма мақтаб ёзиши, марказ проморолигида эса одамлар "Миллий ТВ" ходимларини таниб қолиши, Муҳримнинг кичиккина тадқиқотида ҳам "Автотест"нинг мўралаб чиқиб қолиши... Бизни боплашдими?”, - деб ёзди блогер.

Монополия ва манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли

Ўзбекистондаги ягона имтиҳон марказини бошқариш ҳуқуқи ҳеч қандай тендерсиз Autodriver Study МЧЖга белилгани монополия ва манфаатлар тўқнашуви борасидаги хавотирларни кучайтирди.

“...сифатсиз ва коррупцион давлат хизмати хусусий монопол хизматга алмаштирилса, монополист ютади, қолган барча ютқазади.

Афсуски, имтиҳон олиш ҳуқуқини хусусий субъектларга бериш бўйича ҳам худди шу йўлдан кетилмоқда”, деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм-каналида.

Ягона имтиҳон марказини ишга туширган Autodriver Study компанияси вакиллари ва ИИВ расмийлари ҳозирча бу борадаги эътирозлар ва саволларга жавоб бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG