Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:11

Андижон ЙҲХ бошқармаси бошлиғи МХХга сўроққа олиб кетилди


Август ойида устидан тергов бошланган Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи (Озодлик радиосида унинг исм-фамилиялари мавжуд¸ аммо айбсизлик презумпцияси боис ошкор қилинмайди - таҳр.) пайшанба куни Республика МХХсига сўроққа олиб кетилган.

Бошқарма бошлиғи уюшган тарзда пора олди-бердисида айбланаëтган эди.

Озодликка Андижон вилоят прокурaтурасидаги манбанинг бугун маълум қилишича, Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасида текширув бошланган.

- Август ойида бошланган текширувда янги фактлар пайдо бўлгани боис вилоят ИИБ бошлиғи полковник Дилшод Рахматуллаевич Бобожоновга нисбатан саволлар пайдо бўлди¸ дейди манба.

Манбанинг айтишича¸ воқеалар жорий йилнинг 16 сентябрь куни аввалига 1 нафар, кейин эса яна 7 нафар ички ишлар ходими қўлига кишан солиб вилоят МХХ тергов изоляторига олиб кетилгани ортидан ривожланган:

- Аввалига бости-бости қилинадиган бир иш каби қарлувди. Хозир тергов доираси каттайди. Кичкини бир эпизоддан бошланди. Машина олди-сотдиси Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида расмийлаштирилган пайтда харидор машинадаги чиройли номерни сақлаб қолиш истагини билдирган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг ҳайдовчиси 400 доллар эвазига бу ишни бажаришни ваъда қилди. Пул берилаëтган пайтда МХХ босган. Кейин эса қўлга олинганлар кўрсатмалари республика ИИВгидаги мулозимлар ҳам аралашгани ўртага чиқди. Иш катталашиб Андижон ИИБ ЙХХ бошлиғи Республика МХХсига олиб кетилди¸ дейди манба.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси расмийлари бу юзадан тергов жараëни бораëтганини билдириш билан кифояланишди.

Озодликнинг Андижон ИИБ сидаги манбалари вилоят ИИБ бошлиғи полковник Дилшод Бобожонов истеъфо аризасини ëзганлигини иддао қилишди. Аммо бу иддаонинг расмий тасдиғи ҳозирча йўқ.

Чиройли номер “савдоси”

Озодликнинг Андижон ИИБ сидаги манбаларининг айтишича “Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидаги уюшган жиноий гуруҳ чиройли номерларни 1000 долларгача нарҳда сотиш билан” шуғулланишган.

Андижон вилоят прокурaтурасидаги манбанинг билдиришича бу муаммо Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида август ойида коррупцияга қарши тадбирлар доирасида рейд пайтида аниқланган:

- 8 август куни Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида қора ниқобли хавфсизлик хизмати ходимлари рейд ўтказган. Рейд пайти бошқарманинг автотранспорт воситалари техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоидалари ва меъёрларига амал қилишни назорат қилиш бўлимининг бир қанча ходими иш жойидан қўлига кишан солинган ҳолда олиб кетилган.​

Озодлик манбасига кўра, ҳибсга олинган бу инспекторлар ҳам "порахўрлик, жумладан, қоидабузарлардан олинган жарима пулларини талон-тарож қилганлик, жариманинг учдан икки қисми миқдорида қоидабузарлардан пора олганликда" айбланмоқда.

Интернетдаги “Водители Ташкента” гуруҳи блоггерининг таъкидича Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг ҳайдовчилардан пора олишлари одатий холга айланган.

2013 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазири этиб тайинланган Адҳам Аҳмадбоев милициядаги порахўрликка қарши аёвсиз курашишни ваъда қилган эди.

Бу гап айтилганидан бери ўтган 3 йил мобайнида Ўзбекистонда ўнлаб милиционерлар пора билан қўлга олинди.

Андижонда 8 нафар милиционер қўлга олинган 16 сентябрь куни Наманган вилояти ИИБ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходими порахўрлиги ва ҳамда катта миқдордаги маблағни талон-тарож этгани учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Республика ИИВ органи бўлган “Ҳуқуқ” газетасининг ëзишича ўтган йили Жиззах тумани ички ишлар бўлими инспекторлари Акбар Норматов ва Рустам Ўроловлар пора олганликда айбланиб 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.

XS
SM
MD
LG