Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:44

Ян Матусевич: Марказий осиёлик террор ҳужумчилари чет элларда радикаллашган (ВИДЕО)


Ўзбеклар нега террор ҳужумларини содир этяпти?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:36 0:00

Сайфулло Соипов Нью-Йорк шаҳри кўчасида одамларнинг устига юк машинасини ҳайдаб, 8 кишининг умрига зомин бўлди ҳамда террор амалиёти содир этиб, Ўзбекистонни жаҳон жамоатчилиги кўз ўнгида ёмонотлиқ қилди.

Марказий Осиёнинг ўзбек миллатига мансуб кишилари жорий йилда Қўшма Штатлар, Россия, Швеция ва Туркиядаги энг қонли жиноятларни содир этди.

Аммо расмий маълумотларга кўра, Соипов радикал ислом мафкураси билан туғилиб ўсган юртида эмас, етти йил олдин кўчиб келган мамлакати – АҚШда танишган.

Соипов 2010 йили Америкага виза дастурига биноан кўчиб келган эди. Президент Трамп сешанба куни рўй берган террорчилик амалиётидан сўнг иммигрантларни қаттиқроқ текширишни талаб қила бошлади.

– Террорчиларнинг аксарияти дунёвий тутум устивор мамлакатлардан келгани маълум бўлмоқда, аммо улар туғилиб ўсган эмас, кўчиб келган мамлакатида радикаллаша бошлайди, – деди Ян Матусевич. У Австрия пойтахти Вена шаҳрида жойлашган Миграция сиёсатини ишлаб чиқиш бўйича халқаро марказ тадқиқотчисидир.

2011 йилдан бери минтақанинг “истон”лар деб аталувчи бешта мамлакати: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг минглаб ватандошлари Сурия ва Ироқдаги Ислом давлати жангарилари сафига бориб қўшилди.

Аммо улар камдан-кам ҳолларда ўз ватанларида эктремистлик амалиётларига қўл уради.

Радикаллашувнинг глобал кўриниши

Аммо жорий йилда Нью-Йорк, Истанбул, Санкт-Петербург ва Стокҳолм шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳужумларида айбланган, аммо келиб чиқиши турлича бўлган кишиларни фақат бир нарса – миграция бирлаштириб туради.

Турк ҳукумат идоралари вакиллари маълум қилишича, 1 январь куни 39 кишининг бошига етган ўзбек миллатига мансуб Абдулқодир Машарипов жангари сифатида Афғонистон ва Покистонда яшаган ва ҳарбий тайёргарликдан ўтган.

Юк машинасини Стокҳолм кўчаларидаги пиёдалар устига ҳайдаб, беш кишини ўлдирган бошқа бир ўзбек Раҳмат Оқилов эса Швециядан бошпана сўраган, аммо рухсат тегмагач, мамлакатдан чиқариб юборилиш хавфи остида яшаган.

Санкт-Петербург метросидаги бомба портлатиб, 16 кишини ўлдирган ва ўзи ҳам нобуд бўлган 22 яшар Акбаржон Жалилов асли қирғизистонлик эди. У 17 ёшида Россияга кўчиб кетган.

Гарчи ушбу ҳужумларни марказий осиёликлар содир этган бўлса-да, Матусевич унга қўл урганлар “йирик ва глобал радикаллашув” иштирокчилари эканини, уларнинг “ҳаёт тарзлари бир-биридан кескин фарқ қилгани”ни айтади.

Соипов Нью-Жерси штатида Uber такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган.Ўзбекистон ҳукумати унинг мамлакатдан кўчиб кетишидан олдин экстремизмга ҳеч қандай алоқаси бўлмаганини хабар қилди.

Уни Тошкент шаҳридаги собиқ қўшнилари “илиқ сўзлар” билан эслаган, “ота-онаси анъанавий исломга эътиқод қилади, уларнинг ҳеч бир экстремистик гуруҳга алоқаси бўлмаган”, дейилади ҳукумат чоршанба куни тарқатган баёнотда.

Экстремистик ғояларни тарқатишга уринишлар

Нью-Йорк шаҳри полициясига кўра, синчилар террорчилик амалларининг умумий жиҳатларни қидириб, интернетда экстремистик руҳдаги, жумладан, Ислом давлати тарқатган маълумотларга эътибор қаратмоқда, чунки Соипов террорчилик амалини ўша ташкилот номидан содир этди.

– Соипов билан Истанбулда ҳужум уюштирган Машарипов ўртасидаги ўхшашлик ҳақида гапирганда, иккаласи ҳам мамлакатдан ташқарида яшаган ва Ислом давлати тарғибот-ташвиқоти билан танишиш имконига эга бўлган ўзбеклар, деб айта оламиз, – деди Халқаро кризисларга қарши кураш ташкилотининг Марказий Осиё лойиҳаси директори Дейрдре Тайнан.

Тайнан Соиповнинг ИД билан бевосита алоқа бўлгани ёки бўлмагани ҳақида хулоса чиқаришга “жуда эрта” эканини таъкидлайди. Аммо унинг фикрича, Ислом давлати ўз ғояларини турли йўллар билан рус ва Марказий Осиё халқлари тилларида ёйишга интилаётгани аниқ.

ИД Марказий Осиёдан жангариларни ёллашда жуда мураккаб усулларни қўллаб келмоқда ва улар минтақада фаол бўлган бошқа радикал ташкилотларникидан кескин фарқ қилади, дейди Тайнан.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ИДнинг глобал миқёсда танилиши собиқ совет республикалари ҳукуматларининг тақводор мусулмонларга босим ортишига сабаб бўлмоқда.

Россияда ҳам апрель ойида Санкт-Петербург метросида рўй берган террорчилик амалидан сўнг Марказий Осиёдан борган мигрантларни бўлар-бўлмасга текшириш, тергаш ҳоллари кўпайиб кетди. Россиялик машҳур инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Светлана Ганнушкинанинг жамиятда душман излаш авж олганини айтади:

– Россиянинг душманлари ким? Ташқи душман – Америка Қўшма Штатлари, ички душман эса – марказий осиёлик мигрантлар.

XS
SM
MD
LG