Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:36

Бекободда "Ўзметкомбинат" раҳбари машинаси пиёдани босиб кетди


Тошкент вилоятининг Бекобод туманида Ўзбекистон металлургия комбинати раҳбарининг хизмат машинаси катта тезликда йўл чеккасида кетаётган пиёдани уриб юборди. Йўл ҳалокати 31 май куни кеч соат саккизларда “Ўзбекбирлашув” аҳоли пункти яқинидаги автотрассада рўй берди. Машина уриб юборган 45 ёшли Тўлқин Омонов олган жароҳатидан касалхонада ҳалок бўлди.

Озодликнинг Тошкент ҳуқуқ-тартибот тизимларига яқин манбаси пиëда ўлимига сабаб бўлган Toyota Camry машинаси рулида "Ўзметкомбинат" раҳбари эмас, балки унинг ҳайдовчиси Ж.А. ўтиргани ва у аллақачон эҳтиëт чораси сифатида суддан олдин қамоққа олингани ва ҳодиса юзасидан жиноят иши очилганини билдирди.​

Ҳайдовчининг исми Озодликка маълум, лекин айбсизлик презумпцияси нуқтаи назаридан унинг исмини очиқламайди.

Одам ўлимига сабаб бўлган Toyota Camry русумли, 10 077 давлат рақамли енгил автомашина Бекободдаги Ўзбекистон металлургия комбинати раҳбари Алик Нурутдиновнинг хизмат машинасидир.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин Uzmetronom.com Интернет газетаси рулда "Ўзметкомбинат" раҳбари Алик Нурутдиновнинг ўзи ўтирганини иддао қилди.

“Ҳозир туман прокуратураси ва милицияси бу ҳалокат ҳақидаги маълумотнинг тарқаб кетмаслиги устида ишламоқда. Жиноий жавобгарликка келсак, пиёданинг уриб юборилиши эҳтиётсизлик оқибатида содир этиладиган жиноят турига киради. Қандай жазо қўлланилиши машина рулида ўтирган одам кимлигига боғлиқ. Агар рулда оддий ҳайдовчи ўтирган бўлса¸ жазо муқаррар, рулда ўтирган одам юқори мансабли ёки погонли бўлса¸ рамзий жазо тайинланади", - деб ёзди Uzmetronom.

Бошқа манбаларда ҳозирда Бекобод туман прокуратураси комбинат директорини жазодан қутқариб қолиш учун барча чорани кўраëтгани иддао қилинди.

Озодлик автоҳалокатда ҳалок бўлган Тўлқин Омонов қариндошлари кўрсатмасини ўрганишга ҳаракат қилди, лекин улар билан боғлана олмади.

Ўзбекистонда давлат амалдорларининг хизмат машиналари йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда одамлар ўлимига сабабчи бўлиши биринчи марта рўй бераётгани йўқ.

Ўтган йили Тошкент шаҳарида Ички ишлар бошқармаси ходими ўз хизмат автомашинасида уч нафар пиёдани уриб кетган.

Бунинг учун милиция ходими 7 йилга қамалган эди.

XS
SM
MD
LG