Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:38

Янгиер “Деҳқон бозори”даги ҳусусий дўконларга бир кунлик огоҳлантирув ортидан бульдозер солинди


Янгиер туманидаги "Деҳқон бозори"га трактор ва бульдозерлар 7 май куни ҳайдалди.
Янгиер туманидаги "Деҳқон бозори"га трактор ва бульдозерлар 7 май куни ҳайдалди.

Сирдарё вилоят, Янгиер шаҳар “Деҳқон бозори”даги ҳусусий дўконларга 7 май куни бульдозер солинди.

Ўз дўконларидан ажралиб қолган бир гуруҳ тадбиркорларнинг Озодликка айтишича, бузиш ишлари ҳокимлик ва ички ишлар ходимлари дўқ-пўписаси ва зўрлиги остида амалга оширилган, дўконлари бузилган. Дўконлар бузилишидан аввал, уларнинг эгаларига огоҳлантириш хатлари берилмаган.

Янгиер туман ҳокимлигининг қурилиш масалаларига масъул мулозими Озодлик саволларига жавобан “Деҳқон бозори” ўрнида иккита икки қаватли супермаркет ва автомобиллар турадиган жой қурилишини маълум қилди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган тадбиркорлардан бири дўкони бузилиши ҳақида ҳокимлик вақтида огоҳлантирмагани сабаб дўкон ичидаги ҳамма молини олиб чиқиб кетишга улгурмаганини айтди.

- Бузилишига қарши эмасмиз. Лекин, бунақа бўлмайди-да. Бир кун олдин ҳокимликдан келиб дўконингни бўшатмасанг, товарларинг билан бирга бузиб ташаланади", деб кетувди. Эртасига бульдозер келиб турибди. Дўкондан молимизни ҳаммасини чиқаришга ҳам улгурмай қолдикку?! Дўконлар учун етказилган зарар компенсацияси масаласинику гапирмаса ҳам бўлади. Ҳокимликдагиларни бу ҳақда гапиргиси ҳам йўқ, - деди исми очиқланмаслигини истаган янгиерлик тадбиркор.

Дўконлар бузилишидан аввал, дўкон эгаларига огоҳлантириш хатлари берилмаган.
Дўконлар бузилишидан аввал, дўкон эгаларига огоҳлантириш хатлари берилмаган.

Янгиер шаҳар ҳокимлигининг қурилиш масалаларига масъул мулозими бозор ўрнида савдо мажмуаси қурилиши ва тадбиркорларга шу мажмуадан дўконлар ижарага берилишини айтди:

- Савдо мажмуаси иккита замонавий икки қаватли супермаркетдан иборат бўлади. Атрофида автостоянкалар қурилади. Бозор шунинг учун бузиляпти. Ҳамма дўкон эгалари бу ҳақда билишган, огоҳлантирилган. Дўкони бузилган барча савдогарларга товон пуллари берилади.

Лекин, ҳокимлик мулозими савдо мажмуаси қачон қурилиб топширилиши, дўконлари бузилган тадбиркорларга товон пули қачон берилиши, аҳоли бозор-ўчарга қаерга бориши ҳақидаги Озодлик саволларини жавобсиз қолдирди.

- Буни ҳокимдан сўрайсиз, - деди ҳокимлик мулозими. Янгиер тумани ҳокими билан эса боғланиб бўлмади.

Янгиер шаҳар “Деҳқон бозори”нинг бир қисмидаги дўконлар ўтган йили бузилган эди.

Лекин, бир йил олдин дўконлари бузилган тадбиркорларга моддий зарар учун товон пули ҳалигача тўланмаган.

- Бизни дўконимиз ўтган йили бузилди. Товон пули берамиз, супермаркет қурилади, ўша ердан дўкон берамиз, дейишди. Ҳалигача беришгани йўқ. Савдо мажмуаси ҳали қурилмасидан унинг ичидаги дўконларни ҳокимга яқин одамлар банд қилиб бўлган. Қуруқ қолган биз бўлдик, - деди тадбиркор.

Янгиер шаҳар "Деҳқон бозори"ни бузиш Ўзбекистоннинг аксар шаҳар ва туманларидаги каби¸ президент Шавкат Мирзиëевнинг 2017 йил 27 март кунги 2853-сонли 2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда.

Қарорнинг 16-моддасида ҳокимликлар деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш ишларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда зарур ер участкалари ажратилишини, шунингдек уларнинг ҳудудлари тайёрланишини ҳамда бино ва иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарлар қопланишини таъминлаши кераклиги айтилган.

XS
SM
MD
LG