Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:57

Чегарада 3 кун ушлаб турилган мигрантлар тушган 10 та автобус Қозоғистонга чиқариб юборилди (ВИДЕО)


Иллюстрация
Иллюстрация

Россиянинг Омск вилоятида 500 киши "Ольховка" чегара назорат постида 3 кун ушлаб турилган 10та автобус Қозоғистонга ўтиб олди ва йўлини давом эттирмоқда.

Автобусларда тожикистонлик ва ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ватанига қайтаётган эди.

Омск вилоят божхона қўмитаси вакилига кўра, 17 августдан бери автобуслар божхона ходимлари эмас, балки чегарачилар томонидан ушлаб турилган.

Новосибирск, Томск, Красноярскдан келаётган ва Омск вилоятининг “Ольховка” чегара пунктида шу йилнинг 17 августидан бери тўхтатиб турилган автобуслар йўловчилари 20 август куни Россия чегарасидан ўтиб, Қозоғистон ичкарисига кириб кетди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган Омск вилоят Божхона қўмитаси расмий вакиласи Екатерина Жданова меҳнат муҳожирлари 20 август куни Қозоғистонга чиқариб юборилгани ва уларни ФСБнинг Чегара хизмати шунча кун тўхтатиб турганини айтди.

- Биз бир неча кундан бери оммавий ахборот воситаларига етказа олмаяпмизки, “Ольховка”да божхона назорати йўқ. 8 йилдан буён икки давлат ўртасида фақат чегара назорат пункти қолган, аммо божхона йўқ. Мен олган маълумотга кўра, бугун чегарада ушлаб турилган автобус йўловчиларнинг барчасини ўтказиб юборишибди, деди Екатерина Жданова.

Дарҳақиқат, 2011 йилдан буён Россия ва Қозоғистон ўртасидаги “Ольховка” пунктида жорий этилган Божхона Иттифоқи қоидаларига мувофиқ божхона назорати олиб ташланган ва у ерда фақат Федерал хавфсизлик хизматига қарашли Черага хизмати пости мавжуд.

10та автобусда ўз юртларига қайтаётган 500 яқин асосан ўзбек ва тожик меҳнат муҳожирларининг Россия чегарасидан Қозоғистонга чиқариб юборилганини бу ҳодисани биринчи бўлиб ёритган Total.kz ахборот агентлиги ҳам тасдиқлади.

- Бугун эрталаб ҳаммани ҳеч қандай гап-сўзсиз ўтказиб юборишди. Журналистлар бўлмаганда билмадим яна қанча турган бўлардик. Бизга ёрдам берган ҳаммага миннатдорчилигимизни билдирамиз, дея автобус ҳайдовчиларидан бирининг сўзларини келтирди Қозоғистон нашри.

Чегара хизмати ходимлари муҳожирлар нима сабабдан ушлаб турилганини тушинтиришмасдан, ҳар куни биттадан автобусни чегарадан ўтказишга ваъда бергани хабар қилинган эди.

Йўловчилардан бири суратга олган ва Youtubeга жойлаштирилган видеороликда божхона пости ходимлари ушлаб туриш авторизация билан боғлиқ эканлигини, автобуслар текширилиб, ҳар куни биттадан ўтказилишини айтишган.

Эслатиб ўтамиз, Новосибирск, Томск, Красноярскдан келаётган автобусларнинг йўловчилари, улар орасида ёш болали аёллар ҳам бор, Қурбон Ҳайитигача уйларига етиб боришни режа қилиб йўлга чиққан.

3 кун чегарада қолган йўловчиларнинг сув ва озиқ-овқатлари тугаган, чунки яқин атрофда дўконлар йўқ экан.

"Саволларимизга жавоб беришмаяпти, фақат кутинглар дейишмоқда … Сув йўқ, овқат йўқ. Бугун (18 август – таҳр.) тушга қадар ҳеч кимга автобусдан чиқишга рухсат беришмади, менинг автобусимда йўловчиларнинг 17 нафари болалардир, уларнинг орасида эмизакли болалар ҳам бор", деб хабар берган эди журналистларга автобуслардан бирининг ҳайдовчиси Аблайхан Мақсут.

XS
SM
MD
LG