Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:37

ИИВ Тошкент цирки собиқ раҳбарини ўғирликда гумонлаб¸ қидирувга берди


Тошкент циркининг ҳозирги кўриниши.
Тошкент циркининг ҳозирги кўриниши.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкент давлат циркининг собиқ бош директори Баҳром Мажидовни қидирувга берди. Вазирлик сайтида 63 ёшли Мажидовнинг Жиноят Kодексининг 164-моддаси, яъни ўғирлик, талончиликда гумонланиб қидирилаётгани билдирилган. Ғойиб бўлишидан олдин Мажидов цирк мол-мулкини талон-тарож қилганликда гумонланиб, терговга тортилган.

Ўзбекистон давлат циркига 30 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган Ўзбекистон Xалқ артисти Баҳром Мажидовга нисбатан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қидирув эълон қилди.

Айни пайтда¸ 1 март куни Мажидов номини халқаро қидирувга берилганлар рўйхати эълон қилинадиган Интерпол сайтидан топиб бўлмади.

Вазирлик сайтида шу ҳафта бошида пайдо бўлган эълонда Мажидовнинг Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 164-моддаси - ўғирлик, талончиликда гумонланиб қидирилаётгани билдирилган.

Мажидов айнан қандай жиноятда гумонланаётгани ҳақида вазирлик матбуот хизмати маълумот бермади.
Мажидов айнан қандай жиноятда гумонланаётгани ҳақида вазирлик матбуот хизмати маълумот бермади.

Озодлик гаплашган цирк ходимларига кўра¸ Мажидов муқаддам цирк мол-мулкини талон-тарож қилганликда гумонланиб, терговга тортилган.

Ўзбекистон давлат циркида ишловчи ходимлардан бири Озодлик билан суҳбатда собиқ раҳбари циркнинг 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағини ўзлаштирганликда айбланиб судга тортилганини айтади.

"Бунга бир йилча бўлиб қолди. Ҳозир унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди. Кимлардир Москвада дейди. Ўша ерда циркда ишлаяпти, дейишади. Санъат одами кўчада қолмайди-да. У одам циркни анча қийин аҳволга солиб кетди. Ҳозир унинг ўрнига бошқа директор бўлган, циркни аста-секин оёққа турғизмоқда", деди цирк ходими.

Ҳайвонларни эшак гўшти билан боқишган

Циркнинг исми сир қолишини истаган бошқа бир ходими Мажидов раҳбарлиги даврида циркдаги ҳайвонларнинг белгиланган меъёр бўйича мол гўшти билан эмас, балки эшак гўшти билан боқилганини айтади.

"Битта йўлбарс кунига 6-7 кило гўшт ейди. Лекин улар мол гўшти ўрнига уч баравар арзонга эшак гўшти олиб беришган. Ҳужжатларда эса мол гўшти, деб расмийлаштириб келишган. Циркда қанча ҳайвон бор, ўғирлик миқдорини тасаввур қилаяпсизми? Бундан ташқари Мажидов чет давлатларни циркига акробатларни муддатли ишлашга жўнатиб, шартномада берилиши керак пулларни ҳам талон-тарож қилган," дея иддао қилди Озодлик гаплашган цирк ходими.

Озодлик қидирувда бўлган Баҳром Мажидовни ўзи билан ҳам боғланишга уринди. Лекин уни танийдиган ҳамкасблари Мажидовда жамоатчилик учун очиқ гапиришга ҳозирча истак йўқлигини айтишди.

Баҳром Мажидовнининг яна бир ҳамкасби Озодлик билан суҳбатда собиқ директорнинг қидирувга берилганининг цирк фаолиятига алоқаси йўқлигини таъкидлади.

(Мажидов истаган пайт Озодликка боғланиб¸ ўзининг қидирувга берилгани юзасидан баëнот бериши мумкин.)

"Баҳром аканинг бўйнига 1 миллиард сўм қўйишган, лекин бу нотўғри бўлиб чиқиб, Баҳром ака қанақадир штраф тўлаб май ойида оқланиб чиққанди. Ўшандан буён уни циркда ҳеч ким кўрмади. Эшитишимизга кўра, у қандайдир пул жанжалига аралашиб қолган. Қандай жанжаллигини билмайман. Валютчиклар билан боғлиқ жанжал. Цирк билан боғлиқ эмас. Шу бўйича қидирилаётган бўлиши мумкин, чунки у цирк иши бўйича оқланганди. Оқланганидан сўнг циркда ишламаётганди," - деди Тошкент циркининг бу ходими.

Тошкентдаги циркга 1914 йилда асос солинган эди.

Тошкентдаги эски цирк биноси.
Тошкентдаги эски цирк биноси.

Циркнинг илк биноси 1966 йилда Тошкентда рўй берган зилзила оқибатида вайрон бўлганидан сўнг Ҳадра майдонида янги цирк биноси қурилганди.

1991 йилда Ўзбекистон мустақил бўлгач¸ цирк биноси қайта таъмирланди.

Тошкент давлат цирки ўзбекистонлик дорбозлар сулоласи асосчиси Тошкенбой Эгамбердиев номи билан аталиб келинади.

XS
SM
MD
LG