Ижтимоий тармоқлардаги баҳсли чиқишлари билан танилган тошкентлик имом Шермурод Тоғай Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-таҳрир” ва “Ислом давлати” экстремист гуруҳлари ғояларини ёқловчиларга ўлим жазоси қўллаш керак, деган таклиф билан чиқди. Шермурод Тоғай Озодлик билан суҳбатда халқнинг тинчлигини ўйлаб шундай фикрга келганини айтди.
Тошкентдаги “Тинчлик” жомеъ масжиди имом-хатиби Шермурод Тоғай 28 ноябрь куни Facebookдаги ўз саҳифасида:
"Ислом давлатларидаги каби жазони қўллаш шарт. Динимиз, халқимиз душманларига йўл очиб, тараққиётга тўсиқ бу кабиларга раҳм-шафқат қилинмаслиги керак. Булар текин турма, текин овқат, текин шароитга ўрганиб қолишган, булардан ҳеч кимга фойда йўқ” , - деб ёзди.
Шермурод Тоғай Озодлик билан суҳбатда экстремист ғояларга қўшилиб, ақидада адашганларга нисбатан ўлим жазосини қўллаш керак, деган фикрга қандай келганини шундай тушунтирди:
- Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинганлиги сабабидан ҳам, шунча эркинлик берилганидан кейин ҳам яна шунақа иш қилишлиги, яна турли фитналарни қилишлиги яхши эмас-да! Мана кўрaяпмиз, дунёда нималар бўлaяпти. Мисрда, Синай оролида масжидни портлатиб юборишaяпти. АҚШда президент Трамп ҳам одамларни машина билан бостирган одамга ўлим жазоси бериш керак, деяпти. Халқнинг тинчлигини ўйлаб¸ биз шундай фикрни билдирдик, ким қандай қабул қилади, ўзлари билади, нима қилишни раҳбарият ҳал қилади, - деди Шермурод Тоғай.
Тошкентлик имом бу айтганлари ўзининг шахсий фикри экани, буни бир фатво сифатида қабул қилмаслик кераклигини ҳам қўшимча қилди:
- Энди бу айтаётганим, мени фикрим бу. Буни бир фатво деб қабул қилмаслик керак. Фатвони бизда муфтий беради. Биз шундай фикрни айтдик. Сиз фикр билдирмасангиз, у фикр билдирмаса, хоҳлаган одам хоҳлаганини қилаверса, у ҳам бўлмайди. Ҳозир кўрaяпсиз, танқидлар айтилaяпти, телевизорда. Санъат ва бошқа соҳалар ҳақида танқидлар айтилaяпти. Бир имом одам фикр билдириб қолса ёки ниманидир танқид қилса, негадир ҳамма ваҳимага тушиб кетади, “имомлар Ислом давлати бўлишлигига бош қўшaяпти, шунга даъват қилaяпти", деб тескари тушуниб қолишaяпти, - деди Шермурод Тоғай.
Аксар постсовет давлатлари каби Ўзбекистонда ҳам "Ҳизбут-таҳрир" фаолияти диний-экстремистик ташкилот сифатида расман тақиқланган.
Ўзбекистонда террорчи, диний-экстремист ташкилот деб кўриладиган бу ташкилотга аъзоликда айбланганлар узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.
Маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, Ўзбекистонда “Ҳизбут-Таҳрир”, “Нурчилар”, “Жиҳодчилар”, "Исломий давлат" каби диний экстремист оқимларида айланиб минглаб одам қамоқда жазо ўтамоқда.
"Ҳизбут-таҳрир" ўзининг мақсади бутун дунё бўйлаб исломий халифаликни ва исломий ҳаёт тарзини жорий этиш эканини айтиб келади.
Бу гуруҳ аъзоларини узоқ йиллик қамоққа ҳукм этиш ўрнига уларга ўлим жазоси беришни сўраб чиққан “Тинчлик” жомеъ масжиди имом-хатиби Шермурод Тоғай “Оммавий маданият” ва “Ғарб тамаддуни”ни танқид қилувчи ўгитлари билан ҳам танилган.
Жумладан, эркакларнинг доялик қилишига қарши чиққан тошкентлик яна бир имом Раҳматуллоҳ Сайфутдиновни танқид қилган журналистларни Шермурод Тоғай “туҳматчи”га чиқарган, ўзбекистонлик таниқли қўшиқчи Муниса Ризаевани эса “ҳаёсиз”, “шаҳват қўзғатувчи” дея айблаганди.