Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:13

Самарқандда газ баллони портлаши оқибатида 3 яшар қиз тириклайин ëнди


Газ баллонлардан нотўғри фодаланиш ёки уларнинг носозлиги сабаб Ўзбекистонда ёнғин ва портлашлар кўп бўлади.
Газ баллонлардан нотўғри фодаланиш ёки уларнинг носозлиги сабаб Ўзбекистонда ёнғин ва портлашлар кўп бўлади.

Самарқанд туманининг Охалик қишлоғи "Ўрташиқ" маҳалласидаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида хонадон эгасининг 3 ёшли қизи ҳалок бўлди. Туман ёнғин хавфсизлиги мутасаддиларининг Озодликка айтишича, боланинг онаси ошхонага кириб, чироқни ёқишга уринганида газ баллондан газ чиқиб тургани сабаб чақнаш юз берган.

10 май куни бўлган бу портлаш оқибатида бола ва унинг онаси куйиш жароҳати билан оғир аҳволда касалхонага ётқизилган¸ воқеанинг эртасига касалхонада қизчанинг жони узилган.

Самарқанд тумани касалхонаси шифокорларидан бири Озодлик билан суҳбатда аёл танасининг 70 фоизи куйгани ва ҳозирда оғир аҳволда ётганини айтди.

Самарқанд тумани ички ишлар органлари газ портлаши сабабларини ўрганмоқда.

Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, уйнинг ҳаммомида газ баллони очиқ қолган, газ сизиб чиқиб тургани учун чироқ ëқилганда чақнаш рўй берган.

Фожиа рўй берган хонадон қўшниларининг Озодликка айтишича, уй бекаси ҳаммомни қиздириш учун газ баллонини ёқиб, ошхонада овқат пишираётган бўлган.

Газ пасайиб, олов ўчиб қолган, газ чиқиб ётаверган. Кейин газ йиғилиб, портлаш содир бўлган. Портлаш пайти ҳаммом ёнида ўйнаб юрган қизча тириклайин ёнган. Кеча қизчанинг жанозаси бўлди”, - дейди портлаш рўй берган хонадон қўшниси.

Портлаш содир бўлган хонадонда эр-хотин икки фарзанди билан яшаган. Ўлган боланинг отаси ва акаси портлаш пайтида уйда бўлмаган.

Самарқанд тумани Ëнғин хавфсизлиги бўлими мулозимига кўра, 50 литр ҳажмли газ баллонидан сизиб чиқиб, хонага тўпланиб қолган газ ва ҳаво аралашмасидан чақнаш содир бўлган.

Газ баллон нотўғри ўрнатилган бўлганми ёки уй эгаларининг ускунадан нотўғри фойдаланиши, яъни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани оқибатида бўлганми бу, буни Ички ишлар ўрганаяпти”, - деди ЁХБ мулозими.

Самарқанд тумани ҳокимлиги расмий веб саҳифасидан олинган маълумотга кўра, “Охалик” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли “Ўрташиқ” маҳалласида 1053 та оила бор ва жами 3985 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Самарқанд вилоятидаги кўплаб маҳаллалар каби "Ўрташиқ" маҳалласи ҳам газдан узиб қўйилган.

"2004 йилдан буён маҳалламиз газдан узилган. Газ баллон ортидан қанчадан қанча одамлар ўлиб кетаяпти", - дейди "Ўрташиқ" маҳалласида яшовчилардан бири.

Озодлик гаплашган қишлоқликларга кўра, ўлган қизча шу маҳалла фаолининг неварасидир.

Кейинги йилларда мамлакатдаги аксар қишлоқларнинг табиий газдан узилгани ортидан аҳоли иситиш ва ошхона эҳтиëжлари учун кўмир ва кўчма газ баллонлардан фойдаланишга мажбур. Баллонлардан нотўғри фодаланиш ёки уларнинг носозлиги сабаб Ўзбекистонда ёнғин ва портлашлар кўп қайд этилмоқда.

Шу йил февраль ойида Самарқанд туманининг Шўрбойи қишлоғидаги хонадонлардан бирида газ баллони портлаши оқибатида хонадон эгасининг 10 ёшли ўғли ҳалок бўлгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўтган йил Самарқанднинг Қўшработ тумани Тоз қишлоғида уйларига газ ўтмагани боис ўтин, кўмир ёқиб кун кўриб келган хонадонда ёнғин чиқиши оқибатида бир оиланинг саккиз аъзоси нобуд бўлган эди.

XS
SM
MD
LG